Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
Кейинги пайтларда озиқ-овқат этил спиртини Ўзбекистон Республикаси бож ҳудуди орқали ғайриқонуний равишда олиб ўтиш ҳоллари, шунингдек уни божхонада расмийлаштирмасдан олиб келишга уринишлар тез-тез учрамоқда.
Алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга давлат монополиясини, ички бозорни ҳимоя қилишни таъминлаш ва Ўзбекистон Республикаси бож ҳудудига озиқ-овқат этил спиртини олиб келишни тартибга солиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари И.Ҳ. Жўрабеков «Ўздавстандарт» маркази ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда алкоголли маҳсулотлар сифатига ва уларни ишлаб чиқариш санитария-гигиена шароитларига талаблар кучайтирилишини таъминласин.
Спирт, ароқ ва бошқа алкоголли маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳуқуқига эга бўлган юридик шахслар рўйхати қайта кўриб чиқилсин, бунда белгиланган меъёрларни бузувчи маҳсулот ишлаб чиқарувчиларни лицензиялардан маҳрум қилиш назарда тутилсин.
Алкоголли маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳуқуқини берувчи лицензиялар беришда ишлаб чиқариш шароитларининг талабларга мувофиқлиги пухта таҳлил этилсин.
2. Белгилансинки, 1998 йил 1 мартдан бошлаб:
озиқ-овқат этил спирти фақат ароқ ва бошқа алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳуқуқини берувчи рухсатномага (лицензияга) эга бўлган юридик шахслар, шунингдек «Ўзмевасабзавотузумсаноат-холдинг» компаниясининг ташқи савдо фирмалари томонидан импорт қилинади;
Ўзбекистон Республикаси бож ҳудуди орқали этил спиртини темир йўл транспортида транзит тартибида ўтказиб юбориш божхона органларининг кузатуви остида амалга оширилади;
вино-ароқ корхоналари илгари жисмоний шахслар томонидан олиб келтирилган хорижда ишлаб чиқарилган маҳсулоти қайтариб бериладиган озиқ-овқат этил спиртидан вино-ароқ маҳсулотлари қуйишни тўхтатадилар.
3. Давлат божхона қўмитаси этил спирти бож чегараси орқали ғайриқонуний равишда ўтказилган тақдирда ва Давлат солиқ қўмитаси корхоналарда ва савдода хорижда ишлаб чиқарилган олиб келиш манбалари номаълум озиқ-овқат этил спиртининг мавжудлиги аниқланган ҳолларда спиртни давлат фойдасига мусодара қилсинлар.
4. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда спиртни ғайриқонуний равишда олиб келишнинг олдини олиш юзасидан таъсирчан чораларни кўрсин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари И.Ҳ. Жўрабеков зиммасига юклансин.