toggle_night_mode
Ҳужжат 27.11.2025 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг
қарори
Жамоат ҳожатхоналарини лойиҳалаш, қуриш, сув таъминоти, иситиш, вентиляцияси, кондицияланиши, табиий ва сунъий ёритилиши, жиҳозланиши ҳамда фойдаланишга доир санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларини (0100-25-сон СанҚваН) тасдиқлаш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2025 йил 26 августда ҳисобга олинди, ҳисоб рақами 367]
Ўзбекистон Республикасининг «Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида»ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 25 июлдаги ПФ-6035-сон «Коронавирус пандемиясини юмшатиш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва саломатлигини сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси қарор қилади:
1. Жамоат ҳожатхоналарини лойиҳалаш, қуриш, сув таъминоти, иситиш, вентиляцияси, кондицияланиши, табиий ва сунъий ёритилиши, жиҳозланиши ҳамда фойдаланишга доир санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари (0100-25-сон СанҚваН) иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи томонидан 2019-йил 15-июлда тасдиқланган «Жамоат ҳожатхоналарини лойиҳалаштириш, қуриш ва фойдаланишнинг санитария қоидалари ва меъёрлари» 0368-19-сон СанҚваН ўз кучини йўқотган деб топилсин.
3. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Маданият вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси ҳамда Савдо-саноат палатаси билан келишилган.
4. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан уч ой ўтгач кучга киради.
Раис Б. ЮСУПАЛИЕВ
Тошкент ш.,
2025 йил 29 июль,
20-сон
Келишилди:
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири А. АБДУХАКИМОВ
2025 йил 21 июль
Мактабгача ва мактаб таълими вазири Х. УМАРОВА
2025 йил 14 июль
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Ш. ХИДОЯТОВ
2025 йил 9 июль
Соғлиқни сақлаш вазири А. ХУДАЯРОВ
2025 йил 27 июнь
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ж. ЖАББОРОВ
2025 йил 20 июнь
Савдо-саноат палатаси раиси Д. ВАХАБОВ
2025 йил 13 июнь
Маданият вазири О. НАЗАРБЕКОВ
2025 йил 12 июнь
Олий таълим, фан ва инновациялар вазири К. ШАРИПОВ
2025 йил 11 июнь
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ўринбосари Ж. УРУНОВ
2025 йил 10 июнь
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг 2025 йил 29 июлдаги 20-сон қарорига
ИЛОВА
Жамоат ҳожатхоналарини лойиҳалаш, қуриш, сув таъминоти, иситиш, вентиляцияси, кондицияланиши, табиий ва сунъий ёритилиши, жиҳозланиши ҳамда фойдаланишга доир санитария қоидалари, нормалари ва нормативлари (0100-25-сон СанҚваН)
Мазкур санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари (бундан буён матнда санитария қоидалари деб юритилади) жамоат ҳожатхоналарини лойиҳалаш, қуриш, сув таъминоти, иситиш, вентиляция ва кондициялаш, табиий ҳамда сунъий ёритиш, жиҳозлаш, улардан фойдаланиш ҳамда ходимларнинг шахсий гигиенасига оид талабларни белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур санитария қоидаларида қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:
қўл ювиш чиғаноғи — қўлларни ювиш учун мўлжалланган, пиёла шаклига эга бўлган санитария-гигиена мосламаси;
люфт-клозет — хона ичида жойлашган ҳожатхона бўлиб, бунда чиқиндилар йиғиладиган ўранинг люки (қопқоғи) хона ташқарисида бўлади.
2-боб. Жамоат ҳожатхоналарини қуриш учун ер участкаларини танлашга қўйиладиган санитария-гигиена талаблари
2. Жамоат ҳожатхоналарини қуриш, мавжуд бўлганларини реконструкция қилиш учун ажратиладиган ер участкалари иқлим шароити, жой рельефи, ер ости ва ер усти сувлари жойлашганлигини, табиий ҳаво алмашинуви, санитария-ҳимоя зонаси ташкил этиш имкониятини ҳисобга олган ҳолда танланиши лозим.
3. Танланган ер участкасининг рельефи ҳид ва ифлослантирувчи моддаларнинг тарқалмаслигини таъминлаши керак.
4. Кўчма (мобил) ҳожатхоналар фақат оқова сув тармоғига уланишнинг имкони бўлган жойларда ўрнатилиши лозим.
3-боб. Жамоат ҳожатхоналарини лойиҳалаштиришга қўйиладиган санитария-гигиена талаблари
5. Жамоат ҳожатхоналарини лойиҳалаштиришда лойиҳалаштирилаётган объектнинг тури ҳисобга олиниши керак.
6. Жамоат ҳожатхоналари совуқ сув, иссиқ сув ва оқова сув тармоғига уланган ёки чиқиндиларни биологик парчаланиши учун мўлжалланган идишга эга бўлиши лозим.
7. Жамоат ҳожатхоналарини лойиҳалаштиришда қуйидаги талаблар инобатга олиниши лозим:
кўчма (мобил) (ташиш ёки оқова сув тармоғига уланиш имкониятига эга) кабинали ҳожатхона (биоҳожатхона) ташиш учун қулай, ўлчамлари 1,1х1, 1х2,0 бўлган пластик ва металл листлардан иборат бўлиши;
стационар ҳожатхонанинг электр энергия, марказлаштирилган совуқ сув ва оқова сув тармоғига уланганлиги.
8. Жамоат ҳожатхоналарини фойдаланиш тартибига кўра лойиҳалаштиришда қуйидаги талабларга риоя этилиши лозим:
транспорт воситаларидаги (поездлар, самолётлар) жамоат ҳожатхоналарининг фойдаланувчилар жинсига кўра, алоҳидалаш назарда тутилмаслиги;
жамоат жойларида жойлашган объектлардаги (кафе, ресторан, вокзал, аэропорт, метро, музейлар) жамоат ҳожатхоналарининг фойдаланувчилар жинсига кўра алоҳидалаш лозимлиги.
9. Жамоат ҳожатхоналарида ҳосил бўладиган суюқ чиқиндилар оқова сув тизимига улаш, кимёвий усулда зарарсизлантириш, биоҳожатхона технологиясидан фойдаланиш ёки гравитациявий усулда йўқ қилиш орқали бартараф этилиши лозим.
10. Жамоат ҳожатхоналарига қатновчиларни ҳисоблашда 1 ўринга 1 та унитаз ёки 2 та писсуар, ёхуд 1 та унитаз ва 1 та писсуар бўлиши инобатга олиниши лозим.
11. Туман марказлари ёки шаҳарлар (шаҳарчалар)даги жамоат ҳожатхоналари ҳар 700 — 1000 м да, умумий фойдаланишдаги автомобил йўллари бўйида эса ҳар 50 км масофада жойлаштирилиши керак.
12. Жамоат ҳожатхоналарини лойиҳалашда уларни санитария-гигиеник шохобчалар таркибига киритиш лозим.
13. Лойиҳалаштириш топшириғига кўра, санитар-гигиеник шохобчалар таркибига жамоат ҳожатхоналаридан ташқари душ қабул қилиш кабинкалари, кийим алмаштириш, она ва бола хоналарини киритилишига йўл қўйилади.
14. Лойиҳалаштиришда жамоат ҳожатхоналарининг атрофидаги ҳудуд қор-ёмғир сувларини оқиб кетиши учун нишаб қилиниб асфальтланиши керак.
15. Оқова сув тармоғига уланган жамоат ҳожатхоналарига санитария-муҳофаза зонаси белгиланмайди.
16. Оқова сувларни чиқариб юбориш тизимига уланмаган септикали (ўра), биоҳожатхоналар қуйидаги объектлардан 20 м дан кам бўлмаган масофада жойлашган бўлиши керак:
бино ва иншоотларнинг деразаларидан;
таълим ташкилотларидан;
соғлиқни сақлаш ташкилотларидан;
савдо ва умумий овқатланиш корхоналаридан;
спорт-соғломлаштириш иншоотларидан;
болалар ўйингоҳлари ва аҳоли дам оладиган майдонлардан.
17. Аҳоли пунктларида лойиҳалаштириладиган жамоат ҳожатхоналарида қуйидагилар бўлиши керак:
тамбур;
шлюз;
эшиклари ёпиладиган индивидуал кабиналар (ўлчамлари камида 1,0х1,25 м, кабиналар ўртасидаги тўсиқ баландлиги 1,25 м дан кам бўлмаслиги керак);
писсуарлар (эркаклар жамоат ҳожатхонасида);
биде (аёллар жамоат ҳожатхонасида);
хизмат-маиший хона;
тозалаш инвентарларини сақлаш учун хона.
18. Жамоат ҳожатхоналарини санитария-техника ускуналари билан жиҳозлашни лойиҳалаштиришда жиҳозлар учун майдон ҳажмини белгилашда қуйидагилар инобатга олиниши лозим:
ҳар бир ўринга 2,75 м2 дан кам бўлмаган майдон ажратилиши;
ҳар бир писсуар ёки 0,75 м узунликдаги лотокка (ҳожатхона идиши) 1,5 м2 дан кам бўлмаган майдон ажратилиши.
19. Алоҳида турувчи ер ости иншоотларда хоналар баландлиги 2,8 м, ер устида қурилган ҳожатхоналарда 3,2 м дан кам бўлмаслиги лозим.
20. Жамоат ҳожатхоналарининг ҳажмини (ҳар 300 киши учун 6 ўринли) ҳисоблашда қуйидагилар инобатга олиниши лозим:
хона узунлиги — 3,45 м;
кенглиги — 5,50 м;
кабина чуқурлиги — 1,50 м;
кенглиги — 1,10 м;
эшикнинг эни — 0,90 м;
эшикнинг баландлиги — 1,9 — 2,0 м;
умумий чуқурлиги камида 1,8 м ва кенглиги камида 1,65 м;
ҳар бирининг майдони камида 0,75 м2 бўлган иккита қўл ювиш чиғаноқлари.
Ногиронлиги бўлган ҳамда ҳаёт фаолияти чекланган шахслар учун ҳожатхона кабинасининг ўлчамлари ШНҚ 2.07.02-24 га мувофиқ бўлиши керак.
4-боб. Жамоат ҳожатхоналарини қуришга қўйиладиган санитария-гигиена талаблари
21. Жамоат ҳожатхоналарини қуйидаги жойларда қуриш лозим:
жамоат биноларида;
ер усти ёки ер остидаги турган иншоотларда;
ҳаракатланадиган автофургонларда;
майдонлар, автомагистраллар, сайёҳлик маршрутлари, автомобил йўлларининг йирик чорраҳаларида;
вокзал, автовокзал, аэропорт, метро, темир йўл станциялари, маданий-кўнгилочар ва спорт иншоотларига туташ ҳудудларда (ушбу ҳудудларда ҳожатхоналарнинг тахминий сиғими ҳар 500 нафар фойдаланувчи учун 1 ўринни ташкил этиши керак);
рекреация зоналари, шаҳар атрофи ва шаҳар ичидаги истироҳат боғлари, хиёбонлар, аҳоли оммавий дам олиш жойларида, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ва пиёдалар ҳаракати кўп бўлган кўчаларда ҳар 500 метр радиусда;
савдо марказлари, деҳқон бозорлари ва кўнгилочар марказлар ҳудудида;
ярмаркалар, маданий-оммавий ва спорт тадбирлари ўтказиладиган жойларда;
стадионлар, пляжлар, сув спорти иншоотлари, сузиш ҳавзаларида;
маданий-оммавий объектлар, кинотеатр, маданият марказлари, кутубхона ва галереяларда;
моддий маданий мерос ҳамда сайёҳлик йўналиши объектларида;
барча турдаги ёқилғи қуйиш шохобчалари ва умумий овқатланиш корхоналарида;
маиший хизмат кўрсатиш объектларида, савдо дўконларида, 25 тадан ортиқ автомобиллар тўхташ жойларида.
Бунда, жамоат ҳожатхоналари мавжуд бинолар ичига жойлаштирилиши, ичимлик суви ва оқова сув тизимига тўлиқ уланиши, санитария-техника жиҳозлари билан таъминланиши лозим.
Жамоат ҳожатхоналарини бино ичига жойлаштириш имконияти мавжуд бўлмаганда, улар мавжуд бинога уланган ҳолда қурилиши керак.
22. Жамоат ҳожатхоналарини таълим ҳамда соғлиқни сақлаш ташкилотларида жойлаштирилишига йўл қўйилмайди.
23. Оқова сув тармоғи мавжуд бўлмаган аҳоли пунктлари ҳудудида биоҳожатхоналар, септик (ўра)ли бўлган жамоат ҳожатхоналарини люфт-клозет кўринишида қуришга йўл қўйилади.
Бунда, люфт-клозет ўраларидаги чиқиндилар тупроққа ўтмаслигини таъминлаш мақсадида туби бетонланган бўлиши лозим.
24. Қишлоқ ва овуллардаги жамоат ҳожатхоналари сув ўтказмайдиган септик (ўра) билан қурилиши лозим.
25. Жамоат ҳожатхоналари биноларининг баландлиги асосий бинонинг баландлигига тенг бўлиши зарур.
26. Жамоат ҳожатхоналарнинг деворлари, шифтлари ва поллари сув, газ ва товуш ўтказмайдиган бўлиши керак.
27. Жамоат ҳожатхоналарининг деворлари керамик плита ёки кафел билан қопланиши, деворлари ердан 0,8 м дан кам бўлмаган баландликдаги сув ўтказмайдиган қопламалар ёки ювиш ва зарарсизлантириш мумкин бўлган намликка бардошли материаллар билан қопланиши лозим.
28. Жамоат ҳожатхоналарида полларни плиткалар ва мармар увоғи билан қоплашга йўл қўйилади.
Бунда, пол трап томонга 15 фоизга қиялантирилган бўлиши керак.
29. Траплар қуйидагича ўрнатилиши керак:
меҳмонхона хоналари, санаторийлар, кемпинг хоналари ва жамоат биноларининг ҳожатхоналари полларида 50 мм диаметрда;
жамоат ҳожатхоналарида 3 тадан ортиқ унитаз, эркаклар ҳожатхоналарида 3 та ва ундан ортиқ писсуарлар бўлганда 100 мм диаметрда.
5-боб. Жамоат ҳожатхоналарининг сув таъминоти, иситиш вентиляцияси ва кондицияланиши, табиий ва сунъий ёритилишига қўйиладиган санитария-гигиена талаблари
30. Оқова сув тармоғи мавжуд бўлган аҳоли пунктлари ҳудудидаги жамоат ҳожатхоналари «ШНҚ 2.04.01-22 «Биноларнинг ички сув таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш», «ШНҚ 2.04.03-24 «Оқова сувларни чиқариб юбориш. Ташқи тармоқлар ва иншоотлар. Лойиҳалаш талаблари» ҳамда «ШНҚ 2.08.02-23 «Жамоат бинолари ва иншоотлари» талабларига мувофиқ умумий оқова сув тармоқларига уланган бўлиши керак.
31. Жамоат ҳожатхоналари ШНҚ 2.04.05-22 «Иситиш, вентиляция ва кондициялаш» талабларига мувофиқ вентиляция билан жиҳозланган бўлиши лозим.
32. Жамоат ҳожатхоналарини жамоат биноларида жойлаштиришда ҳожатхона вентиляцияси асосий бинонинг вентиляция тизимига уланмаслиги керак.
Оммавий ташриф жойларида ва ҳавони тозалаш тизимларининг ҳаво олиш мосламалари жойлашган жойларда ҳожатхоналарнинг чиқинди вентиляция туйнуклари бўлмаслиги зарур.
33. Ҳаво олиб кетувчи вентиляция 5 маротабадан кам бўлмаган ҳаво алмашинувини, 2,5 маротабадан кам бўлмаган ҳаво оқими кириб келишини таъминлаши керак.
34. Люфт-клозет кўринишидаги жамоат ҳожатхоналарида иссиқ ёки механик қўзғатувчига эга бўлган вентиляция канали ўрнатилиши зарур.
35. Жамоат ҳожатхоналари уларнинг жойлашган жойига кўра ШНҚ 2.01.05-24 «Табиий ва сунъий ёритиш» талабларига мувофиқ табиий ва сунъий ёритилиши керак.
Фавқулодда ҳолатларда ёритиш учун захира қувват манбалари ва тунги ёриткичлар бўлиши лозим.
36. Алоҳида биноларда жойлашган жамоат ҳожатхоналарида ёруғлик коэффициенти (ЁК) 0,8 дан, сунъий ёруғлик 35 лх дан кам бўлмаслиги зарур.
6-боб. Жамоат ҳожатхоналарининг жиҳозланишига қўйиладиган санитария-гигиена талаблари
37. Жамоат ҳожатхоналарининг эркакларга ажратилган қисмида девор ёки полга якка тартибдаги писсуарлар ўрнатилиши, аёлларга ажратилган қисмида эса пардоз ва болани йўргаклаш столи бўлиши керак.
38. Одамлар гавжум жойлардаги жамоат ҳожатхоналарида лотокли писсуарлардан (бир вақтнинг ўзида бир нечта эркак фойдаланиши мумкин бўлган тарнов шаклидаги писсуар), полга ўрнатилган унитазлар ёки Генуя косалардан фойдаланишга йўл қўйилади.
Жамоат ҳожатхоналарида сув ресурсларини таъминлаш учун 3 — 6 литр сиғимдан ошмаган сувни тежовчи санитария жиҳозлари бўлиши лозим.
39. Жамоат ҳожатхоналаридаги қўл ювиш чиғаноғининг юқори қисмига кўзгу ўрнатилиши зарур.
40. Люфт-клозет кўринишидаги жамоат ҳожатхоналарида унитазлар ёки полга ўрнатилган Генуя косалардан фойдаланишга йўл қўйилади.
41. Жамоат ҳожатхоналарининг шлюзида иссиқ сув (марказлаштирилган иссиқ сув таъминоти бўлган ҳолда), совуқ сув билан таъминланган қўл ювиш чиғаноқлари, шунингдек электр сочиқлар ўрнатилиши керак.
Бунда, жиҳозлар ўрнатиладиган баландлик ҚР 05.01-23 «Ички санитария-техник тизимлари»га мувофиқ бўлиши зарур.
42. Жамоат ҳожатхоналари мазкур санитария қоидаларининг 1-иловасига мувофиқ жиҳозланиши лозим.
43. Кабиналарда электр розеткаси, устки кийимлар, сумка учун илгаклар, ташриф буюрувчиларнинг шахсий буюмлари учун токчалар, қоғоз, пахта ва бошқа чиқиндилар учун қутилар ёки идишлар бўлиши керак.
44. Жамоат ҳожатхоналарида ногиронлиги бўлган болалар ва шахсларнинг улардан монеликсиз фойдаланиши учун махсус кабиналар ва жиҳозлар бўлиши, бунда:
махсус кабинада тутқичлар, панжаралар, штангалар, осма трапециялар, қўнғироқ тугмалари ўрнатилиши;
жиҳозларнинг барча элементлари мустаҳкам маҳкамланиши лозим.
45. Ногиронлиги бўлган ва ҳаёт фаолияти чекланган шахслар ҳамда кексалар учун ҳожатхоналарда қўнғироқ тугмалари ўрнатилиши, мазкур тугмадан унитазда ўтирган ёки эшик олдида турган ҳолда фойдаланиш имконияти бўлиши, бунда электр қўнғироқ навбатчи хонага уланган бўлиши керак.
46. Ногиронлиги бўлган шахслар учун жамоат ҳожатхона эшигига махсус белгилар ўрнатилган бўлиши ва унинг эшиги ташқарига очилиши зарур.
47. Ногиронлиги бўлган шахслар учун қўл ювиш чиғаноқлари 1,3 м дан юқори бўлмаган баландликда ўрнатилиши лозим.
7-боб. Жамоат ҳожатхоналаридан фойдаланишга қўйиладиган санитария-гигиена талаблари
48. Жамоат ҳожатхоналаридан фойдаланишда қуйидагилар инобатга олиниши лозим:
ўраларини тўлиб кетишига йўл қўймаслик ва ўз вақтида тозалаш;
ҳаво ҳарорати +5°C да ва ундан юқори бўлганда жамоат ҳожатхонасидаги септик (ўра)нинг юзасига ҳар куни ҳашаротлар личинкаларига қарши воситалар билан ишлов берилиши.
49. Жамоат ҳожатхоналари жойлашган жой ва унга туташ бўлган ҳудудлар кундузи ва кечаси кўринадиган махсус белги билан белгиланиши керак.
50. Жамоат ҳожатхоналарини санитария-гигиена жиҳатидан сақлаш махсус хизмат кўрсатувчи ходимлар томонидан амалга оширилиши лозим.
51. Жамоат ҳожатхоналарини тозалаш воситаларига уларнинг ишлатилиши бўйича тегишли белгилар қўйилиши ҳамда алоҳида хонада ёки жавонларда сақланиши керак.
Бунда, тозалаш воситаларини овқатланиш ёки дам олиш жойларида сақлашга йўл қўйилмайди.
52. Жамоат ҳожатхоналарида санитария-гигиена воситалари (совун, ҳожатхона қоғози, электр сочиқ ва қоғоз сочиқлар) ҳамда чиқиндиларни йиғиш учун идишлар бўлиши лозим.
53. Биоҳожатхоналар ҳар соатда тозалаб турилиши керак.
54. Жамоат ҳожатхоналарини тозалашда қуйидагиларга риоя қилиш лозим:
чиқиндиларни олиб чиқиш ва заруриятга кўра, санитария-гигиена воситаларини (ҳожатхона қоғози, қоғоз сочиқлар, суюқ совунлар, автоматик ҳавони хушбўйлантирувчилар учун аэрозол баллончалар) алмаштиришга;
тозалашда дезинфекцияловчи воситалардан (алкоголли гел, антисептик эритмалар) фойдаланишга;
вертикал ва горизонтал юзаларни тозалашга;
деворлар, эшиклар, кўзгулар, жавонлар, токчалар, деразаларни, сўнгра жиҳозларни зарарсизлантириш ва тозалашга;
полни ювишга;
тозалаш ишлари тугаллангандан сўнг амалга оширилган ишларни тозалаш жадвалида қайд этишга.
55. Жамоат ҳожатхоналарини тозалаш жадвали барча учун кўринадиган қулай жойга жойлаштирилиши лозим.
56. Фойдаланилган барча тозалаш воситалари гигиеник ҳолатда сақланиши ва мунтазам дезинфекция қилиниши лозим.
8-боб. Ходимлар учун шахсий гигиена талаблари
57. Жамоат ҳожатхоналарида хизмат кўрсатувчи ходимлар (бундан буён матнда ходимлар деб юритилади) ҳар бир сменадан олдин ва кейин, шунингдек ҳар бир тозалашдан кейин қўлларини совун билан ювишлари лозим.
58. Ходимларнинг тирноқлари ҳар доим тоза, қисқа қилиб олинган бўлиши ҳамда сочлари тоза, йиғилган ҳолатда бўлиши керак.
59. Ходимлар хизмат кўрсатиши учун тозалаш анжомлари, ювувчи, зарарсизлантирувчи воситалар, махсус кийим-бош, пойабзал ва резина қўлқоплар билан таъминланиши зарур.
60. Ходимларнинг иш кийимлари (халат, комбинезон) ҳар куни алмаштирилиши ёки мунтазам ювилиб, дазмолланиши керак.
61. Бир марталик резина ёки латекс қўлқоплар ҳар бир ишлатишдан сўнг алмаштирилиши лозим.
62. Жамоат ҳожатхоналарида инфекцион хавф юзага келса, қўшимча ҳимоя воситалари сифатида тиббий ниқоблар ва кўзойнаклардан фойдаланилиши лозим.
63. Ходимларнинг иш кийимида овқатланишига йўл қўйилмайди.
64. Ходимлар Ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 2387, 2012 йил 29 август) мувофиқ тиббий кўрикдан ўтказилиши лозим.
65. Мазкур санитария қоидаларини ишлаб чиқувчилар рўйхати ушбу санитария қоидаларининг 2-иловасида келтирилган.
Жамоат ҳожатхоналарини лойиҳалаш, қуриш, сув таъминоти, иситиш, вентиляцияси, кондицияланиши, табиий ва сунъий ёритилиши, жиҳозланиши ҳамда фойдаланишга доир санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига (0100-25-сон СанҚваН)
1-ИЛОВА
Жамоат ҳожатхоналарининг жиҳозланишига доир санитария-гигиена талаблари

Т/р

Бўлинма номи

Санитария-техника жиҳозларининг номи

Санитария-техника жиҳозларнинг оптимал сони

(дона)

Эркаклар

Аёллар

I. Спорт заллари, спорт-соғломлаштириш мажмуалари ва ёпиқ конькида учиш майдончалари

1.

Шуғулланувчилар учун кийиниш хоналарида

унитаз

1 та унитаз 35 ўрин кийиниш жойи учун бироқ, биттадан кам бўлмаган ҳолда

1 та унитаз 30 ўрин кийиниш жойи учун, бироқ биттадан кам бўлмаган ҳолда

писсуар

1 та писсуар 45 ўрин кийиниш жойи учун бироқ, биттадан кам бўлмаган ҳолда

-

қўл ювиш чиғаноғи

4 та унитаз ва 4 писсуар учун 1 та қўл ювиш чиғаноғи бироқ, биттадан кам бўлмаган ҳолда

3 та унитазга 1 та қўл ювиш чиғаноғи бироқ, биттадан кам бўлмаган ҳолда

2.

Мураббийлар, инструкторлар ва бошқа ходимлар учун*

унитаз

1 та унитаз бир вақтнинг ўзида ишлайдиган 60 нафар эркаклар учун, бироқ биттадан кам бўлмаган ҳолда

1 та унитаз бир вақтнинг ўзида ишлайдиган 15 нафар аёллар учун, бироқ биттадан кам бўлмаган ҳолда

писсуар

1 та писсуар бир вақтнинг ўзида ишлайдиган 20 нафар эркаклар учун, бироқ биттадан кам бўлмаган ҳолда

-

қўл ювиш чиғаноғи

3 та унитазга 1 та қўл ювиш чиғаноғи бироқ, биттадан кам бўлмаган ҳолда

3 та унитазга 1 та қўл ювиш чиғаноғи, бироқ биттадан кам бўлмаган ҳолда

3.

Томошабинлар учун**

унитаз

1 та унитаз 330 нафар эркаклар учун

1 та унитаз 40 нафар аёллар учун

писсуар

1 та писсуар 66 нафар эркаклар учун

-

қўл ювиш чиғаноғи

4 та унитаз ва 4 писсуар учун 1 та қўл ювиш чиғаноғи бироқ, биттадан кам бўлмаган ҳолда

3 та унитазга 1 та қўл ювиш чиғаноғи бироқ, биттадан кам бўлмаган ҳолда

II. Дўконлар ва савдо марказлари***

4.

Ихтисослаштирилган ва ноозиқ-овқат дўконларида харидорлар учун

унитаз

600 м² савдо майдонига 2 та унитаз бўлиши (битта эркаклар учун, битта аёллар учун), қўшимча 600 м² майдон учун битта санитария-техника жиҳози қўшилиши лозим

5.

Озиқ-овқат дўконларида

унитаз

400 м² майдонга 2 та унитаз бўлиши, қўшимча 400 м² майдон учун битта санитария-техника жиҳози қўшилиши керак

III. Кўнгилочар мажмуалар****

6.

1600 — 1200 ўринли

унитаз

3

4

писсуар

3

-

қўл ювиш чиғаноғи

2

2

800 ўринли

унитаз

2

3

писсуар

2

-

қўл ювиш чиғаноғи

1

1

600 — 400 ўринли

унитаз

1

2

писсуар

2

-

қўл ювиш чиғаноғи

1

1

300 — 200 ўринли

унитаз

1

1

писсуар

1

-

қўл ювиш чиғаноғи

1

1

IV. Жамоавий ва якка тартибдаги жойлаштириш воситалари (меҳмонхоналар, курортлар, кемпинглар, дам олиш базалари, сайёҳлик базалари, рекреацион марказлар, хостеллар)

7.

Жамоавий ва якка тартибдаги жойлаштириш воситалари

унитаз

20 нафар яшовчига 1 та бироқ, биттадан кам бўлмаган ҳолда

20 нафар яшовчига 1 та бироқ, биттадан кам бўлмаган ҳолда

писсуар

20 нафар яшовчига 1 та бироқ, биттадан кам бўлмаган ҳолда

-

қўл ювиш чиғаноғи

20 нафар яшовчига 1 та бироқ, биттадан кам бўлмаган ҳолда

20 нафар яшовчига 1 та бироқ, биттадан кам бўлмаган ҳолда

V. Меҳмонхоналар

8.

Умумий ҳожатхоналар (номерларида ҳожатхонаси бўлмаган меҳмонхоналарда)******

унитаз

18 нафар яшовчига 1 та бироқ, биттадан кам бўлмаган ҳолда

12 нафар яшовчига 1 та бироқ, биттадан кам бўлмаган ҳолда

писсуар

18 нафар яшовчига 1 та бироқ, биттадан кам бўлмаган ҳолда

-

қўл ювиш чиғаноғи

18 нафар яшовчига 1 та бироқ, биттадан кам бўлмаган ҳолда

12 нафар яшовчига 1 та

Изоҳлар:
* Агар бир вақтнинг ўзида икки жинсга мансуб бўлган 20 нафардан кам бўлмаган киши ишлаётган бўлса, бунда 1 та унитазли жамоат ҳожатхонаси ташкил этилади.
** Бир хонада санитария-техника жиҳозларининг умумий сони 40 тадан ошмаслиги керак.
Эркак мухлислар сони умумий томошабинлар ўриндиқларининг 60 фоизи, футбол заллари ва хоккей майдончаларида эса 70 фоиз ҳисобида аниқланади.
Аёл мухлислар сони ҳар иккала ҳолда ҳам 40 фоизга тенг.
*** Савдо мажмуаларида ҳисоб-китоблар барча дўконларнинг умумий майдонидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади. Ҳожатхоналарни турли қаватларда жойлаштиришга йўл қўйилади.
****Кўнгилочар мажмуаларда санитария-техника жиҳозлари ўринлар сонига кўра ҳисобланади.
***** Жойлаштирув хоналарида ҳожатхоналар мавжуд бўлмаганда, умумий фойдаланадиган ҳожатхоналар жиҳозланиши керак (ҳожатхонасиз хоналарда 20 нафар яшовчига битта, бироқ ҳар бир қаватда иккитадан кам бўлмаслиги керак).
****** Меҳмонхоналарда умумий ҳожатхоналар биринчи қаватда умумий йўлаклардан ёки залдан алоҳида кириш йўли бўлган алоҳида хоналарда, шунингдек ресторанга киришдан олдинги жойларда жойлаштирилади.
Жамоат ҳожатхоналарини лойиҳалаш, қуриш, сув таъминоти, иситиш, вентиляцияси, кондицияланиши, табиий ва сунъий ёритилиши, жиҳозланиши ҳамда фойдаланишга доир санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига (0100-25-сон СанҚваН)
2-ИЛОВА

Ишлаб чиқувчилар рўйхати:

Г.Т. Искандарова

Тошкент тиббиёт академиясининг «Коммунал гигиена ва меҳнат гигиенаси» кафедраси мудири, тиббиёт фанлари доктори, профессор;

О.П. Миршина

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг Санитария-гигиена бошқармаси бош мутахассиси, тиббиёт фанлари номзоди;

Р.Х. Жумабаева

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг Санитария-гигиена бошқармаси етакчи мутахассиси.

Тақризчилар рўйхати:

Р.А. Атаниязова

Санитария-гигиена ва касб касалликлари илмий-тадқиқот институти катта илмий ходими, тиббиёт фанлари номзоди;

У.А. Ёдгоров

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси, Илмий тадқиқотлар, инновациялар ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш бўлими бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди.