1.01.00.00.00 Конституциявий тузум / 01.17.00.00 Нодавлат нотижорат ташкилотлари (шунингдек, 03.03.10.03га қаранг) / 01.17.12.00 Бошқа бирлашмалар, ҳаракатлар, уюшмалар ва ўзга нодавлат нотижорат ташкилотлари;
2.02.00.00.00 Давлат бошқаруви асослари / 02.08.00.00 Иқтисодиёт, ижтимоий-маданий қурилиш соҳасидаги давлат бошқарувининг умумий масалалари / 02.08.09.00 Ижтимоий-маданий масалалар бўйича давлат сиёсати / 02.08.09.01 Ҳуқуқий тарғибот]
[ТСЗ:
1.Давлат ва жамият қурилиши / Жамоат бирлашмалари (жамғармалари), диний ташкилотлар, сиёсий партиялар]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
РЕСПУБЛИКА «МАЪНАВИЯТ ВА МАЪРИФАТ» ЖАМОАТЧИЛИК МАРКАЗИНИНГ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 16 сентябрдаги 731-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва соҳани ривожлантиришни янги босқичга кўтариш тўғрисида» 2017 йил 28 июлдаги ПҚ-3160-сон қарори)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республика «Маънавият ва маърифат» жамоатчилик марказини ташкил этиш тўғрисида» 1994 йил 23 апрелдаги Фармонининг бажарилишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Белгилаб қўйилсинки, Республика «Маънавият ва маърифат» жамоатчилик маркази кенг омма билан ҳамкорликда ишловчи, давлат бюджетидан маблағлар билан таъминланиш билан бир қаторда хўжалик ҳисобида ҳам иш юритувчи ижтимоий ташкилотдир.
Республика «Маънавият ва маърифат» жамоатчилик марказининг тузилиши 1-иловага ва Марказ Кенгашининг таркиби 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
Республика «Маънавият ва маърифат» жамоатчилик марказининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги бўлимларини молиявий таъминлаш ва улар томонидан барча хилдаги тарбиявий-маърифий тадбирлар ўтказиш харажатлари тегишлича маҳаллий бюджетлар ва хўжалик фаолиятидан тушган даромадлар ҳисобидан қопланиши қайд қилинсин.
2. Республика «Маънавият ва маърифат» маркази девони ва унинг қуйи бўлимларининг тузилиши ва штатлари жадвали (техник ходимлар бундан мустасно) 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Марказга Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган раҳбар бошчилик қилиши белгилаб қўйилсин. Марказ раҳбарига Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайдиган иккита, жумладан битта жамоатчилик асосида ишлайдиган ўринбосарларга эга бўлишга рухсат берилсин.
Республика «Маънавият ва маърифат» марказининг ходимлари моддий-маиший, тиббий таъминот жиҳатидан республика вазирликларининг тегишли тоифадаги ходимларига тенглаштирилсин.
3. Марказнинг асосий вазифаси ва фаолият йўналишлари қуйидагилардан иборатлиги эътиборга олинсин:
–– социологик тадқиқотлар, сўровлар ўтказиш орқали ўзбек халқининг бой маънавий-маданий мероси, шарқона ва умуминсоний қадриятлар асосида мамлакат, миллат келажагини белгилайдиган илғор ғояларни юзага чиқариш ҳамда ҳаётга татбиқ этиш, маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқиш;
— жамиятдаги соғлом кучлар — юксак истеъдод ва тафаккур соҳибларининг ақлий-ижодий салоҳиятини Ватан истиқболи сари йўналтириш;
— маданий-маърифий, ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий тараққиёт йўналишлари билан боғлиқ омилларни, миллий давлатчилик қадриятларини ўрганиш ва тарғиб қилиш;
— жаҳон, умумбашарий бойликларга эга бўлиш мақсадида мамлакатдаги ва дунёдаги хилма-хил мафкура, эътиқод, ғояларни ўрганиш, соғлом дунё қарашни ҳамда сиёсий маданиятни шакллантиришда иштирок этиш;
— жамоат бирлашмалари, илмий-маърифий, ижодий муассаса ва ташкилотларнинг, оммавий ахборот воситаларининг ўзаро самарали ҳамкорлигига кўмаклашиш;
4. Ўзбекистон зиёлилари илмий-маърифий уюшмаси II навбатдан ташқари қурултойининг мазкур уюшмани тугатилган деб ҳисоблаш, уюшма ҳамда унинг таркибидаги ташкилотлар, корхоналар ва муассасалар ихтиёридаги пул маблағлари, кўчмас мулкларни Марказ ихтиёрига бериш ва Марказни уюшма мол-мулкининг қонуний вориси деб эълон қилиш ҳақидаги қарори маълумот учун қабул қилинсин.
5. Молия вазирлиги (Б. Ҳамидов):
1994 йилнинг июнь ойидан бошлаб Марказни ҳамда «Тафаккур» журнали таҳририятини уларнинг асосий фаолияти учун зарур бўлган маблағ билан таъминласин ва ҳар йили бюджетни шакллантиришда тегишли маблағ ажратилишини назарда тутсин;
Марказга ва унинг журнали таҳририятига хизмат кўрсатиш учун 3 та енгил автомобиль сақлашга лимит ажратсин.
6. Моддий-техника таъминот масалаларини зудлик билан ҳал қилиш ҳамда Марказ ва унинг жойлардаги бўлинмаларининг нормал фаолияти учун зарур шарт-шароит яратиш мақсадида:
Марказ ҳузурида ўзбек халқи маданий мероси намуналарини тўплаш, илмий таҳлил қилиш ва оммалаштириш билан шуғулланадиган хўжалик ҳисобида ишловчи видео-фотостудия тузилсин. Тўпланган видео-аудио, фото материаллар асосида маданий мерос фонди ташкил этилсин;
Фан ва техника давлат қўмитаси 1995 йилдан бошлаб «Маънавият ва маърифат» марказининг социологик тадқиқотлар тематикасини танлов орқали маблағ билан таъминланувчи ишлар рўйхатига киритсин;
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ва Фанлар академияси ўқув юртлари профессор-ўқитувчиларининг ва олимларнинг Марказ ўтказадиган маънавий-маърифий тадбирларда кенг иштирок этишини таъминласинлар;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари икки ой муддат ичида марказнинг жойлардаги бўлимларига белгиланган тартибда амалдаги нормаларга мувофиқ хизмат хоналари, мебель, жиҳозлар ажратсинлар, телефонлар ўрнатиб берсинлар;
Тошкент шаҳар ҳокимлиги (А.Фозилбеков) Тошкент шаҳри, Отатурк кўчасидаги 24-бинони бир ҳафталик муддатда Марказга тўла бўшатиб бериб, шунингдек, уни икки ой муддат ичида таъмирлашни таъминласин;
«Шарқ» концерни Марказнинг бир йилда тўрт марта чиқадиган «Тафаккур» журналини ўз вақтида чоп этиш ва ноширлик фаолиятини юритиш билан боғлиқ барча ишларни бажарсин;
Маданият ишлари вазирлиги Марказ ҳузурида шаҳар кутубхонасининг бўлимини ташкил этсин;
Давлат матбуот қўмитаси Республика «Маънавият ва маърифат» жамоатчилик марказини нашр нусхалари мажбурий юбориладиган ташкилотлар рўйхатига киритсин. Ҳар йили Марказ ходимлари тайёрлаган илмий-тадқиқот ишлари, тавсияномаларни нашр этишни нашриётларнинг режасига киритиш чораларини кўрсин;
Ўзбекистон телерадиокомпанияси белгиланган кўрсатувлар ва эшиттиришлар соатлари доирасида Марказ учун алоҳида эфир вақти ажратишни назарда тутсин;
Алоқа вазирлиги белгиланган тартибда Марказ ва «Тафаккур» журнали учун хизмат телефонлари, шу жумладан ҳукумат АТСидан телефон ва бошқа алоқа воситалари ўрнатиб берсин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари М Қорабоев зиммасига юклатилсин.