toggle_night_mode
Ҳужжат 10.06.2026 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларига ижара ҳуқуқини кредит таъминоти сифатида гаровга қўйиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қишлоқ хўжалиги экин майдонлари унумдорлигини ошириш, тармоққа инвестициялар жалб қилиш учун қулай шарт-шароит яратиш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида» 2025 йил 3 февралдаги ПФ-18-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларига ижара ҳуқуқини кредит таъминоти сифатида гаровга қўйиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
қонунчилик ҳужжатларида ёки ижара шартномасида назарда тутилган ҳолларда ер участкасига ижара ҳуқуқини ижарага берувчининг розилигисиз кредит таъминоти сифатида гаровга қўйиш;
ер участкасига ижара ҳуқуқини гаровга қўйишни расмийлаштириш;
ижара ҳуқуқидан гаровга олувчининг талабларини қаноатлантириш;
ундирув қаратилган ер участкасига ижара ҳуқуқини очиқ кимошди савдосида реализация қилиш тартиби.
2. Тижорат банклари ва микромолия ташкилотларига ушбу қарор талабларидан келиб чиққан ҳолда, ички қоидаларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тавсия этилсин.
3. Манфаатдор вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
4. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 30 сентябрь,
613-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 30 сентябрдаги 613-сон қарорига
ИЛОВА
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларига ижара ҳуқуқини кредит таъминоти сифатида гаровга қўйиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом ижара ҳуқуқи асосида давлат рўйхатидан ўтказилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларига ижара ҳуқуқини (кейинги ўринларда — ер участкасига ижара ҳуқуқи) банклар ва микромолия ташкилотларида (кейинги ўринларда — кредит ташкилоти) кредит таъминоти сифатида гаровга қўйиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
ер участкаси — ер фондининг қайд этилган чегарага, майдонга, жойлашиш манзилига, ҳуқуқий режимга ҳамда давлат ер кадастрида акс эттириладиган бошқа хусусиятларга эга бўлган қисми;
ижарага берувчи — туман (шаҳар) ҳокимликлари ёки қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ер участкасига ижара ҳуқуқини беришга ваколатли давлат органлари;
ижарага олувчи — ер ўзига ижара ҳуқуқи асосида бириктирилган ва ер участкаси мавжуд бўлган юридик ёки жисмоний шахс (фермер хўжалиги, агрокластер, кооперация, деҳқон хўжалиги ва бошқа тадбиркорлик субъектлари);
Олдинги таҳрирга қаранг.
иккиламчи ижарага берилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаси — қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш мақсадида қишлоқ хўжалиги субъектларига кредит муддатидан кам бўлмаган, бироқ бир йил муддатгача (учинчи шахсларга бериш ҳуқуқисиз) бериладиган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар;
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 10 июндаги 295-сонли қарорига асосан бешинчи хатбоши билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.06.2026 й., 09/26/295/0578-сон)
қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари — қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш учун фойдаланиладиган ер участкалари.
3. Ижарага олувчи фақат қонунчиликда ёки ижара шартномасида назарда тутилган ҳоллардагина ер участкасига бўлган ўз ижара ҳуқуқларини ижарага берувчининг розилигисиз гаровга қўйишга ҳақли.
4. Ер участкасига ижара ҳуқуқи қуйидаги ҳолларда гаров объекти бўлиши мумкин эмас:
Олдинги таҳрирга қаранг.
иккиламчи ижарага берилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари (асосий ижарага олувчининг розилиги берилган ҳоллар бундан мустасно);
(4-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 10 июндаги 295-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.06.2026 й., 09/26/295/0578-сон)
қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ижара ҳуқуқи бекор қилинган ёки низоли бўлган (судлашилаётган, суриштирув ёки тергов ҳаракатлари олиб борилаётган) ер участкалари;
ер участкасининг ижара шартномасида гаровга қўйишни тақиқловчи ҳолатлар назарда тутилган ер участкалари;
ижара ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилмаган ер участкалари;
ижара шартномасида ижарага бериш муддати тугаган ер участкалари;
давлат рўйхатидан ўтказилган ер участкасида ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаси мавжуд бўлса;
қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ер участкаси ёки унга бўлган ҳуқуқларни гаровга қўйиш мумкин бўлмаган бошқа ҳолларда.
5. Ер участкасига ижара ҳуқуқини гаровга олган ҳолда кредит бериш тартиби кредит ташкилоти томонидан ички қоидаларга мувофиқ мустақил белгиланади.
6. Кредит ташкилоти томонидан кредит таъминоти сифатида ижара ҳуқуқи ер участкасининг ижарага бериш муддати ва ер участкасининг бозор қийматидан келиб чиқиб гаровга олинади.
Бунда гаровга қўйилаётган ер участкасининг ижара ҳуқуқи муддати кредитни қайтариш муддатидан камида беш йилдан ортиқ бўлиши лозим.
7. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасига ижара ҳуқуқининг қиймати баҳолаш фаолияти тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқ баҳолаш орқали белгиланади.
8. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларига ижара ҳуқуқини кредит таъминоти сифатида гаровга қўйиш тартиби ушбу Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.
2-боб. Ер участкасига ижара ҳуқуқини гаровга қўйишни расмийлаштириш
9. Гаров сифатида таклиф қилинаётган ер участкасига ижара ҳуқуқи режасини тузиш ва гаровга бериладиган қисмини ажратиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда «Ўздаверлойиҳа» давлат илмий-лойиҳалаш институтининг ҳудудий бўлинмалари томонидан амалга оширилади.
10. Ер участкасига ижара ҳуқуқини гаровга қўйиш тўғрисидаги шартномада баҳолаш фаолияти тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланган ер участкасига ижара ҳуқуқининг қиймати кўрсатилиши керак.
11. Ер участкасига ижара ҳуқуқини гаровга қўйиш тўғрисидаги шартнома ёзма шаклда тузилади ва давлат рўйхатидан ўтказилади ҳамда белгиланган тартибда нотариал тасдиқланади.
12. Ер участкасига ижара ҳуқуқи гаровини давлат рўйхатидан ўтказиш кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ Давлат кадастрлари палатасининг туман (шаҳар) филиали томонидан амалга оширилади.
13. Гаров ҳуқуқи ер участкасига ижара ҳуқуқини гаровга қўйиш тўғрисидаги шартнома рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб вужудга келади.
14. Ер участкасига ижара ҳуқуқи универсал ҳуқуқий ворислик тартибида бошқа шахсга ўтган тақдирда, гаров ҳуқуқи ўз кучида қолади.
Агар гаровга олувчи билан келишувда бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, гаровга қўювчининг ҳуқуқий вориси унинг ўрнига ўтади ва гаровга қўювчининг ҳамма мажбуриятларини бажаради.
15. Гаровга қўйилган ер участкасига ижара ҳуқуқи гаровга олувчининг барча талаблари қаноатлантирилгандан кейингина қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда бегоналаштирилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексига мувофиқ ер участкасига ижара ҳуқуқи бекор қилинганда, кредит ташкилоти берилган кредитлар ҳамда унга ҳисобланган фоизлар ва пеняларни муддатидан олдин гаровга қўювчининг бошқа мол-мулки ҳисобидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ундириб олишга ҳақли.
Гаровга қўйилган ер участкасига ижара ҳуқуқи олиб қўйилганда, кредит ташкилоти қарз олувчига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш сифатида олинган суммадан ўз талабини қаноатлантиришда имтиёзли ҳуқуққа эга.
Олдинги таҳрирга қаранг.
21-боб. Иккиламчи ижарага берилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасининг ижара ҳуқуқини гаровга қўйишни расмийлаштириш ва гаровга олувчининг талабларини қаноатлантириш
151. Иккиламчи ижарага берилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасининг ижара ҳуқуқи (пахтачилик йўналишида 30 гектардан кам бўлмаган миқдорда) асосий ижарага олувчининг розилиги асосида пахта ва буғдой етиштириш харажатлари учун ажратиладиган имтиёзли кредит таъминоти сифатида расмийлаштирилади.
152. Ижара ҳуқуқини гаровга қўйишда иккиламчи ижарага берилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаси норматив қийматининг 50 фоизи, бироқ имтиёзли кредит таъминотининг 20 фоизидан ошмаган қисми учун ҳисобга олинади. Кредит таъминотининг қолган 80 фоиз қисми учун ликвидли мол-мулк гаровини тақдим этади.
153. Иккиламчи ижарага берилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасининг ижара ҳуқуқини гаровга қўйиш тўғрисидаги шартнома ёзма шаклда тузилади ва давлат рўйхатидан ўтказилади ҳамда белгиланган тартибда асосий ижарачи, иккиламчи ижарага олувчи ҳамда тижорат банки томонидан нотариал тасдиқланади.
154. Иккиламчи ижарага берилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасининг ижара ҳуқуқи гарови давлат рўйхатидан кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ Давлат кадастрлари палатасининг туман (шаҳар) филиали томонидан ўтказилади.
155. Гаров ҳуқуқи ер участкасига ижара ҳуқуқини гаровга қўйиш тўғрисидаги шартнома рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб вужудга келади.
156. Пахта ва буғдой етиштириш учун ажратилган имтиёзли кредитлар муддатида қайтарилмаганда, гаров таъминоти сифатида расмийлаштирилган иккиламчи ижарадаги ер майдонлари белгиланган тартибда Мажбурий ижро бюроси орқали аукционга чиқарилади ҳамда сотишдан тушган маблағлар ҳисобидан, биринчи навбатда, имтиёзли кредит асосий қарз ва унга ҳисобланган фоизларни сўндиришга йўналтирилади.
Бунда тижорат банкларига аукцион савдоларида сотилмай турган ер участкаларида агротехник тадбирларни амалга ошириш ҳамда пахта ва буғдой етиштириш бўйича вазифалар юкланишига йўл қўйилмайди.
157. Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексига мувофиқ ер участкасига ижара ҳуқуқи бекор қилинганда, тижорат банклари берилган кредитлар ҳамда унга ҳисобланган фоизлар ва пеняларни муддатидан олдин гаровга қўювчининг бошқа мол-мулки ҳисобидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ундириб олишга ҳақли.
(21-боб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 10 июндаги 295-сонли қарорига асосан киритилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.06.2026 й., 09/26/295/0578-сон)
3-боб. Гаровга олувчининг талабларини қаноатлантириш
16. Ер участкасига ижара ҳуқуқини гаровга қўювчи тугатилганда, гаровга олувчи гаров нарсасига муддатидан олдин ундирув қаратиш ҳуқуқига эга.
17. Кредит ташкилоти ўз талабларини гаровга қўйилган ер участкасининг ижара ҳуқуқи ҳисобидан, шунингдек, қарз олувчининг бошқа мол-мулки ҳисобидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қаноатлантиришга ҳақли.
18. Ундирув қаратилган ер участкасига ижара ҳуқуқи қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ва шартлар асосида, электрон онлайн-аукцион савдо шаклидаги очиқ кимошди савдосида сотиш орқали мажбурий равишда реализация қилинади.
Бунда электрон онлайн-аукцион савдоларида яшаш жойидан (жойлашган ери), ташкилий-ҳуқуқий шаклидан, бошқа ер участкаси мавжуд ёки мавжуд эмаслигидан қатъи назар, барча юридик ва жисмоний шахслар (резидентлар) иштирок этиши мумкин.
19. Гаровга қўйилган, суддан ташқари тартибда ундирув қаратилган ер участкасига ижара ҳуқуқи бевосита сотиш орқали ёки қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа битимлар орқали реализация қилиниши мумкин.
20. Кредитнинг таъминоти сифатида гаровга қўйилган ер участкасига ижара ҳуқуқини реализация қилишдан олинадиган маблағлар кредит қарздорлигини қоплаш учун етарли бўлмаганда ва (ёки) реализация қилинмаганда, кредит ташкилоти қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қарздорнинг бошқа мол-мулки ҳисобидан ундириш ҳуқуқига эга.
21. Гаровга қўйилган ер участкасига ижарага ҳуқуқи қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган тартибда реализация қилинганда ёки кредит ташкилотининг балансига қабул қилинганда, кредит ташкилоти томонидан ажратилган кредит қопланишидан ортган қисми гаровга қўювчига қайтариб берилади.
4-боб. Якунловчи қоидалар
22. Мазкур Низом билан тартибга солинмаган муносабатлар амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тартибга солинади.
23. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларига ижара ҳуқуқини кредит таъминоти сифатида гаровга қўйиш тартиби тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларига ижара ҳуқуқини кредит таъминоти сифатида гаровга қўйиш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Ижро муддати

1-босқич

Ер участкасини ижарага олувчи

Қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда гаровга таклиф қилинаётган ер участкасига ижара ҳуқуқи режасини тузиш учун «Ўздаверлойиҳа» давлат илмий-лойиҳалаш институтининг ҳудудий бўлинмаларига мурожаат қилади.

Ихтиёрий равишда

2-босқич

«Ўздаверлойиҳа» давлат илмий-лойиҳалаш институтининг ҳудудий бўлинмалари

Гаров сифатида таклиф қилинаётган ер участкасига ижара ҳуқуқи режасини тайёрлайди ва гаровга бериладиган қисмини ажратади.

Белгиланган муддатда

3-босқич

Баҳоловчи ташкилот

Ер участкасига ижара ҳуқуқининг қийматини баҳолаш фаолияти тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ баҳолайди.

Белгиланган муддатда

4-босқич

Кредит ташкилоти

Ер участкасига ижара ҳуқуқини гаров сифатида расмийлаштиради.

Белгиланган муддатда

5-босқич

Давлат кадастрлари палатасининг туман (шаҳар) филиали

Ер участкасига ижара ҳуқуқи гаровга қўйиш шартномасини давлат рўйхатидан ўтказади.

Белгиланган муддатда

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 02.10.2025 й., 09/25/613/0889-сон; 10.06.2026 й., 09/26/295/0578-сон)