toggle_night_mode
Ҳужжат 07.11.2024 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қарори
Ўқ отиш спорт турларини янада ривожлантириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Мамлакатимизда ўқ отиш, стенддан ўқ отиш ва пара ўқ отиш спорт турларини янада оммалаштириш, ёшларни маънавий-ахлоқий ва ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, улар орасидан спортчиларни саралаб олиш тизимини такомиллаштириш, ушбу спорт турлари бўйича замонавий спорт инфратузилмаларини яратиш ҳамда миллий терма жамоаларимизнинг нуфузли спорт мусобақаларида юқори натижаларга эришишини таъминлаш мақсадида:
1. Қуйидагилар ўқ отиш, стенддан ўқ отиш ва пара ўқ отиш спорт турларини (кейинги ўринларда — ўқ отиш спорт турлари) ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:
ўқ отиш спорт турларини оммалаштириш, иқтидорли спортчиларни аниқлаш, селекция қилиш ҳамда уларни профессионал спортчилар сифатида тайёрлашнинг барча босқичларини рақамлаштириш;
ўқ отиш спорт турлари бўйича профессионал тренерлар ва бошқа мутахассисларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш;
ўқ отиш спорт турлари бўйича замонавий спорт мажмуаларини барпо этиш, уларни замонавий спорт анжомлари ва жиҳозлари билан таъминлаш, мавжуд моддий-техник базани мустаҳкамлаш;
ўқ отиш спорт турлари бўйича спорт мусобақаларини тизимли ташкил этиб бориш.
2. Спорт вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон ўқ отиш спорти федерациясининг:
а) ҳарбий округ ва ҳарбий қисмлар зиммасига мос равишда ҳудудларда (вилоят, туман ва шаҳарларда) ўқ отиш спорт турларини ривожлантириш, иқтидорли спортчиларни аниқлаш ва саралаб олиш, уларни профессионал спортчилар сифатида тайёрлаш ҳамда ҳудудий терма жамоаларнинг республика спорт мусобақаларида юқори натижаларга эришишини таъминлаш вазифаларини юклаш;
б) олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказларида босқичма-босқич 10 м масофага ўқ отиш спорт базаларини ташкил этиш ҳамда уларни замонавий спорт анжомлари ва инвентарлари билан жиҳозлаш.
Бунда, олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказларида ўқ отиш спорт базаларини ташкил этиш ҳамда уларни замонавий спорт анжомлари ва инвентарлари билан жиҳозлаш уларнинг ҳақиқий эҳтиёжидан келиб чиқиб, Спорт вазирлиги томонидан тасдиқланадиган режа-жадвал асосида амалга оширилади;
в) Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларидаги (уларга туташ ҳудудлардаги) ҳарбий полигонлар ўқ отиш спорт базаларини Спорт вазирлиги тизимидаги давлат спорт-таълим муассасаларига 25 м ва 50 м масофага ўқ отиш бўйича амалий машғулотларни ўтказиш спорт базалари сифатида беғараз асосда бириктириш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
3. Қуйидагилар:
Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказларида ташкил этиладиган 10 м масофага ўқ отиш спорт базаларини жиҳозлаш учун харид қилинадиган спорт анжомлари ва жиҳозлари рўйхати 1-иловага мувофиқ;
Спорт вазирлиги тизимидаги давлат спорт-таълим муассасаларига бириктириладиган Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларидаги (уларга туташ ҳудудлардаги) ҳарбий полигонларнинг ўқ отиш спорт базалари рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Спорт вазирлиги Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон ўқ отиш спорти федерацияси билан биргаликда:
2025/2026 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида «Спорт фаолияти: ўқ отиш ва стенддан ўқ отиш» бакалавриат таълим йўналишини очиш;
ўқ отиш спорт турлари бўйича миллий терма жамоаларнинг тренерлари, селекционерлари, ҳакамлари ва бошқа мутахассислари касбий маҳоратини ошириб бориш мақсадида маҳаллий ва хорижий мутахассислар иштирокида семинар, тренинг ва маҳорат дарслари ўтказиб борилишини йўлга қўйиш;
фаолияти давомида намуна кўрсатган юқори тажрибага эга тренер ва мутахассислар малакасини ошириш, замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлишларини таъминлаш, улар учун халқаро миқёсда тажриба алмашиш имкониятини яратиб бериш мақсадида уларни миллий терма жамоаларнинг хорижда ўтказиладиган ўқув-машғулот йиғинлари ва халқаро мусобақаларга жалб этиш чораларини кўрсин.
5. Давлат хавфсизлик хизмати, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Спорт вазирлиги ва Ўзбекистон ўқ отиш спорти федерациясининг 2025 йилдан бошлаб ҳар йили анъанавий тарзда:
ҳарбийлаштирилган ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ўртасида ўқ отиш спорт турлари бўйича «Мерган» кубоги;
ўқ отиш спорт турлари бўйича белгиланган ёш тоифалари ўртасида Ўзбекистон чемпионатларини ўтказиб бориш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
Спорт вазирлиги Ўзбекистон ўқ отиш спорти федерацияси билан биргаликда ушбу мусобақаларни 2025 йил 1 январдан бошлаб Спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг республика календарь режасига киритсин.
6. Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилотининг туман (шаҳар)лардаги спорт мактабларида ўқ отиш спорт турларини ривожлантиришга услубий ва моддий-техник жиҳатдан кўмаклашиш тўғрисидаги ташаббуси қўллаб-қувватлансин.
Бунда:
туман (шаҳар)лардаги спорт мактабларида босқичма-босқич ўқ отиш спорт турлари бўйича спорт гуруҳлари ташкил этилади;
Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилотининг ҳудудлардаги мавжуд ўқ отиш спорт базалари туман (шаҳар)лардаги спорт мактаблари учун амалий машғулотларни ўтказиш спорт базалари сифатида беғараз асосда бириктирилади;
Мудофаа вазирлигига Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилотининг ҳудудларда ўқ отиш спорт турларини ривожлантириш ва оммалаштириш бўйича ташаббусли лойиҳаларини ижтимоий буюртма шаклида белгиланган тартибда молиялаштириб бориш ҳуқуқи берилади.
7. Спорт вазирлиги олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказлари ҳамда туман (шаҳар)лардаги спорт мактабларида спортчиларни тайёрлашга Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилотида меҳнат фаолиятини юритаётган ва юритиб келган тренерларни жалб қилиш чораларини кўрсин.
8. Мудофаа вазирлиги, Спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон ўқ отиш спорти федерациясининг Мудофаа вазирлигининг Чирчиқ шаҳридаги «Қибрай спорт мажмуаси» негизида ўқ отиш, стенддан ўқ отиш ва пара ўқ отиш бўйича Терма жамоалар марказини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
9. Белгилансинки:
Терма жамоалар маркази Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури маблағлари ҳисобидан барпо этилади;
Терма жамоалар маркази ўқ отиш спорт турлари бўйича терма жамоалар ва Мудофаа вазирлиги Олий спорт натижаларини ривожлантириш маркази учун ўқув-машғулотлари ҳамда спорт мусобақаларини ўтказиш бўйича Ўзбекистон ўқ отиш спорти федерациясининг асосий спорт базаси ҳисобланади;
Терма жамоалар марказининг қурилиш-монтаж ишлари фойдаланишга «тайёр ҳолда топшириш» шартлари асосида амалга оширилади.
Бунда, Терма жамоалар маркази барпо этилиб, фойдаланишга топширилгунга қадар Мудофаа вазирлиги Олий спорт натижаларини ривожлантириш марказининг Тошкент шаҳридаги ўқ отиш спорт иншооти терма жамоалар ва Ўзбекистон ўқ отиш спорти федерацияси амалий ўқув-машғулотларини олиб бориши учун беғараз асосда бириктирилади.
10. Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманидаги Ўртасарой посёлкасида жойлашган 99-сон ҳарбий шаҳарча ҳудудидаги қурилиш-монтаж ишлари тугалланмаган бино-иншоотлар туташ ер майдонлари билан бирга Ўзбекистон ўқ отиш спорти федерациясига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида берилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
11. Мудофаа вазирлиги:
а) икки ой муддатда:
Ўзбекистон ўқ отиш спорти федерацияси билан биргаликда 99-сон ҳарбий шаҳарча ҳудудидаги қурилиш-монтаж ишлари тугалланмаган бино-иншоотлар ҳамда туташ ер майдонларида замонавий ўқ отиш спорт комплексини ташкил этиш;
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Спорт вазирлиги билан биргаликда 2026-2027 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида Терма жамоалар марказини барпо этиш;
Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти билан биргаликда «Ватанпарвар» ташкилотининг ўқ отиш моддий-техник базасини яхшилаш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
б) ўқ отиш спорт базаларида ўқ отиш ва стенддан ўқ отиш бўйича пуллик хизматлар кўрсатишни жорий қилсин.
Бунда, пуллик хизматлар кўрсатишдан тушган маблағлар тўлиқ ҳажмда ўқ отиш спорт базаларини сақлаш ва уларни жиҳозлашга мақсадли йўналтирилади;
в) ҳарбийлаштирилган ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан биргаликда:
Қуролли Кучлар тизимида ўқ отиш спорт турларини оммалаштириш ва ривожлантириш ишларини амалга оширсин, шу жумладан ҳарбий хизматчилар ва ходимлар ўртасида мусобақаларни ташкил қилиб борсин;
ўқ отиш спорт турлари бўйича давлат спорт таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўқувчи-спортчиларни белгиланган тартибда ҳақиқий ҳарбий хизматни ўташ учун Қуролли Кучлар тизимига жалб қилиб боришни йўлга қўйсин.
12. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб:
умумий ўрта таълим муассасаларида чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқув дастурлари доирасида «Ўқотар ва пневматик спорт қуролларининг тактик-техник тавсифлари» амалий машғулотлари киритилади;
ўқотар ва пневматик спорт қуролларининг тактик-техник тавсифлари бўйича амалий машғулотларни ташкил этишда умумий ўрта таълим муассасаларига ўзлари бириктирилган ҳарбий қисм, муассасалар, ҳарбий полигонларнинг доимий жойлашув жойидаги ўқув-моддий базасидан беғараз асосда фойдаланишларига рухсат этилади.
13. Спорт вазирлигининг буюртманомалари (виза талабномалари)га кўра:
Ташқи ишлар вазирлиги ўқ отиш спорт турлари бўйича жалб этиладиган чет эллик спортчи, тренер ва бошқа мутахассислар, шунингдек, уларнинг оила аъзоларига кириш визаларини консуллик йиғимлари ва ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғимлар ундирилмасдан, зарур ҳолларда, Ислом Каримов номидаги «Тошкент» халқаро аэропортида белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин;
Ички ишлар вазирлиги ўқ отиш спорт турлари бўйича жалб этиладиган чет эллик спортчи, тренер ва бошқа мутахассислар, шунингдек, уларнинг оила аъзоларига белгиланган тартибда кўп марталик визалар расмийлаштирилиши (узайтирилиши) ҳамда Ўзбекистон Республикасида вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиниши ва унинг муддати узайтирилишини таъминласин;
Кейинги таҳрирга қаранг.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ўқ отиш спорт турлари бўйича чет эллик спортчи, тренер ва бошқа мутахассисларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқномалар берилишини (узайтирилишини) таъминласин.
14. Спорт вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
15. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб спорт вазири А.И. Икрамов ва Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби О.О. Касимов белгилансин.
Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси департаменти раҳбари О.Қ. Абдурахманов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2024 йил 4 ноябрь,
ПҚ-381-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 4 ноябрдаги ПҚ-381-сон қарорига
1-ИЛОВА
Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказларида ташкил этиладиган 10 м масофага ўқ отиш спорт базаларини жиҳозлаш учун харид қилинадиган спорт анжомлари ва жиҳозлари
РЎЙХАТИ

Т/р

Спорт анжоми (жиҳози) номи

Миқдори

(дона)

1.

Қоғозли нишон тўплами

8

2.

Электрон нишон тўплами

2

3.

Механик нишон ускунаси

8

4.

Ўқ отиш электрон машғулот тизими (SCATT)

1

5.

Пневматик тўппонча (Pardini K12)

3

6.

Пневматик тўппонча (Steyr EVO 10E)

3

7.

Пневматик милтиқ (Feinwerkbau 500)

3

8.

Пневматик милтиқ (Feinwerkbau 800)

3

9.

Пневматик милтиқ учун ўқ отиш махсус экипировкаси (базавий) тўплами

5

10.

Пневматик милтиқ учун устун

5

11.

Пневматик ўқ дорилар (4,5 мм калибрли)

90 000

Изоҳ:
1. Мазкур меъёрлар олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказларининг 10 м масофага ўқ отиш спорт базаларини жиҳозлаш бўйича энг кам талаблар ҳисобланади.
2. Жиҳозлаш Спорт вазирлигининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
3. Ҳомийлик хайриялари, маҳаллий бюджет маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қўшимча жиҳозлар харид қилиниши мумкин.
4. Спорт вазирлигига мазкур рўйхатга ўзгартириш киритиш ҳуқуқи берилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 4 ноябрдаги ПҚ-381-сон қарорига
2-ИЛОВА
Спорт вазирлиги тизимидаги давлат спорт-таълим муассасаларига бириктириладиган Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларидаги (уларга туташ ҳудудлардаги) ҳарбий полигонларнинг ўқ отиш спорт базалари
РЎЙХАТИ

Т/р

Ҳудуд

Бириктириладиган ҳарбий полигон

Жиҳозлаш муддати

1.

Тошкент шаҳри

Олий спорт натижаларини ривожлантириш маркази ўқ отиш спорт базаси

2026 й.

2.

Қорақалпоғистон Республикаси

Нукус полигони

2026 й.

3.

Андижон вилояти

Андижон умумқўшин полигони

2026 й.

4.

Бухоро вилояти

Бухоро умумқўшин полигони

2027 й.

5.

Жиззах вилояти

Фориш тоғ полигони

2027 й.

6.

Қашқадарё вилояти

Нуристон умумқўшин полигони

2026 й.

7.

Навоий вилояти

Марказий ҳарбий округ Каттақўрғон полигони

2027 й.

8.

Наманган вилояти

Ғурумсарой дала ўқув майдони

2026 й.

9.

Самарқанд вилояти

Сазағон умумқўшин полигони

2026 й.

10.

Сирдарё вилояти

Ангрен полигони

2026 й.

11.

Сурхондарё вилояти

Термиз умумқўшин полигони

2026 й.

12.

Тошкент вилояти

Ангрен полигони

2026 й.

13.

Фарғона вилояти

Фарғона полигони

2026 й.

14.

Хоразм вилояти

Янгиариқ полигони

2027 й.

Изоҳ:
1. Ҳарбий полигонларнинг ўқ отиш спорт базаларини жиҳозлаш Мудофаа вазирлиги маблағлари ҳамда Ўзбекистон ўқ отиш спорти федерациясига ажратиладиган ҳомийлик маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
2. Ҳарбий полигонларнинг ўқ отиш спорт базаларини жиҳозлашда уларни 25 м ва 50 м масофага ўқ отиш бўйича мослаштиришга алоҳида эътибор қаратилади.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.11.2024 й., 07/24/381/0896-сон; 10.06.2026 й., 06/26/109/0580-сон)