Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
Миллий валюта — сўмнинг ички эркин муомалада бўлишини таъминлаш, хорижий инвестицияларни жалб этиш учун қулай шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида 1994 йил 15 октябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг резидентлари бўлган ва резидентлари бўлмаган юридик ва жисмоний шахслар ўртасидаги барча тўловлар ва ҳисоб-китоблар фақат миллий валютада — сўмда амалга оширилиши керак, қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Ўзбекистон Peспубликаси ва хорижий давлатларнинг жисмоний шахслари ўзларининг валюта счётлари ва банклардаги омонатларидан маблағларни, шунингдек, улар бўйича фоизларни чет эл валютасида ёки сўмда белгиланган тартибда олиш ҳуқуқига эгадирлар. Юридик шахсларга республика ҳудудида ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун вакил қилинган банкларда сўмларда ҳисоб-китоб счётлари очиш тавсия қилинсин.
2. 1994 йил 15 октябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида эркин муомаладаги валюта (ЭМВ) да савдо қилиш ва хизматлар кўрсатиш, шу жумладан хорижий фуқароларга, тақиқлансин, қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Эркин муомаладаги валютага сотиб олинган товарларни сотувчи савдо корхоналари ва ташкилотлари, бошқа юридик ва жисмоний шахслар нархномаларда товарнинг эркин муомаладаги чакана нархини кўрсатсинлар ҳамда амалдаги валюта алмашиш курси кўрсаткичларини албатта илиб қўйсинлар.
3. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига вакил қилинган банклар ва Ўзбекистон республика валюта биржаси аъзолари сонини кенгайтириш, валюта обороти миқдорларини ҳар томонлама кўпайтириш чораларини кўриш тавсия қилинсин. Юридик ва жисмоний шахсларнинг валюта алмаштириш бўйича савдоларда вакил қилинган тегишли банклар орқали қатнашишлари мақсадга мувофиқ деб ҳисоблансин.
4. Вазирлар Маҳкамаси 1994 йил 21 июлдаги 379-сон қарорининг
5-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазирнинг ўринбосари Б.С. Ҳамидов зиммасига юклансин.