toggle_night_mode
Ҳужжат 21.08.2025 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Жисмоний шахслар тўғрисидаги маълумотларни Кредит битимини тузиш тақиқланган шахслар реестрига киритиш ёки ушбу реестрдан чиқариш тартиби ҳақидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг «Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида»ги Қонунига кредит соҳасидаги муносабатларни янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонуни ижросини таъминлаш, шунингдек, кредит битимини тузишни тақиқлаш ёки бундай тақиқни олиб ташлаш билан боғлиқ хизматлар кўрсатилишини самарали тартибга солиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Жисмоний шахслар тўғрисидаги маълумотларни Кредит битими тузиш тақиқланган шахслар реестрига киритиш ёки ушбу реестрдан чиқариш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Марказий банк, Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда:
жисмоний шахслар тўғрисидаги маълумотларни Кредит битимини тузиш тақиқланган шахслар реестрига киритиш ёки ушбу реестрдан чиқариш билан боғлиқ хизматларни давлат хизматлари марказлари, Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) ёки кредит бюролари орқали кўрсатилишини таъминласин;
ЯИДХПда ушбу хизматларни кўрсатишнинг ҳар бир босқичида ариза берувчиларнинг мурожаатлари кўриб чиқилишини кузатиб бориш имкониятини яратсин;
давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан уларнинг фаолияти доирасида ушбу қарорга мувофиқ хизматлар кўрсатишнинг белгиланган тартибига риоя этилиши бўйича, шу жумладан, ЯИДХП орқали доимий назорат ўрнатсин.
3. Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 20 ноябрдаги 612-сон қарори билан тасдиқланган Жисмоний ва юридик шахсларга маълумотномалар бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг ягона маъмурий регламентига 2-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимча киритилсин.
4. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 20 август,
522-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 20 августдаги 522-сон қарорига
1-ИЛОВА
Жисмоний шахслар тўғрисидаги маълумотларни Кредит битимини тузиш тақиқланган шахслар реестрига киритиш ёки ушбу реестрдан чиқариш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом жисмоний шахслар тўғрисидаги маълумотларни Кредит битимини тузиш тақиқланган шахслар реестрига киритиш ёки ушбу реестрдан чиқариш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
жисмоний шахслар тўғрисидаги маълумотлар — жисмоний шахснинг Кредит битимини тузишни тақиқлаш ёки бундай тақиқни олиб ташлаш тўғрисидаги аризаси асосида шакллантирилган ҳамда унинг шахсга доир маълумотларини ўз ичига олган ахборотлар мажмуаси;
Кредит битимини тузиш тақиқланган шахслар реестри (кейинги ўринларда — реестр) — кредит битимини тузиш тақиқланган жисмоний шахслар тўғрисидаги ахборотни ўз ичига олган ва кредит бюролари томонидан юритиладиган ягона маълумотлар базаси.
2-боб. Жисмоний шахслар тўғрисидаги маълумотларни Кредит битимини тузиш тақиқланган шахслар реестрига киритиш ёки ушбу реестрдан чиқариш тартиби
3. Жисмоний шахслар тўғрисидаги маълумотларни реестрга киритиш ёки ушбу реестрдан чиқариш бўйича аризаларни тақдим этиш ҳамда уларни кўриб чиқиш (кейинги ўринларда — хизмат) Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП), давлат хизматлари марказлари ёки кредит бюролари орқали ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.
4. Хизматни кўрсатганлик учун тўлов ундирилмайди.
5. Ариза берувчи хизматдан фойдаланиш учун давлат хизматлари марказларига ёки кредит бюросига шахсан келиб ёки давлат хизматларидан электрон шаклда фойдаланиш учун ЯИДХП ёки кредит бюроларининг веб-сайтлари орқали ушбу ташкилотларга мурожаат қилади.
6. Ариза берувчи ўзи келиб мурожаат этганда, Давлат хизматлари марказлари ёки кредит бюроси ходими ариза берувчи номидан, ЯИДХП орқали ёки кредит бюроси веб-сайти орқали электрон шаклда мурожаат этганда эса ариза берувчи мустақил равишда паспорт ёки идентификацияловчи ID-картаси тўғрисидаги маълумотларни электрон шаклда тўлдиради.
Давлат хизматлари марказлари ёки кредит бюролари томонидан ариза берувчидан ушбу бандда кўрсатилмаган маълумот ва ҳужжатларни талаб қилишга йўл қўйилмайди.
7. Ушбу Низомнинг 6-бандида назарда тутилган маълумотлар киритилгандан сўнг ариза берувчи маълумотларнинг тўғрилигини текширади ва имзоларни идентификация қилишнинг тегишли воситалари (дактилоскопия, электрон рақамли имзо, мобил ID ва бошқалар) билан тасдиқлайди.
Ариза берувчи ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда, маълумотномани электрон рақамли имзо билан тасдиқлаш талаб этилмайди.
8. Ариза берувчи хизматдан фойдаланишдан уни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга.
Ариза берувчи хизматдан фойдаланишдан бош тортган тақдирда, унинг аризаси кўрилмасдан қолдирилади.
9. Ариза берувчи ўзи келиб мурожаат қилганда, давлат хизматлари марказлари ходими ариза тўлдирилган вақтдан бошлаб реал вақт режимида уни кредит бюроларига юборади.
ЯИДХП орқали мурожаат этилганда, ариза автоматик тарзда кредит бюроларига юборилади.
Кредит бюролари орқали ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилинганда дарҳол реестрга киритилади ёки реестрдан чиқарилади.
10. Кредит бюролари ариза берувчи реестрга киритилган ёки реестрдан чиқарилгани тўғрисида ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ QR-код (матрик штрихли код) қўйилган маълумотномани ариза берувчи ўзи келиб давлат хизматлари марказлари орқали мурожаат этганда — давлат хизматлари марказларига, ЯИДХП орқали мурожаат этилганда — ариза берувчининг шахсий кабинетига юборади.
Ариза берувчи ўзи келиб, кредит бюросига ёзма мурожаат этган тақдирда, ариза берувчининг ўзига QR-код (матрик штрихли код) қўйилган маълумотнома берилади, кредит бюросининг веб-сайти орқали мурожаат этганда эса ушбу маълумотнома кредит бюросининг веб-сайтидаги ариза берувчининг шахсий кабинетига жойлаштирилади.
11. Давлат хизматлари марказлари хизматнинг натижасини у келиб тушгандан сўнг 10 дақиқа ичида ариза берувчининг электрон манзилига юборади ва ариза берувчини бу ҳақида ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади. Давлат хизматлари марказлари ариза берувчи ўзи келиб мурожаат этган тақдирда, ариза берувчининг сўровига кўра унга маълумотномани электрон ёки қоғоз шаклида бериши лозим.
3-боб. Кредит битимини тузиш тақиқланган шахслар реестрини юритиш тартиби
12. Реестрни шакллантириш ва юритиш ҳамда жисмоний шахсларнинг кредит битимини тузишни тақиқлаш ёки бундай тақиқни олиб ташлаш тўғрисидаги аризалари рўйхатини шакллантириш кредит бюролари томонидан ягона ахборот тизими орқали ўзаро электрон ахборот алмашинуви орқали амалга оширилади. Бунда кредит бюролари томонидан ахборот хавфсизлиги ва технологик талабларга тўлиқ жавоб берадиган маълумотлар базаси яратилади. Ушбу база орқали жисмоний шахслардан тақиқлаш ва уни бекор қилиш тўғрисидаги аризалар қабул қилинади.
13. Кредит бюролари томонидан жисмоний шахсларнинг кредит битимини тузишни тақиқлаш ёки бундай тақиқни олиб ташлаш тўғрисидаги ариза юборилган сана ва вақт, тақиқ белгиланган ёки олиб ташланган сана ва тақиқ шартлари ҳақидаги маълумотлар жисмоний шахсларнинг кредит тарихи маълумотида акс эттириб борилади.
14. Реестр давлат тилида юритилади.
4-боб. Якунловчи қоидалар
15. Давлат хизматлари марказлари ва кредит бюролари ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида олинган маълумотларнинг сир сақланишини таъминлайди.
16. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, унинг ҳудудий органлари ушбу Низом талаблари ижроси бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятини, шу жумладан, ЯИДХП орқали доимий назорат ва мониторинг қилиб боради.
17. Ариза берувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.
18. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Жисмоний шахслар тўғрисидаги маълумотларни Кредит битимини тузиш тақиқланган шахслар реестрига киритиш ёки ушбу реестрдан чиқариш тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА
Жисмоний шахслар тўғрисидаги маълумотларни реестрга киритиш ёки ушбу реестрдан чиқариш бўйича аризаларни тақдим этиш ҳамда уларни кўриб чиқиш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Бажариш муддатлари

1-босқич

Ариза берувчилар

1. Хизматдан фойдаланиш учун давлат хизматлари марказларига ўзи келиб мурожаат этади ёки ЯИДХПда рўйхатдан ўтади.

Ўз хоҳишига кўра

2. Кредит бюролари орқали ёзма ёки электрон шаклда мурожаат этади.

2-босқич

1. Давлат хизматлари маркази

1. Аризани тўлдириб, кредит бюроларига юборади.

10 дақиқада

2. ЯИДХП

2. Тўлдирилган аризани автоматик тарзда кредит бюроларига юборади.

Автоматик равишда

3. Кредит бюроси

3. Ариза билан ёзма мурожаат этилганда.

Дарҳол

4. Электрон мурожаат этилганда.

Автоматик равишда

Жисмоний шахслар тўғрисидаги маълумотларни Кредит битимини тузиш тақиқланган шахслар реестрига киритиш ёки ушбу реестрдан чиқариш тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА
Жисмоний шахслар тўғрисидаги маълумотларнинг Кредит битимини тузиш тақиқланган шахслар реестрига киритилгани ёки реестрдан чиқарилгани тўғрисида
МАЪЛУМОТНОМА

Реестрга киритилган ёки реестрдан чиқарилган сана (йил, кун, ой):

Жисмоний шахснинг Ф.И.О.:

ЖШШИР:

Электрон манзил (мавжуд бўлса) ва телефон рақами:

Маълумотномани берган кредит бюросининг номи

QR-код

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 20 августдаги 522-сон қарорига
2-ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 20 ноябрдаги 612-сон қарори билан тасдиқланган Жисмоний ва юридик шахсларга маълумотномалар бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг ягона маъмурий регламентига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимча
1. 1-банднинг учинчи хатбошисидаги «35» рақами «36» рақами билан алмаштирилсин.
2. Қуйидаги мазмундаги 36-илова билан тўлдирилсин:
«Жисмоний ва юридик шахсларга маълумотномалар бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг ягона маъмурий регламентига
36-ИЛОВА
Кредит битимини тузишда тақиқ мавжудлиги ёки бундай тақиқ олиб ташлангани тўғрисида маълумотнома бериш
ПАСПОРТИ

1. Давлат хизмати номи

Кредит битимини тузишда тақиқ мавжудлиги ёки бундай тақиқ олиб ташлангани тўғрисида маълумотнома олиш

2. Давлат хизматидан фойдаланувчилар тоифаси

Жисмоний шахслар

3. Давлат хизматини кўрсатувчи ваколатли орган(лар)

Кредит бюролари

4. Давлат хизматидан фойдаланиш учун талаб этиладиган маълумотлар

Аризада шахсга оид қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

фамилияси, исми ва отасининг исми (ўзгарган бўлса, бу ҳақида маълумотлар кўрсатилади);

паспорт ёки идентификацияловчи ID-картаси маълумотлари (ЖШШИР маълумотлари);

маълумотнома тили (ўзбек/рус);

электрон манзили (мавжуд бўлса) ва телефон рақами.

5. Давлат хизматини кўрсатганлик учун ундириладиган йиғим миқдори

Бепул

6. Давлат хизматини кўрсатиш муддати:

Реал вақт режимида

7. Изоҳ:

Мазкур хизмат кредит бюроларининг расмий веб-сайти орқали ҳам кўрсатилади.

».

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.08.2025 й., 09/25/522/0758-сон)