1.10.00.00.00 Ташқи иқтисодий фаолият. Божхона иши / 10.01.00.00 Ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги умумий қоидалар / 10.01.07.00 Махсус иқтисодий зоналар]
[ТСЗ:
1.Ташқи иқтисодий фаолият. Божхона / Чет эл инвестициялари. Концессия шартномалари. Хориждан маблағ жалб қилиш. Эркин иқтисодий зоналар]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
«Ургут» эркин иқтисодий зонасининг ҳудудини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида
«Ургут» эркин иқтисодий зонасининг муваффақиятли тажрибаси асосида Қорақалпоғистон Республикаси ва Қашқадарё вилоятининг ишлаб чиқариш ҳамда ресурс салоҳиятидан комплекс ва самарали фойдаланиш, шу асосда янги иш ўринлари ташкил этиш ҳамда аҳоли даромадларини ошириш мақсадида:
1. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қашқадарё вилояти ҳокимлигининг:
иловага мувофиқ Беруний туманидаги 22,3 гектар, Китоб туманидаги 37,4 гектар бўш турган яйлов ва лалми ер участкаларини қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тоифасидан саноат, транспорт, алоқа ва бошқа мақсадларга мўлжалланган ерлар тоифасига ўтказиш;
Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманидаги 22,3 гектар ҳамда Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги 37,4 гектар ер участкаларини ажратиш ҳисобига «Ургут» эркин иқтисодий зонаси ҳудудини кенгайтириш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Кадастр агентлиги билан биргаликда бир ой муддатда ушбу қарор талабларидан келиб чиқиб, давлат ер кадастри маълумотларига тегишли ўзгартиришлар киритсин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва Қашқадарё вилояти ҳокимлиги икки ой муддатда «Ургут» эркин иқтисодий зонасининг Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманидаги ва Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги ҳудудлари (кейинги ўринларда — «Ургут» ЭИЗнинг Беруний ва Китоб туманидаги ҳудудлари) бош режалари Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги билан келишилган ҳолда ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини таъминласин.
1.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.06.00.00 Қорақалпоғистон Республикаси бюджети. Маҳаллий бюджет]
бош режалар лойиҳасини ишлаб чиқиш Қорақалпоғистон Республикаси ва Қашқадарё вилояти маҳаллий бюджети маблағлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги Тадбиркорлик инфратузилмасини ривожлантириш жамғармалари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;
[ОКОЗ:
1.02.00.00.00 Давлат бошқаруви асослари / 02.08.00.00 Иқтисодиёт, ижтимоий-маданий қурилиш соҳасидаги давлат бошқарувининг умумий масалалари / 02.08.02.00 Давлат эҳтиёжлари. Давлат харидлари]
бош режалар лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича лойиҳа ташкилоти тендер (танлов) савдолари асосида аниқланади.
4. Белгилансинки, «Ургут» ЭИЗнинг Беруний ва Китоб туманидаги ҳудудларида:
инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун ер участкаларини ажратиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 21 декабрдаги «Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини мувофиқлаштириш ва бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5600-сон Фармонига мувофиқ электрон онлайн-аукцион савдолари орқали амалга оширилади;
инфратузилма объектларини қуриш ишларини молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 декабрдаги «Ҳудудларда муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4929-сон қарорига мувофиқ амалга оширилади;
инфратузилма объектларини қуриш-таъмирлаш ишлари бўйича буюртмачи вазифаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 апрелдаги «Махсус иқтисодий ва кичик саноат зоналари муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5101-сон қарорида белгиланган ташкилотлар томонидан амалга оширилади;
[ОКОЗ:
1.09.00.00.00 Тадбиркорлик ва хўжалик фаолияти / 09.14.00.00 Қишлоқ хўжалиги / 09.14.01.00 Умумий қоидалар]
қишлоқ хўжалигидан бошқа мақсадларда фойдаланиш учун ажратиладиган ерларда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчилигининг ўрнини қоплаш учун компенсация тўловлари, истисно тариқасида, ундирилмайди.
5. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги, Автомобиль йўллари қўмитаси, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ ва «Ўзсувтаъминот» АЖ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги билан биргаликда «Ургут» ЭИЗнинг Беруний ва Китоб туманидаги ҳудудлари тасдиқланган бош режасига асосан:
уч ой муддатда 2023-2024 йилларда муҳандислик-коммуникация ва йўл инфратузилмаси билан таъминлаш лозим бўлган объектлар рўйхатини шакллантирсин ва тасдиқласин;
2023 йил 1 апрелга қадар амалга ошириладиган объектларнинг лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқсин ва ўрнатилган тартибда келишиш ишларини якунласин.
6. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб инвестициялар, саноат ва савдо вазири Л.Ш. Қудратов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Ф.У. Эрманов ва Қашқадарё вилояти ҳокими М.Б. Азимов белгилансин.
Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Бош вазир А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2023 йил 11 январь,
ПҚ-2-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 январдаги ПҚ-2-сон қарорига ИЛОВА
Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний тумани ва Қашқадарё вилоятининг Китоб тумани ҳудудидаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тоифасидан саноат, транспорт, алоқа ва бошқа мақсадларга мўлжалланган ерлар тоифасига ўтказиладиган ер участкалари