1.10.00.00.00 Ташқи иқтисодий фаолият. Божхона иши / 10.01.00.00 Ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги умумий қоидалар / 10.01.01.00 Умумий масалалар. Ташқи иқтисодий алоқалар субъектлари]
[ТСЗ:
1.Ташқи иқтисодий фаолият. Божхона / Ташқи иқтисодий фаолиятни давлат томонидан тартибга солиш]
Ўзбекистон Республикасининг қонуни
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ТАШҚИ ИҚТИСОДИЙ ФАОЛИЯТИ ТЎҒРИСИДА
LexUZ шарҳи
Мазкур Қонун янги таҳрирда қабул қилинган. Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 26 майдаги 77-II-сон «Ўзбекистон Республикасининг Ташқи иқтисодий фаолияти тўғрисида»ги Қонунига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонунига қаранг.
Ушбу Қонун Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолиятининг асосий қоидаларини ва бу фаолиятни амалга ошириш тартибини белгилайди. Қонун мулкчилик шаклларидан қатъи назар, ташқи иқтисодий алоқалар қатнашчиларининг ҳуқуқлари, манфаатлари ва мол-мулки халқаро ҳуқуқнинг ҳамма томонидан эътироф этилган нормаларига мувофиқ муҳофаза қилинишини таъминлайди, республика иқтисодиёти жаҳон иқтисодий системасига самарали равишда қўшилиши учун ҳуқуқий асос яратиб беради.
Ушбу Қонун ташқи иқтисодий алоқаларнинг барча турлари ва шаклларига, шу жумладан иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорликка, кадрлар тайёрлашга, ташқи савдо ва чегара савдосига, суғурта, банк, транспорт операцияларига, сайёҳликка ва халқаро иқтисодий муносабатлар соҳасидаги бошқа фаолиятга нисбатан амал қилади.
I БЎЛИМ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1-модда. Ташқи иқтисодий фаолият
Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолияти деганда Ўзбекистон Республикаси давлат идораларининг, юридик ва жисмоний шахсларининг хорижий давлатлар, уларнинг юридик ва жисмоний шахслари, халқаро ташкилотлар билан ташқи иқтисодий ҳамкорлик ўрнатишга, бундай ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган жами амалий ҳаракатлари тушунилади.
2-модда. Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолиятнинг субъекти сифатида
Ўзбекистон Республикаси тасарруфига:
ташқи иқтисодий фаолиятни ташкил этишнинг қонун асосларини белгилаш;
ташқи иқтисодий сиёсатни, шу жумладан валюта-кредит сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, Ўзбекистон Республикаси валюта фондини шакллантириш ва ундан фойдаланиш;
ташқи иқтисодий иқтисодий фаолият соҳасида халқаро шартномалар тузиш ва уларни ижро этиш;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида республиканинг, унинг юридик шахслари ва фуқароларининг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш;
республика ҳудудида чет эллик инвесторлар фаолияти учун ҳуқуқий кафолатларни белгилаш;
Ўзбекистон Республикаси номидан халқаро иқтисодий ташкилотлар ва бирлашмаларда вакиллик қилиш;
Ўзбекистон Республикаси Конституциясидан келиб чиқадиган бошқа ваколатлар киради.
3-модда. Ўзбекистон Республикасининг ССР Иттифоқи, бошқа иттифоқдош республикалар билан ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги ўзаро муносабатлари
Ўзбекистон Республикаси ўзининг ташқи иқтисодий сиёсатини Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши қабул қилган қонун ҳужжатларига мувофиқ мустақил белгилайди, ССР Иттифоқи ва иттифоқдош республикалар билан ташқи иқтисодий фаолиятини шартномалар ва битимлар асосида мувофиқлаштиради.
Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолиятни ягона валюта-молия системаси ва СССР бож қонунлари негизида амалга оширади.
Ҳамма турдаги ресурслар, халқ хўжалигининг барча тармоқлари ва соҳаларида яратиладиган товарлар ҳамда кўрсатиладиган хизмат, қимматбаҳо қоғозлар, фан-техника маҳсулотлари, интеллектуал ва бошқа бойликлар. Ўзбекистон Республикасида ташқи иқтисодий фаолиятнинг объектларидир, Ўзбекистон Республикаси ва СССР қонунлари билан ташқи иқтисодий фаолиятда фойдаланиш ман этиладиган объектлар бундан мустасно.
Мулкчиликнинг шаклларидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасида ташқи иқтисодий алоқаларнинг иштирокчилари сифатида рўйхатга олиниб, республика ҳудудида ёки унинг ташқарисида иш олиб бораётган юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан ажнабий юридик ва жисмоний шахслар, халқаро ташкилотлар Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолиятининг субъектлари бўлиши мумкин.
Ташқи иқтисодий алоқалар субъектларини рўйхатга олиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. Рўйхатга олишни рад этиш конкрет иқтисодий ёки бошқа ҳисоб-китоблар ва далиллар билан асослаб берилиши керак.
7-модда. Ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга соладиган қонун нормалари ва бошқа нормалар
Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ муносабатлар ушбу Қонун, Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатлари, ССР Иттифоқи ихтиёрига берилган масалаларда ССР қонунлари, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ҳамда битимлари, шунингдек халқаро нормалар, қоидалар ва шартлар билан тартибга солинади.
8-модда. Қорақалпоғистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги ваколатлари
Қорақалпоғистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги ваколатлари Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикаси қонунлари билан белгиланади.
9-модда. Ташқи иқтисодий фаолият субъектларининг ҳуқуқлари
Мулкчиликнинг шакллари ва ташқи иқтисодий фаолиятнинг турларидан қатъи назар, ташқи иқтисодий фаолиятнинг барча субъектлари ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда тенг ҳуқуқларга эгадир.
Ташқи иқтисодий фаолиятнинг ҳар бир субъекти амал қилиб турган қонунлар доирасида ташқи иқтисодий алоқалардаги ўз иштирокининг турлари, шакллари ва йўналишларини мустақил белгилаши, ўз хоҳишига қараб ташқи иқтисодий фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган юридик ва жисмоний шахсларни белгиланган тартибда шартнома асосида ёки бошқача тарзда ҳақ тўлаб ёхуд тўламасдан жалб этиши мумкин.
Ташқи иқтисодий фаолиятининг ҳар бир субъекти Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ ташқи иқтисодий фаолиятнинг натижаларига, шу жумладан чет эл валютасидаги даромадга эгалик қилишга, улардан фойдаланишга ва уларни тасарруф этишга ҳақлидир. Унинг қарорига кўра ташқи иқтисодий фаолиятнинг натижаларига эгалик қилиш, улардан фойдаланиш ва уларни тасарруф этиш ҳуқуқлари қонунларда белгиланган тартибда бошқа юридик ва жисмоний шахсларга ўтказилиши ёхуд уларга ишониб топширилиши мумкин. Ҳуқуқлар ана шу тарзда ўзгага ўтказиладиган тақдирда томонлар ўзаро муносабатларни шартномалар (битимлар) асосида тартибга оладилар.
10-модда. Ташқи иқтисодий фаолият субъектларининг вазифалари
Ташқи иқтисодий фаолият субъекти:
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амал қилиб турган қонун нормалари ва ўзга нормаларга, ҳамма томонидан эътироф этилган халқаро нормалар ва қоидаларга риоя этиши;
белгиланган тартибда ташқи иқтисодий алоқаларнинг иштирокчиси сифатида рўйхатдан ўтиши ҳамда бухгалтерия ва статистика ҳисоботларини тақдим этиши;
халқаро ҳамкорлик доираларида бажарилаётган ишлар, қидирув ишлари лойиҳаларининг санитария-гигиена, экология талаблари ва бошқа талабларга мувофиқлиги ҳақида экспертиза хулосасини олиши;
рўйхати Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган ташқи иқтисодий фаолиятнинг айрим турларини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлиши шарт.
11-модда. Ўзбекистон Республикаси банкларининг ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишдаги иштироки
Ўзбекистон Республикасининг тўлов балансини тартибга солиш, чет эл валютасидаги маблағларни жалб этиш ва жойлаштириш билан боғлиқ халқаро валюта-кредит ҳамда ҳисоб-китоб операцияларининг тартиби Ўзбекистон Республикаси қонунлари билан белгиланади.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ташқи иқтисодий фаолият субъектларига хизмат кўрсатиш бўйича ҳисоб-китоб-кредит, касса операциялари ва бошқа операциялар Ўзбекистон Республикаси давлат банкининг лицензиялари бўйича ажнабий юридик ва жисмоний шахслар учун сўм билан юритиладиган ҳисоб рақамлари, совет фуқаролари учун эса валюта билан юритиладиган ҳисоб рақамларини очиш ҳуқуқига эга бўлган тижорат банклари, бошқа банклар ва банк муассасалари томонидан амалга оширилади.
12-модда. Ўзбекистон Республикаси ва ССР Иттифоқи ҳудудидан ташқаридаги иқтисодий фаолият
Ўзбекистон Республикасининг юридик шахслари ва айрим фуқаролари Ўзбекистон Республикаси ва ССР Иттифоқи ҳудудидан ташқарида ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш, шу жумладан юридик шахс ҳуқуқига эга бўлган корхоналар, шунингдек шуъбалар, ваколатхоналар ва бошқа алоҳида бўлинмалар барпо этишга ҳақлидирлар. Уларни очиш ва улар фаолиятини тўхтатиш Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси томонидан, шунингдек ҳудудида бу корхоналар иш олиб борадиган давлатнинг қонунлари билан белгиланади.
Ўзбекистон Республикасининг, унинг юридик шахслари ва фуқароларининг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини таъминлаш, ташқи иқтисодий фаолият соҳасида бевосита ўзаро фойдали алоқаларни ўрнатиш мақсадида хорижий давлатларда халқаро ташкилотлар ҳузурида Ўзбекистон Республикасининг савдо ёки ўзга ваколатхоналари ёҳуд СССРнинг савдо ёки бошқа ваколатхоналари ҳузурида республика ваколатхоналари таъсис этилиши мумкин. Бу ваколатхоналар ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси қонунларига, ўзлари тўғрисидаги низомга, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳамда ваколатхона жойлашган давлатлар иштирокчи бўлган халқаро шартномаларга амал қилади. Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги ваколатхоналари тўғрисидаги низомни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайди.
13-модда. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ажнабий субъектлар иштирокида ташқи иқтисодий фаолият
Ўзбекистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ чет эл инвестицияси иштирокидаги корхоналар, совет юридик шахслари ҳамда фуқаролари ва ажнабий юридик шахслар ҳамда фуқаролар иштирокида халқаро ташкилотлар тузилиши мумкин.
Чет давлатлар, фирмалар, банклар, халқаро ташкилотлар ҳамда ўзга юридик шахслар Ўзбекистон Республикасида ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширувчи ўз ваколатхоналарини, шуъбаларини ва ўзга тармоқ бўлинмаларини таъсис этишлари мумкин.
Уларни очиш ва улар фаолиятини тўхтатиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Ўзбекистон Республикасида эркин иқтисодий тадбиркорлик зоналари тузилиши мумкин. Бу тадбиркорлик зоналарида концессия шартномалари бўйича ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш шартлари Ўзбекистон Республикаси қонунлари билан белгиланади.
1.10.00.00.00 Ташқи иқтисодий фаолият. Божхона иши / 10.01.00.00 Ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги умумий қоидалар / 10.01.02.00 Ташқи иқтисодий фаолиятнинг бошқаруви]
III. ТАШҚИ ИҚТИСОДИЙ ФАОЛИЯТНИНГ ДАВЛАТ ТОМОНИДАН ТАРТИБГА СОЛИНИШИ
14-модда. Ташқи иқтисодий фаолиятни давлат томонидан тартибга солиш шакллари
Ташқи иқтисодий фаолиятни давлат томонидан тартибга солиш:
ташқи иқтисодий фаолият субъектларини рўйхатдан ўтказишни;
табақалаштирилган солиқлар ва имтиёзлар системасини, шу жумладан валюта бўйича ҳам белгилашни;
ташқи иқтисодий фаолиятни ахборот билан таъминлашнинг давлат системасини яратишни;
айрим минтақалар, тармоқлар ва корхоналарнинг ташқи иқтисодий фаолиятини амалга ошириш ва ривожлантириши учун дотациялар, субсидиялар, субвенциялар, бюджетдан қарз бериш тарзида молиявий ёрдам кўрсатишни, таваккалчиликни суғурта қилишни;
республика ташқи иқтисодий алоқаларининг турли шаклларини ривожлантиришга қаратилган аниқ мақсадли комплекс дастурларни ишлаб чиқиш, пул билан таъминлаш ва экспертиза қилишни;
СССР давлат чегараси орқали Ўзбекистон Республикасига олиб келинадиган ва Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиб кетиладиган товарлар ва бошқа мол-мулкларни ҳужжатлаштиришни;
маҳсулотни (ишларни, хизматларни) экспорт ва импорт қилиш тартибини белгилашни;
валюта ва бошқа фондлар маблағларини вужудга келтириш ва улардан фойдаланишни ўз ичига олади.
15-модда. Ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солиш соҳасида давлат идораларининг ваколатлари ва масъулияти
Ушбу Қонуннинг ижросини ташкил этишни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси ваколатли давлат идоралари орқали амалга оширади.
Бу идораларнинг ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари ва масъулияти амалдаги қонунлар билан белгиланади.
Ташқи иқтисодий фаолият субъектларининг хўжалик фаолиятига ҳокимият идоралари ва давлат бошқаруви идораларининг, шунингдек мансабдор шахсларнинг ўз ваколат доирасидан ортиқроқ даражада аралашувига йўл қўйилмайди.
16-модда. Валюта билан ўз харажатларини ўзи қоплаш
Ташқи иқтисодий фаолият субъектларининг барча валюта харажатлари уларнинг валюта тушумлари, шунингдек чет эл валютасини олишнинг қонунларда рухсат этилган бошқа манбаларидан келган маблағлар ҳисобидан таъминланади.
Ташқи иқтисодий фаолият субъектларининг ўз харажатларини валюта билан ўзи қоплаши улар иштирокида яратиладиган уюшмалар, консорциумлар ва бошқа бирлашмалар доирасида таъминланиши мумкин.
IV. ТАШҚИ ИҚТИСОДИЙ ФАОЛИЯТ СУБЪЕКТЛАРИ ҲУҚУҚЛАРИНИНГ КАФОЛАТИ ВА УЛАРНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ
17-моддаси. Ташқи иқтисодий фаолият субъектлари ҳуқуқ ва манфаатларининг кафолати
Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолият субъектларининг қонуний манфаатлари таъминланишига кафолат беради.
Ўзбекистон Республикасининг давлат идоралари ташқи иқтисодий фаолият субъектларининг ушбу Қонунда белгиланган ҳуқуқларини бузувчи ҳужжатлар қабул қилган тақдирда, уларда келтирилган зарар Ўзбекистон Республикаси қонунларига ва ҳамма томонидан эътироф этилган халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ суд тартибида шу идоралар томонидан ташқи иқтисодий фаолият субъектларига тўланади.
18-модда. Ташқи иқтисодий фаолиятни тўхтатиб туриш ва тўхтатиш
Ушбу Қонуннинг 6-моддасида белгилаб қўйилган субъектларнинг ташқи иқтисодий фаолияти уларни рўйхатга олган идоранинг тақдимномасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси томонидан 6 (олти) ойгача муддатга тўхтатиб турилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси қонунлари бузилган, субъект синган ҳолларда ҳамда рўйхати Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган бошқа асосларга кўра субъектларнинг ташқи иқтисодий фаолияти мустақил равишда ёки суд қарори билан тўхтатиб қўйилиши мумкин. Бундай ҳолларда зарарни қоплаш тартиби Ўзбекистон Республикаси қонунлари билан белгиланади.
Ташқи иқтисодий фаолиятни тўхтатиб туриш ёки тўхтатиш ҳақидаги қарор устидан суд тартибида шикоят берилиши мумкин.
19-модда. Ташқи иқтисодий фаолият субъектларининг жавобгарлиги
Ташқи иқтисодий фаолият субъектларининг мажбуриятлари бўйича Ўзбекистон Республикаси жавобгар бўлмайди. Ташқи иқтисодий фаолият субъектлари Ўзбекистон Республикаси мажбуриятлари бўйича жавобгар бўлмайдилар.
Шартнома мажбуриятларига риоя этмаган тақдирда ташқи иқтисодий фаолиятнинг субъектлари қонунларда ва тузилган шартномаларда кўзда тутилган мулкий ва бошқача жавобгар бўладилар.
Ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш натижасида келиб чиқадиган низолар судлар томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунларида ва ҳамма томонидан эътироф этилган халқаро ҳуқуқ нормаларида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
21-модда. Ташқи иқтисодий фаолият тўғрисидаги қонунларни бузганлик учун жавобгарлик
Ушбу Қонуннинг ва ташқи иқтисодий фаолият тўғрисидаги бошқа қонун ҳужжатларининг қоидаларини бузганлик учун айбдорлар Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ гражданлик-ҳуқуқий, маъмурий тартибда ва жиноий жавобгар бўладилар.