Тошкент шаҳар болалар кўп тармоқли шифохонасини ташкил этиш тўғрисида
LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 27 декабрдаги 890-сонли «Тошкент шаҳар кўп тармоқли шифохонасини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволашга мўлжалланган махсус Зангиота 2-сон шифохонасининг бўш турган бино ва иншоотларидан самарали фойдаланиш ҳамда 18 ёшгача бўлган болалар учун замонавий, юқори технологик, ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, коронавирус бўйича эпидемиологик вазиятнинг ёмонлашиш эҳтимоли белгиларини ўз вақтида аниқлаш ва касалланиш хавфини камайтириш, беморларга малакали тиббий ёрдам кўрсатишга қаратилган профилактик ҳамда эпидемияга қарши кечиктириб бўлмайдиган зарур тадбирларни амалга ошириш мақсадида Коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволашга мўлжалланган махсус Зангиота 2-сон шифохонаси (кейинги ўринларда — «Зангиота-2» шифохонаси) ташкил этилганлиги;
эпидемиологик вазиятнинг барқарорлашуви муносабати билан «Зангиота-2» шифохонасида коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни қабул қилиш тўхтатилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлигининг «Тошкент» МФЙ Янги айланма йўли манзилида жойлашган «Зангиота-2» шифохонаси фаолиятини тугатиш ва унинг ўрнида Давлат бюджетидан молиялаштириладиган давлат муассасаси шаклидаги 500 ўрнига мўлжалланган Тошкент шаҳар болалар кўп тармоқли шифохонасини (кейинги ўринларда — Болалар шифохонаси) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
[ОКОЗ:
1.03.00.00.00 Фуқаролик қонунчилиги / 03.08.00.00 Мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар / 03.08.07.00 Бошқа ашёвий ҳуқуқлар / 03.08.07.02 Оператив бошқариш ҳуқуқи]
Бунда «Зангиота-2» шифохонасининг бино ва иншоотлари тегишли ҳудуди билан биргаликда Болалар шифохонасига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул берилади.
2.14.00.00.00 Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия. Спорт. Туризм / 14.01.00.00 Соғлиқни сақлаш / 14.01.03.00 Аҳолига даволаш-профилактика ёрдами кўрсатиш / 14.01.03.06 Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш]
3. Куйидагилар Болалар шифохонасининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
18 ёшгача бўлган болаларда зарур тиббий текширувларни ўтказиш, уларга юқори малакали тиббий-консультатив ҳамда ихтисослаштирилган стационар ёрдамини кўрсатиш;
Тошкент шаҳар тиббиёт муассасалари амалиётига замонавий тиббиёт технологиялари ва бошқарув усулларини жорий этишда кўмаклашиш;
тиббиёт ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишда иштирок этиш.
[ОКОЗ:
1.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.05.00.00 Республика бюджети / 07.05.05.00 Бюджет ташкилотлари ва муассасаларини молиялаштириш]
4. Қуйидагилар Болалар шифохонаси фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
5. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:
а) икки ҳафта муддатда:
Болалар шифохонасининг уставини тасдиқласин ва белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;
Болалар шифохонасининг тузилмаси ҳамда уни жиҳозлаш табелини ишлаб чиқиб, тасдиқласин;
б) бир ой муддатда:
Болалар шифохонасининг фаолиятини йўлга қўйиш учун зарур бўладиган жиҳозлар ҳамда тиббий техника билан таъминлаш чораларини кўрсин;
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан биргаликда Болалар шифохонасининг тиббиёт ҳамда бошқа ходимлари штат меъёрларини тасдиқласин.
[ОКОЗ:
1.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.05.00.00 Республика бюджети / 07.05.05.00 Бюджет ташкилотлари ва муассасаларини молиялаштириш]
6. Белгилансинки, Болалар шифохонасини сақлаш билан боғлиқ харажатлар 2024 йилда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига республика бюджетидан ажратилган маблағлар доирасида амалга оширилади.
Бунда мазкур маблағлар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Давлат тиббий суғурта жамғармасига ўтказиб берилади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2025 йилдан бошлаб Болалар шифохонасини сақлаш фаолияти ҳамда эҳтиёждан келиб чиқиб, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг таклифлари асосида қўшимча шифо ўринларини ташкил этиш билан боғлиқ зарур маблағларни Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда назарда тутсин.
7. Тошкент шаҳар ҳокимлиги 2024 йил 1 сентябрга қадар Болалар шифохонасининг бино ва иншоотларида зарур қурилиш ҳамда таъмирлаш ишларини ўтказиш орқали уни болаларга тиббий ёрдам кўрсатишга мослаштириш чораларини кўрсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Зангиота махсус шифохоналари бино ва иншоотларидан фойдаланиш дирекциясини тугатиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
Бунда Дирекцияда сақланаётган штат бирликларини, заруратга кўра, коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволашга мўлжалланган махсус Зангиота 1-сон шифохонасига ажратиш йўли билан фаолият кўрсатаётган ходимлар иш билан таъминланади.
10. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири в.б. А.А. Худаяров ҳамда Тошкент шаҳар ҳокими Ш.Б. Умурзаков зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 24 июль,
446-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 24 июлдаги 446-сон қарорига
1-ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 24 июлдаги 446-сон қарорига
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматнинг ўз кучини йўқотган деб ҳисобланаётган айрим қарорлари
РЎЙХАТИ
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволашга мўлжалланган махсус «1-сон Зангиота» ва «2-сон Зангиота» шифохоналари бино ва иншоотларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 3 августдаги 491-сон қарори.
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Тошкент шаҳар болалар кўп тармоқли тиббиёт марказини ташкил этиш тўғрисида» 2022 йил 4 майдаги 232-сон қарори.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.07.2024 й., 09/24/446/0547-сон)