toggle_night_mode
Ҳужжат 08.01.2025 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Туристик кластерлар фаолиятини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида» 2024 йил 21 февралдаги ПФ-37-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, ташқи ва ички сайёҳлар учун қулай шароитлар яратиш орқали уларнинг сонини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 21 февралдаги ПФ-37-сон Фармони билан тасдиқланган «Ўзбекистон — 2030» стратегиясининг Барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш йўналишида туристик кластерларни ташкил этиш тартибини ҳамда уларнинг ҳуқуқий мақомини белгилашни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш назарда тутилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Туристик кластерларни ташкил этиш ва уларга туристик кластер мақомини бериш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
туристик кластерни ташкил этиш, шу жумладан, уларга туристик кластер мақомини бериш тартиби;
туристик кластер мақомини бериш юзасидан келиб тушган аризаларни кўриб чиқиш ҳамда қарор қабул қилиш;
туристик кластерлар реестрини юритиш тартиби.
3. Белгилансинки:
туристик кластер мақоми ушбу қарорга иловага мувофиқ комплекс туристик хизматлар ҳамда сайёҳларнинг эҳтиёжларини қаноатлантириш учун зарур бўлган қўшимча хизматлар кўрсатувчи мустақил ташкилотлар ва (ёки) якка тартибдаги тадбиркорлар мажмуига берилади;
туристик кластерлар белгиланган тартибда туристик кластер мақоми тўғрисидаги гувоҳномани олган пайтдан бошлаб ташкил этилган ҳисобланади;
Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси (кейинги ўринларда — Туризм қўмитаси) туристик кластер мақомини бериш бўйича ваколатли давлат органи ҳисобланади;
Кейинги таҳрирга қаранг.
туристик кластер мақомини олиш учун тадбиркорлик субъектларининг аризалари ваколатли давлат органига электрон шаклда ёки почта орқали юборилади ва бепул кўриб чиқилади.
4. Туризм қўмитаси:
ушбу қарор билан тасдиқланган Низом талабларига мувофиқ тадбиркорлик субъектларига туристик кластер мақомини беришни таъминласин;
туристик кластер мақомини олиш учун белгиланган талаблар, аризаларни кўриб чиқиш тартиби ва қарор қабул қилиш тартиби ҳақидаги маълумотларни расмий веб-сайтлар ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилинишини ташкил этсин;
уч ой муддатда республикада истиқболли туристик кластер лойиҳаларини аниқлаб, амалга ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқсин;
маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда туристик кластерларни ташкил этиш бўйича ўз ваколатлари доирасида зарур шарт-шароитларни яратиб борсин;
«туроператор — меҳмонхона — транспорт — савдо ва сервис» хизматлари биргаликда кўрсатиладиган туристик кластерлар фаолиятини йўлга қўйиш, шунингдек, уларнинг хизмат ва маҳсулотларини халқаро туризм ярмаркалари ва кўргазмаларида тарғиб қилиш чораларини кўриб борсин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири А.А. Абдухакимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 30 декабрь,
915-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 30 декабрдаги 915-сон қарорига
ИЛОВА
Туристик кластерларни ташкил этиш ва уларга туристик кластер мақомини бериш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом туристик кластерларни ташкил этиш ва уларга туристик кластер мақомини бериш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
ариза берувчи — туристик кластерни ташкил этиш ва туристик кластер мақомини олиш учун белгиланган тартибда ариза топширган тадбиркорлик субъекти ёки тадбиркорлик субъектларининг вакили;
туристик кластер — комплекс туристик хизматлар ҳамда турист ва экскурсантнинг эҳтиёжларини қаноатлантириш учун зарур бўлган бошқа қўшимча хизматлар кўрсатувчи юридик шахслар, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар мажмуи;
туризм маҳсулоти — туристнинг саёҳатлари давомида унинг эҳтиёжларини қаноатлантириш учун мўлжалланган туристик хизматлар, шу жумладан, турар жой, овқатланиш, транспорт ва экскурсия хизматлари, ишлари ва маҳсулотлари мажмуи;
турист — вақтинча бўлиш мамлакатидаги (жойидаги) манбалардан даромад олиш билан боғлиқ бўлган фаолият билан шуғулланмаган ҳолда вақтинча бўлиш мамлакатига (жойига) йигирма тўрт соатдан кетма-кет ўн икки ойгача бўлган даврга борувчи ёки вақтинча бўлиш мамлакатида (жойида) камида бир кеча тунаб қолувчи жисмоний шахс;
экскурсант — вақтинча бўлиш мамлакатида (жойида) тунаб қолмасдан йигирма тўрт соатдан ошмайдиган даврда саёҳат қилувчи жисмоний шахс.
3. Туристик кластер мақоми ушбу Низомга мувофиқ комплекс туристик хизматлар ҳамда туристнинг ва экскурсантнинг эҳтиёжларини қаноатлантириш учун зарур бўлган бошқа қўшимча хизматлар кўрсатувчи мустақил ташкилотлар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар мажмуига берилади.
4. Туристик кластерлар белгиланган тартибда туристик кластер мақоми тўғрисидаги гувоҳномани олган пайтдан бошлаб ташкил этилган ҳисобланади.
5. Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси (кейинги ўринларда — ваколатли орган) туристик кластер мақомини бериш бўйича ваколатли орган ҳисобланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. Туристик кластерларни ташкил этиш ва уларга туристик кластер мақомини бериш ушбу Низомга 1-иловадаги схемага мувофиқ амалга оширилади.
2-боб. Туристик кластерларни ташкил этиш ва туристик кластер мақомини олиш учун қўйиладиган талаблар
7. Туристик кластерларни ташкил этиш ва туристик кластер мақомини олиш учун тадбиркорлик субъектлари қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:
а) туристик кластер фаолияти туроператор — меҳмонхона — транспорт — хизматларини кўрсатиш билан тўлиқ қамраб олинганлиги;
б) туристик кластер ҳудудида сиғими камида 40 нафар меҳмон учун мўлжалланган жойлаштириш воситасининг мавжудлиги;
в) туристик кластер ҳудудида маҳаллий ҳунармандчилик маҳсулотларини (эсдалик совғалари) сотиш шохобчалари (камида битта савдо нуқтаси) мавжудлиги;
г) туристик кластер ҳудудида туризмнинг қуйидаги турларидан бири ташкил этилганлиги:
экологик туризм (геотуризм);
агротуризм (қишлоқ);
этнографик туризм;
маданий ва тарихий туризм;
рекреацион туризм;
тиббий (соғломлаштириш) туризм;
д) туристик кластер ҳудуди ва хизмат кўрсатиш жараёнида туристлар (экскурсантлар) хавфсизлиги таъминланганлиги;
е) туристлар (экскурсантлар) учун қўшимча кўнгил очар шарт-шароитлар (отлар, туялар, транспорт, велосипедлар, қайиқлар, катамаранлар ва бошқалар ижараси) яратилганлиги;
ж) туристлар томонидан жойлаштириш воситаларидаги жойларни олдиндан банд қилиш ва кўрсатиладиган туристик хизматларга буюртма бериш имкониятининг мавжудлиги.
3-боб. Туристик кластерларни ташкил этиш ва туристик кластер мақомини олиш учун ариза бериш, уни кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш тартиби
8. Ариза берувчи электрон шаклда ёки почта орқали ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шаклдаги ариза билан ваколатли органга мурожаат қилади. Ариза берувчи бир нечта тадбиркорлик субъектлари номидан мурожаат қилганида комплекс туристик ва бошқа қўшимча хизматларни кўрсатувчи юридик шахсларнинг туристик кластерни ташкил этишга розилигини тасдиқловчи ҳужжатни (баённома, розилик хати ёки ишончнома) асос сифатида тақдим этади.
Бунда аризага ушбу Низомнинг 7-бандида белгиланган туристик хизматлар йўлга қуйилганлигини тасдиқловчи маълумотлар илова қилиниши лозим.
Ариза берувчидан ушбу бандда кўзда тутилмаган маълумотларни тақдим этиш талаб қилинишига йўл қўйилмайди.
9. Ариза берувчи томонидан ушбу Низомнинг 7-бандида назарда тутилган маълумотларнинг (тўлиқ) тақдим этилмаслиги ёки нотўғри маълумотлар тақдим этилиши аризани кўриб чиқишни рад этиш учун асос бўлади.
10. Ваколатли орган томонидан аризани кўриб чиқиш рад этилган тақдирда, уни рад этиш учун асос бўлган сабаблар аниқ кўрсатилиши лозим. Бунда ваколатли орган аризани кўриб чиқиш рад этилганлиги тўғрисидаги хабарномани бир иш куни ичида ариза берувчига юборади.
Ариза берувчи аризани кўриб чиқишни рад этиш тўғрисида хабарномани олган кундан бошлаб, бир ой ичида кўрсатилган камчиликларни бартараф этиб, уларнинг бартараф этилганлигини тасдиқловчи тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда, ваколатли органга такроран ариза билан мурожаат қилиши мумкин.
11. Ваколатли орган аризани кўриб чиқиш учун марказий аппарат раҳбар ходимлари ҳамда туризм соҳасидаги нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларидан иборат таркибда (камида 7 нафар) комиссия тузади.
12. Ваколатли органининг раҳбари комиссия раиси ҳисобланади.
13. Комиссия регламенти ваколатли орган раҳбари томонидан тасдиқланади.
14. Комиссия ариза келиб тушган кундан бошлаб ариза берувчини хабардор қилган ҳолда, етти иш куни ичида ваколатли органнинг ҳудудий бошқармаси (кейинги ўринларда — ҳудудий бошқарма) томонидан тегишли туристик объектнинг ушбу Низом талабларига мос келиши жойига чиққан ҳолда ўрганилишини ташкил этади.
15. Ҳудудий бошқарма ўрганиш натижаси бўйича уч иш куни ичида туристик объектнинг ушбу Низом талабларига мос келиши (келмаслиги) ҳақида хулоса тайёрлайди ҳамда комиссияга кўриб чиқиш учун тақдим этади.
16. Комиссия ҳудудий бошқарма томонидан тақдим этилган хулосани кўриб чиқиб, беш иш куни ичида ариза берувчига туристик кластер мақомини бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
17. Комиссиянинг қарори унинг йиғилиши баёни билан тасдиқланади.
18. Комиссия туристик кластер мақомини беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилган тақдирда, камчиликларни бартараф этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқади ва уч иш куни ичида ариза берувчига юборади.
19. Ваколатли орган уч иш куни ичида комиссиянинг туристик кластер мақомини бериш ҳақидаги қарорига асосан ушбу Низомга 3-иловадаги намунага мувофиқ ариза берувчига туристик кластер мақомини бериш тўғрисидаги гувоҳномани тақдим этади.
4-боб. Туристик кластерларнинг ягона реестрини юритиш тартиби
20. Туристик кластерларнинг ягона реестри ваколатли орган томонидан юритилади.
21. Туристик кластерларнинг ягона реестрида қуйидагилар кўрсатилади:
туристик кластерлар тўғрисидаги асосий маълумотлар;
туристик кластер мақоми берилган сана ва тартиб рақами;
туристик кластерлар томонидан кўрсатиладиган туристик хизматлар турлари ва бошқалар.
22. Туристик кластерларнинг ягона реестрида мавжуд бўлган маълумотлар ваколатли органнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.
5-боб. Якунловчи қоидалар
23. Туристик кластерлар фаолиятини назорат қилиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
24. Мазкур Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.
25. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Туристик кластерларни ташкил этиш ва уларга туристик кластер мақомини бериш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА
Туристик кластерларни ташкил этиш ва уларга туристик кластер мақомини бериш
СХЕМАСИ

Субъектлар

Тадбирлар

Бажариш муддати

Ариза берувчи

(тадбиркорлик субъекти)

Туризм қўмитасига электрон шаклда ёки почта орқали ариза билан мурожаат қилади.

Ариза берувчининг хоҳишига кўра

Туризм қўмитасининг ҳудудий бошқармаси

1. Ариза берувчини хабардор қилган ҳолда, тегишли туристик объектнинг ушбу Низом талабларига мос келишини жойига чиққан ҳолда ўрганади.

7 иш куни ичида

2. Ўрганиш натижаси бўйича туристик объектнинг белгиланган талабларга мос келиши (келмаслиги) ҳақида хулоса тайёрлайди ҳамда комиссияга кўриб чиқиш учун тақдим этади.

3 иш куни ичида

Комиссия

1. Ҳудудий бошқарма томонидан тақдим этилган хулосани кўриб чиқиб, ариза берувчига туристик кластер ташкил этиш ҳамда туристик кластер мақомини бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

5 иш куни ичида

2. Туристик кластер ташкил этиш ҳамда туристик кластер мақомини беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилган тақдирда, камчиликларни бартараф этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқади ва ариза берувчига юборади.

3 иш куни ичида

Туризм қўмитаси

Комиссиянинг қарорига асосан тадбиркорлик субъектига туристик кластер ташкил этиш ҳамда туристик кластер мақомини бериш тўғрисидаги гувоҳномани беради.

3 иш куни ичида

Туристик кластерларни ташкил этиш ва уларга туристик кластер мақомини бериш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА

Туристик кластер мақомини олиш учун

ариза
 

1.

Ариза берувчи тадбиркорлик субъектининг номи:

Шу жумладан,

а) меҳмонхона (жойлаштириш) хизматини кўрсатувчи

б) транспорт хизматини кўрсатувчи

в) туроператор хизматини кўрсатувчи

г) савдо ва сервис хизматини кўрсатувчи

2.

Ариза берувчи тадбиркорлик субъектларининг лицензия (сертификат) рақами ва санаси

3.

Туристик кластер номланиши

4.

Туристик кластер жойлашуви

(харита бўйича кенглик ва узунлик)

5.

Майдони (гектар)/сиғими (нафар)

6.

Манзили

7.

Туристик кластер мақомини олиш учун амалга оширилган ишлар

8.

Тегишли ҳудудда кўрсатиладиган туризм хизматларининг рўйхати

9.

Туристик кластерни ривожлантиришнинг истиқболли режаси мавжудлиги ва унинг қисқача мазмуни

________________________________________________________

__________

Ариза берувчи тадбиркорлик субъекти раҳбари ёки вакилининг Ф.И.О.имзоси

М.Ў
 

20___ йил «___»_________

Туристик кластерларни ташкил этиш ва уларга туристик кластер мақомини бериш тартиби тўғрисидаги низомга
3-ИЛОВА
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.01.2025 й., 09/25/915/0016-сон; 17.03.2026 й., 09/26/105/0244-сон)