toggle_night_mode
Ҳужжат кучини йўқотган 26.07.2025
Ҳужжат 24.03.2023 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ногиронлиги бўлган шахснинг ва таркибида ногиронлиги бўлган шахс бор оиланинг электрон онлайн-аукцион орқали ер участкасини сотиб олиш билан боғлиқ харажатларини қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 23 июлдаги 462-сонли ««Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» ва «Саховат ва кўмак» жамғармалари маблағлари ҳисобидан ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
1. «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-моддасида ногиронлиги бўлган шахсларнинг ва ўз таркибида ногиронлиги бўлган шахс бор оилаларнинг электрон онлайн-аукционлар воситасида ер участкаларини сотиб олиш билан боғлиқ харажатларининг ўрни Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда қопланиши назарда тутилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ногиронлиги бўлган шахснинг ва таркибида ногиронлиги бўлган шахс бор оиланинг электрон онлайн-аукцион орқали ер участкасини сотиб олиш билан боғлиқ харажатларини қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
электрон онлайн-аукцион орқали ер участкасини сотиб олган ногиронлиги бўлган шахсга ва таркибида ногиронлиги бўлган шахс бор оилага (кейинги ўринларда — имтиёзли тоифадаги шахслар) бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш;
имтиёзли тоифадаги шахсларнинг электрон онлайн-аукцион орқали ер участкасини сотиб олиш билан боғлиқ харажатларини қоплаб бериш тартиби ва молиялаштириш манбалари;
имтиёзли тоифадаги шахсларнинг мурожаатларини туманларда (шаҳарларда) ташкил этиладиган Комиссия томонидан кўриб чиқиш;
электрон онлайн-аукцион орқали ер участкасини сотиб олган имтиёзли тоифадаги шахслар рўйхатини шакллантириш ва юритиш.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Белгилаб қўйилсинки, электрон онлайн-аукцион орқали ер участкасини сотиб олиш харажатларидан келиб чиққан ҳолда, оила таркибидаги ногиронлиги бўлган шахслар сонидан қатъи назар, базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваригача миқдорда бир марталик моддий ёрдам ажратилади.
Бунда электрон онлайн-аукцион орқали ер участкасини сотиб олиш харажатлари миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваригача бўлганда тўлиқ, харажатлар миқдори ушбу чегарадан юқори бўлган ҳолларда эса харажатларнинг базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваригача бўлган қисми қоплаб берилади.
4. Белгилансинки, имтиёзли тоифадаги шахсларнинг электрон онлайн-аукцион орқали ер участкасини сотиб олиш билан боғлиқ харажатлари:
«Аёллар дафтари»га киритилган шахслар учун — «Аёллар дафтари» жамғармаси;
«Ёшлар дафтари»га киритилган шахслар учун — «Ёшлар дафтари» жамғармаси;
«Темир дафтар»га киритилган шахслар учун — «Саховат ва кўмак» жамғармаси ҳисобидан тегишлича мазкур жамғармалар фаолиятини мувофиқлаштирувчи ташкилотлар томонидан молиялаштирилади.
5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда 2023 йил 1 июнга қадар имтиёзли тоифадаги шахсларнинг электрон онлайн-аукцион орқали ер участкасини сотиб олиш, шунингдек, сотиб олиш билан боғлиқ харажатларни қоплаб бериш жараёнларини Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга ошириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
Бунда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги маълумотлар базаларининг ахборот тизимлари Ягона интерактив давлат хизматлари порталига интеграция қилиниши назарда тутилсин.
6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:
имтиёзли тоифадаги шахсларнинг электрон онлайн-аукцион орқали ер участкасини сотиб олиш харажатларини қоплаш учун зарур маблағлар ўз вақтида ажратиб борилишини;
бир ҳафта муддатда Ногиронлиги бўлган шахснинг ва таркибида ногиронлиги бўлган шахс бор оиланинг электрон онлайн-аукцион орқали ер участкасини сотиб олиш билан боғлиқ харажатларини қоплаб бериш комиссияси таркибининг тасдиқланишини таъминласин.
7. Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги:
манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин;
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда мазкур қарорнинг мазмун-моҳиятини оммавий ахборот воситаларида мунтазам ва кенг ёритиб борсин.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Қўчқоров ҳамда Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б.А. Мусаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 23 март,
122-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 23 мартдаги 122-сон қарорига
ИЛОВА
Ногиронлиги бўлган шахснинг ва таркибида ногиронлиги бўлган шахс бор оиланинг электрон онлайн-аукцион орқали ер участкасини сотиб олиш билан боғлиқ харажатларини қоплаб бериш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом ногиронлиги бўлган шахснинг ва таркибида ногиронлиги бўлган шахс бор оиланинг электрон онлайн-аукцион орқали ер участкасини сотиб олиш билан боғлиқ харажатларини қоплаб бериш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
ногиронлиги бўлган шахс ва таркибида ногиронлиги бўлган шахс бор оила (кейинги ўринларда — имтиёзли тоифадаги шахслар) — қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан экспертиза натижалари бўйича ногиронлиги бўлган шахс деб топилган фуқаролар ва таркибида ногиронлиги бўлган шахс бор оилалар;
ер участкаси — ер фондининг қайд этилган чегарага, майдонга, жойлашиш манзилига, ҳуқуқий режимга ҳамда давлат ер кадастрида акс эттириладиган бошқа хусусиятларига эга бўлган қисми;
электрон онлайн-аукцион (кейинги ўринларда — аукцион) — ер участкасини сотиб олиш бўйича аукцион ташкил этиш ва ўтказиш учун зарур ахборотни киритиш, сақлаш, қайта ишлаш, шунингдек, истаги бўлган имтиёзли тоифадаги шахснинг бундай аукционга кириш (қатнашиш) имконини таъминлайдиган ахборот тизими;
ер участкасини сотиб олиш билан боғлиқ харажатларни қоплаб бериш (кейинги ўринларда — бир марталик тўлов) — имтиёзли тоифадаги шахсларнинг аукцион орқали ер участкасини сотиб олиш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун тегишлича «Саховат ва кўмак», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» жамғармалари ҳисобидан ушбу жамғармалар фаолиятини мувофиқлаштирувчи ташкилотлар томонидан бир марталик тўловларни амалга ошириш;
комиссия — туманда (шаҳарда) ногиронлиги бўлган шахснинг ва таркибида ногиронлиги бўлган шахс бор оиланинг электрон онлайн-аукцион орқали ер участкасини сотиб олиш билан боғлиқ харажатларини қоплаб бериш тўғрисидаги мурожаатларни кўриб чиқиш ва ҳал этиш бўйича ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ намунавий таркибда шакллантириладиган ҳамда тегишли туман (шаҳар) ҳокими қарори билан тасдиқланадиган комиссия.
3. Имтиёзли тоифадаги шахсларга бир марталик тўлов:
«Аёллар дафтари»га киритилган имтиёзли тоифадаги шахслар учун — «Аёллар дафтари» жамғармаси ҳисобидан;
«Ёшлар дафтари»га киритилган имтиёзли тоифадаги шахслар учун — «Ёшлар дафтари» жамғармаси ҳисобидан;
«Темир дафтар»га киритилган шахслар учун — «Саховат ва кўмак» жамғармаси ҳисобидан тегишлича мазкур жамғармалар фаолиятини мувофиқлаштирувчи ташкилотлар томонидан молиялаштирилади.
4. Бир марталик тўлов ер участкасини аукцион орқали сотиб олиш харажатларидан келиб чиққан ҳолда, оиласи таркибида ногиронлиги бўлган шахслар сонидан қатъи назар, базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваригача миқдорда ажратилади.
Бунда ер участкасини аукцион орқали сотиб олиш харажатлари миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваригача бўлганда тўлиқ, харажатлар миқдори ушбу чегарадан юқори бўлган ҳолларда эса харажатларнинг базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваригача бўлган қисми қоплаб берилади.
5. Бир марталик тўлов ҳар бир имтиёзли тоифадаги шахсга молиявий ёрдам сифатида бир марта тўлаб берилади.
6. Имтиёзли тоифадаги шахсларнинг аукцион орқали ер участкасини сотиб олиш билан боғлиқ харажатлари ушбу Низомга 2-иловадаги схемага мувофиқ қоплаб берилади.
2-боб. Имтиёзли тоифадаги шахсларга бир марталик тўловни амалга ошириш тартиби
7. Имтиёзли тоифадаги шахсларга бир марталик тўловни амалга ошириш комиссия томонидан кўриб чиқилади.
Туман (шаҳар) камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими комиссия ишчи органи (кейинги ўринларда — Комиссия ишчи органи) ҳисобланади.
8. Бир марталик тўловни амалга ошириш учун имтиёзли тоифадаги шахслар қуйидаги мезонларга мувофиқ келиши керак:
охирги 12 ой давомида ўзи ёки оила аъзолари номида яшаш учун мўлжалланган турар жойи ёки ер участкаси мавжуд бўлмаслиги;
ер участкаси охирги уч ой ичида аукцион орқали харид қилинган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлиши;
қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан экспертиза натижалари бўйича ногиронлиги бўлган шахс деб топилган, шунингдек, тегишлилиги бўйича «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари»нинг бирида турган бўлиши.
9. Имтиёзли тоифадаги шахслар аукцион орқали ер участкаси сотиб олгандан бошлаб уч ой ичида сотиб олиш билан боғлиқ харажатни қоплаб бериш юзасидан ўз ҳудудидаги Комиссия ишчи органига ушбу Низомга 3-иловадаги шаклда ариза билан мурожаат қилади.
Ушбу бандда кўрсатилган муддатдан (уч ой) кечикиб берилган аризалар кўриб чиқилмайди.
10. Имтиёзли тоифадаги шахслар аризага ер участкаси аукцион орқали сотиб олинганлиги тасдиқловчи ҳужжатлар нусхасини илова қилиш керак.
11. Комиссия ишчи органи ҳисобот ойининг 20-санасига қадар:
бир марталик тўлов юзасидан ариза билан мурожаат қилган имтиёзли тоифадаги шахсларнинг рўйхатини шакллантиради;
бир марталик тўлов юзасидан мурожаат қилган имтиёзли тоифадаги шахсларнинг аризаси ва ушбу Низомнинг 10-бандида назарда тутилган ҳужжатларни илова қилган ҳолда шакллантирилган рўйхатни комиссияга тақдим этади.
12. Комиссия ҳисобот ойининг 25-санасига қадар:
а) имтиёзли тоифадаги шахсларнинг ушбу Низомнинг 8-бандида назарда тутилган мезонларга мувофиқлигини ўрганади.
Бунда:
имтиёзли тоифадаги шахсларнинг ўн икки ой давомида ўзи ёки оила аъзолари номида яшаш учун мўлжалланган турар жойи ёки ер участкаси мавжуд эмаслиги мезонига мувофиқлиги Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги туман (шаҳар) бўлими томонидан;
шахснинг ногиронлик ҳолати туман (шаҳар) камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими томонидан;
оила таркибида ногиронлиги бўлган шахс борлиги туман (шаҳар) Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи томонидан аниқланади;
б) имтиёзли тоифадаги шахслар учун бир марталик тўловни молиялаштириш манбаи қуйидаги тартибда аниқлаштирилади:
«Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган имтиёзли тоифадаги шахслар учун тегишлича «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» жамғармалари ҳисобидан;
«Темир дафтар»га киритилган шахслар учун «Саховат ва кўмак» жамғармаси ҳисобидан;
в) «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» ва «Темир дафтар»га киритилмаган имтиёзли тоифадаги шахсларни мувофиқлиги бўйича улардан бирига киритиш чораларини кўради ҳамда мазкур банднинг «б» кичик бандига мувофиқ молиялаштириш манбаини аниқлайди.
Бунда «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» ва «Темир дафтар»дан бирига киритилиши лозим бўлган имтиёзли тоифадаги шахсларнинг аризаларини кўриб чиқиш кейинги ҳисобот ойига қадар кечиктирилиши мумкин;
г) ўрганиш жараёнида имтиёзли тоифадаги шахслар тўғрисидаги маълумотларга аниқлик киритиш мақсадида тегишли ташкилотлардан зарур маълумотлар сўраб олиниши мумкин;
д) имтиёзли тоифадаги шахсларга бир марталик тўловни амалга ошириш масаласини Комиссия аъзоларининг умумий йиғилишида кўриб чиқади ҳамда «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» ва «Саховат ва кўмак» жамғармалари ҳисобидан маблағлар ажратиш мақсадида молиялаштириш манбаини кўрсатган ҳолда, имтиёзли тоифадаги шахслар рўйхатини тегишлилиги бўйича «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» жамғармасининг Васийлик кенгашлари ҳамда халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашига киритади.
13. Ўрганиш натижаларига кўра имтиёзли тоифадаги шахсларнинг маълумотлари бўйича ушбу Низомнинг 8-бандида назарда тутилган мезонларга номувофиқлик (шу жумладан, тегишли ташкилотлардан аниқлик киритиш мақсадида олинган маълумотлар асосида) аниқланган тақдирда, Комиссия томонидан бир марталик тўловни ажратиш рад этилади ҳамда бу ҳақда уч иш кунида имтиёзли тоифадаги шахсларга ёзма хабарнома юборилади.
3-боб. Комиссия фаолиятини ташкил этиш
14. Комиссия доимий фаолият юритади ҳамда унинг аъзолари жамоатчилик асосида ишлайди.
15. Комиссия ўз ваколатларига тегишли масалаларни Комиссия раиси бошчилигида зарур ҳолларда ўтказиладиган йиғилишларда кўриб чиқади.
16. Комиссия раиси:
комиссиянинг умумий фаолиятига раҳбарлик қилади, унинг иш режаси бажарилиши юзасидан доимий назоратни амалга оширади;
комиссиянинг йиғилишларини чақиради ва уларда раислик қилади;
комиссия ваколатига тегишли бўлган масалаларни унинг йиғилишларида кўриб чиқиш учун киритади;
комиссия қарорларини тасдиқлайди.
17. Комиссия котиби:
комиссия раисининг топшириқларига асосан унинг аъзоларини комиссия йиғилишининг ўтказиладиган жойи, вақти ва санаси тўғрисида хабардор қилади;
комиссия иш режаларини тайёрлайди;
комиссия баённомаларини юритади ва тасдиқланган баённомаларни комиссия аъзоларига юборади;
комиссия далолатномалари ва хулосаларини манзилларга етказади;
комиссия иш юритувини таъминлайди.
18. Комиссиянинг барча йиғилишлари баённома билан расмийлаштирилади ва қарор шаклида қабул қилинади.
19. Комиссия ишининг ташкилий шакли йиғилиш ҳисобланади.
Комиссия йиғилишлари унинг аъзоларининг рўйхатдаги таркибининг камида учдан икки қисми қатнашган тақдирда ўтказилади.
Комиссия йиғилишлари видеоконференцалоқа шаклида ҳам ўтказилиши мумкин.
20. Комиссия ҳужжатлари туман (шаҳар) камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлимларида белгиланган муддатгача сақланади.
4-боб. Имтиёзли тоифадаги шахсларга бир марталик тўловни амалга ошириш тартиби
21. Имтиёзли тоифадаги шахсларга бир марталик тўлов ушбу Низомнинг 3-бандида кўрсатилган манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
22. Комиссия томонидан киритилган рўйхат асосида «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» жамғармасининг Васийлик кенгашлари ҳамда халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгаши ҳисобот ойининг 30-санасига қадар тегишлилиги бўйича «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» ва «Саховат ва кўмак» жамғармалари ҳисобидан имтиёзли тоифадаги шахсларга бир марталик тўлов учун маблағлар ажратиш тўғрисида белгиланган тартибда қарор қабул қилади.
23. Туман (шаҳар) ҳокимлиги «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» жамғармасининг Васийлик кенгаши ёхуд халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашининг қарорига мувофиқ беш иш кунида «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» жамғармасининг Васийлик кенгашлари ҳамда халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашининг тегишли қарорлари асосида имтиёзли тоифадаги шахсларнинг аризасида кўрсатилган банк пластик ҳисобварағига маблағ ўтказилишини таъминлайди.
24. Комиссия икки иш кунида бир марталик тўлов ўтказиб берилганлиги ҳақида ҳар бир имтиёзли тоифадаги шахсга ёзма хабарнома юборади.
5-боб. Якунловчи қоидалар
25. Имтиёзли тоифадаги шахслар ушбу Низом талабларининг бажарилиши учун масъул давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.
26. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекцияси ушбу Низом доирасида ажратилган маблағлар мақсадли сарфланишини назорат қилади.
27. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Ногиронлиги бўлган шахснинг ва таркибида ногиронлиги бўлган шахс бор оиланинг электрон онлайн-аукцион орқали ер участкасини сотиб олиш билан боғлиқ харажатларини қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА
Ногиронлиги бўлган шахснинг ва таркибида ногиронлиги бўлган шахс бор оиланинг электрон онлайн-аукцион орқали ер участкасини сотиб олиш билан боғлиқ харажатларини қоплаб бериш тўғрисидаги мурожаатларни кўриб чиқиш ва ҳал этиш комиссиясининг
НАМУНАВИЙ ТАРКИБИ

1.

Лавозимига кўра

туман (шаҳар) ҳокими, комиссия раиси

2.

Лавозимига кўра

туман (шаҳар) ҳокимининг биринчи ўринбосари, комиссия раиси ўринбосари

3.

Лавозимига кўра

туман (шаҳар) ҳокимининг ўринбосари

4.

Лавозимига кўра

туман (шаҳар) ҳокимининг ўринбосари

5.

Лавозимига кўра

туман (шаҳар) иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғи

6.

Лавозимига кўра

туман (шаҳар) адлия бўлими бошлиғи

7.

Лавозимига кўра

туман (шаҳар) ҳокимлигининг турар жойлар билан ишлаш бўлими бошлиғи

8.

Лавозимига кўра

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлигининг туман (шаҳар) бўлими бошлиғи

9.

Лавозимига кўра

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар ишлари агентлигининг туман (шаҳар) бўлими бошлиғи

10.

Лавозимига кўра

туман (шаҳар) камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлим бошлиғи, комиссия масъул котиби

Изоҳ. Комиссия аъзоси бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимга янги тайинланган ёки тегишли функцияларни бажариш зиммасига юкланган шахслар киритилади.
Ногиронлиги бўлган шахснинг ва таркибида ногиронлиги бўлган шахс бор оиланинг электрон онлайн-аукцион орқали ер участкасини сотиб олиш билан боғлиқ харажатларини қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА
Ногиронлиги бўлган шахснинг ва таркибида ногиронлиги бўлган шахс бор оиланинг электрон онлайн-аукцион орқали ер участкасини сотиб олиш билан боғлиқ харажатларини қоплаб бериш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Ижро муддати

1-босқич

Ногиронлиги бўлган шахс ва таркибида ногиронлиги бўлган шахс бор оиланинг аъзоси

(кейинги ўринларда — имтиёзли тоифадаги шахслар)

Электрон онлайн-аукцион воситаси орқали сотиб олинган ер участкаси харажатларини қоплаб бериш юзасидан ўз ҳудудида ташкил этилган Ногиронлиги бўлган шахснинг ва таркибида ногиронлиги бўлган шахс бор оиланинг электрон онлайн-аукцион орқали ер участкасини сотиб олиш билан боғлиқ харажатларини қоплаб бериш тўғрисидаги мурожаатларни кўриб чиқиш ва ҳал этиш комиссиясига (кейинги ўринларда — Комиссия) ариза билан мурожаат қилади.

Ўз хоҳишига кўра уч ой ичида

2-босқич

Туман (шаҳар) камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими — Комиссия ишчи органи

Бир марталик тўлов юзасидан ариза билан мурожаат қилган имтиёзли тоифадаги шахсларнинг рўйхатини шакллантиради.

Ҳар ойнинг 20-санасига қадар

Бир марталик тўлов юзасидан мурожаат қилган имтиёзли тоифадаги шахсларнинг аризасини ва тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда шакллантирилган рўйхатни Комиссиясига тақдим этади.

3-босқич

Комиссия

Рўйхат бўйича имтиёзли тоифадаги шахсларнинг мезонларга мувофиқлигини ўрганиб чиқади ҳамда молиялаштириш манбаини аниқлайди.

Ҳар ойнинг 25-санасига қадар

Бир марталик тўлов ажратиш мақсадида молиялаштириш манбаини кўрсатган ҳолда, имтиёзли тоифадаги шахслар рўйхатини тегишлилиги бўйича «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» жамғармасининг Васийлик кенгашлари ҳамда халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашига киритади.

4-босқич

«Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» жамғармасининг Васийлик кенгашлари ҳамда халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгаши

«Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» ва «Саховат ва кўмак» жамғармалари ҳисобидан имтиёзли тоифадаги шахсларга бир марталик тўлов учун маблағлар ажратиш тўғрисида навбатдаги йиғилишларда белгиланган тартибда қарорлар қабул қилади.

Ҳар ойнинг 30-санасига қадар

 

5-босқич

Туман (шаҳар) ҳокимлиги

«Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» жамғармаларининг Васийлик кенгашлари ҳамда «Саховат ва кўмак» жамғармаси бўйича халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгаши қарорларига мувофиқ «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» ва «Саховат ва кўмак» жамғармалари ҳисобидан имтиёзли тоифадаги шахсларга бир марталик тўловни уларнинг банк пластик ҳисобварағига ўтказилишини таъминлайди.

5 иш кунида

6-босқич

Комиссия

Бир марталик тўлов ўтказиб берилганлиги ҳақида ҳар бир имтиёзли тоифадаги шахсга ёзма хабарнома юборади.

2 иш кунида

Ногиронлиги бўлган шахснинг ва таркибида ногиронлиги бўлган шахс бор оиланинг электрон онлайн-аукцион орқали ер участкасини сотиб олиш билан боғлиқ харажатларини қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низомга
3-ИЛОВА

НАМУНАВИЙ АРИЗА

1. ___________________
‎фамилияси‎

___________________________
‎исми

___________________
‎отасининг исми

2. Манзил:

____________________
МФЙ (ҚФЙ) номи

____________________________туман (шаҳар) номи

____________________ ҳудуд номи

‎3. Ариза берувчининг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР):
‎__________________________________________________________________

‎4. Ўзининг ёки оиласи таркибида ногиронлиги бўлган шахснинг ЖШШИРи: __________________________________________________________________

‎5. Банк пластик карта ҳисобварағи:
‎____________________________________, _____/__________

‎6. Электрон онлайн-аукцион орқали сотиб олинган ер участкасининг нархи: ____________ млн сўм

‎7. Боғланиш учун маълумот:
‎тел: __________________
‎электрон почта _______________

___________________

__________________________

имзо

ариза берилган сана

Кейинги таҳрирга қаранг.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 24.03.2023 й., 09/23/122/0166-сон; 28.10.2023 й., 09/23/566/0801-сон; 10.05.2024 й., 09/24/272/0337-сон; 03.03.2025 й., 09/25/135/0208-сон)