toggle_night_mode
Ҳужжат 05.07.2023 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
«Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида қуввати 500 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциясини, қуввати 334 МВт бўлган электр энергиясини сақлаш тизимини ҳамда унинг фаолиятини таъминлашга хизмат қилувчи подстанцияни қуриш (Sazagan Solar 1)» инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида
Аҳолини ва иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, электр энергияси ишлаб чиқаришда табиий газдан фойдаланишни камайтириш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш кўламини кенгайтиришга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш мақсадида:
1. Қуйидагилар:
а) «ACWA Power Company (Saudi Listed Joint Stock Company)» (Саудия Арабистони) компанияси томонидан (кейинги ўринларда — Инвестор) «Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида қуввати 500 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциясини, қуввати 334 МВт бўлган электр энергиясини сақлаш тизимини ҳамда унинг фаолиятини таъминлашга хизмат қилувчи подстанцияни қуриш (Sazagan Solar 1)» инвестиция лойиҳаси (кейинги ўринларда — Инвестиция лойиҳаси) доирасида Ўзбекистон Республикасида масъулияти чекланган жамият шаклидаги «ACWA Power Sazagan Solar 1» хорижий корхонаси (кейинги ўринларда — Лойиҳа компанияси) таъсис этилганлиги;
б) Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Инвестор ва Лойиҳа компанияси ўртасида 2023 йил 19 апрелда инвестиция битими (кейинги ўринларда — Инвестиция битими) имзоланганлиги ҳамда унга мувофиқ Инвестор ва Лойиҳа компанияси:
Инвестиция лойиҳасини амалга оширишнинг бутун даври мобайнида Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида қуввати 500 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциясини, қуввати 334 МВт бўлган электр энергиясини сақлаш тизимини лойиҳалаштириши, молиялаштириши, қуриши ҳамда эксплуатация қилиши;
юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларни ўз зиммаларига олган ҳолда, дастлабки баҳолаш бўйича жами 758 млн АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиши;
в) «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ ва Лойиҳа компанияси ўртасида 2023 йил 19 апрелда Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисида битим (кейинги ўринларда — Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битим) имзоланганлиги ҳамда унга мувофиқ:
Лойиҳа компанияси ишлаб чиқарилган электр энергиясини «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖга кафолатланган тарзда сотиш мажбуриятини олиши;
Лойиҳа компанияси қурилиш давридаги ўз мажбуриятлари лозим даражада бажарилишининг таъминоти сифатида 30 млн АҚШ доллари миқдорида биринчи даражали хорижий банк кафолатини тақдим этиши;
Инвестиция лойиҳаси доирасида фотоэлектр станциясини ягона электр энергияси тармоғига улаш учун подстанция ва ҳаво электр узатиш тармоқлари Лойиҳа компанияси томонидан қурилиши ҳамда ишга туширилгандан сўнг Лойиҳа компанияси уларни «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖга топшириш мажбуриятини олиши;
фотоэлектр станциясини ягона электр энергияси тармоғига улаш учун подстанция ва ҳаво электр узатиш тармоқлари Лойиҳа компанияси томонидан қурилиши ҳамда ушбу ишлар учун сарфланган харажатлар «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ томонидан 10 йил давомида ойлик тўловлар асосида қопланиши;
Инвестиция лойиҳаси доирасида электр энергиясини сақлаш тизими Лойиҳа компанияси томонидан қурилиши ҳамда ишга туширилгандан сўнг Лойиҳа компанияси унинг иш режимини Энергетика вазирлиги ҳузуридаги «Миллий диспетчерлик маркази» ДУКнинг диспетчерлик бошқаруви билан мувофиқлаштириш мажбуриятини ўз зиммасига олиши;
«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ 25 йил давомида электр энергиясини кафолатланган тарзда харид қилиш мажбуриятини олиши ва электр энергияси учун тўловни миллий валютада амалга ошириши маълумот учун қабул қилинсин.
2. Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида:
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Инвестор ва Лойиҳа компанияси ўртасида имзоланган Инвестиция битими тасдиқлансин;
«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ ва Лойиҳа компанияси ўртасида тузилган Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битим маъқуллансин.
3. Инвестиция битими ва Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битимга мувофиқ уларнинг амал қилиш муддати давомида электр энергиясининг сотиб олиниши, электр энергиясини сақлаш тизимининг фойдаланишга тайёр ҳолати учун ва ҳаво электр узатиш тармоқларини қуришга сарфланган харажатлар бўйича тўловлар чет эл валютасида деноминацияланган қатъий тариф бўйича амалга оширилиши белгилаб қўйилсин.
4. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Энергетика вазирлиги ҳамда «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖга Лойиҳа компанияси томонидан Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида имзоланган битимлар бўйича мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда, Лойиҳа компанияси ва Инвестор ҳуқуқини Инвестиция лойиҳасини молиялаштиришда иштирок этадиган бошқа кредиторларга тўғридан-тўғри ўтказиш юзасидан битимлар тузиш ҳуқуқи берилсин.
5. «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖга:
Лойиҳа компанияси билан биргаликда Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битимда белгиланган тартиб-таомилларга мувофиқ Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун халқаро мустақил инжиниринг компаниясини ва бошқа маслаҳатчиларни мажбурий экспертиза ўтказмаган ҳолда танлаб олишга ҳамда улар билан шартномалар тузишга;
Лойиҳа компанияси томонидан ишлаб чиқариладиган электр энергиясини уч ой мобайнида сотиб олиш мажбурияти бажарилишининг таъминоти сифатида Лойиҳа компанияси фойдасига чет эл банкининг чет эл валютасида тасдиқланган ва тикланадиган аккредитивини очишга рухсат берилсин.
6. Иқтисодиёт ва молия вазирига Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖнинг аккредитив очадиган хорижий банк олдидаги тўлов мажбуриятлари Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки ёки Европа тикланиш ва тараққиёт банки кафолати орқали бажарилган тақдирда, ушбу банк билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига мақбул шаклдаги ушбу банк харажатларини қоплаш тўғрисидаги битимни имзолаш ваколати берилсин.
7. Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида Лойиҳа компаниясига, барча солиқлар ва йиғимлар тўланган ҳолда, Инвестиция лойиҳасини молиялаштириш доирасида қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:
кредит олиш, чет эл валютасида пул маблағлари олиш ва улардан фойдаланиш (шу жумладан чет эл валютасида кредит тушумлари) учун чет эллардаги хорижий банкларда банк ҳисобварақлари очиш;
Ўзбекистон Республикасидан ташқарида бўлган хорижий пудрат ташкилотлари, етказиб берувчилар ёки хорижий кредиторларга тўловларни Ўзбекистон Республикасидаги банк ҳисобварақлари орқали ўтказмасдан, тўғридан-тўғри амалга ошириш.
8. Инвестиция лойиҳаси доирасида фотоэлектр панелларини ўрнатиш билан боғлиқ қурилиш ва ер ишларини бажариш, бино ва иншоотлар пойдеворларини лойиҳалаштириш нормалари ва қоидалари Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битим қоидаларига мувофиқ халқаро стандартлар билан тартибга солиниши белгилаб қўйилсин.
9. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Самарқанд вилояти ҳокимлигининг Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун ажратиладиган Самарқанд вилоятининг Нуробод ва Пастдарғом туманлари ҳудудларидаги иловага мувофиқ 1 062 гектар ер участкасини қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тоифасидан саноат ва бошқа мақсадларга мўлжалланган ерлар тоифасига ўтказиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 январдаги 22-сон қарори билан тасдиқланган Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар ва экин майдонларида мониторинг ишларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом.
10. Самарқанд вилояти ҳокимлиги бир ой муддатда Инвестиция битими ва Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битимда кўрсатилган шартларга мос келадиган қуёш фотоэлектр станцияси, электр энергиясини сақлаш тизими ва уларнинг фаолиятини таъминлашга хизмат қилувчи подстанция ҳамда қуриладиган ҳаво электр узатиш тармоқлари учун зарур бўлган ер участкаларини Энергетика вазирлигига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилишини таъминласин.
Бунда:
а) Энергетика вазирлиги мазкур бандга асосан ўзига берилган тегишли ер участкаси:
қуёш фотоэлектр станцияси ва электр энергиясини сақлаш тизимини қуриш учун Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш муддатига тенг даврга Лойиҳа компаниясига;
подстанция ва ҳаво электр узатиш тармоқларини қуриш учун «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖга ижарага берилишини таъминласин;
б) Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида:
Энергетика вазирлиги қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланганлик учун қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчилиги ўрнини қоплашдан (компенсация тўловларидан) озод қилинсин;
Лойиҳа компанияси томонидан ер участкалари учун тўланадиган ижара тўлови миқдори ер солиғи миқдорига тенглаштирилсин.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси XVI бўлими.
11. Лойиҳа компаниясининг буюртманомасига биноан:
Ташқи ишлар вазирлиги — Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида жалб қилинадиган хорижий мутахассислар учун кириш визалари, зарур ҳолларда, Ислом Каримов номидаги «Тошкент» халқаро аэропортида белгиланган тартибда расмийлаштирилишини (муддати узайтирилишини);
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 июлдаги «Ўзбекистон Республикасига хорижий фуқароларнинг кириши тартибини оптималлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ПҚ-3836-сон қарори.
Ички ишлар вазирлиги — Лойиҳа компанияси ва Инвестиция лойиҳаси доирасида жалб қилинган пудрат ташкилотларининг хорижий мутахассислари ҳамда уларнинг оила аъзоларига кўп марталик виза муддатлари узайтирилишини, шунингдек, вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиниши ва унинг муддати узайтирилишини;
Кейинги таҳрирга қаранг.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 21 ноябрдаги 408-сон «Хорижий фуқароларнинг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасига келишлари, кетишлари, бу ерда бўлишлари ва транзит ўтишлари тартиби тўғрисида» қарори.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги — хорижий фуқароларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи тасдиқномалар белгиланган тартибда берилишини (муддати узайтирилишини) таъминласин.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси 526-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 февралдаги 86-сон қарори билан тасдиқланган Махсус электрон тизим орқали рухсат этиш хусусиятига эга айрим ҳужжатларни бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги ягона низомга 20-илова.
12. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши, шунингдек, томонларнинг Инвестиция битими ва Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битим доирасидаги мажбуриятларини бажариши устидан доимий назорат ўрнатсин.
13. Адлия вазирлиги Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида Инвестиция битими ҳамда унинг қоидаларига мувофиқ имзоланган битимлар юзасидан юридик хулосалар берсин.
14. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги лойиҳа ҳужжатлари белгиланган тартибда экологик экспертизадан ўтказилишини ва Инвестиция лойиҳасини амалга оширишда табиатни муҳофаза қилишга оид қонунчилик ҳужжатларига риоя этилишини таъминласин.
15. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб энергетика вазири Ж.Т. Мирзамаҳмудов белгилансин.
Қарор ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2023 йил 4 июль,
ПҚ-207-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 4 июлдаги ПҚ-207-сон қарорига
ИЛОВА
«Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида қуввати 500 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциясини, қуввати 334 МВт бўлган электр энергиясини сақлаш тизимини ҳамда унинг фаолиятини таъминлашга хизмат қилувчи подстанцияни қуриш (Sazagan Solar 1)» инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тоифасидан саноат ва бошқа мақсадларга мўлжалланган ерлар тоифасига ўтказилаётган ер участкалари
РЎЙХАТИ

Ҳудуд номи

Контур рақами

Жами ер участкаси майдони

(гектар)

Шундан, лалми ерлар, яйловлар ва пичанзорлар

Фотоэлектр станцияни қуриш учун

Самарқанд вилояти

Нуробод тумани

(Сазоғон массиви)

120қ-124қ

51

51

124қ

10,4

10,4

117қ

29,94

29,94

119қ

8,4

8,4

117қ-119қ-224қ

116,26

116,26

Самарқанд вилояти

Нуробод тумани

(Олға массиви)

937қ-936қ-940қ-941қ-942қ-943қ-944қ-945қ-946қ-947қ-948қ-957қ-957ақ-958қ-959қ-960-961қ-972қ-973қ

809

809

Янги қуриладиган подстанция учун

Самарқанд вилояти

Пастдарғом тумани

(Дўстлик-3 массиви)

48қ, 56қ, 57қ

20

20

Янги қуриладиган электр энергиясини сақлаш тизими учун

Самарқанд вилояти

Пастдарғом тумани

(Дўстлик-3 массиви)

48қ

17

17

Жами

1062

1062

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.07.2023 й., 07/23/207/0445-сон; 10.06.2026 й., 06/26/109/0580-сон)