1.02.00.00.00 Давлат бошқаруви асослари / 02.03.00.00 Республика давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бошқаруви органлари / 02.03.02.00 Вазирликлар;
2.09.00.00.00 Тадбиркорлик ва хўжалик фаолияти / 09.17.00.00 Савдо / 09.17.02.00 Савдо соҳасини бошқариш;
3.10.00.00.00 Ташқи иқтисодий фаолият. Божхона иши / 10.01.00.00 Ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги умумий қоидалар / 10.01.02.00 Ташқи иқтисодий фаолиятнинг бошқаруви]
[ТСЗ:
1.Давлат ва жамият қурилиши / Давлат ҳокимияти органлари. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари;
2.Иқтисодиёт / Савдо ва хизматлар кўрсатиш;
3.Ташқи иқтисодий фаолият. Божхона / Ташқи иқтисодий фаолиятни давлат томонидан тартибга солиш]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
ТАШҚИ ИҚТИСОДИЙ ВА САВДО АЛОҚАЛАРИ, ХОРИЖИЙ ИНВЕСТИЦИЯЛАРНИ ЖАЛБ ЭТИШ СОҲАСИДА БОШҚАРУВ ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА
LexUZ шарҳи
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 апрелдаги ПФ-6218-сонли «Миллий қонунчилик базасини комплекс тизимлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Ташқи иқтисодий алоқаларни кенг ривожлантириш ва чуқурлаштириш, хорижий инвестицияларни жалб этишни фаоллаштириш ва хорижий сармоядорларга ишончли кафолатларни таъминлаш, ташқи савдони янада эркинлаштириш, мамлакатимиз товар ишлаб чиқарувчилари билан чет эл фирмалари ўртасидаги узоқ муддатли барқарор шериклик муносабатларини шакллантириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар агентлиги Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги этиб қайта ташкил қилинсин.
2. Қуйидагилар Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
ташқи иқтисодий фаолият, экспортни рағбатлантириш, хорижий инвестициялар жалб этиш, ташқи савдони эркинлаштириш, ташқи савдо алоқаларини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш соҳасида ягона давлат сиёсати ўтказилишини таъминлаш;
жаҳон товарлар (капиталлар, хизматлар) бозорларининг комплекс маркетинг тадқиқотларини амалга ошириш, ички ва ташқи бозорлар истиқболларини ҳамда самарадорлигини ҳисобга олган ҳолда уларнинг аҳволини чуқур таҳлил этиш ва ривожланишини прогноз қилиш, хорижий шериклар билан узоқ муддатли, барқарор савдо-иқтисодий муносабатларни ўрнатишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
иқтисодиётни ривожлантириш ва рақобатбардошлигини ошириш ҳамда унинг жаҳон иқтисодий тизимига интеграциялашуви бўйича амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, республиканинг экспорт салоҳиятини ривожлантириш дастурларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш, мамлакатимиз ташқи иқтисодий фаолият субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш;
Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлар, халқаро иқтисодий ва молиявий институтлар, бошқа халқаро ҳуқуқ субъектлари билан ўзаро манфаатли асосда иқтисодий ва молиявий ҳамкорлигини ривожлантиришни таъминлаш;
қулай инвестиция муҳитини шакллантиришга ва республика иқтисодиётига хорижий инвестициялар жалб этилишига кўмаклашиш, инвестиция лойиҳалари рўёбга чиқарилиши мониторингини амалга ошириш, хорижий инвесторларга зарур ахборот ёрдами кўрсатиш.
3. Ихтисослаштирилган ташқи савдо компаниялари фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда улар фаолияти самарадорлигини ошириш масалалари Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги зиммасига юклансин.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги этиб;
Агентликнинг вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ташқи иқтисодий алоқалар бўйича бошқармалари вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо бошқармалари этиб қайта ташкил қилинсин.
5. Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо бошқармалари тегишли равишда Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар агентлиги ҳамда агентлик минтақавий бошқармаларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланадилар.
6. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги хорижий инвестициялар ва кредитлар масалалари бўйича идоралараро кенгаш;
экспорт салоҳиятини ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича Республика кенгаши тугатилсин.
Тугатилаётган кенгашларнинг вазифалари Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги зиммасига юклансин.
7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2002 йил 21 октябрдаги «Ташқи иқтисодий алоқалар соҳасида бошқарув тизимини янада эркинлаштириш ва такомиллаштириш тўғрисида»ги ПФ-3151-сонли Фармони ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
8. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддатда амалдаги қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигини ташкил этиш ҳамда унинг фаолияти масалалари бўйича ҳукумат қарорини қабул қилсин.