«Ўзбекистон — 2030» стратегияси ижросини таъминлаш, шу жумладан, маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, фарзанд тарбияси, оила ва хотин-қизлар маънавиятини янада юксалтириш, фаол ва ташаббускор аёлларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш ҳамда хотин-қизлар фаолларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
[ОКОЗ:
1.01.00.00.00 Конституциявий тузум / 01.06.00.00 Инсон ва фуқаронинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари / 01.06.10.00 Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар;
2.04.00.00.00 Оила қонунчилиги / 04.08.00.00 Оила, оналик, оталик ва болаликни ҳимоя қилиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш]
1. Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси (кейинги ўринларда — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси) ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг 2024 йил 1 сентябрдан бошлаб қуйидагиларни жорий этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин:
а) «Оқила аёллар» ҳаракатининг фаол ва ташаббускор аъзоларини Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси ҳамда «Маърифат» тарғиботчилар жамиятига ажратилган маблағлар ҳисобидан ҳар олти ой (ярим йиллик) якунига кўра меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг бир баравари миқдорида рағбатлантириш. Бунда:
республика, ҳудудий ва туман (шаҳар)лардаги «Оқила аёллар» ҳаракати фаолиятининг натижаларини Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари йиғилишларида ҳар олти ойда (ярим йилликда) бир маротаба муҳокама қилиб, фаолият самарадорлиги натижаларига кўра юқори кўрсаткичга эришган «Оқила аёллар» ҳаракатининг энг фаол ва ташаббускор аъзолари аниқланади;
«Оқила аёллар» ҳаракатининг энг фаол ва ташаббускор аъзолари (республика даражасида 10 нафар, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар даражасида 3 нафардан, туман (шаҳар)лар даражасида 2 нафардан) рағбатлантирилади;
[ОКОЗ:
1.05.00.00.00 Меҳнат ва аҳолининг бандлиги тўғрисидаги қонунчилик / 05.05.00.00 Меҳнат интизоми / 05.05.03.00 Меҳнатни рағбатлантириш. Турлари ва қўллаш тартиби]
б) маҳалладаги хотин-қизлар фаоллари ишининг самарадорлик кўрсаткичларини баҳолаш натижаларига асосан Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари, ҳомийлик хайриялари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан ҳар олти ой (ярим йиллик) якуни бўйича энг юқори натижаларга эришган 300 нафар хотин-қизлар фаолларини меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг бир баравари миқдорида рағбатлантириш.
[ОКОЗ:
1.02.00.00.00 Давлат бошқаруви асослари / 02.03.00.00 Республика давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бошқаруви органлари / 02.03.03.00 Қўмиталар]
Бунда энг юқори натижаларга эришган хотин-қизлар фаолларини рағбатлантириш тартиби Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан белгиланади.
2. Оила ва хотин-қизлар қўмитаси Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси тизимидаги ходимлар малакасини оширишни ташкил этишни таъминловчи электрон модулни ишлаб чиқсин.
Белгилансинки, электрон модулни ишлаб чиқиш билан боғлиқ харажатлар Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармасига ажратилган маблағлар доирасида молиялаштирилади.
[ОКОЗ:
1.01.00.00.00 Конституциявий тузум / 01.06.00.00 Инсон ва фуқаронинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари / 01.06.10.00 Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар;
2.01.00.00.00 Конституциявий тузум / 01.18.00.00 Жамоатчилик назорати;
3.04.00.00.00 Оила қонунчилиги / 04.08.00.00 Оила, оналик, оталик ва болаликни ҳимоя қилиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш]
3. «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Оила ва хотин-қизлар қўмитаси билан биргаликда жамоатчилик назорати доирасида давлат органлари ва ташкилотларида уч йиллик режа асосида гендерга оид аудит ўтказилиши инобатга олинсин. Бунда:
гендер аудит ўтказишнинг натижаларига кўра ходимлари сонининг 30 фоизи хотин-қизлардан иборат бўлган ҳамда марказий аппарат раҳбари ёки унинг ўринбосарларидан бири аёл бўлган давлат ташкилотлари рўйхатини шакллантириш ва уларни қўшимча рағбатлантириш, оммавий ахборот воситалари орқали эътироф этиш чоралари кўрилади;
давлат хизматларини кўрсатиш, таълим, илм-фан, спорт ҳамда соғлиқни сақлаш, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар яратилади;
хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар етарли даражада таъминланмаган вазирлик ва идоралар, корхона ва ташкилотларда гендерга доир комплекс ёндашувни босқичма-босқич жорий этишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилади;
аниқланган муаммолар ва уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар ҳар ярим йилда Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссиясига киритиб борилади.
[ОКОЗ:
1.21.00.00.00 Ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича комплекс тусдаги ҳужжатлар / 21.03.00.00 Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари]
4. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
5. Оила ва хотин-қизлар қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари З.Б. Махкамова зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 24 август,
527-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 24 августдаги 527-сон қарорига
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 31 мартдаги 145-сон қарорида:
«7. «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган (қарамоғида I гуруҳ ногиронлиги бўлган фарзандлари ёшидан қатъи назар) фарзандларига даволаш, дори воситалари олиб бериш ёки мураккаб жарроҳлик амалиётлари учун маблағ зарур бўлган ҳолатларда туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаси хулосаси ва сектор раҳбари тавсияси билан тиббий муолажа харажатлари «Аёллар дафтари» жамғармаси ва Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўлаб берилади.
2024 йил 1 ноябрдан бошлаб хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларга ўз салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариши учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш мақсадида оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш харажатлари Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади»;
«2. Ҳаракат Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси (кейинги ўринларда — Қўмита), Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар оила ва хотин-қизлар бошқармаларида ҳамда туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимлари ҳузурида доимий асосда фаолият юритувчи юридик шахс бўлмаган жамоатчилик тузилмаси ҳисобланади.»;