toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Япония билан техник ҳамкорлик доирасида «Ўзбекистон-Япония маркази» лойиҳасини (V босқич) амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси ва Япония ўртасидаги савдо-иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантириш, шунингдек, 2019 йилнинг 17 — 20 декабрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг Японияга олий даражадаги ташрифи доирасида эришилган келишувларни амалга ошириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси ва Япония ўртасида икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 28 декабрдаги ПҚ-4553-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси «Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида»ги Қонуни.
1. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) ўртасида 2020 йил 10 июлда амалдаги «Ўзбекистон-Япония маркази (IV босқич)» лойиҳасининг амалга ошириш муддати 2020 йил 30 ноябрдан 2021 йил 30 ноябрга қадар узайтирилганлиги тўғрисида баённома имзоланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Япония халқаро ҳамкорлик агентлигининг (JICA) «Ўзбекистон-Япония маркази (V босқич)» лойиҳасини 3,8 млн АҚШ доллари миқдоридаги техник ёрдам маблағларини жалб қилган ҳолда 2025 йил 30 ноябргача амалга ошириш, шунингдек, келгусида Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) билан келишилган ҳолда лойиҳанинг кейинги босқичларини ҳам амалга ошириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 июндаги ПҚ-5152-сонли «Кўп квартирали уй-жойларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори.
Олдинги таҳрирга қаранг.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясига «Ўзбекистон-Япония маркази (V босқич)» лойиҳаси доирасида солиқ, коммунал ва бошқа харажатларни қоплаш учун қонунчиликка мувофиқ давлат субсидияси ажратиш тавсия этилсин.
(3-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 1 мартдаги 135-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 03.03.2025 й., 09/25/135/0208-сон)
Бунда Бухоро давлат университети биносида жойлашган Ўзбекистон-Япония маркази филиалининг коммунал тўловлар бўйича харажатлари университетнинг ўз маблағлари ҳисобидан қопланиши белгилансин.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2024 йил 28 октябрдаги 5005-IV/КҚ-842-IV-сонли «Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қўшма қарори.
4. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Ўзбекистон-Япония маркази нодавлат нотижорат ташкилоти билан биргаликда икки ҳафта муддатда ушбу марказнинг таълим ва педагогик фаолиятини такомиллаштириш, шунингдек, Ўзбекистон ва Япония хусусий секторлари ва давлат тузилмалари ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган бизнес платформасини яратиш бўйича амалий чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Ходжаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 22 август,
413-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.08.2023 й., 09/23/413/0646-сон; 03.03.2025 й., 09/25/135/0208-сон)