toggle_night_mode
Ҳужжат 19.12.2025 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган спорт мактаблари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тошкент шаҳрида бокс ва гимнастикага ихтисослаштирилган спорт мактаблари фаолиятини ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2024 йил 22 июндаги ПФ-94-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, ёшларнинг спортга қизиқишини янада рағбатлантириш, юқори натижаларга эришган спортчиларнинг тажрибасини ёшлар ўртасида оммалаштириш ҳамда уларни илғор таълим усуллари асосида ўқитиш ва тайёрлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тошкент шаҳрида бокс ва гимнастикага ихтисослаштирилган спорт мактаблари фаолиятини ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2024 йил 22 июндаги ПФ-94-сон Фармонига мувофиқ бокс бўйича Баҳодир Жалолов ҳамда гимнастика бўйича Оксана Чусовитина спорт маҳорати мактаблари Спорт вазирлиги тизимидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) тизимига ўтказилгани;
Бокс бўйича Баҳодир Жалолов спорт маҳорати мактаби — Баҳодир Жалолов номидаги боксга ихтисослаштирилган спорт мактаби, Гимнастика бўйича Оксана Чусовитина спорт маҳорати мактаби — Оксана Чусовитина номидаги гимнастикага ихтисослаштирилган спорт мактаби (кейинги ўринларда — спорт мактаблари) этиб қайта номлангани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган спорт мактаблари тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган спорт мактабларига ўқувчиларни саралаб олиш, қабул қилиш ҳамда четлаштириш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Белгилансинки:
Олдинги таҳрирга қаранг.
а) Агентлик тизимидаги спорт мактаблари битирувчиларига тегишли спорт турлари бўйича касбий таълим тўғрисидаги диплом ҳамда тренерлик фаолияти билан шуғулланиш учун малака сертификати берилади;
(3-банднинг «а» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 17 декабрдаги 797-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.12.2025 й., 09/25/797/1181-сон)
б) ўқувчилар Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бепул озиқ-овқат ва бино қуввати доирасида яшаш жойи билан таъминланади;
в) 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб:
маъмурий-бошқарув, педагогик, ўқув-ёрдамчи, техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлар иш ҳақи фондининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда рағбатлантириш жамғармаси ташкил этилади. Бунда директор, директор ўринбосарлари, тренерлар, тиббиёт ходимлари, йўриқчи-услубчилар, спорт психологларига олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказлари учун белгиланган моддий рағбатлантириш шартлари қўлланилганда, мазкур рағбатлантириш жамғармаси орқали тўловлар татбиқ этилмайди;
Агентлик тизимидаги умумтаълим муассасаларида фаолият юритаётган тарбиячиларнинг меҳнатига ҳақ тўлашда уларнинг мутахассислик фани бўйича малака тоифаси ҳамда миллий ёки халқаро сертификатлари учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган шартлар татбиқ этилади;
г) спорт мактабларига фан йўналиши бўйича камида бакалавр даражасидаги олий педагогик маълумот ва камида иккинчи малака тоифасига эга ўқитувчилар танлов асосида жалб этилади. Бунда кимё, биология ва физика фанларидан дарс берадиган педагог кадрларнинг малака тоифалари умумлашган табиий фанга ҳам татбиқ этилади.
4. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2025 йил 31 декабрга қадар:
спорт мактаблари ўқувчиларининг спорт мусобақаларида хавфсиз иштирокини таъминлаш мақсадида спорт мактабларига Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг Таълим соҳасидаги ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармаси ҳисобидан камида 50 ўринли 1 тадан автобус харид қилиш;
спорт мактабларига Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 1 тадан навбатчи автотранспорт воситасини харид қилиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
Бунда спорт мактабларининг автотранспорт воситаларини сақлаш харажатлари учун 2026 йилдан бошлаб Давлат бюджети параметрларида тегишли маблағлар назарда тутилсин.
5. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ўқувчи-спортчи ва тренерларнинг тадбирларга, маҳаллий ва халқаро мусобақаларга тайёргарлиги ҳамда иштироки билан боғлиқ барча харажатларни ҳар йили Спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь-режасида назарда тутиб борсин ҳамда Спорт вазирлигига ажратиладиган маблағларни камайтириш ҳисобидан тегишли ўзгартиришлар асосида ушбу спорт мактаблари ҳисобварағига ўтказиб берсин.
6. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
7. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазири Э.Г. Каримова зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 20 август,
524-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 20 августдаги 524-сон қарорига
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган спорт мактаблари тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) тизимидаги ихтисослаштирилган спорт мактабларининг (кейинги ўринларда — спорт мактаблари) мақоми, асосий вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Спорт мактаблари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга, шунингдек, ўз уставига ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.
3. Агентлик спорт мактаблари фаолиятига умумий раҳбарлик қилади ва уларнинг назоратини амалга оширади.
Спорт мактаблари Агентлик томонидан лавозимга тайинланадиган ҳамда лавозимидан озод этиладиган директор томонидан бошқарилади.
4. Спорт мактаблари спорт турларига қизиқадиган иқтидорли ўқувчи-спортчиларни саралаб олиш орқали 5 — 11-синфлар кесимида уларнинг интеллектуал қобилияти ва спорт тайёргарлигини ривожлантиришга ихтисослашган давлат умумий ўрта таълим муассасаси ҳисобланади.
5. Спорт мактаблари Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга, бланкаларга, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитаси бўлинмаларида шахсий ғазна ҳисобварақларига, банк ҳисобварақларига, шу жумладан, хорижий валютадаги шахсий ғазна ҳисобварақларига эга бўлади.
6. Спорт мактаблари белгиланган тартибда ўз номидан мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларни олиши ва амалга ошириши, шунингдек, зиммасига мажбуриятлар олиши, судда даъвогар ва жавобгар бўлиши мумкин.
7. Спорт мактабларида умумий ўрта таълим олиш бепул амалга оширилади.
Спорт мактаблари хусусиятидан келиб чиқиб, кундузги таълим шаклида фаолият юритади.
2-боб. Спорт мактабларининг мақсади ва асосий вазифалари
8. Давлат таълим стандартлари ҳамда мақбуллаштирилган ўқув режа ва таълим дастурларига мувофиқ спорт турларига иқтидори бўлган ўқувчи-спортчиларнинг таълим-тарбия олишдаги конституциявий ҳуқуқини рўёбга чиқариш спорт мактабларининг мақсади ҳисобланади.
Спорт мактабларида таълим-тарбия жараёнини ташкил этишнинг энг янги усулларини қўллаган ҳолда халқаро спорт майдонларида мамлакат шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир бўлган Ўзбекистон терма жамоалари учун спорт захираси ва юқори маҳоратли спортчилар тайёрланади.
9. Спорт мактабларининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
спорт турлари бўйича иқтидорли ёшларни аниқлаш, саралаш ва уларни ҳар томонлама ривожлантириш тизимини яратиш;
ўқувчи-спортчиларни ватанпарварлик ва фидойилик руҳида тарбиялаш, уларда ўз Ватани билан фахрланиш ва миллий маданий-тарихий анъаналарни ҳурмат қилиш туйғусини шакллантириш;
давлат таълим стандартларига мувофиқ спорт турларига, шунингдек, Ўзбекистон тарихи, хорижий тиллар, умумлашган табиий фан ва спорт психологиясини чуқурлаштириб ўқитишга мўлжалланган ўқув режа ва дастурлар ишлаб чиқиш;
ўқувчи-спортчилар учун ўқув-машғулот ҳамда ўқув-машқ жараёнларини халқаро стандартлар даражасида ташкил этиш, шунингдек, илғор тажрибалар асосида назарий ва техник-тактик жиҳатдан тайёрлаш сифатини мунтазам ошириб бориш;
ўқувчи-спортчиларнинг назарий билимини амалиётда қўллаш имкониятини кенгайтириш учун таълим-тарбия жараёнида замонавий педагогик ҳамда ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;
ўқувчи-спортчиларнинг физиологик ва антропометрик кўрсаткичлари асосида улар билан индивидуал ишлаш ҳамда мобил лаборатория ёрдамида уларнинг натижаларини мунтазам равишда мониторинг қилиб бориш;
ўқувчи-спортчиларнинг профессионал фазилатларини ривожлантириш орқали халқаро талабларга мувофиқ юқори маҳоратли спортчиларни тайёрлаш;
юқори малакали чет эллик ва маҳаллий мутахассис-тренерлар ҳамда психологларни жалб этиш орқали спорт турлари бўйича тренерлар таркибини мустаҳкамлаш;
зарур спорт анжомлари ва ускуналари билан жиҳозланган, замонавий халқаро талаблар ва стандартларга жавоб берадиган моддий-техник ҳамда ўқув-машғулот базаларини яратиш.
3-боб. Спорт мактабларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
10. Спорт мактаблари ўзига юкланган вазифаларни бажаришда қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ўзига юкланган вазифаларни, функцияларни бажариш билан боғлиқ қарорлар, буйруқлар, кўрсатмалар қабул қилиш, зарур бўлганда, бошқа давлат ташкилотлари билан биргаликда тегишли қарорлар қабул қилиш;
фаолиятга доир масалалар бўйича белгиланган тартибда судларга аризалар ва даъволар киритиш;
қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда бюджетдан ташқари жамғармаларга эга бўлиш;
ўз уставида белгиланган фаолиятни амалга ошириш учун қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган молиявий манбаларни жалб қилиш;
белгиланган тартибда шартномалар тузиш;
ҳузурида Ўзбекистон «Ёшлик» жисмоний тарбия ва спорт жамияти ҳамда Ўзбекистон талабалар спорт ассоциациясининг филиали ҳисобланмайдиган юридик шахс мақомига эга бўлган спорт клублари ташкил этиш;
Агентлик билан биргаликда юқори малакали чет эллик мутахассислар ва бошқа ходимларни спорт мактабларига жалб этиш;
Агентликнинг тегишли таркибий бўлинмалари билан ўзига юкланган вазифаларни ўз вақтида, самарали ва сифатли бажариш учун белгиланган тартибда ўзаро ҳамкорлик қилиш.
Спорт мактаблари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
11. Қуйидагилар спорт мактабларининг мажбуриятлари ҳисобланади:
ўзига юкланган вазифа ва функцияларни самарали бажариш;
фаолиятини ривожлантириш бўйича тасдиқланган дастурлар, чора-тадбирлар режаси, «йўл хариталари» ва бошқа дастурий ҳужжатлар ижросини таъминлаш;
ўзига бириктирилган мулклар, шу жумладан, кўчмас мулклардан мақсадли ва самарали фойдаланиш;
таълим-тарбия жараёнларини Агентлик томонидан тасдиқланадиган ўқув режалари ва таълим дастурлари асосида сифатли амалга ошириш;
раҳбар ва педагог ходимларни очиқ танлов асосида ишга қабул қилиш;
раҳбар, педагог ва ходимларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш;
10-11-синф ўқувчи-спортчиларини касбга йўналтириш бўйича амалий дарслар ташкил этиш.
Спорт мактаблари ўз зиммасига қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам олиши мумкин.
12. Спорт мактаблари давлат активларини, шу жумладан, уларнинг товар-моддий бойликлари ва бошқа мол-мулкларининг бут сақланиши бўйича моддий жавобгар ҳисобланади.
4-боб. Спорт мактабларида ўқув-тарбия жараёнини ташкил этиш
13. Спорт мактабларида спорт турлари бўйича 5 — 11-синфларда таълим берилади.
Бунда гимнастикага ихтисослаштирилган спорт мактабига талаб ва таклифлардан келиб чиқиб, 7 — 11 ёшдаги ўқувчи-спортчиларни 1 — 4-синфларга ўқишга қабул қилишга рухсат этилади.
Таълим жараёни ҳар бирида ўқувчи-спортчилар сони 12 нафардан кам, бироқ 24 нафардан ортиқ бўлмаган синфларда ташкил этилади.
14. Спорт мактабларида ўқувчи-спортчилар ўқув йили давомида икки маротаба (ҳар икки чоракда бир марта) аттестациядан ўтказилади.
Ўтказилган аттестация натижасига мувофиқ ўқувчи-спортчи ўқишни давом эттириши (синфдан-синфга ўтказиш) ёки уни ўқишдан четлаштириш тўғрисида спорт мактаби директорининг буйруғи қабул қилинади.
Ўқувчи-спортчиларни босқичли назорат ҳамда аттестациядан ўтказиш меъёрлари ва баҳолаш мезонлари Агентлик томонидан белгиланади. Бунда ўқувчи-спортчиларнинг фанларни ўзлаштириши, тегишли спорт меъёрларини топширганлиги, спорт натижалари ва тиббий мувофиқлик ҳолати, ички тартиб-қоидаларга амал қилиши, ўқувчилар тураржойида тартиб-интизом талабларига риоя этиши, жамоатчилик ишларида қатнашганлиги назарда тутилади.
15. Таълим-тарбия жараёнини ташкил этишда қуйидаги муддатларга амал қилинади:
ўқув йилининг давомийлиги спорт машғулотлари билан биргаликда — 42 ҳафта;
ўқув ҳафтасининг давомийлиги — 5 кун (спорт машғулотлари бундан мустасно);
дарс машғулотлари давомийлиги — 45 дақиқа;
дарс машғулотлари оралиғидаги танаффуслар давомийлиги — 5 — 10 дақиқа (ўқув куни ўртасидаги танаффуснинг давомийлиги 15 — 60 дақиқа).
16. Ўқувчи-спортчиларнинг спорт маҳорати даражасини ошириш мақсадида жами 60 кун давом этадиган, шу жумладан, қишки таътил вақтида (15 кун), ёзги таътил вақтида (45 кун) ўқув-машқ йиғинларини ўтказган ҳолда уларнинг фаол дам олишлари ташкил этилади.
Ўқувчи-спортчиларнинг мусобақалар жараёнида қолдирилган дарс машғулотлари алоҳида жадвал асосида педагогик соатга ажратилган вақт ҳисобидан ўқитилади.
17. Бир синфда ўқувчи-спортчилар сони 20 нафар ва ундан кам бўлган ҳолларда хорижий тилларни икки гуруҳга бўлиб ўқитишга йўл қўйилмайди.
Олдинги таҳрирга қаранг.
18. Спорт мактабларининг 9-синф битирувчиларига давлат намунасидаги шаҳодатнома, 11-синф битирувчиларига тегишли спорт турлари бўйича касбий таълим тўғрисидаги диплом ҳамда тренерлик фаолияти билан шуғулланиш учун малака сертификати берилади.
(18-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 17 декабрдаги 797-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.12.2025 й., 09/25/797/1181-сон)
19. Спорт машғулотларининг давомийлиги ва ўқувчи-спортчиларнинг спорт юкламаси тасдиқланган ўқув режасига мувофиқ белгиланади.
20. Спорт машғулотларининг ўқув дастурлари ўқув режасига мувофиқ ишлаб чиқилади ва унинг таркибига ўқув-машқ машғулоти, назарий тайёргарлик, умумий жисмоний тайёргарлик, махсус жисмоний тайёргарлик, техник-тактик тайёргарлик, психологик тайёргарлик, кўчириш (ўтказиш) назорат синовлари, назорат мусобақаларида иштироки, йўриқчилик ва ҳакамлик амалиёти, мусобақаларда иштирок этиш, тикланиш тадбирлари ҳамда тиббий назорат каби шаклларни ўз ичига олади.
21. Ўқувчи-спортчиларга тиббий хизмат спорт мактабларининг тиббиёт ходимлари томонидан кўрсатилади.
Тиббиёт ходимлари спорт мактаблари раҳбарияти ва педагог ходимлар билан бир қаторда даволаш-профилактика тадбирларини ташкил этиш, ўқув ва ўқувчилар тураржойида санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативларига риоя қилиш, овқатланиш режими ва сифати, ўқувчи-спортчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва соғломлаштириш учун масъул ҳисобланади.
Спорт мактаблари томонидан тиббиёт ходимларининг фаолият олиб бориши учун зарур шарт-шароитлар яратиб берилади.
22. Ўқувчи-спортчилар Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (кейинги ўринларда — Вазирлик) ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган тартибга мувофиқ ҳар йили икки маротаба (сентябрь — апрель) чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади.
5-боб. Спорт мактаблари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш
23. Спорт мактаби директори, директор ўринбосарлари, умумтаълим фанлари ўқитувчилари, тарбиячилар меҳнатига ҳақ тўлаш, қўшимча тўловлар ҳамда рағбатлантириш шартлари ва имтиёзлари Вазирлар Маҳкамасининг «Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида» 2005 йил 21 декабрдаги 275-сон қарорига мувофиқ белгиланади.
24. Спорт мактаби директори, директор ўринбосарларига моддий рағбатлантириш ҳамда тренерлари, йўриқчи-услубчиларига олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари қўлланади.
Бунда бир нафар ўқувчи-спортчига нисбатан спорт мактаблари тренерларининг меҳнатига ҳақ тўлашда тренернинг базавий тариф ставкасига нисбатан олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказлари учун белгиланган фоизлар татбиқ этилади.
25. Тиббиёт ходимлари меҳнатига Вазирлар Маҳкамасининг «Тиббиёт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида» 2005 йил 21 декабрдаги 276-сон қарорига мувофиқ ҳақ тўланади, шунингдек, уларга нисбатан олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказлари учун белгиланган моддий рағбатлантириш шартлари татбиқ этилади.
26. Спорт мактаблари ходимларига Мактабгача ва мактаб таълими вазири жамғармаси ҳисобидан ҳар ойлик 100 фоизгача устама тўлаш тартиби жорий этилади.
Бунда ушбу устамаларни спорт мактаблари ходимларига тўлаш тартиби Вазирлик томонидан белгиланади.
6-боб. Тренерларнинг педагогик юкламаларини ҳисоблаш
27. Тренерларнинг педагогик юкламалари қуйидаги жадвал асосида белгиланади:

Ўқувчи-спортчилар тайёргарлигининг даражаси ва босқичлари

Ўқув йили

Уқув гуруҳлари билан ўқув машғулотининг давомийлиги

(*ҳафтадаги академик соатлар)

Ўқув гуруҳларининг тўлдирилиши

(Ўқувчи-спортчилар сони)

Бошланғич тайёргарлик

1-йил

6

48

2-йил

8

Ўқув-машқ

1-йил

12

2-йил

14

3-йил

18

3 йилдан кўп

20

Спортда камолотга эришиш

1-йил

24

46

2-йил

26

2 йилдан кўп

28

Олий спорт маҳорати

Бутун даврда

32

35

* Ўқув машғулотлари академик соат бўйича белгиланади, 1 академик соат — 45 дақиқадан иборат бўлади.
7-боб. Спорт мактаблари фаолиятини молиялаштириш ва моддий таъминлаш тартиби
28. Қуйидагилар спорт мактабларини молиялаштириш манбалари ҳисобланади:
Давлат бюджети маблағлари;
Вазирликнинг Мактабгача ва мактаб таълими вазири жамғармаси маблағлари;
Агентликнинг Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари;
фаолият ихтисослиги бўйича товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан ва спорт мактабининг уставидаги вазифаларга мувофиқ бўлган бошқа фаолият турларидан олинадиган даромадлар;
асосий машғулотлар ўтказилмайдиган вақтда бўш турган мол-мулкни ижарага беришдан тушган даромадлар;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
пулли хизматлардан тушадиган маблағлар;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
29. Спорт мактаблари белгиланган тартибда тасдиқланган ва Агентликда рўйхатдан ўтган харажатлар сметаси асосида молиялаштирилади.
30. Спорт мактаблари Агентликка тақдим этиш учун белгиланган тартибда бухгалтерия ҳисоботини юритади.
8-боб. Спорт мактабларининг фаолиятини назорат қилиш
31. Спорт мактаблари қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ҳар йили ҳисобот даври тугагач, Агентликка фаолияти тўғрисида ҳисобот тақдим этади.
32. Спорт мактабларида бюджет тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши Вазирликнинг Ички аудит ва молиявий назорат департаменти томонидан назорат қилинади.
33. Қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда Агентлик спорт мактаби директори зиммасига юкланган вазифаларнинг самарали бажарилиши юзасидан уларнинг фаолияти устидан мунтазам мониторинг қилиб боради, мониторинг натижаларига кўра спорт мактаблари фаолияти самарадорлигига холисона баҳо беради.
34. Мониторинг ва баҳолаш якунлари бўйича юқори кўрсаткичга эришган спорт мактабларининг раҳбарияти ва ходимлари рағбатлантирилади ёхуд йўл қўйилган камчиликлари учун интизомий жавобгарликка тортилиши мумкин.
35. Спорт мактаби фаолиятига оид ҳужжатларнинг белгиланган тартибда сақлашга берилиши учун спорт мактаби директори жавоб беради.
9-боб. Якунловчи қоидалар
36. Спорт мактаблари қонунчилик талабларига мувофиқ ўқув йили якунида муассис (таъсисчи) томонидан қайта ташкил этилади ёки тугатилади.
Агентлик спорт мактаблари тугатилганда ўқувчи-спортчиларни ота-оналарининг розилиги билан бошқа умумий ўрта таълим ташкилотларига ўтказиш масъулиятини олади.
37. Спорт мактаблари тугатилган тақдирда, унинг пул маблағлари ва мол-мулкидан, унинг мажбуриятларини қоплаш бўйича тўловлар чегирилган ҳолда қонунчилик ҳужжатларига ва спорт мактаблари уставига мувофиқ фойдаланилади.
38. Ушбу Низом қоидалари қўлланиши билан боғлиқ низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
39. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 20 августдаги 524-сон қарорига
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган спорт мактабларига ўқувчиларни саралаб олиш, қабул қилиш ҳамда четлаштириш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) тизимидаги ихтисослаштирилган спорт мактабларига (кейинги ўринларда — спорт мактаблари) ўқувчиларни саралаб олиш, уларни қабул қилиш ва четлаштириш тартибини белгилайди.
2. Спорт мактабларига ўқувчилар Агентлик томонидан белгиланган йиллик қабул квотаси доирасида қабул комиссияси томонидан ўтказиладиган кириш имтиҳонлари натижаларига кўра қабул қилинади.
Спорт мактабларига ўқувчилар икки босқичда (касбий (ижодий) имтиҳонлари ва тест синовлари) ҳар бир синфда ўқувчилар сони 12 нафардан кам бўлмаган, бироқ 24 нафардан ошмаган ҳолда қабул қилинади.
3. Спорт мактабларига ўқувчилар тенг ҳуқуқлилик, очиқлик, адолат ва шаффофлик принциплари асосида ушбу Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ қабул қилинади.
4. Ўзбекистон Республикасида доимий яшаётган фуқаролиги бўлмаган шахслар спорт мактабларида таълим олиш учун Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг ҳуқуқларга эгадир.
5. Чет эл фуқароларининг фарзандлари спорт мактабларига Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонунига, бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ қабул қилинади.
6. Белгиланган квота доирасида кириш имтиҳонлари натижаларига кўра энг юқори балл олган ўқувчилар баллар кетма-кетлигида ўқишга қабул қилинади.
Талабдан келиб чиқиб, ажратилган квота доирасида Оксана Чусовитина номидаги гимнастикага ихтисослаштирилган спорт мактаби спорт гимнастикаси ва бадиий гимнастика йўналишларига қабул қилиниши мумкин.
Мазкур йўналишлар бўйича квота тақсимоти талабгорлар сонидан келиб чиқиб, Агентлик томонидан тасдиқланади.
2-боб. Қабул комиссияси
7. Спорт мактабларига ҳужжатларни қабул қилиш, кириш имтиҳонларини тенг ҳуқуқлилик, очиқлик, адолат ва шаффофлик принциплари асосида ташкил этиш мақсадида Агентлик, унинг тизимидаги ташкилотлар ҳамда ҳамкор ташкилотлар вакилларидан иборат таркибда қабул комиссияси шакллантирилади.
8. Қабул комиссиясининг таркиби Агентлик директори буйруғи билан тасдиқланади.
Қабул комиссияси таркиби 5 кишидан кам бўлмаган тоқ миқдорда комиссия раиси, комиссия раиси ўринбосари, комиссия котиби ҳамда унинг аъзоларидан иборат таркибда тузилади.
Қабул комиссияси томонидан спорт мактаблари бўйича алоҳида ишчи гуруҳ шакллантирилади ва тасдиқланади.
9. Касбий (ижодий) имтиҳонларнинг умумжисмоний тайёргарлик ҳамда техник-тактик тайёргарлик талаблари ва уларни баҳолаш мезонлари қабул комиссияси томонидан белгиланади.
10. Қабул комиссияси:
кириш имтиҳонларининг баҳолаш мезонлари, ўтказиш вақти ҳамда жойларини белгилайди;
таълим дастурларининг фанлараро ва синфлараро интеграциясидан келиб чиқиб, зарур ҳолларда, кириш имтиҳонларининг йўналишларига, саволлар миқдорига ўзгартириш киритиши мумкин;
ўқувчиларнинг ҳужжатлари ушбу Низом талаблари асосида тақдим этилганини кўриб чиқади;
кўриб чиқиш натижасида ўқувчининг ҳужжатларини қабул қилиш, таҳрирлашга юбориш ёхуд қабул қилишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади;
ҳужжатлари қабул қилинган ўқувчиларнинг рўйхатини шакллантиради, уларни кириш имтиҳонлари шартларига мос равишда гуруҳларга тақсимлайди;
касбий (ижодий) имтиҳонлар учун ҳакамлар ҳайъати ва апелляция комиссияларига малакали мутахассисларни жалб этади ҳамда уларнинг таркибини тасдиқлайди;
ҳужжатлари таҳрирлашга юборилган ёки қабул қилиниши рад этилган ҳолларда таҳрирлашга юбориш ёки рад этилиш сабабларини аниқ кўрсатган ҳолда, ўқувчиларнинг шахсий кабинетига ёки телефон рақамига SMS шаклида хабар юборади;
кириш имтиҳонлари ўтказиладиган жойларни (биноларни) талаб даражасида тайёрлайди;
ўқувчиларни, уларнинг ота-онаси (қонуний вакили)ни кириш имтиҳонлари шартлари билан таништиради, кириш имтиҳонлари ўтказиладиган жойи ва вақти тўғрисида шахсий кабинет ёки боғланиш учун тақдим этилган телефон рақамига SMS шаклида хабар юбориш орқали огоҳлантиради;
тасдиқланган жадвал асосида спорт мактабларига ўқувчиларни кириш имтиҳонлари юзасидан мурожаат қилган шахсларга маслаҳат бериб боради;
ўқувчилар ва уларнинг ота-онаси (қонуний вакили) томонидан берилаётган саволларга жавоб тайёрлаш ва уларни веб-сайт, ижтимоий тармоқлар орқали кенг оммага тақдим этиш чораларини кўради.
кириш имтиҳонларини ташкил этади, натижаларини эълон қилади.
3-боб. Ҳужжатларни қабул қилиш
11. Ҳужжатларни қабул қилиш бошланишидан камида 10 кун олдин қабул комиссияси томонидан Агентликнинг расмий веб-сайти, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида қабул қилиш тартиби, ҳужжатларни топшириш муддатлари ва қабул квоталари тўғрисида эълон қилинади.
12. Кириш имтиҳонлари қабул комиссияси томонидан белгиланган жой ва вақтда ўтказилади.
13. Умумий ўрта таълим ташкилотларининг тегишли синфида ўқишни тўлиқ тамомлаган ўқувчилари спорт мактабининг шундай синфида такроран ўқишни талаб қилиш ҳуқуқига эга эмас.
14. Спорт мактабларига ўқувчиларнинг қуйидаги ҳужжатлари онлайн шаклда Агентликнинг расмий веб-сайти орқали қабул қилинади:
кириш имтиҳонлари рухсатномасини шакллантириш жараёнида фойдаланиш учун ўқувчининг охирги 2 ой давомида тушган фотосурати;
ўқувчининг туғилганлик ҳақида гувоҳномаси (мавжуд бўлса, ID-картаси) ва унинг ота-онаси (қонуний вакили) фуқаролик паспорти (ID-картаси) маълумотлари, боғланиш учун телефон рақамлари;
086-У шаклдаги тиббий маълумотнома;
спорт разряди ёки унвонини тасдиқловчи ҳужжатнинг ҳамда спорт разряди ёки унвони тасдиқлангани тўғрисидаги буйруқдан кўчирма нусхалари;
Ўзбекистон чемпионати ва кубокларида қабул йили ва ундан олдинги бир йил давомида ғолиб ва совриндор бўлганини тасдиқловчи диплом.
Ушбу банднинг бешинчи ва олтинчи хатбошиларида кўрсатилган ҳужжатлар ўқувчи томонидан ҳужжат топшириш вақтида тақдим этилмаган ҳолларда инобатга олинмайди.
Қабул комиссияси томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда бошқа ҳужжатлар ҳам талаб этилиши мумкин.
Ҳужжат топшириш жараёнида ўқувчининг ота-онаси (қонуний вакили) кириш имтиҳонлари шартлари ва талаблари билан танишгани тўғрисидаги онлайн офертани тасдиқлайди.
15. Ҳужжатларни белгиланган муддатларда, тўғри ва сифатли тақдим этиш бўйича масъулият ўқувчининг ота-онаси (қонуний вакили) зиммасига юкланади.
16. Ҳужжатларни қабул қилиш, кириш имтиҳонлари юзасидан юборилган (шахсий кабинети ёки телефон рақамига SMS) хабарларни ўқувчи ёки унинг ота-онаси (қонуний вакили) томонидан қабул қилинмаслиги (ўқимаслиги, аризада кўрсатилган телефон рақамининг ишчи ҳолатда бўлмаслиги ва бошқалар) бўйича жавобгарлик қабул комиссияси зиммасига юкланмайди.
17. Ўқувчиларнинг ҳужжатлари қабул комиссияси томонидан (24 соат ичида) кўриб чиқилгандан сўнг уларга ҳужжатлар қабул қилингани, таҳрирлашга юборилгани ёки рад этилгани тўғрисида хабар юборилади.
18. Қуйидаги ҳолларда ҳужжатлар таҳрирлашга юборилади:
ушбу Низомнинг 14-бандида белгиланган ҳужжатлар тўлиқ бўлмаганда;
тақдим этилган ҳужжатларнинг, муҳрдаги ёзувларнинг нусхалари ўқиб бўлмайдиган даражада бўлса.
19. Ҳужжатлари таҳрирлашга юборилганда, ўқувчиларга кўрсатилган камчиликларни бартараф этиш учун ҳужжатлар қабул қилиш муддати тугагунга қадар рухсат берилади.
Ҳужжатларни қабул қилиш муддати тугагандан сўнг маълумотларни ўзгартиришга рухсат берилмайди.
20. Қуйидаги ҳолларда ўқувчиларнинг ҳужжатларини қабул қилиш рад этилади:
белгиланган муддатлардан кейин кириш имтиҳонида иштирок этиш хоҳиши билдирилганда;
тақдим этилган ҳужжатларнинг сохта эканлиги аниқланганда;
умумий ўрта таълим ташкилотининг тегишли синфида ўқишни тўлиқ тамомлаган ўқувчилар томонидан спорт мактабларининг шу синфида такроран ўқиш истаги билдирилганда.
21. Ўқувчиларнинг ота-онаси (қонуний вакили) ҳужжатларни қабул қилиш муддати тугагунга қадар тақдим этилган аризани қайтариб олиш ёки бекор қилиш ҳуқуқига эга.
4-боб. Кириш имтиҳонларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби
22. Кириш имтиҳонлари материаллари Агентлик ҳузуридаги Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий-амалий маркази томонидан тайёрланади.
23. Кириш имтиҳонларининг биринчи босқичида ўқувчиларнинг жисмоний тайёргарлик бўйича баҳолаш учун қабул комиссияси томонидан ҳамкор ташкилот билан биргаликда ҳар бир спорт мактаби учун 5 нафардан кам бўлмаган тоқ миқдорда ҳакамлар ҳайъати таркиби тасдиқланади.
24. Кириш имтиҳонлари спорт мактабларининг таълим тилида ўтказилади.
25. Кириш имтиҳонлари 1 — 11 синфлар учун қуйидаги тартибда ўтказилади:
биринчи босқич — касбий (ижодий) имтиҳонлар 2 та турда ўтказилади:
умумжисмоний тайёргарлик — 30 балл;
махсус жисмоний тайёргарлик — 70 балл;
касбий (ижодий) имтиҳонларни ўтказишда ўқувчиларга баҳолаш мезонларида белгиланганидан бошқа қўшимча имконият берилмайди.
иккинчи босқич — 5 — 11-синфлар учун психологик тест 15 та, интеллектуал қобилият даражасини аниқлаш бўйича 20 та тест, жами 35 та тест топшириғи берилади.
Ҳар бир тўғри белгиланган тест топшириғига 1 баллдан, жами 35 балл берилади.
26. Ўқувчиларга тест топшириқларини бажариши, жавоблар варақасига белгилаши учун 1 соат (60 дақиқа) вақт берилади.
27. Тест топшириқлари бўйича ўқувчиларнинг билдирган эътирозлари қабул комиссияси томонидан тест топшириғи жараёнида қабул қилинади ва тест натижалари ҳисобланишидан аввал кўриб чиқилади.
28. Ўқувчиларнинг кириш имтиҳонлари натижаларига кўра баллари тенг бўлиб қолган ҳолларда, қуйидагилар устунликка эга бўлади:
биринчи босқичда юқори балл тўплаган ўқувчилар;
иккинчи босқичда энг кўп топшириқ берилган фандан юқори балл тўплаган ўқувчилар.
Ўқувчилар барча тоифада босқичлар бўйича бир хил умумий ва тенг балл тўплаган ҳолларда, улар туғилган санаси бўйича сараланади, бунда ёшроқ ўқувчига устунлик берилади.
Агарда бу ҳолатда ҳам тенглик сақланиб қолса, қабул комиссияси томонидан ўқувчиларга қўшимча топшириқлар берилади.
29. Ўқувчилар имтиҳонга ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг ҳамда 086-У шаклдаги тиббий маълумотноманинг асли ва имтиҳон рухсатномаси билан келиши лозим.
Кириш имтиҳони рухсатномаси имтиҳон бошланишидан камида 3 (уч) кун олдин ўқувчининг шахсий маълумотлари билан бирга имтиҳон ўтказиш жойи ва гуруҳи кўрсатилган ҳолда унинг шахсий кабинетига юборилади.
30. Кириш имтиҳонларига ҳужжат топширмаган, имтиҳонга кечиккан ёки келмаган ўқувчилар учун қўшимча кириш имтиҳони ўтказишга йўл қўйилмайди.
31. Қуйидаги ҳолатлар ўқувчиларни кириш имтиҳони жараёнларидан четлаштиришга асос бўлади:
кириш имтиҳонни жараёнида ички тартиб-қоидаларга риоя қилмаслик;
соғлиғи ёмонлашиши (тиббий хизмат ходими хулосаси асосида);
бошқалардан кўчиришга уриниш ва бошқа ўқувчиларга халақит бериш;
шпаргалка, барча турдаги мобил алоқа воситалари, калькулятор, луғат, китоблардан фойдаланиш.
Юқоридаги ҳолатлар содир этилганда, ўқувчиларга нисбатан тегишли далолатнома расмийлаштирилади ва улар жавоблар варақасини топширган ҳолда кириш имтиҳонини тарк этади. Четлаштирилган ўқувчиларнинг кириш имтиҳони натижалари инобатга олинмайди.
32. Кириш имтиҳонларининг бирон-бир босқичида иштирок этмаган ўқувчининг имтиҳонларнинг навбатдаги босқичида иштирок этишига йўл қўйилмайди.
33. Кириш имтиҳони жараёнида ўқувчиларнинг ўзларига боғлиқ бўлган ҳолда жараёндан четлаштирилиши ёки чиқиб кетиши қайта имтиҳон ўтказишга асос бўлмайди.
5-боб. Кириш имтиҳонлари натижаларини эълон қилиш
34. Кириш имтиҳонларининг якуний натижалари тест синовлари ўтказилган кундан кейин йигирма кун ичида Агентликнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
35. Ўқувчилар кириш имтиҳонлари натижаларидан норози бўлган тақдирда, ҳар бир босқич натижаси эълон қилинган вақтдан бошлаб уч иш куни ичида апелляция комиссиясига ариза билан мурожаат этишга ҳақли.
36. Кириш имтиҳонлари натижаларидан норози бўлган ўқувчиларнинг мурожаатлари Агентликда тегишли мутахассислардан тузилган апелляция комиссияси томонидан кўриб чиқилади.
Апелляция комиссиясига Агентлик директори ўринбосари раислик қилади.
37. Апелляция комиссияси ўқувчиларнинг мурожаатини ўн кун муддатда кўриб чиқади ва аризани қаноатлантириш ёки рад қилиш тўғрисида мурожаатчига хулоса беради.
38. Апелляция комиссиясининг норозилик аризасини қаноатлантириш тўғрисидаги хулосаси ўқувчиларга аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича балл қўшиб берилишига асос бўлади.
39. Апелляция комиссиясига бошқа ўқувчиларнинг ишларини кўриб чиқиш ва мурожаатчининг иши билан солиштиришга рухсат берилмайди.
40. Ўқувчилар ва уларнинг ота-онаси (қонуний вакили) берилган жавоблардан норози бўлган тақдирда, белгиланган тартибда юқори турувчи органларга ёки судга мурожаат этиш ҳуқуқига эга.
6-боб. Ўқувчиларни спорт мактабларига қабул қилиш
41. Кириш имтиҳонларининг умумлаштирилган натижасига кўра энг юқори балл тўплаган ўқувчилар белгиланган қабул квотаси доирасида баллар кетма-кетлигига қатъий амал қилган ҳолда спорт мактаби томонидан ташкил этилган чуқурлаштирилган тиббий кўрик натижасига мувофиқ (ўқувчи соғлом деб топилганда) спорт мактабининг ўқувчилар сафига қабул қилинади.
Чуқурлаштирилган тиббий кўрикда ўқувчиларнинг Ф-026-у шаклдаги мактаб тиббий анкетаси, Ф-063-у шаклдаги профилактик эмлаш картаси, Ф-086-У шаклдаги тиббий маълумотнома, қон, сийдик, гижжа тухуми таҳлили, ЭКГ, 14 ёшдан бошлаб флюорография, тураржойи болалар врачидан кечирган касалликлари тўғрисидаги маълумотнома, яккакураш турлари учун умуртқа поғонасининг кўкрак ва бел қисмларининг икки проекциядаги рентген расми ҳамда травматолог хулосаси талаб этилади.
Ўқувчига юқорида кўрсатилган таҳлиллар бўйича салбий тиббий хулоса берилган ҳолларда, ўқувчилар сафига қабул қилинмаслигига асос бўлади.
42. Агентлик томонидан тасдиқланган қайдномаларга асосан спорт мактаби директорининг буйруғи асосида ўқувчилар мактабга қабул қилинади.
43. Белгиланган квота доирасида кириш имтиҳонлари натижаларига кўра энг юқори балл тўплаган ўқувчилар ўқишга қабул қилинади.
Бунда спорт мактабига кириш имтиҳонларида иштирок этиш учун рўйхатдан ўтган:
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ўртасида гимнастика бўйича ўтказилган спорт мусобақалари ғолиб ва совриндорлари;
Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги томонидан ўтказиладиган Ўзбекистон чемпионати ва кубокларида қабул йили ва ундан олдинги бир йил давомида ғолиб ва совриндорлари қабул квотаси доирасида кириш имтиҳонларисиз қабул қилинади.
44. Спорт разряди ёки унвонига эга спортчилар кириш имтиҳонларининг биринчи — умумжисмоний тайёргарлик босқичидан озод этилади. Ўқувчига мазкур босқич учун белгиланган 30 балл тўғридан-тўғри қўшиб берилади.
45. Спорт мактабларига қабул қилиниши белгиланган ўқувчи ўқишни давом эттирмаган ҳолатларда, унинг ўрнига ўқишга кира олмаганлар орасидан баллар кетма-кетлигига қатъий амал қилган ҳолда навбатдаги ўқувчи таклиф қилинади.
Навбатдаги ўқувчи баллар кетма-кетлиги бўйича ундан олдинги ўқувчининг ота-онаси (қонуний вакили) томонидан ўқишни мактабда давом эттириш истаги мавжуд эмаслигини тасдиқловчи ҳужжат олинганидан сўнг қабул қилинади.
Мазкур тартиб ўқув йилининг биринчи ярим йиллиги давомида амалга оширилади.
46. Белгиланган тартибда тегишли ҳужжатларнинг асл нусхаси тақдим этилмаслиги, ўқувчи ўқишни давом эттириш истагини билдирмаслиги, мактаб ходимлари мурожаатларига жавоб бермаслиги ундан кейинги ўқувчининг қабул қилиниши учун асос бўлади. Ушбу ҳолат бўйича спорт мактаби маъмурияти томонидан тегишли далолатнома расмийлаштирилади.
7-боб. Ўқувчилар бўш ўринларини тўлдириш
47. Спорт мактабларида ўқув йили якунлангандан кейин бўшаб қолган ўринлар учун кириш имтиҳонлари ушбу Низом талабларига мувофиқ Агентлик томонидан ўтказилади, мос равишда умумий ўрта таълим ташкилотларининг тегишли синфини тамомлаган ўқувчиларидан ҳужжат қабул қилинади.
48. Спорт мактабларига иқтидорли ўқувчиларни саралаш ва ўқувчилар захирасини шакллантириш мақсадида мусобақалар ўтказиб борилади.
Тегишли спорт турлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар биринчилиги ғолиб ва совриндорлари ўртасида ўтказилган спорт мусобақаси (спорт клублари вакиллари ҳам таклиф этилиши мумкин) ғолиблари орасидан баллар кетма-кетлигига қатъий амал қилган ҳолда бўш ўқувчи-спортчилар ўрни тўлдирилади.
Мазкур тартиб спорт мусобақаси ўтказилган ўқув йили якунига қадар амал қилади.
Спорт мусобақасини ташкил этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан белгиланади.
49. Белгиланган мезонлар бўйича ўқувчи-спортчилар сафидан чиқарилган ўқувчи-спортчилар ўрни спорт турлари бўйича тасдиқланган ўқувчи-спортчилар контингентидан чиқмаган ҳолда, ўқув йили давомида спорт мактаблари томонидан Агентлик билан келишилган ҳолда тўлдирилади.
50. Ўқувчи-спортчиларнинг ўқиши бир спорт мактабидан бошқасига йўналиш мос келган ва бўш жой бўлган тақдирда, Агентликнинг кўрсатмасига мувофиқ кўчирилади.
51. Бўш ўринларни тўлдиришда спорт мактабларининг ихтисослик йўналиши бўйича Ўзбекистон чемпионати ва кубоги ғолиб ҳамда совриндорларига устунлик берилади.
52. Спорт ва бадиий гимнастикаси турлари бўйича қуйидаги ёш ҳамда разрядларга эга бўлган ўқувчилар ўқув йили чораги якуни бўйича мавжуд бўш ўринларга ушбу низом билан белгиланган махсус жисмоний имтиҳон мезонлари асосида ҳакамлар ҳайъати тавсиясига асосан қабул қилиниши мумкин:
Спорт гимнастикаси тури бўйича:
биринчи, иккинчи, учинчи ўсмирлар спорт разрядига эга 10 ёшгача бўлган қиз ва ўғил болалар;
учинчи спорт разрядига эга 7 ёшдан юқори қизлар, 10 ёшгача бўлган ўғил болалар;
иккинчи спорт разрядига эга бўлган 8 ёшдан юқори қизлар, 11 ёшгача бўлган ўғил болалар;
биринчи спорт разрядига эга бўлган 9 ёшдан юқори қизлар, 11 ёшдан юқори ўғил болалар;
Ўзбекистон спорт усталигига номзод гувоҳномасига эга 13 ёшдан юқори қизлар, 14 ёшдан юқори бўлган ўғил болалар.
Бадиий гимнастика тури бўйича:
биринчи, иккинчи, учинчи ўсмирлар спорт разрядига эга бўлган 7 ёшли қиз болалар;
учинчи спорт разрядига эга бўлган 8 ёшдан юқори қиз болалар;
иккинчи спорт разрядига эга бўлган 9 ёшдан юқори қиз болалар;
биринчи спорт разрядига эга бўлган 10 ёшдан юқори қиз болалар.
8-боб. Ўқувчиларни синфдан-синфга ўтказиш ва ўқувчилар сафидан четлаштириш
53. Ўқувчи-спортчилар Агентлик томонидан тасдиқланган ўқув режадаги фанлардан йиллик баҳоларни (якуний давлат аттестациясини) энг камида сумматив баллар йиғиндиси 46 дан юқори (3 баҳо) бўлганидан сўнг спорт мактаби директорининг буйруғи билан кейинги синфга ўтказилади.
54. Ўқувчи-спортчилар қуйидаги ҳолларда спорт мактабининг ўқувчи-спортчилар сафидан чиқарилади:
ўқувчи-спортчиларнинг чораклик баҳоларида икки ва ундан ортиқ фандан сумматив баллар йиғиндиси 46 дан паст бўлган ҳолларда;
ўз хоҳишига кўра (ота-онасининг ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг ёзма аризаси асосида);
аттестация комиссиясининг қарорига кўра;
тиббий номувофиқлик бўлганда — шифокор хулосасига кўра;
ўқув интизоми ва ички тартиб-қоидаларни бузганда, тегишли норматив талабларни топширмаганда, спорт натижаси пасайганда, шу жумладан спорт одоби, спорт тайёргарлиги режими бузилган, тақиқланган фармокологик, алкоголли ва гиёҳванд воситалар қўлланган тақдирда;
кириш имтиҳонларини топшириш жараёнида ўқувчи-спортчи томонидан тақдим этилган (топширилган) ҳужжатларнинг қалбакилиги аниқланганда.
55. Фанларни ўзлаштириш даражаси 46 баллдан кам бўлган ўқувчи-спортчилар ва уларнинг ота-оналари ёзма равишда огоҳлантирилади, ўқув йилининг биринчи ярми ва якуни бўйича мониторинг натижаларида ҳам мазкур ҳолатлар қайд этилган тақдирда, ушбу ўқувчи-спортчилар спорт мактаби педагогик кенгашининг қарорига асосан аввал ўқиган мактабига тегишли синфга қайтариб юборилади (ўқувчи-спортчининг яшаш жойи ўзгарган тақдирда, ҳудуддаги бошқа мактабга).
Бунда ўқувчи-спортчининг ота-онаси (ота-онасининг ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар) томонидан ихтиёрий равишда ўқишни бошқа мактабга кўчирилмаган тақдирда, ўқувчи-спортчи педагогик кенгаш қарори асосида Болалар масалалари бўйича туман (шаҳар) комиссиялари билан келишилган ҳолда аввал ўқиган мактабига тегишли синфга қайтариб юборилади (ўқувчи-спортчининг яшаш жойи ўзгарган тақдирда, ҳудуддаги бошқа мактабга).
Ўзлаштириш кўрсаткичи инобатга олинадиган фанлар рўйхати ҳар ўқув йили бошланишидан аввал спорт мактабининг педагогик кенгаши қарори билан тасдиқланади ҳамда ўқувчи-спортчилар ва уларнинг ота-оналари (қонуний вакили) таништирилади.
56. Ўқувчи-спортчиларда даволаш-профилактика муассасаларида стационар шароитда узоқ муддат даволанишга муҳтожлик юзага келган тақдирда, улар спорт мактабининг педагогик кенгаши қарори асосида ўқувчи-спортчилар сафидан чиқарилади ҳамда аввал ўқиган мактабига тегишли синфга қайтариб юборилади (ўқувчи-спортчининг яшаш жойи ўзгарган тақдирда, ҳудуддаги бошқа мактабга).
Даволаш-профилактика муассасаларида стационар шароитда узоқ муддат даволанишга муҳтож болаларга белгиланган тартибда аввал ўқиган ёки яшаш жойи ўзгарган ҳудуддаги мактаб томонидан умумий ўрта таълим берилади.
9-боб. Спорт мактабларида таҳсил олувчи ўқувчи-спортчиларни аттестациядан ўтказиш
57. Спорт мактаблари ўқувчи-спортчиларини ўқув йили давомида икки марта (қишки ва ёзги) аттестациядан ўтказиш орқали холисона баҳо бериш ва уларни синфдан-синфга ўтказиш ҳамда ўтказилган аттестация натижасида қайд этилган талабларга жавоб бермаган ўқувчи-спортчилар спорт мактаби директорининг буйруғи асосида тузилган аттестация комиссияси қарорига кўра ўқишдан четлаштирилади.
58. Аттестация спорт мактаблари ўқувчисининг ўқув йили давомидаги спорт тайёргарлиги даражасининг ўсиб боришини таҳлил қилиш, Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлигининг спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирлари календарь-режасига мувофиқ ўтказиладиган спорт мусобақаларида эришган натижалари, ўқув режасида белгиланган фанларни ўзлаштириши, ўқувчи-спортчилар тураржойида тартиб-интизом талабларига риоя этиши, жамоатчилик ишларида қатнашганини аниқлаш мақсадида ўтказилади.
59. Аттестация комиссияси аъзолари сони 7 нафардан кам бўлмаган тоқ миқдорда ташкил этилади.
Бунда спорт мактаби директори — комиссия раиси, директорнинг спорт ишлари бўйича ўринбосари — комиссия раиси ўринбосари ҳисобланади.
Зарур ҳолларда аттестация комиссияси таркибига бошқа ташкилотлар ҳамда спорт турлари бўйича федерация (уюшма)лар мутахассислари жалб қилиниши мумкин.
60. Спорт турлари бўйича тренерлар аттестация бошланишидан камида ўн кун олдин аттестациядан ўтувчиларнинг аттестацияга оид маълумотлари ва ҳужжатларини тўплайди ҳамда аттестация комиссиясига тақдим этади.
61. Аттестация комиссияси томонидан аттестациядан ўтувчи ўқувчи-спортчиларнинг қуйидаги ҳужжатлари кўриб чиқилади:
йил (ўқув йили) давомида эришган натижалари;
йил бошидаги ва аттестация ўтказилаётган вақтдаги спорт разряди ёки унвони;
йил давомида қатнашган мусобақалари сони ва кўрсатган натижалари таҳлили;
терма жамоага алоқадорлик даражаси;
кўрсатган энг яхши натижаси;
тренерлар жамоасининг тавсияси;
йил (ўқув йили) давомида ўқув фанларини ўзлаштириши;
йил (ўқув йили) давомида ўқувчи-спортчилар тураржойида ички тартиб-қоидаларга риоя этиши;
соғлиғи тўғрисида шифокор хулосаси.
62. Аттестациядан ўтувчи ўқувчи-спортчиларнинг аттестация варақаси ҳужжатлари бўлим инструктор-методисти ҳамда бош тренерлар томонидан аттестация комиссиясига тақдим этилади.
Аттестация комиссияси ҳужжатларни таҳлил қилиб, аттестациядан ўтувчининг спорт, маънавий-маърифий ва ўқиш жараёнидаги фаолиятини таҳлил қилиш ҳамда баҳолаш асосида маълумотнома-аттестация варақасини тайёрлайди.
63. Аттестация варақаси спорт тури бўйича бош тренер, ўқувчининг шахсий тренери, бўлим инструктор-методисти, бўлим тарбиячиси, синф раҳбари ва шифокор томонидан имзоланади.
64. Аттестация натижалари бўйича аттестация комиссиянинг қарори комиссия аъзолари томонидан очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда, аттестация комиссияси раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.
65. Аттестация комиссияси қарори аттестация варағига ёзилади ва аттестациядан ўтувчига тўғридан-тўғри аттестациядан сўнг эълон қилинади.
66. Аттестация ўтказиш меъёрлари ва баҳолаш мезонларига кўра ижобий натижа бўлса, «лойиқ» қарори қабул қилинади, салбий натижада эса «нолойиқ» хулосаси берилади.
Ўқувчи-спортчиларни босқичли назорат ҳамда аттестациядан ўтказиш меъёрлари ва баҳолаш мезонлари Агентлик томонидан белгиланади.
Аттестация ўтказиладиган ўқиш даврида ўқув фанларидан бирини ўзлаштира олмаган ўқувчи-спортчига нисбатан комиссия «нолойиқ» деб хулоса бериши лозим.
67. Аттестация комиссияси қарори баённомалар билан расмийлаштирилади ва улар асосида тегишли буйруқлар чиқарилиб, ўқувчига ва унинг ота-онасига (қонуний вакилига) маълум қилинади.
68. Аттестациядан ўтувчи аттестацияга узрли сабаб (бетоблиги туфайли ёки яқин қариндоши вафот этган ҳолларда) билан келмаган тақдирда, аттестациядан ўтказиш бошқа муддатга кўчирилади.
69. Аттестациядан ўтувчи аттестацияга узрли сабабларсиз келмаган тақдирда, аттестациядан ўтмаган ҳисобланади ҳамда ўқувчи-спортчилар сафидан четлаштирилади.
10-боб. Якунловчи қоидалар
70. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
71. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган спорт мактабларига ўқувчиларни саралаб олиш, қабул қилиш ҳамда четлаштириш тартиби тўғрисида низомга
ИЛОВА
Спорт мактабларига ўқувчиларни саралаб олиш ва қабул қилиш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Бажариш муддатлари

1-босқич

Агентлик

1. Ўқувчиларнинг ҳужжатларини қабул қилиш учун қабул комиссияси тузилади. Таркиб Агентлик директори буйруғи билан тасдиқланади.

Ҳужжатларни қабул қилиш бошланишидан олдин

Қабул комиссияси

2. Кириш имтиҳонларини ўтказиш жадваллари тасдиқланади, Агентликнинг расмий веб-сайти, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ҳамда оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

Ҳужжатларни қабул қилиш бошланишидан 10 кун олдин

3. Ўқувчилар томонидан онлайн шаклда тақдим этилган ҳужжатлар кўриб чиқилади. Кўриб чиқиш жараёнида қабул қилинади ёки таҳрирга юборилади ёки рад этилади.

20 кундан кам бўлмаган муддатда

4. Спорт мактабларига ўқувчиларнинг кириш имтиҳонлари юзасидан мурожаат қилган шахсларга маслаҳат бериб борилади.

Ҳужжатларни қабул қилиш даврида

2-босқич

Қабул комиссияси

1. Кириш имтиҳонларини ўтказиш жойлари тайёрланади.

2. Кириш имтиҳонлари материаллари тайёрланади.

Кириш имтиҳонлари бошланишидан олдин

3-босқич

Қабул комиссияси маҳаллий ташкилот билан биргаликда

1. Кириш имтиҳони биринчи босқичининг умумжисмоний тайёргарлик тури ўтказилади.

2. Кириш имтиҳони биринчи босқичининг техник-тактик (умумкасбий) тайёргарлик тури ўтказилади.

Тасдиқланган жадвал асосида

4-босқич

Қабул комиссияси маҳаллий ташкилот билан биргаликда

1. Кириш имтиҳонининг иккинчи (тест) босқичи ўтказилади.

Тасдиқланган жадвал асосида

2. Кириш имтиҳонларининг якуний натижалари Агентликнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

Тест синовларидан кейин 20 кун ичида

5-босқич

Апелляция комиссияси

1. Кириш имтиҳонлари натижаларидан норози бўлган ўқувчиларнинг аризалари қабул қилинади.

Ҳар бир босқич имтиҳон натижалари эълон қилингандан сўнг 3 кун ичида

2. Ўқувчиларнинг мурожаатлари кўриб чиқилади, аризани қаноатлантириш ёки рад қилиш тўғрисида мурожаатчига хулоса берилади.

Ариза топширилган кундан бошлаб 10 кун ичида

6-босқич

Қабул комиссияси

Имтиҳон натижаларига ҳамда чуқурлаштирилган тиббий кўрик хулосасига асосан ўқувчиларни мактабга ўқишга қабул қилиш ҳақида спорт мактаби директорининг ўқишга қабул қилиш ҳақидаги буйруғи чиқарилади.

Янги ўқув йили бошлангунга қадар

7-босқич

Қабул комиссияси

Синфларнинг ҳар биридаги ўқувчилар сони 24 нафардан камайган ҳолларда, мавжуд бўш ўринлар танлов асосида тўлдирилади.

Бўш ўринларни тўлдиришда Ўзбекистон чемпионати, кубоги ҳамда Республика турнирлари ғолиб ва совриндорларига устунлик берилади.

Ўқув йили якунлангандан сўнг

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.08.2025 й., 09/25/524/0759-сон; 19.12.2025 й., 09/25/797/1181-сон)