toggle_night_mode
Ҳужжат 06.01.2026 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Рақамли криминалистика тадқиқотлари соҳасида мутахассислар малакасини ошириш ва сертификатланган мутахассисларнинг ягона электрон реестрини юритиш тартибини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Рақамли технологиялар воситасида содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш соҳаси учун профессионал кадрлар тайёрлаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 22 январдаги ПҚ-17-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, рақамли технологиялар воситасида содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш борасида мутахассисларнинг малакасини оширишни самарали ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи:
а) Рақамли криминалистика соҳасида мутахассислар малакасини ошириш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ:
мутахассислар малакасини оширишнинг мақсад ва вазифалари;
малака ошириш муассасаларида мутахассислар малакасини оширишни ташкил этиш тартиби;
мутахассисларнинг билимини баҳолаш тартиби;
б) Рақамли криминалистика соҳасида сертификатланган мутахассисларнинг ягона электрон реестрини юритиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
рақамли криминалистика соҳасида сертификатланган мутахассисларнинг ягона реестрни шакллантириш тартиби;
рақамли криминалистика соҳасида сертификатланган мутахассисларнинг ягона реестрни юритиш тартиби.
2. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
3. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири А.А. Ташпулатов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 31 июль,
479-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 31 июлдаги 479-сон қарорига
1-ИЛОВА
Рақамли криминалистика соҳасида мутахассислар малакасини ошириш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом рақамли криминалистика соҳасида мутахассислар малакасини ошириш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
давлат суд-экспертиза муассасалари — суд-экспертлик фаолиятини амалга ошириш учун ташкил этилган ихтисослаштирилган муассаса, шунингдек, тегишли давлат органлари, вазирликлар ва идоралар тизимидаги ихтисослаштирилган суд-экспертиза бўлинмалари;
малака ошириш муассасалари — рақамли криминалистика соҳасида илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишланмаларини амалга ошириш, мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ёки уларнинг малакасини оширишга ихтисослашган Ўзбекистон Республикасининг ва хорижий давлатларнинг илмий-тадқиқот, олий таълим ёки давлат суд-экспертиза муассасалари;
мутахассисларнинг малакасини ошириш — рақамли криминалистика соҳасида мутахассисларнинг рақамли ахборот ташувчи қурилмалар тадқиқоти, криминалистик аҳамиятга эга бўлган рақамли маълумотларни қидириш, аниқлаш, тўплаш ва қайта ишлаш ҳамда рақамли криминалистиканинг янги йўналишлари бўйича назарий ва амалий билимларини мустаҳкамлаш;
рақамли криминалистика соҳаси — кибержиноятларни, шунингдек, ахборот-коммуникация тармоқлари, ахборот технологиялари ва рақамли ахборот ташувчи воситалардан фойдаланган ҳолда жиноятларни содир этиш имконини берган шарт-шароитларни ўрганиш, далилларни тўплаш ва криминалистик тадқиқотларини ўтказиш фаолияти;
рақамли криминалистика соҳаси мутахассиси (мутахассис) — тезкор-қидирув тадбирлари ва процессуал ҳаракатларга мутахассис сифатида жалб этиладиган, рақамли криминалистика соҳасида зарур билим ва кўникмага эга бўлган ҳамда бу борада криминалистика тадқиқотларини ўтказадиган, давлат суд-экспертиза муассасасининг ходими (ишчиси, ҳарбий хизматчиси).
3. Рақамли криминалистика соҳасида мутахассисларнинг малакаси ҳар икки йилда оширилади.
4. Мутахассисларнинг малакаси малака ошириш муассасаларининг талабларига мос равишда оширилади.
5. Мутахассисларнинг малака ошириш муассасаларида малакасини ошириш ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ шакл бўйича тақдим қилинадиган буюртмага асосан ташкил этилади.
Хорижий давлатларнинг малака ошириш муассасаларида мутахассисларнинг малакаси Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ҳамда вазирликлар, идоралар, давлат суд-экспертиза муассасалари ва хорижий давлатларнинг малака ошириш муассасалари ўртасида тузилган шартномалар, шунингдек, хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар томонидан давлат суд-экспертиза муассасаларини ривожлантириш мақсадида ажратиладиган грантлар асосида оширилади.
Мутахассисларни хорижий давлатларнинг малака ошириш муассасаларида малакасини ошириш учун юбориш тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда ташкил этилади.
6. Мутахассисларнинг малакасини ошириш Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
7. Мутахассисларнинг малакасини ошириш ўз ихтисослиги бўйича камида бир йиллик иш стажига эга бўлган мутахассислар учун ташкил қилинади.
8. Давлат суд-экспертиза муассасалари:
рақамли криминалистика соҳасида малака ошириши лозим бўлган мутахассисларнинг эҳтиёжини аниқлайди ва таркибини шакллантиради;
мутахассисларнинг малакасини ошириш бўйича ўқув машғулотларини ўтказишда малака ошириш муассасаларига ташкилий-методик жиҳатдан кўмаклашади;
мутахассисларининг малакаси ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли оширилишини таъминлайди.
2-боб. Мутахассисларнинг малакасини ошириш мақсади ва вазифалари
9. Рақамли криминалистика соҳасидаги янги технологиялар, илмий усуллардан фойдаланиш, ушбу соҳадаги миллий қонунчиликдан ва хорижий давлатларнинг қонунчилигидан хабардор қилиш ҳамда касбий маҳоратни доимий равишда ривожлантиришга кўмаклашиш учун зарур бўлган назарий билимлар, амалий кўникмаларни мунтазам янгилаб бориш мутахассислар малакасини оширишнинг мақсади ҳисобланади.
10. Қуйидагилар мутахассисларнинг малакасини ошириш вазифалари ҳисобланади:
малака ошириш жараёнларини илмий-услубий жиҳатдан юқори даражада таъминлаш;
малака оширишнинг бевосита ва билвосита шаклларини амалиётга жорий этиш;
мутахассислар томонидан замонавий мультимедиа ва ахборот-коммуникация технологияларини самарали ўзлаштириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш;
мутахассисларнинг малакасини ошириш жараёнларининг фан ва ишлаб чиқариш билан интеграциясини таъминлаш тизимини янада ривожлантириш ва модернизация қилиш.
3-боб. Малака ошириш муассасаларида мутахассисларнинг малакасини оширишни ташкил этиш тартиби
11. Мутахассислар малакасини ошириш бевосита ва (ёки) билвосита ташкил этилади. Бунда:
а) бевосита малака ошириш:
ўқув жараёнида иштирок этиш — ўқув дастурларига мос ҳолда янги назарий ва амалий билимлар, малака ва кўникмаларни ўзлаштириш;
малака ошириш муассасаларида малакавий амалиёт (стажировка) ўташ — мутахассисларнинг назарий билимларини чуқурлаштириш ва мустаҳкамлаш, махсус касбий кўникмаларини шакллантириш ҳамда рақамли криминалистика тадқиқотларини мустақил бажариш кўникмаларини ривожлантириш;
б) билвосита малака ошириш — малака ошириш муассасалари томонидан ташкил этиладиган (онлайн) семинар, давра суҳбати ва конференцияларда ҳамда бошқа шу каби тадбирларда иштирок этиш ва маърузалар қилиш орқали амалга оширилади.
12. Ўзбекистон Республикасидаги малака ошириш муассасалари:
ўқитишнинг замонавий педагогика услублари, мультимедиа ва ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда, рақамли криминалистика соҳасининг турлари бўйича таҳлилий қобилиятни ва ижодий фикрлашни ривожлантиришга қаратилган алоҳида ўқув режалари ва дастурларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;
фанларнинг рақамли криминалистика соҳасида амалиёт билан боғлиқлигини таъминлайди, ўқув жараёнининг амалий йўналтирилгани, мустақил таълим ва ўқув жараёнини рақамли криминалистика соҳасидаги вазифаларни самарали ва пухта бажаришга йўналтирилганини кучайтиради, ўқув жараёнига рақамли криминалистика соҳасидаги илғор илмий-тадқиқотлар натижалари, педагогика технологиялари, машғулотлар ўтказишнинг самарали шакл ва услубларини жорий этади;
интерфаол ўқитиш шакли ва усулларини кенг қўллашни, илғор амалий тажрибалар асосида ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини ривожлантиришни таъминлайди;
мамлакатимизда ва хорижда ишлаб чиқилган рақамли криминалистика соҳаси фанларига тааллуқли илмий, услубий ва техник янгиликлар, илғор тажрибаларни ўрганади ҳамда ўқув жараёнига татбиқ қилади;
мутахассислар малакасини ошириш бўйича халқаро тажрибани ўрганади ва соҳа бўйича тажриба алмашишни ташкил қилади;
ўқув жараёнига оид махсус фанлар бўйича адабиётларни тайёрлайди;
рақамли криминалистика соҳасида тадқиқотлар методикаларини янада такомиллаштириш, янги турдаги тадқиқотларни жорий қилиш, ўқув жараёнини ривожлантиришга оид мавзуларда конференция, симпозиум, семинар ва бошқа тадбирларни ташкил қилади.
13. Малака ошириш муассасалари мунтазам равишда (бир йилда камида бир маротаба) хорижий давлатларнинг рақамли криминалистика соҳасида юқори малакага эга мутахассислари ва етакчи халқаро экспертларни жалб этган ҳолда малака ошириш курсларини ташкил қилади.
Бунда хорижий мутахассислар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари, малака ошириш муассасалари ўртасида тузилган шартномалар, шунингдек, хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар томонидан давлат суд-экспертиза муассасалари фаолиятини ривожлантириш мақсадида ажратиладиган грантлар асосида жалб қилинади.
14. Мутахассислар малакасини ошириш жараёнида малакавий амалиёт ўтказилиши назарда тутилиши мумкин.
15. Мутахассислар малака ошириш муассасаларига ушбу муассасалар раҳбарларининг тегишли буйруғи асосида қабул қилинади.
16. Малака ошираётган мутахассисларнинг ўқиш даври мобайнида асосий иш жойи бўйича эгаллаб турган лавозими ва ўртача ойлик иш ҳақи сақлаб қолинади.
17. Малака ошириш муассасаларига жалб қилинган мутахассислар ўқув жараёнидан қуйидаги ҳолатларда четлаштирилади:
ўқув интизоми ва малака ошириш муассасаларининг ички тартиб-қоидаларини бузганлик учун;
узрли сабабларсиз 8 академик соатдан кўп ўқув машғулотларини қолдирганлик учун;
саломатлиги туфайли (тиббий комиссия маълумотномаси асосида);
суд томонидан қамоққа олинган ёки озодликдан маҳрум этилганда;
вафот этганлиги сабабли.
Узрли сабабларга кўра ўқишни давом эттира олмаган мутахассис ўз аризасига кўра ўқув жараёнидан четлаштирилиши мумкин.
Узрли сабабларга кўра ўқишни давом эттира олмаган мутахассисга келгусида ташкил этиладиган ўқув гуруҳларида ўқиш имкони берилади.
18. Малака ошириш муассасаларига жалб қилинган мутахассисларни ўқув жараёнидан четлаштириш малака ошириш муассасалари раҳбарларининг тегишли буйруғи асосида расмийлаштирилади ва бу ҳақида тегишли давлат суд-экспертиза муассасасига хабар берилади.
19. Малака ошириш муассасалари томонидан мутахассисларнинг малакасини ошириш камида 36 академик соат ҳажмда ташкил этилади.
20. Билвосита малака ошириш муддати ўқув жараёни муддатига мос ҳолда академик соатлар билан аниқланади.
4-боб. Мутахассисларнинг билимини баҳолаш тартиби
21. Ўқув жараёнига жалб қилинган мутахассисларнинг билими якуний назорат натижасига кўра баҳоланади.
Малака ошириш бўйича якуний назорат ўқиш даврида олинган назарий билимлар ва амалий кўникмаларни аниқлашга қаратилган оғзаки ёки ёзма имтиҳон ёхуд суҳбат шаклида ўтказилади.
22. Малака ошириш муассасаларида ўқув дастурини муваффақиятли ўзлаштирган мутахассисларга ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шаклдаги сертификат берилади.
Мутахассислар хорижий давлатларнинг малака ошириш муассасаларида малака оширганда, улар ушбу муассасанинг тегишли ҳужжатларига мувофиқ малака оширган ҳисобланади.
23. Якуний назоратлардан ўта олмаган ёки узрли сабабларга кўра уларда иштирок эта олмаган мутахассисга унинг аризасига биноан уч кун муддатда тегишли якуний назоратни қайта топшириш имкони берилади.
24. Ушбу Низомда белгиланган муддатларда малакасини оширмаган ёки якуний назоратлардан такроран ўта олмаган мутахассислар малака оширишдан ўтмаган деб ҳисобланади.
25. Якуний назоратлардан такроран ўта олмаган мутахассислар уч кун ичида малака ошириш муассасаси раҳбари номига апелляция тартибида шикоят билан мурожаат қилишга ҳақли.
Апелляция шикоятини кўриб чиқиш тартиби малака ошириш муассасаси томонидан белгиланади.
26. Малака оширишдан ўтмаган мутахассислар ҳақидаги маълумотнома малака ошириш муассасалари томонидан зарур чоралар кўриш учун тегишли давлат суд-экспертиза муассасаларига юборилади.
5-боб. Якунловчи қоида
27. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Рақамли криминалистика соҳасида мутахассислар малакасини ошириш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА

Рақамли криминалистика соҳаси мутахассис(лар)ини малака ошириш курсларига юбориш бўйича буюртма шакли

Малака ошириш муассасаси раҳбари

________________________га

(Давлат суд-экспертиза муассасаси номи)нинг рақамли криминалистика соҳаси мутахассис(лар)ини малакаси ошириш курсларига юбориш бўйича

БУЮРТМАСИ

Қуйидаги мутахассис(лар)ни рақамли криминалистика соҳасининг __________________________

__________________________ йўналиши бўйича малакасини оширишга амалий ёрдам кўрсатишингизни сўрайман:

Т/р

Мутахассис(лар) Ф.И.О.

Олий (ёки ўрта махсус) маълумоти ва ихтисослиги

Рақамли криминалистика соҳасида иш стажи

1.

2.

3.

4.

_______________________

______________

__________________________

(раҳбар лавозими)

(имзо)

(Ф.И.О.)

Рақамли криминалистика соҳасида мутахассислар малакасини ошириш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА

_________________________________________________________________________________________

(илмий-тадқиқот, олий таълим ёки давлат суд-экспертиза муассасаси номи)

Рақамли криминалистика соҳасида малака оширганлиги тўғрисида

СЕРТИФИКАТ

___________

20____ йил «____» __________

____________________

(берилган жойи)

_______________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________

(мутахассиснинг фамилияси, исми, отасининг исми)

20____ йил «_____» ___________дан 20____ йил «_____» ___________гача соатли

_______________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________ни

(малака ошириш курсининг номи)

муваффақиятли тамомлади.

Комиссия раиси

____________________

(имзо)

(Ф.И.О.)

(М.Ў.)

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 31 июлдаги 479-сон қарорига
2-ИЛОВА
Рақамли криминалистика соҳасида сертификатланган мутахассисларнинг ягона электрон реестрини юритиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом рақамли криминалистика соҳасида сертификатланган мутахассисларнинг ягона электрон реестрини юритиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
рақамли криминалистика соҳаси мутахассиси (мутахассис) — тезкор-қидирув тадбирлари ва процессуал ҳаракатларга мутахассис сифатида жалб этиладиган, рақамли криминалистика соҳасида зарур билим ва кўникмага эга бўлган ҳамда бу борада криминалистик тадқиқотларини ўтказадиган, давлат суд-экспертиза муассасасининг ходими (ишчиси, ҳарбий хизматчиси);
сертификат — Ўзбекистон Республикасининг ва хорижий давлатларнинг илмий-тадқиқот, олий таълим ёки давлат суд-экспертиза муассасаларида рақамли криминалистика соҳаси бўйича малака оширганлик ёхуд рақамли экспертизаларни ўтказиш бўйича касбий лаёқатни тасдиқловчи ҳужжат;
ягона реестр — рақамли криминалистика соҳаси бўйича сертификат олган мутахассис тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилган ва доимий янгиланиб бориладиган ягона электрон рўйхат.
3. Ягона реестр Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан юритилади.
4. Ягона реестр ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органларининг фаолиятида тезкор-қидирув тадбирлари ва процессуал ҳаракатларга мутахассис сифатида жалб этилиши мумкин бўлган, рақамли криминалистика соҳасида зарур билим ва кўникмага эга бўлган ҳамда ушбу соҳада малака оширган мутахассисларнинг ягона рўйхатини шакллантириш мақсадида юритилади.
5. Ягона реестрга давлат суд-экспертиза муассасаларининг мутахассислари тўғрисидаги маълумотлар киритилади.
6. Ягона реестрга киритилган маълумотлар давлат суд-экспертиза муассасаларининг рақамли криминалистика соҳасидаги мутахассисларининг касбий лаёқатлилигининг расмий тасдиғи ҳисобланади.
7. Ягона реестрга мутахассислар тўғрисидаги маълумотларни киритиш учун тўлов ундирилмайди.
2-боб. Ягона реестрни шакллантириш тартиби
8. Рақамли криминалистика соҳасидаги мутахассислар тўғрисидаги маълумотларни ягона реестрга киритиш учун давлат суд-экспертиза муассасалари томонидан қуйидаги ҳужжатлар тақдим қилинади:
белгиланган шаклдаги ягона реестрга киритиш тўғрисидаги хат;
давлат суд-экспертиза муассасасининг бўлинмаси, мутахассиснинг ихтисослиги, Ф.И.О.;
таълим йўналиши ва даражаси тўғрисидаги маълумот;
мутахассислиги бўйича иш стажи тўғрисидаги маълумот;
сертификатнинг нусхаси;
Олдинги таҳрирга қаранг.
илмий даража ва унвони тўғрисида маълумотлар (мавжуд бўлса маълумотлар ваколатли орган томонидан мустақил равишда «Рақамли ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали автоматик олинади);
(8-банднинг еттинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 30 декабрдаги 840-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 06.01.2026 й., 09/26/840/0012-сон)
мутахассиснинг рақамли криминалистика соҳасида эришган ютуқлари ҳақида қўшимча маълумотлар;
давлат суд-экспертиза муассасасининг тўлиқ номи, манзили ва боғланиш учун маълумотлари.
9. Ягона реестрга киритиш учун тақдим этилган маълумотларнинг ҳаққонийлиги ва тўлиқлигига давлат суд-экспертиза муассасаси жавобгар ҳисобланади.
10. Рақамли криминалистика соҳаси мутахассиси тўғрисидаги маълумот тақдим этилгандан сўнг бир иш кунида ягона реестрга киритилади.
11. Ягона реестрга киритилган мутахассиснинг иш жойи ва анкета маълумотлари ўзгарган ҳолларда, бу ҳақида бир иш кунида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан ягона реестрга ўзгартириш киритилади.
12. Ягона реестрга киритилган мутахассис давлат суд-экспертиза муассасасидан бўшатилган тақдирда, маълумот тақдим этилгандан сўнг бир иш кунида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан ягона реестрдан чиқарилади.
Бунда ягона реестрга киритилган мутахассислар тўғрисидаги маълумотларни янгилаш учун улар ишлайдиган давлат суд-экспертиза муассасаларига тегишли сўров юборилади.
13. Ягона реестр ахборот тизими давлат суд-экспертиза муассасаларининг ахборот тизимларига интеграция қилинган тақдирда, ҳар бир давлат суд-экспертиза муассасаларига ягона реестрга маълумотларни масофавий киритиш ва уларни ўзгартириш имконияти берилиши мумкин.
Бунда ушбу Низомнинг 10 — 12 бандларида кўрсатилган маълумотлар ягона реестрга автоматик тарзда киритилади.
3-боб. Ягона реестрни юритиш тартиби
14. Ягона реестр ушбу Низомга иловага мувофиқ шаклда юритилади.
15. Ягона реестрда рақамли криминалистика соҳасидаги мутахассислар тўғрисида қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:
қайд рақами;
киритилган сана;
давлат суд-экспертиза муассасасининг, бўлинмасининг, мутахассиснинг ихтисослиги, Ф.И.О.;
сертификатлар реквизитлари (берилган жойи ва санаси, йўналиши);
илмий даража ва унвони тўғрисида маълумотлар (мавжуд бўлса);
давлат суд-экспертиза муассасасининг тўлиқ номи, манзили ва боғланиш учун маълумотлари;
мутахассиснинг рақамли криминалистика соҳасида эришган ютуқлари ҳақида қўшимча маълумотлар;
ягона реестрдан чиқарилган сана (чиқарилган тақдирда).
16. Давлат суд-экспертиза муассасасининг рақамли криминалистика соҳаси мутахассиси ягона реестрдан давлат суд-экспертиза муассасасининг хати асосида чиқарилади.
17. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ягона реестрнинг тўғри юритилишини ва ахборот хавфсизлигини таъминлайди.
4-боб. Якунловчи қоидалар
18. Ягона реестрга киритилган мутахассислар тўғрисидаги маълумотлар заруратга кўра тезкор-қидирув тадбирларини, терговга қадар текширув, суриштирув, тергов ва суд ҳаракатларини амалга оширувчи орган (шахс)ларнинг сўровига асосан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан тақдим қилинади.
19. Ягона реестр тезкор-қидирув тадбирлари ва процессуал ҳаракатларни амалга ошириш ёки рақамли криминалистика соҳасидаги мутахассисларни жалб этишни назарда тутувчи ахборот тизимларига интеграция қилиниши мумкин.
20. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Рақамли криминалистика соҳасида сертификатланган мутахассисларнинг ягона реестрини юритиш тартиби тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
Рақамли криминалистика соҳасидаги сертификатланган мутахассисларнинг ягона реестри

Мутахассисга берилган қайд рақами

Ягона реестрга киритилган сана

Мутахассиснинг Ф.И.О.

Мутахассиснинг сертификати реквизитлари

Давлат суд-экспертиза муассасасига доир маълумот

Қўшимча маълумотлар

Ягона реестрдан чиқарилган сана

1

2

3

4

5

6

7

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 02.08.2025 й., 09/25/479/0687-сон; 06.01.2026 й., 09/26/840/0012-сон)