toggle_night_mode
Ҳужжат 01.01.2023 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Товарларни божхона транзити божхона режимига жойлаштириш билан боғлиқ операцияларни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексига мувофиқ, шунингдек, товарларни электрон шаклда декларациялаш тартибини янада такомиллаштириш ва ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 118 ва 261-моддаларига мувофиқ:
товарни божхона транзити божхона режимига жойлаштириш учун божхона органига транзит декларацияси ва товарнинг кузатув ҳужжатлари тақдим этилиши белгиланганлиги;
транзит декларацияси божхона ҳудудига кириб келаётган товарлар ва транспорт воситалари божхона чегарасини кесиб ўтгунига қадар ёки кесиб ўтиш вақтида берилиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Белгилансинки:
божхона органларига дастлабки ахборот тақдим этилган ҳолларда Юкларни халқаро йўлларда ташиш дафтарчасини қўллаган ҳолда юкларни халқаро ташиш тўғрисидаги Божхона конвенциясига (1975 йил 14 ноябрь, Женева) мувофиқ тўлдирилган халқаро йўлларда ташиш дафтарчаси ҳамда Вақтинча олиб кириш тўғрисидаги конвенцияга (1990 йил 26 июнь, Истанбул) мувофиқ тўлдирилган АТА карнети транзит декларацияси сифатида қабул қилинади;
божхона органига транзит декларацияси товарлар ва транспорт воситалари божхона чегарасини кесиб ўтгунига қадар тақдим этилганда, қонунчиликда белгиланган дастлабки электрон шаклдаги ахборотни тақдим этиш талаб этилмайди;
транзит декларациясини божхона органига тақдим этиш ва расмийлаштириш билан боғлиқ бўлган операциялар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитасининг «E-Tranzit» автоматлаштирилган ахборот тизими орқали амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Қуйидагиларни назарда тутувчи Товар ва транспорт воситалари билан транзит операцияларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
транзит декларациясининг божхона расмийлаштируви босқичлари;
транзит декларацияси тақдим этилиши талаб этиладиган ва талаб этилмайдиган ҳолатлар;
транзит декларациясини тақдим этишда илова қилинадиган ҳужжатлар турлари;
транзит декларациясини «E-Tranzit» автоматлаштирилган ахборот тизимида рўйхатга олиш тартиби;
транзит декларациясини ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш ёхуд бекор қилиш асослари ва тартиби.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 ноябрдаги 700-сон қарори билан тасдиқланган Божхона йиғимлари ставкаларига 2-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимча киритилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
6. Белгилансинки:
мазкур қарор 2023 йил 1 январдан эътиборан кучга киради;
мазкур қарорга 2-илованинг 2-банди 2023 йил 1 июлдан кучга киради.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Қўчқоров ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазири Ш.Д. Кудбиев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 31 декабрь,
737-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 31 декабрдаги 737-сон қарорига
1-ИЛОВА
Товар ва транспорт воситалари билан транзит операцияларини амалга ошириш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом товар ва транспорт воситалари билан транзит операцияларини амалга ошириш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
давлат назорати органлари — шахслар, товарлар ва транспорт воситаларини ушбу Низомга мувофиқ Давлат чегараси орқали ўтказишда иштирок этадиган чегара, божхона, санитария-карантин, фитосанитария, экология ва ветеринария назорати органлари;
декларацияловчи шахс — божхона органларига транзит декларациясини ўз номидан тақдим этаётган декларант ёки транзит декларациясини тўлдириш, имзолаш ва божхона органларига декларант номидан тақдим этишга ваколатли божхона расмийлаштируви бўйича мутахассис ёхуд бошқа шахс;
Кейинги таҳрирга қаранг.
транзит декларацияси — товарлар ва (ёки) транспорт воситалари ҳақидаги маълумотлар кўрсатилган ҳолда божхона органига тақдим этиладиган ҳамда Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига олиб кириладиган ва Ўзбекистон Республикасининг ҳудуди орқали транзит олиб ўтиладиган товарларни жўнатувчи божхона органидан товар келиб тушадиган божхона органигача назорат қилиш учун фойдаланиладиган ҳужжат;
«E-tranzit» автоматлаштирилган ахборот тизими (кейинги ўринларда — «E-tranzit» ААТ) — божхона транзити божхона режимига жойлаштириладиган товар ва (ёки) транспорт воситалари тўғрисидаги ҳужжат ва маълумотларни тақдим этиш, қабул қилиш, рўйхатдан ўтказиш, расмийлаштириш, ҳисобга олиш ҳамда мониторинг қилишни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитасининг автоматлаштирилган ахборот тизими;
«Е-архив» интерактив хизмати — товарларни электрон шаклда декларациялашни шакллантиришга асос ҳисобланган электрон ҳужжатларни тақдим этиш ҳамда сақлаш учун мўлжалланган ва декларациялаш жараёни ва божхона расмийлаштируви давомида божхона органлари билан ахборот алмашинувига қаратилган бир марталик электрон архивни яратиш имконини берувчи хизмат;
жўнатувчи божхона органи — божхона назорати остидаги товарлар ташуви бошланадиган божхона пости;
Кейинги таҳрирга қаранг.
идентификация коди — божхона органларига тақдим қилинган транзит декларациясига «E-tranzit» ААТ орқали берилган ягона электрон код;
муносабат белгиси — давлат назорат органлари томонидан «E-tranzit» ААТга қўйиладиган белги;
товар келиб тушадиган божхона органи — божхона назорати остидаги товарлар ташуви тугайдиган божхона пости;
Кейинги таҳрирга қаранг.
транзит операциялари — товар ва транспорт воситаларининг божхона расмийлаштирувида товарларга ва транспорт воситаларига нисбатан давлат назорат органлари ва (ёки) ваколатли шахс томонидан амалга ошириладиган ҳаракат.
3. Товар ва транспорт воситаларини божхона транзити божхона режимига жойлаштириш «E-tranzit» ААТда транзит декларациясини божхона органига электрон тарзда тақдим этиш ва уни расмийлаштириш орқали амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Транзит декларацияси бир ёки бир нечта товарнинг кузатув ҳужжатлари бўйича ташиладиган товарнинг ҳар бир туркуми ёки товарларнинг бир нечта туркуми учун расмийлаштирилади. Бунда товарнинг бир нечта туркуми бўйича битта транзит декларациясини расмийлаштириш учун улар бир транспорт воситасида битта транспорт ҳужжати билан битта жўнатувчидан битта қабул қилувчининг манзилига ташилаётган бўлиши лозим.
5. Транзит декларациясининг божхона расмийлаштируви қуйидаги икки босқичда ушбу Низомга иловада келтирилган схема бўйича амалга оширилади:
биринчи босқичда декларацияловчи шахс товарлар бўйича транзит декларациясини жўнатувчи божхона органларига электрон шаклда тақдим этади. Тақдим этилган транзит декларацияси божхона органларида рўйхатга олиниб, унга давлат назорат органлари томонидан муносабат белгиси қайд этилади ва транзит операцияси бошланади. Бунда, божхона, ветеринария ва фитосанитария органларининг назорат тартиботлари хавфни бошқариш тизимининг топшириғига асосан амалга оширилади;
иккинчи босқичда божхона транзити божхона режимига расмийлаштирилган товар ва транспорт воситалари белгиланган жойларга етказиб берилади, товар ва транспорт воситаси етказиб берилганлиги факти тасдиқланади ва кузатув ҳужжатлари тақдим этилгандан сўнг товар келиб тушадиган божхона органи томонидан транзит операциялари якунланади.
2-боб. Транзит декларацияси ва товарнинг кузатув ҳужжатларини тақдим этиш
6. Транзит декларацияси қуйидаги ҳолларда тақдим этилади:
товарларни божхона ҳудудига олиб киришда ёки божхона ҳудуди орқали транзит олиб ўтишда — товар ва транспорт воситаси божхона чегарасини кесиб ўтгунга қадар ёки кесиб ўтиш вақтида;
божхона ҳудудида турган товарларни божхона назорати остида етказиб беришни назорат қилишда — товарлар транспорт воситасига юкланишидан аввал тақдим этилади;
божхона ҳудудида турган божхона назорати остидаги транспорт воситасини товар сифатида етказиб беришни назорат қилишда — юк операцияларини амалга оширишдан олдин.
Агар транзит декларацияси жўнатувчи божхона органи томонидан рўйхатга олинган кундан эътиборан ўттиз календарь кун ичида унда кўрсатилган товарлар декларация рўйхатга олинган божхона органига тақдим этилмаган бўлса, транзит декларацияси берилмаган деб ҳисобланади ва автоматик тарзда бекор қилинади.
7. Божхона органига транзит декларациясини тақдим этиш қуйидаги ҳолатларда талаб этилмайди:
товар ва транспорт воситалари республика ҳудудидан олиб чиқилаётганда;
Кейинги таҳрирга қаранг.
жисмоний шахслар томонидан қўл юки ёки кузатиб бориладиган багажида товарлар олиб ўтилаётганда, бундан тижорат мақсадида олиб ўтилаётган товарлар мустасно;
юксиз транспорт воситалари ўтганда ҳамда йўловчилар ташилганда, транспорт воситасини Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига товар сифатида олиб кириш ва Ўзбекистон Республикасининг ҳудуди орқали товар сифатида транзит олиб ўтиш ҳолатлари бундан мустасно;
Юкларни халқаро йўлларда ташиш дафтарчасини қўллаган ҳолда Юкларни халқаро ташиш тўғрисидаги божхона Конвенциясига (1975 йил 14 ноябрь, Женева,) мувофиқ товарлар Юкларни халқаро йўлларда ташиш дафтарчаси асосида дастлабки ахборотни тақдим этиш орқали ташилганда;
Вақтинча олиб кириш тўғрисидаги конвенцияга (1990 йил 26 июнь, Истанбул) мувофиқ товарлар АТА карнети асосида божхона органларига дастлабки ахборотни тақдим этиш орқали ташилганда;
давлат сирлари тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлган ташқи савдо контрактлари бўйича олиб келинаётган товарлар ташилганда;
қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳолларда.
8. Транзит декларацияси жўнатувчи божхона органига электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ҳолда электрон шаклда «E-Tranzit» ААТ орқали декларацияловчи шахс томонидан тақдим этилади.
Транзит декларацияси «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти томонидан тақдим этилганда, декларацияловчи шахс томонидан тақдим этилган транзит декларацияси жамиятнинг масъул ходими томонидан умумлаштирилади ва битта темир йўл транспорти таркиби доирасида божхона органига ўзига бириктирилган электрон рақамли имзоси орқали тақдим этилади. Бунда мазкур Низомнинг 11-бандида қайд этилган талаблар бўйича транзит декларациясидаги маълумотларнинг тўғрилиги ва унга илова қилинган ҳужжатларга мувофиқлиги учун жавобгарлик декларацияловчи шахсда қолади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
9. Товар ва транспорт воситаларининг кузатув ҳужжатлари «E-Tranzit» ААТга «Е-архив» интерактив хизмати орқали илова қилинади. Бунда «E-Tranzit» ААТнинг тегишли майдонига «Е-архив» интерактив хизмати орқали ҳужжатларга берилган махсус рақам қўйилади.
Декларант ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиси кабинетидаги «Е-архив» интерактив хизматидан фойдаланган ҳолда электрон архивни шакллантириб, унга ўзининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқлаган божхона расмийлаштируви учун тақдим этиладиган ҳужжатларнинг электрон шаклларини жойлаштиради.
Электрон архивга жойлаштирилган ҳужжатларга автоматик тарзда махсус рақам берилади ва бу ҳақда декларантга тасдиқланган электрон хабарнома юборилади.
10. Товар ва транспорт воситаларининг кузатув ҳужжатлари «E-Tranzit» ААТга «Е-архив» интерактив хизмати орқали илова қилинганда, ушбу ҳужжатларни божхона ва бошқа расмийлаштирув жараёнларида давлат назорат органларига қайтадан тақдим этиш талаб этилмайди, сифатсиз (хира, бўялган, тушунарсиз ва ҳоказо) ҳужжатлар бундан мустасно.
11. Декларацияловчи шахс транзит декларациясидаги маълумотларнинг тўғрилиги ва унга илова қилинган ҳужжатларга мувофиқлиги учун жавобгар ҳисобланади, декларацияни тўлдириш учун тақдим этилган ҳужжатлардаги маълумотларнинг нотўғрилиги билан боғлиқ ҳолатлар бундан мустасно.
12. Декларант тақдим этилган ҳужжатлардаги (транзит декларацияси бундан мустасно) маълумотларнинг тўғрилиги ва амалда олиб ўтилаётган товарлар ва транспорт воситаларига ўзаро мувофиқлиги учун жавобгар ҳисобланади.
3-боб. Транзит декларациясини расмийлаштириш
1-§. Транзит декларациясини расмийлаштиришнинг биринчи босқичи
13. Транзит декларацияси қуйидаги ҳужжатларнинг электрон нусхаси билан бирга жўнатувчи божхона органига тақдим этилади:
а) автотранспорт воситасида ташилганда:
Йўл ҳаракати тўғрисида Конвенцияга (Вена, 1968 йил 8 ноябрь) мувофиқ автотранспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш тўғрисида гувоҳнома;
Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида назарда тутилган ҳолларда хорижий автотранспорт воситаларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириши, чиқиши ва транзит ўтиши учун ваколатли органнинг рухсатномаси;
Юкларни халқаро йўлларда ташиш шартномаси тўғрисидаги Конвенция (Женева, 1956 йил 19 май) талабларига мувофиқ товар-транспорт юкхати;
тижорат ҳужжатлари;
товарлар божхона чегараси орқали олиб ўтилиши билан боғлиқ тақиқ ва чекловларга риоя этилишини тасдиқловчи ҳужжатлар, агар бундай ҳужжатлар мавжуд бўлганда олиб ўтишга йўл қўйилса;
б) темир йўл транспортида халқаро ташувларда:
Халқаро темир йўл юк йўналишлари тўғрисидаги битимга (1951 йил 1 ноябрь) мувофиқ ҳужжатлар;
тижорат ҳужжатлари;
темир йўлнинг ҳаракатдаги таркибига доир топшириш қайдномаси;
товарларнинг божхона чегараси орқали ҳаракатланишида тақиқлар ва чекловларга риоя қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар, агар бундай ҳаракатланиш ушбу ҳужжатлар мавжудлигида рухсат берилган тақдирда;
Кейинги таҳрирга қаранг.
14. Транзит декларацияси божхона органига тақдим қилиниб, «E-Tranzit» ААТда рўйхатга олингандан сўнг тизим орқали автоматик тарзда идентификация коди берилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Транзит декларацияси рўйхатга олинганлиги тўғрисида декларацияловчи шахсга электрон тарзда маълумот юборилади.
15. Транзит декларацияси «E-Tranzit» ААТда рўйхатга олинган пайтдан бошлаб юридик аҳамиятга молик фактлардан далолат берувчи ҳужжатга айланади.
16. Товар ва транспорт воситалари жўнатувчи божхона органига етиб келгандан сўнг ташувчи товар ва транспорт воситаларининг кузатув ҳужжатлари билан бирга идентификация кодини божхона органига тақдим этади.
Тақдим этилган идентификация коди асосида транзит декларацияси божхона органи томонидан қабул қилинади ва бу ҳақда декларацияловчи шахсга электрон хабарнома юборилади.
17. Божхона органлари ходими божхона расмийлаштирувини амалга оширишда божхона қонунчилигида белгиланган ҳаракатларни бажаради.
18. Товар ва транспорт воситаларини божхона транзити божхона режимига расмийлаштиришда тўланиши лозим бўлган барча турдаги тўловлар ва йиғимларни тўлаш транзит декларацияси расмийлаштирилгунга қадар амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Мазкур тўловлар ва йиғимлар транзит декларацияси божхона органларида рўйхатдан ўтган кунда амалда бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган валюталарнинг расмий айирбошлаш курси ёки базавий ҳисоблаш миқдоридан келиб чиқиб ҳисобланади ҳамда шу мақсадда очилган банк ҳисоб рақамига ўтказилади.
Ўтказилган тўлов ва йиғимлар транзит декларация расмийлаштирилгандан сўнг беш иш куни мобайнида автоматик тарзда давлат назорати органларининг Молия вазирлиги ҳузуридаги шахсий ғазна ҳисобварағига ўтказилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
19. Жўнатувчи божхона постида фаолият олиб борувчи давлат назорати органлари тўланиши лозим бўлган тегишли тўловлар ва йиғимлар тўғри ҳисобланганлигини тегишлилиги бўйича назорат қилади.
20. Жўнатувчи божхона органида фаолият олиб борувчи давлат назорат органлари ўзига юклатилган вазифаларидан келиб чиқиб, тақдим этилган ҳужжатлар ҳамда транзит декларациясидаги маълумотлар билан танишиб, ўзининг муносабат белгисини қайд этгандан сўнг транзит операциялари бошланади.
Транзит операциялари бошланганлиги ҳақида декларант ёки декларацияловчи шахсга электрон хабарнома юборилади. Бунда жўнатувчи божхона постида транзит декларацияси расмийлаштирилганлиги ва товарни етказиб бериш муддати билан боғлиқ маълумотлар хабарномада акс эттирилади.
2-§. Транзит декларациясини расмийлаштиришнинг иккинчи босқичи
21. Ташувчи томонидан товар ва транспорт воситаси белгиланган манзилга етказиб берилгандан сўнг божхона органи ахборот тизимида товар ва транспорт воситаси етказиб берилганлиги факти тасдиқланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
22. Ахборот тизимида товар ва транспорт воситаси етказиб берилганлиги факти тасдиқлангандан сўнг божхона транзити божхона режимини якунлаш учун ташувчи кузатув ҳужжатларини товарлар келиб тушадиган божхона органига тақдим этади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
23. Кузатув ҳужжатлари тақдим этилгандан сўнг товар келиб тушадиган божхона органи «E-tranzit» ААТда транзит декларациясининг тегишли графасига ва кузатув ҳужжатларига белги қўйиш орқали божхона транзити божхона режимини якунлайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
24. Божхона транзити божхона режими якунланган пайтдан эътиборан транзит декларациясидаги божхона ҳудудида турган товар «вақтинча сақлаш» божхона режимида турган товар мақомини олади. Бунда «вақтинча сақлаш» божхона режимига жойлаштириш учун божхона юк декларациясини тақдим этиш талаб этилмайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4-боб. Транзит декларациясини ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш ёхуд бекор қилиш
25. Транзит декларациясида кўрсатилган маълумотларга декларант томонидан ўзгартиришлар ёки қўшимчалар киритилиши, топширилган транзит декларацияси эса қайтариб олиниши мумкин.
Транзит декларациясини ўзгартириш, унга қўшимча киритиш ва (ёки) уни қайтариб олиш транзит декларацияси божхона органи томонидан қабул қилингунига қадар амалга оширилади.
26. Транзит декларацияси қабул қилинганидан сўнг уни ўзгартириш, қўшимча киритиш, қайта расмийлаштириш, қайтариб олиш ва (ёки) бекор қилиш декларант божхона органига мурожаат этганидан кейин амалга оширилади.
27. Божхона расмийлаштируви тугалланганидан кейин транзит декларацияси божхона органи томонидан рўйхатга олинган кундан эътиборан уч йил ичида транзит декларациясига божхона органининг талаби билан ёки божхона органи декларант томонидан кўрсатилган сабабларни асосли деб топса, унинг аризасига кўра ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш ёхуд бекор қилиш мумкин.
28. Декларантнинг мурожаатига асосан транзит декларациясига божхона органлари томонидан ҳам ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин. Бунда транзит декларациясига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ставкалар бўйича йиғим ундирилади.
29. Транзит декларациясини тўлдириш, божхона органларига тақдим этиш, расмийлаштириш, ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни бекор қилиш ва қайтариб олиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси томонидан белгиланади.
30. Декларант ёки декларацияловчи шахс божхона расмийлаштируви жараёнида ва ундан сўнг божхона хизмати органлари томонидан божхона юк декларациясида қоидабузарликлар аниқлангунга қадар божхона тўловларини ҳисоблашга ёки тақиқ, чекловлар қўлланилишига таъсир этмайдиган қоидабузарликларни ихтиёрий равишда божхона органи рухсати билан тузатиш ҳуқуқига эга, бундан қонунчиликда декларант ёки декларацияловчи шахснинг мурожаатига асосан транзит декларациясини ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайтариб олиш ва бекор қилиш тақиқланган ҳолатлар мустасно.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ушбу ҳолатларда декларант ва декларацияловчи шахсга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилмайди.
31. Декларантнинг номидан у ишонч билдирган шахс божхона органларига божхона расмийлаштируви учун ҳужжатларнинг электрон шаклларини тақдим этиши, транзит декларациясини ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш ёхуд бекор қилиш бўйича мурожаат этиши мумкин. Бунда у қонунчилик ҳужжатларида белгиланган декларантнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига эга бўлади.
5-боб. Якунловчи қоидалар
32. Чегара божхона постларида ветеринария ва фитосанитария органларининг назорат тартиботларини хавфни бошқариш тамойили асосида ташкил этишда ветеринария, фитосанитария ва божхона органлари ўртасида ўзаро маълумот алмашинуви жорий этилади.
33. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.
34. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавоб берадилар.
Товар ва транспорт воситалари билан транзит операцияларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
Товар ва транспорт воситалари билан транзит операцияларини амалга ошириш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Иштирокчилар

Тадбирлар

Бажариш муддатлари

1-босқич

Декларацияловчи шахс

Транзит декларацияси ҳамда тақдим этиладиган ҳужжатларни тайёрлайди, электрон рақамли имзоси билан тасдиқлайди ва «E-tranzit» ААТ орқали божхона органларига юборади.

Низомнинг 6-банди
иккинчи — тўртинчи хатбошиларида белгиланган муддатларда

«E-Tranzit» ААТ

1. Транзит декларациясини рўйхатга олади ва идентификация кодини беради.

2. Транзит декларацияси рўйхатга олинганлиги тўғрисида декларацияловчи шахсга электрон хабарнома юборади.

Реал вақт режимида

Декларант

1. Товар ва транспорт воситаларининг кузатув ҳужжатлари билан бирга идентификация кодни божхона органига тақдим этади.

Божхона ҳудудига кириб келаётганда — товарлар ва транспорт воситалари жўнатувчи божхона органига келгандан сўнг.

Ички ҳудудда — тайёр бўлишга кўра.

2. Тегишли божхона тўловлари ва йиғимларни тўлайди.

Транзит декларацияси расмийлаштирилгунга қадар

Давлат назорати органлари

Тақдим этилган ҳужжатлар ҳамда транзит декларациясидаги маълумотлар билан танишиб, ўзининг муносабат белгисини қайд этади.

Чегара божхона постида — уч соат ичида
Ички ҳудудда — бир иш кунида

«E-Tranzit» ААТ

Ваколатли органларнинг муносабат белгилари қайд этилгандан сўнг транзит операциялари бошланганлиги ҳақида декларант ёки декларацияловчи шахсга электрон хабарнома юборади.

Реал вақт режимида

2-босқич

Божхона органи ахборот тизими

Ташувчи томонидан товар ва транспорт воситаси келиб тушадиган манзилга етказиб берилгандан сўнг уларнинг етказиб берилганлиги фактини тасдиқлайди.

Иш вақтида ўттиз дақиқа ичида

Ташувчи

Етказиб берилганлиги факти тасдиқлангандан сўнг кузатув ҳужжатларни товарлар келиб тушадиган божхона органига тақдим этади.

Иш вақтида бир соат ичида

Товарлар келиб тушадиган божхона органи

Кузатув ҳужжатлари тақдим этилгандан сўнг транзит декларацияси ва кузатув ҳужжатларига белги қўйиш орқали божхона транзити божхона режимини якунлайди.

Уч соат ичида

Изоҳ. Товар ва транспорт воситалари билан транзит операцияларини амалга ошириш схемасида белгиланган муддатларни истисно этадиган ҳолатлар Давлат божхона қўмитаси томонидан белгиланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 31 декабрдаги 737-сон қарорига
2-ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 ноябрдаги 700-сон қарори билан тасдиқланган Божхона йиғимлари ставкаларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимча
1. 1-банднинг «е» кичик банди чиқариб ташлансин.
2. Қуйидаги мазмундаги 10-банд билан тўлдирилсин:

«

10.

Декларантнинг мурожаатига асосан божхона органи томонидан транзит декларациясига ўзгартириш ва (ёки) қўшимча киритишда транзит декларациясининг асосий варағи учун, ахборот тизимида декларацияловчи шахс томонидан ўзгартириш ва (ёки) қўшимча киритиш бундан мустасно;

БҲМнинг 10 фоизи

».

Кейинги таҳрирга қаранг.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.01.2023 й., 09/23/737/0004-сон; 04.10.2023 й., 09/23/522/0748-сон; 25.10.2023 й., 09/23/560/0796-сон; 18.04.2024 й., 09/24/210/0286-сон; 03.02.2025 й., 09/25/55/0102-сон; 07.11.2025 й., 09/25/700/1022-сон; 05.02.2026 й., 09/26/40/0112-сон; 21.07.2026 й., 09/26/393/0764-сон)