toggle_night_mode
Ҳужжат 31.01.2025 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Айдар-Арнасой кўллар тизимида ҳайвонот ва ўсимлик дунёсидан фойдаланиш ҳамда жамоат тартибини сақлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Вазирлар Маҳкамасининг «Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармаларига маблағлар ажратишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2010 йил 2 апрелдаги 62-сон қарорига ўзгартириш киритиш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Айдар-Арнасой кўллар тизимида ҳайвонот ва ўсимлик дунёси муҳофазасини кучайтириш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 16 сентябрдаги ПҚ-325-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Айдар-Арнасой кўллар тизимида ҳайвонот ва ўсимлик дунёси муҳофазасини кучайтириш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 16 сентябрдаги ПҚ-325-сон қарорига мувофиқ:
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг Қўриқлаш бош бошқармаси таркибида Айдар-Арнасой кўллар тизимини муҳофаза қилиш бошқармаси (кейинги ўринларда — Бошқарма) ташкил этилганлиги;
Бошқарма ходимлари томонидан Айдар-Арнасой кўллар тизими ва унинг атрофида балиқ овлаш, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсидан фойдаланиш ҳамда жамоат тартибини сақлаш соҳасида аниқланган маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича солинадиган жарималар тўлиқ унинг ҳисобварағига йўналтирилиши;
Бошқарма ходимлари томонидан аниқланган ҳуқуқбузарлардан мусодара қилинган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ҳисобланган ёки бевосита шундай нарса бўлган ашё хизматда фойдаланиш имкони бўлганда, бошқарма балансига ўтказилиши;
мусодара қилинган ашёлар белгиланган тартибда сотилганда, сотишдан тушган маблағлар, шунингдек, ҳуқуқбузарлар томонидан етказилган зарар учун ундирилган маблағлар Бошқарма ҳисобварағига ўтказилиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармаларига маблағлар ажратишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2010 йил 2 апрелдаги 62-сон қарорига иловага мувофиқ ўзгартириш киритилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчкоров ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондони Р.М. Джураев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 29 январь,
47-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 29 январдаги 47-сон қарорига
ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг «Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармаларига маблағлар ажратишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2010 йил 2 апрелдаги 62-сон қарорига киритилаётган ўзгартириш
1-илованинг 39-позицияси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«

39.

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси

Оз миқдорда талон-торож қилиш учун белгиланган тартибда солинадиган жарималар суммаси.

25

Ўта муҳим ва тоифаланган объектларга кириш-чиқиш режимини бузиш ёки ушбу объектларнинг қўриқланишини таъминлашга доир мажбуриятларни бажармаслик учун белгиланган тартибда солинадиган жарималар суммаси.

25

Пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи (божхона тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқ бузарликлардан ташқари) учун белгиланган тартибда солинадиган жарималар суммаси.

25

Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги учун Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари (ходимлари) томонидан ундириладиган жарималар суммаси.

30

Айдар-Арнасой кўллар тизимини муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан Айдар-Арнасой кўллар тизими ва унинг атрофида балиқ овлаш, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсидан фойдаланиш ҳамда жамоат тартибини сақлаш соҳасида аниқланган маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун белгиланган тартибда солинадиган жарималар суммаси.

100

Айдар-Арнасой кўллар тизимини муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан аниқланган ҳуқуқбузарликлар бўйича олиб қўйилган ва қонунчиликда белгиланган тартибда давлат даромадига ўтказилган мол-мулкни сотишдан олинган маблағлар.

100

Айдар-Арнасой кўллар тизимини муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан аниқланган ҳуқуқбузарликлар бўйича етказилган зарарларни ундиришдан тушган маблағлар.

100

».

Кейинги таҳрирга қаранг.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 31.01.2025 й., 09/25/47/0094-сон; 22.05.2025 й., 09/25/325/0460-сон)