Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг
буйруғи
Алоҳида ҳолатларда тиббиёт муассасасида беморлар томонидан олиб келинган дори воситалари ва тиббий буюмларни ишлатишга рухсат бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 26 октябрдаги ПҚ-411-сон «Аҳолини сифатли дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» қарорига мувофиқ буюраман:
1. Алоҳида ҳолатларда тиббиёт муассасасида беморлар томонидан олиб келинган дори воситалари ва тиббий буюмларни ишлатишга рухсат бериш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазир А. ИНОЯТОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 25 май,
13-сон
Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг 2023 йил 25 майдаги 13-сон буйруғига ИЛОВА
Алоҳида ҳолатларда тиббиёт муассасасида беморлар томонидан олиб келинган дори воситалари ва тиббий буюмларни ишлатишга рухсат бериш тартиби тўғрисидаги
Мазкур Низом алоҳида ҳолатларда тиббиёт муассасасида беморлар томонидан олиб келинган дори воситалари ва тиббий буюмларни ишлатишга рухсат бериш тартибини белгилайди.
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Соғлиқни сақлаш соҳасида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 28 июлдаги ПҚ-5199-сон қарорига мувофиқ Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси орқали молиялаштириш тизимига ўтказилган республика даражасидаги давлат стационар тиббиёт муассасаларида (бундан буён матнда тиббиёт муассасаси деб юритилади) алоҳида ҳолатларда беморлар томонидан олиб келинган дори воситалари ва тиббий буюмларни ишлатишга нисбатан татбиқ этилади.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
алоҳида ҳолатлар — тиббиёт муассасасига даволаниш учун келган беморлар томонидан уларнинг тегишли асосий касалликларини, шунингдек уларда олдиндан мавжуд бўлган ёндош сурункали ва атрофдагилар учун хавф туғдирадиган касалликларни даволаш учун шифокор томонидан ёзилган рецепт асосида шу кунга қадар қабул қилаётган дори воситалари ва тиббий буюмларнинг тиббиёт муассасасига фойдаланиш мақсадида олиб келиниши;
ёндош сурункали ва атрофдагилар учун хавф туғдирадиган касалликлар — сил, ўсма касалликлари, жинсий йўл билан ўтадиган касалликлар, орттирилган иммунитет танқислиги синдроми, мохов, руҳий касалликлар, юрак-қон томир касалликлари, эндокринологик ва наркологик касалликлар.
3. Тиббиёт муассасасида беморларни дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш харажатлар сметаси бўйича ажратилиши кўзда тутилган маблағлар ҳисобидан кафолатланган тиббий хизматлар ва дори воситалари пакети доирасида бепул, қолган ҳолларда пуллик асосда шифохонага кирим қилинган нархларда амалга оширилади.
Бунда, беморлар тиббиёт муассасасига даволаниш учун келганда, улар ўзларининг асосий касалликларини, шунингдек уларда олдиндан мавжуд бўлган ёндош сурункали ва атрофдагилар учун хавф туғдирадиган касалликларни даволаш учун шифокор томонидан ёзилган рецепт асосида шу кунга қадар қабул қилаётган дори воситалари ва тиббий буюмларни (бундан буён матнда дори воситалари ва тиббий буюмлар деб юритилади) тиббиёт муассасасига фойдаланиш мақсадида олиб келиши мумкин.
4. Беморлар томонидан тиббиёт муассасасига олиб келинган дори воситалари ва тиббий буюмларни ишлатишга рухсат беришда даволовчи шифокор томонидан:
ушбу дори воситалари ва тиббий буюмларнинг шифокор томонидан ёзилган рецептда кўрсатилганлиги;
дори воситалари ва тиббий буюмларнинг ўрамида кўрсатилган яроқлилик муддати, бирламчи ва иккиламчи ўрамдаги маълумотларнинг мос келиши, ташқи кўринишининг бутлиги;
беморнинг хозирги холатидаги касалликнинг тури ва оғирлик даражаси, касалликнинг кечиши, беморнинг ёши, вазни, шунингдек дори воситаларининг тиббиётда қўлланилишига доир йўриқномаларида кўрсатилган қарши кўрсатмалар, ножўя таъсирлар ҳамда дори воситаларининг ўзаро таъсирлашуви тўғрисидаги маълумотлар текширилади.
Бунда, беморлар томонидан тиббиёт муассасасига олиб келинган дори воситалари ва тиббий буюмлар ушбу банднинг иккинчи — тўртинчи хатбошиларида назарда тутилган талабларга жавоб берганда, даволовчи шифокор томонидан шу тиббиёт муассасасининг тор мутахассиси билан маслаҳатлашилган ҳолда мазкур дори воситалари ва тиббий буюмларни ишлатишга рухсат берилади.
5. Бемор томонидан олиб келинган дори воситалари ва тиббий буюмлар Мазкур Низомнинг 4-банди иккинчи — тўртинчи хатбошиларида назарда тутилган талабларга жавоб бермаса, ушбу дори воситалари ва тиббий буюмларни ишлатишга рухсат берилмайди.
6. Беморлар томонидан олиб келинган ва алоҳида сақлаш шароитларини талаб этмайдиган дори воситалари ва тиббий буюмлар бемор жойлаштирилган хонада сақланади.
Алоҳида сақлаш шароитларини талаб этадиган дори воситалари ва тиббий буюмлар эса тиббиёт муассасасининг муолажа хонасида (шу жумладан ушбу хонадаги музлатгичда) сақланади.
7. Тиббиёт муассасасининг даволовчи шифокори беморлар томонидан олиб келинган дори воситалари ва тиббий буюмларнинг сарфланиши бўйича маълумотларни ҳар куни касаллик тарихига қайд этиб боради ҳамда киритилган маълумотларнинг тўғрилиги учун жавобгар ҳисобланади.
3-боб. Тиббиёт муассасаси ходимлари (даволовчи шифокор, бўлим ҳамшираси) ва беморларнинг дори воситалари ва тиббий буюмларни тиббиёт муассасасига олиб келиниши ҳамда ишлатилишидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари
беморлар томонидан тиббиёт муассасасига олиб келинган дори воситалари ва тиббий буюмлар алоҳида сақлаш шароитларини талаб этадиган бўлса, ушбу дори воситалари ва тиббий буюмларни тиббиёт муассасасининг муолажа хонасида (шу жумладан ушбу хонадаги музлатгичда) сақлаш учун беморлардан талаб қилиб олиш;
беморлар томонидан тиббиёт муассасасига шифокор рецептида кўрсатилмаган дори воситалари ва тиббий буюмлар олиб келинган тақдирда, ушбу дори воситалари ва тиббий буюмларни тиббиёт муассасасига қабул қилмаслик ҳамда ишлатишга рухсат бермаслик.
бемор томонидан олиб келинган дори воситалари ва тиббий буюмлар алоҳида сақлаш шароитларини талаб этадиган бўлса, ушбу дори воситалари ва тиббий буюмларни тиббиёт муассасасининг муолажа хонасида (шу жумладан ушбу хонадаги музлатгичда) сақлаш;
бемор томонидан олиб келинган дори воситалари ва тиббий буюмлар тиббиёт муассасасининг дори воситалари ва тиббий буюмлари, шунингдек бошқа бемор томонидан олиб келинган дори воситалари ва тиббий буюмлар билан аралашиб кетмаслигини таъминлаш;
мазкур Низомнинг 4-банди иккинчи — тўртинчи хатбошиларида назарда тутилган талабларга жавоб берадиган дори воситалари ва тиббий буюмларни ўзлари билан тиббиёт муассасасига олиб келиш;
ўзлари билан олиб келган дори воситалари ва тиббий буюмлар алоҳида сақлаш шароитларини талаб этадиган бўлса, ушбу дори воситалари ва тиббий буюмларни тиббиёт муассасасининг муолажа хонасида (шу жумладан ушбу хонадаги музлатгичда) сақланишини тиббиёт муассасаси ходимлари (даволовчи шифокор ҳамда бўлим ҳамшираси)дан талаб қилиш;
ўзлари билан олиб келган ҳамда тиббиёт муассасасининг муолажа хонасида (шу жумладан ушбу хонадаги музлатгичда) сақланган дори воситалари ва тиббий буюмларни тиббиёт муассасаси ходимларидан (бош шифокор, бўлим ҳамшираси) талаб қилиб олиш.
ўзлари билан олиб келган дори воситалари ва тиббий буюмларни (агар улар алоҳида сақлаш шароитларини талаб этмаса) тиббиёт муассасаси ходимлари (даволовчи шифокор ҳамда бўлим ҳамшираси)нинг текширувидан ўтказган ҳолда муолажа хонасида сақлаш чорасини кўриш;
ўзлари билан олиб келган дори воситалари ва тиббий буюмларни (агар улар алоҳида сақлаш шароитларини талаб этса) тиббиёт муассасасининг муолажа хонасида (шу жумладан ушбу хонадаги музлатгичда) сақлаш учун тиббиёт муассасаси ходимлари (даволовчи шифокор, бўлим ҳамшираси)га топшириш.