1.10.00.00.00 Ташқи иқтисодий фаолият. Божхона иши / 10.09.00.00 Алоҳида турдаги маҳсулотлар, валюта ва транспорт воситаларини олиб кириш ва олиб чиқиш / 10.09.04.00 Портловчи моддалар ва бошқа хавфли юкларни олиб кириш ва олиб чиқиш;
2.11.00.00.00 Атроф табиий муҳит ва табиий ресурслар / 11.01.00.00 Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш бўйича умумий масалалар / 11.01.10.00 Экологик сертификатлаштириш;
3.11.00.00.00 Атроф табиий муҳит ва табиий ресурслар / 11.02.00.00 Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик хавфсизликни таъминлаш / 11.02.03.00 Ишлаб чиқариш ва маиший чиқиндилар]
ЭКОЛОГИК ХАВФЛИ МАҲСУЛОТЛАР ВА ЧИҚИНДИЛАРНИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИГА ОЛИБ КИРИШНИ ВА УЛАРНИ УНИНГ ҲУДУДИДАН ОЛИБ ЧИҚИШНИ ТАРТИБГА СОЛИШ ТЎҒРИСИДА
LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 16 февралдаги 75-сонли «Экологик хавфли маҳсулотлар ва чиқиндиларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ва республика ҳудудидан олиб чиқиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан 2021 йил 1 майдан ўз кучини йўқотади.
Вазирлар Маҳкамасининг «1999—2005 йилларда Ўзбекистон Республикасининг атроф муҳитни муҳофаза қилиш ишлари дастури тўғрисида» 1999 йил 20 октябрдаги 469-сон қарорига мувофиқ ва Ўзбекистон Республикасига хавфли чиқиндиларни, потенциал токсик ва кучли таъсир қилувчи зарарли моддаларни олиб киришни ва уларни олиб чиқишни ҳамда унинг ҳудуди орқали транзит қилишни бартараф этиш мақсадида, шунингдек, экологик сертификация тизимини ташкил этиш ҳисобига мамлакат иқтисодиётининг жаҳон бозорига интеграциялашувини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Мажбурий экологик сертификатланиши зарур бўлган маҳсулотлар ва чиқиндилар номенклатураси 1-иловага* мувофиқ;
1-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 30 январдаги 43-сонли қарорига асосан 2021 йил 1 майдан чиқарилади.
Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни экологик сертификациядан ўтказиш ва экологик хавфли маҳсулотлар ҳамда чиқиндиларни унинг ҳудудига олиб кириш ва унинг ҳудудидан олиб чиқишни бошқариш тартиби 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси 2 ой муддатда:
маҳсулотнинг экологик хавфсизлигини белгиловчи кўрсаткичлар ва меъёрлар рўйхатини ишлаб чиқсин;
манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда экологик хавфли маҳсулотлар ва чиқиндиларни республика ҳудудига олиб кириш, унинг ҳудудидан транзит қилиш ва олиб чиқишда ўзаро ҳамкорлик қилишга доир ҳужжатларни тайёрласин ва белгиланган тартибда тасдиқласин.
3. Вазирликлар ва идоралар Ўзбекистон Республикаси Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси томонидан белгиланган меъёрларни ҳисобга олган ҳолда маҳсулотлар учун меъёрий ҳужжатларга экологик хавфсизликка нисбатан талаблар киритиш ишларини белгиланган тартибда амалга оширсинлар.
4. «Ўздавстандарт» маркази экологик хавфли маҳсулотлар учун меъёрий ҳужжатларни рўйхатга олишни Ўзбекистон Республикаси Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси билан келишган ҳолда амалга оширсин.