1.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.09.00.00 Солиқ қонунчилиги / 07.09.02.00 Солиқ соҳасида бошқарув;
2.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.09.00.00 Солиқ қонунчилиги / 07.09.04.00 Солиқ тўловчиларнинг айрим тоифаларига солиқ солишнинг ўзига хос хусусиятлари]
[ТСЗ:
1.Молия / Солиқлар (йиғимлар, божлар)]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Чет давлат фуқаролари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетишда аввал харид қилинган товарлар учун қўшилган қиймат солиғини қайтариш тизимини жорий этиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Хизматлар соҳасини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2022 йил 27 январдаги ПҚ-104-сон ҳамда «Аҳолини халқаро брендларнинг сифатли маҳсулотлари билан таъминлаш ва маҳаллий корхоналарнинг глобал қўшилган қиймат занжирларига кириши учун қўшимча шароит яратишга оид чора-тадбирлар тўғрисида» 2022 йил 12 октябрдаги ПҚ-393-сон қарорларига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. 2023 йил 1 январдан бошлаб чет давлат фуқароларига улар томонидан Ўзбекистон ҳудудидаги чакана савдо билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларидан айрим турдаги товарларни сотиб олишда тўланган қўшилган қиймат солиғи (кейинги ўринларда — ҚҚС) суммасини қисман қайтариш (кейинги ўринларда — «tax free») тизими тажриба тариқасида жорий этилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитасининг:
«tax free» тизими оператори сифатида Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги «Soliq Servis» давлат унитар корхонасини (кейинги ўринларда — Оператор) белгилаш;
чет давлат фуқароларига қайтариладиган ҚҚС суммасини ҳисобга олиш ва уни қайтариш солиқ органларининг махсус мобил иловаси (кейинги ўринларда — мобил илова) орқали амалга оширилиши тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
республиканинг барча ҳудудларидаги чакана савдо объектлари орқали чет давлат фуқароларига ҚҚС билан сотилган айрим турдаги товарларга «tax free» тизими қўлланилади;
чет давлат фуқароларига ҚҚС суммасини қайтариш минимал харид қиймати ҚҚС суммасини ҳисобга олган ҳолда камида бир миллион сўмни ташкил этганда ҳамда товарлар харид қилинган кундан эътиборан уч ой мобайнида Операторга мурожаат қилинганда амалга оширилади;
чет давлат фуқаролари томонидан ҳақиқатда амалга оширилган харидларни текшириш ва ҚҚСни қайтариш учун ҳужжатларни расмийлаштириш мақсадида Операторнинг сервис шохобчалари ташкил этилади ва улар Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Фарғона ва Урганч халқаро аэропортлари ҳудудларида жойлаштирилади;
ҚҚСнинг белгиланган ставкаси миқдорининг 90 фоизи чет давлат фуқаросига ҚҚС суммасини қайтаришга, 10 фоизи Операторнинг хизматларига йўналтирилади;
Оператор чакана савдо билан шуғулланувчи субъектлар «tax free» тизими иштирокчилари эканлигини билдирувчи махсус белгининг (флаер) намунавий шаклини ишлаб чиқади ва уларни чакана савдо билан шуғулланувчи субъектларига бепул тарқатади, бунда махсус белгида кўрсатилган маълумотлар давлат тилида ва инглиз тилида ёзилган бўлиши шарт;
Оператор «tax free» тизимини жорий этиш мақсадида қўшимча штат бирликларини шакллантириш, халқаро аэропортларда сервис нуқталарини жойлаштириш ва уларни моддий-техника база билан таъминлаш билан боғлиқ харажатларни ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширади.
4. Қуйидагиларни назарда тутувчи Чет давлат фуқаролари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетишда аввал харид қилинган товарлар учун қўшилган қиймат солиғини қайтариш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
чет давлат фуқароларига Ўзбекистон ҳудудида айрим товарлар харид қилинганда тўланган ҚҚС суммасини Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетишда қайтариш улар томонидан мобил иловада рўйхатдан ўтказилган фискал белгили чеклар маълумотлари асосида амалга оширилиши;
харид қилинган товарларнинг Ўзбекистон ҳудудида истеъмол қилинмаганлиги ҳамда улар чет давлат фуқароларининг кузатув багажи ва/ёки қўл юкида ўзи билан Ўзбекистон ҳудудидан олиб чиқиб кетилиши лозимлиги;
Молия вазирлиги томонидан республика бюджетидан ҚҚСни чет эл фуқароларига тўлаб бериш учун маблағларни ажратиш ва Операторга йўналтириш тартиби.
5. Чет давлат фуқаролари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетишда қўшилган қиймат солиғини қайтариш тизими татбиқ этиладиган товарлар рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Бунда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасига Молия вазирлиги билан келишган ҳолда асосланган таклифлардан келиб чиқиб рўйхатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқи берилсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Давлат божхона қўмитаси, Молия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2022 йил 10 декабрга қадар:
а) мобил иловага чет давлат фуқаролари томонидан харид чекининг фискал белгисини матрицали штрих-код (QR-код) ёрдамида сканерлаш ёки фискал белгисини киритиш орқали рўйхатга олиш ҳамда улар томонидан тўланган ҚҚС суммасини қайтариш имконини берадиган қўшимчалар киритсин;
б) «tax free» тизими иштирокчилари ўртасида ахборот алмашиш имконини берувчи «Тах free» автоматлаштирилган ахборот тизимини (кейинги ўринларда — «Тах free» ААТ) ишлаб чиқсин.
Белгилансинки, мобил иловага қўшимчалар киритиш, шунингдек, «Тах free» ААТни ишлаб чиқиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, солиқ органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси ҳисобидан амалга оширилади.
7. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Давлат персоналлаштириш маркази билан биргаликда 2022 йил 15 декабрга қадар чет давлат фуқароларини «tax free» тизимидан фойдаланиш учун солиқ органларининг махсус мобил иловасида рўйхатдан ўтишларида Ўзбекистон Республикасига кириб келганлигини қайд этиш маълумотлари орқали идентификация қилишнинг автоматлаштирилган имкониятини яратсин.
Бунда «Тах free» ААТ орқали маълумотлар алмашинуви реал вақт режимида амалга оширилиши назарда тутилсин.
8. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига чакана савдо билан шуғулланувчи субъектларни уларнинг мурожаатлари асосида халқаро банк карталари орқали тўловларни қабул қилиш бўйича махсус ҳисоб-китоб терминаллари билан таъминлаш;
«Uzbekistan Airports» АЖга 2022 йил 20 декабрга қадар «tax free» тизими операторининг ҚҚС суммасини қайтариш сервис шохобчаларини Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Фарғона ва Урганч халқаро аэропортлари ҳудудида жойлаштириш тавсия этилсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда 2023 йил 1 октябрга қадар «tax free» тизимини жорий этиш самарадорлиги натижаларига кўра мазкур тизимни 2024 йилдан бошлаб республиканинг барча халқаро аэропортлари, вокзаллари ҳамда божхона ҳудудидан ўтказиш пунктларида босқичма-босқич жорий этиш, шунингдек, «tax free» тизими операторини давлат-хусусий шериклик асосида танлаш ёки халқаро операторларни жалб этиш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг давлат солиқ хизмати органлари бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони доирасида Давлат солиқ қўмитасининг марказий аппаратида «tax free» тизимини жорий этишга ва доимий мониторинг қилиб боришга масъул қўшимча алоҳида тузилма ташкил этилсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги Ташқи ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ва Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда халқаро аэропортларда, вокзалларда ҳамда божхона ҳудудидан ўтказиш пунктларида, шунингдек, расмий веб сайтларда Ўзбекистон Республикасида «tax free» тизими жорий этилганлигини билдирувчи ҳамда мобил иловадан фойдаланишнинг босқичлари ҳақида маълумот берувчи флаер, буклетлар, тарқатма материаллар ва бошқа қўлланмалар бўлишини таъминласин.
12. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан биргаликда мазкур қарорнинг мазмун-моҳиятини оммавий ахборот воситаларида мунтазам ва кенг ёритиб борсин.
13. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А. Қўчқоров, Молия вазири Т.А. Ишметов, Давлат солиқ қўмитаси раиси Ш.Д. Кудбиев ҳамда Давлат божхона қўмитаси раиси А.Ю. Мавлонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 8 ноябрь,
653-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 8 ноябрдаги 653-сон қарорига 1-ИЛОВА
Чет давлат фуқаролари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетишда аввал харид қилинган товарлар учун қўшилган қиймат солиғини қайтариш тартиби тўғрисида
1. Ушбу Низом чет давлат фуқаролари — Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари (кейинги ўринларда — чет давлат фуқаролари) томонидан Ўзбекистон ҳудудида чакана савдо билан шуғулланувчи субъектлардан айрим товарларни харид қилишда тўланган қўшилган қиймат солиғи (кейинги ўринларда — ҚҚС) суммасини қайтариш («tax free» тизими) тартибини белгилайди.
2. Чет давлат фуқароларига ҚҚС билан харид қилинган айрим товарлар бўйича ҚҚС суммасининг ушбу Низомда белгиланган миқдори қайтарилади, қуйидаги ҳолатлар бундан мустасно:
«tax free» тизими — чет давлат фуқароларига, улар томонидан Ўзбекистон ҳудудида айрим товарлар харид қилинганда тўланган ҚҚС суммасини Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетишда ушбу Низомда белгиланган миқдорда қайтариш тизими;
«tax free» тизими оператори (кейинги ўринларда — Оператор) — Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги «Soliq Servis» давлат унитар корхонаси.
«Тах free» автоматлаштирилган ахборот тизими («Тах free» ААТ) — «tax free» тизими иштирокчиларининг ўзаро маълумот алмашинувини таъминлайдиган ҳамда интеграция қилинган автоматлаштирилган ахборот тизими.
4. Чет давлат фуқароларига ҚҚС суммасини қайтариш улар томонидан харид қилинган товарлар фақат кузатув багажи ва/ёки қўл юкида ўзи билан бирга Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқиб кетилиши тасдиқлангандан кейин амалга оширилиши мумкин.
ҚҚС суммаси ўн саккиз ёшга тўлган чет давлат фуқароларига қайтарилади.
Чет давлат фуқаролари ҚҚС суммасини қайтариш учун товарлар харид қилинган кундан эътиборан уч ой мобайнида Операторга ушбу Низомда белгиланган тартибда ва талабларни бажарган ҳолда мурожаат қилиши мумкин.
2-боб. Чет давлат фуқароларини «tax free» тизимида рўйхатга олиш тартиби
6. Чет давлат фуқаролари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида харид қилинган айрим турдаги товарлар бўйича ҚҚС суммасини қайтариш ҳуқуқидан фойдаланиш учун солиқ органларининг махсус мобил иловасида (кейинги ўринларда — мобил илова) рўйхатдан ўтади.
Бунда чет давлат фуқаролари мобил иловада исми, фамилияси ва паспорт маълумотларини, шунингдек, ўзининг номига расмийлаштирилган халқаро банк картаси ёки банк ҳисобварағини рўйхатдан ўтказади.
7. Чет давлат фуқаролари ҚҚС суммасини қайтариб олиш мақсадида мобил иловада идентификация ва рўйхатдан ўтиши уларнинг мобил телефон рақамига (электрон почтасига) келиб тушган ҳавола бўйича рўйхатга олиш кодини киритиш орқали амалга оширилади.
8. Мобил иловага киритилган маълумотларнинг тўғри ва ҳаққонийлиги бўйича жавобгарлик чет давлат фуқароларининг ўзига юклатилади. Бунда уларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келиши ва ундан чиқиб кетиши ҳолатлари «Тах free» ААТ орқали текширилади ва тасдиқланади.
3-боб. Чет давлат фуқароларига ҚҚС суммасини қайтариш тартиби
9. Чет давлат фуқароларига ҚҚС суммасини қайтариш чет давлат фуқаролари томонидан товарлар бўйича харид чекининг фискал белгисини матрицали штрих-кодни (QR-код) мобил илова ёрдамида сканерлаш ёки фискал белгисини мобил иловага киритиш орқали шаклланган маълумотлар асосида амалга оширилади.
10. Чет эл фуқаролари харид қилинган товарлар бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда уларнинг бир қисмини қайтариш тизимидан (кешбек) фойдаланиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 майдаги 255-сон қарори билан тасдиқланган Сотиб олинган товарлар (хизматлар) қийматининг бир қисмини жисмоний шахсларга қайтариш тартиби тўғрисидаги низом билан фискал белгили чеклар мобил иловада рўйхатдан ўтказилмайдиган ҳамда товарлар (хизматлар) қийматининг бир қисмини қайтариб бериш тўлиқ ёки қисман рад этилган ҳолатларда улар бўйича чет эл фуқароларига ҚҚС қайтарилмайди.
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 майдаги 255-сон қарори билан тасдиқланган Сотиб олинган товарлар (хизматлар) қийматининг бир қисмини жисмоний шахсларга қайтариш тартиби тўғрисидаги низом.
11. Мобил иловада рўйхатга олинган фискал белгили чек маълумотлари асосида «tax free» тизими татбиқ этиладиган товарлар рўйхати ва улар бўйича тўланган ҚҚС суммаси алоҳида ажратилган ҳолда акс эттирилади, шунингдек, ушбу маълумот «Тах free» ААТ да реал вақт режимида акс эттирилади.
12. Чет давлат фуқаролари «tax free» тизими доирасида харид қилинган товарлар бўйича ҚҚС суммасини қайтариш учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудини тарк этишда Операторнинг халқаро аэропортларда жойлашган сервис шахобчаларига мурожаат қилади.
Чет давлат фуқаролари мобил илова ёрдамида сервис шохобчасига мурожаат қилиши режалаштирилган сана ва вақт тўғрисида мурожаат юбориши мумкин.
13. Чет давлат фуқаролари ҚҚС суммасини қайтариб олиш учун Операторга бортга чиқиш талони ҳамда шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатади.
Оператор чет давлат фуқаролари Ўзбекистон Республикаси норезиденти эканлигини ҳамда чет давлат фуқаросининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетаётганлиги ҳолатини тасдиқловчи белги (штамп) мавжудлигини текширади.
14. Оператор ходими чет давлат фуқароси томонидан харид чекларида кўрсатилган ҳамда чет эл фуқароси ёнида бўлган товарларни кўздан кечиради ва солиштиради, ушбу Низом билан белгиланган талабларга мослигини текширади ва Оператор томонидан тасдиқланадиган Регламент асосида чет эл фуқароси билан ушбу тўғрисида қайдномани мобил илова орқали электрон шаклда расмийлаштиради.
15. Чет давлат фуқароси Ўзбекистон ҳудудидан чиқиб кетаётганда Оператор Ўзбекистон ҳудудида харид қилинган товарлар республика ҳудудидан олиб чиқиб кетилаётганлигини тасдиқлайди ҳамда бир вақтнинг ўзида ушбу тасдиқни «Тах free» ААТга киритади. Шунингдек, чет эл фуқароси ҳақиқатда Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетганлигини мутасадди ташкилот 3 кун мобайнида «Тах free» ААТ орқали чегарадан ўтиш қайдномаси асосида тасдиқлайди.
16. Оператор томонидан «tax free» тизими доирасида харид қилинган товарлар олиб чиқиб кетилаётганлиги тасдиқлангандан сўнг чет давлат фуқаросига қайтарилиши лозим бўлган ҚҚС суммаси тўғрисида маълумот мобил иловада акс эттирилади.
17. Қайтарилаётган ҚҚС суммаси Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасида белгиланади ва чет давлат фуқаросига мобил иловада кўрсатилган халқаро банк картасига (тўлов тизимига) ёки банк ҳисобварағига чет эл валютасида (АҚШ доллари) мазкур Низомда белгиланган муддатларда ўтказиб берилади.
Қайтарилаётган ҚҚС суммасини чет эл валютасида (АҚШ доллари) ҳисоблаш чет давлат фуқароси томонидан харид амалга оширилган кундаги хизмат кўрсатувчи тижорат банкининг валюта айирбошлаш кунидаги айирбошлаш курслари асосида амалга оширилади.
ҚҚС суммаси чет давлат фуқаросининг халқаро банк картасига (тўлов тизимига) ёки банк ҳисобварағига ўтказилиши хизмат кўрсатувчи тижорат банкининг конверсия ва пул ўтказмалари бўйича хизмат ҳақлари асосида чет давлат фуқаросига қайтарилаётган маблағ ҳисобидан амалга оширилади.
Бунда чет давлат фуқароси ҚҚС суммаси Оператор томонидан қайтариб берилиши учун ўзининг халқаро банк картаси (тўлов тизими) ёки банк ҳисобварағи реквизитларини мобил иловада рўйхатдан ўтказган бўлиши лозим.
18. Чет давлат фуқароси томонидан ушбу Низом талабларига риоя қилинмаслиги ҳолатида, шунингдек, ушбу Низомда белгиланган ҳолатларда Оператор чет давлат фуқароларига харид қилинган товарлар бўйича ҚҚС суммасини қайтариб беришни тўлиқ ёки қисман рад этишга ҳақли.
4-боб. Операторнинг хизмати учун ҳақ тўлаш ҳамда чет давлат фуқароларига ҚҚС суммасини тўлаб бериш тартиби
19. Чет давлат фуқаросига ҚҚС суммаси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги (кейинги ўринларда — Молия вазирлиги) томонидан Ўзбекистон Республикаси республика бюджети ҳисобидан қайтарилади.
Чет давлат фуқаросига харид қилинган товарлар бўйича ҚҚС суммасини қайтариш мазкур Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.
20. Чет давлат фуқаросига харид қилинган товар бўйича ҚҚС суммаси чет давлат фуқаросининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетиш ҳолати тасдиқланган ойдан кейинги ойнинг йигирма бешинчи кунидан кейин қайтарилади.
21. Операторга Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобидан харид чекларидаги «tax free» тизими татбиқ этиладиган товарлар учун жами тўланган ҚҚС суммасининг 100 фоизига тенг бўлган маблағлар тўлаб берилади.
Бунда чет давлат фуқароларига Оператор ўзининг хизмати учун тўловларни инобатга олиб, «tax free» тизими татбиқ этиладиган товарлар учун жами тўланган ҚҚС суммасининг 90 фоиз қисмини тўлаб беради.
Операторнинг хизмати учун тўловлар чет давлат фуқароси томонидан сотиб олинган товарлар учун тақдим этилган харид чекларида кўрсатилган ҚҚС суммасининг 10 фоизини ташкил этади.
22. Оператор ҳар ойнинг йигирма бешинчи кунидан кечиктирмай аввалги календарь ойда чет давлат фуқаролари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келиш ва ҳудуддан чиқиб кетиш ҳолати тасдиқланганлиги ҳамда мобил иловада рўйхатдан ўтказилган фискал белгили чеклар тўғрисидаги ахборот бўйича чет давлат фуқароларига қайтариладиган ҚҚС суммалари бўйича буюртмани Давлат солиқ қўмитасининг хулосаси асосида Молия вазирлигига тақдим этади.
23. Молия вазирлиги Давлат солиқ қўмитасининг хулосасига асосан Операторнинг Молия вазирлиги Ғазначилигидаги махсус ҳисобварағига хулоса олинган кундан сўнг бир иш кунидан кечиктирмай маблағларни ўтказади.
24. Оператор Молия вазирлиги томонидан пул маблағлари ўтказилгандан кейин бир иш кунидан кечиктирмай уларни Молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначиликнинг махсус ҳисобварағидан ваколатли банкда очилган ҳисобварағига ўтказади.
25. Оператор ҚҚС суммасини қайтариб олиш ҳуқуқига эга бўлган чет давлат фуқароларининг реестрларини ваколатли банкка ҳар ойда, кейинги ойнинг йигирма бешинчи кунига қадар тақдим этади.
26. Солиқ органлари ва Оператор чет давлат фуқаролари томонидан чакана савдо билан шуғулланувчи субъектлардан харид қилинган товарлар, уларнинг нархи ва миқдори, тўланган ва қайтарилиши лозим бўлган ҚҚС суммаси, чакана савдо билан шуғулланувчи субъектлар тўғрисидаги маълумотларни олишда «tax free» тизими иштирокчилари ўртасида ахборот алмашиш имконини берувчи «Тах free» ААТдан фойдаланади.
Шунингдек, «Тах free» ААТга ҚҚС суммасини қайтаришда иштирок этадиган божхона, молия ва бошқа мутасадди органлар ўз ахборот тизимларини «Тах free» ААТга интеграция қилади ва ундан фойдаланади.
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 27, 28-боблари.
Чет давлат фуқаролари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетишда аввал харид қилинган товарлар учун қўшилган қиймат солиғини қайтариш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА
Чет давлат фуқаролари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетишда харид қилинган товарлар учун қўшилган қиймат солиғини қайтариш («tax-free» тизими)
СХЕМАСИ
Босқичлар
Субъектлар
Чора-тадбирлар
Муддатлар
I. «Солиқ сервис» ДУК «tax-free» тизими операторига товарлар харидида тўланган қўшилган қиймат солиғини қайтариш («tax-free» тизими) ҳуқуқи тўғрисида хабар бериш
1-босқич
Товар харидори — чет эл фуқаролари
Чакана савдо ташкилотлари томонидан тақдим этилган онлайн назорат-касса машиналари чеклари солиқ органларининг махсус мобил иловасида рўйхатдан ўтказилади
Чек олинган кундан бошлаб 10 календарь кундан кечиктирмасдан
2-босқич
«Солиқ сервис» ДУК «tax-free» тизими оператори
Ўтган календарь ойда чет эл фуқаролари томонидан солиқ органларининг махсус мобил иловасида рўйхатдан ўтказилган фискал белгили чеклар тўғрисидаги ахборот ва улар бўйича қайтариладиган ҚҚС суммалар бўйича буюртмалар ҳаққонийлигини текширади.
Чет давлат фуқароси томонидан товарлар харид қилинган ойдан кейинги ойнинг 25-кунига қадар
II. Товарларни харид қилишда тўланган қўшилган қиймат солиғини қайтариш (Tax-free)
3-босқич
«Солиқ сервис» ДУК «tax-free» тизими оператори
Чет давлат фуқаролари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келиш ва ҳудуддан чиқиб кетиш ҳолати тасдиқланганлиги ҳамда мобил иловада рўйхатдан ўтказилган фискал белгили чеклар тўғрисидаги ахборот бўйича чет давлат фуқароларига қайтариладиган ҚҚС суммалари бўйича буюртмани Давлат солиқ қўмитасининг хулосаси асосида Молия вазирлигига тақдим этади.
Чет давлат фуқароси томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетиш ҳолати тасдиқланган ойдан кейинги ойнинг 25-кунига қадар
4-босқич
Молия вазирлиги
Операторининг махсус ҳисобрақамига чет эл фуқароларининг солиқ органларининг махсус мобил иловасида рўйхатдан ўтказилган фискал белгили чеклар асосида ҚҚС суммасини қайтариб бериш учун маблағларни ўтказади.
Буюртма олган кундан сўнг бир иш кунидан кечиктирмасдан
5-босқич
«Солиқ сервис» ДУК «tax-free» тизими оператори
Қабул қилинган маблағларни ваколатли банкда очилган ҳисоб ҳисобварағига ўтказади.
Бир кундан кечиктирмасдан
6-босқич
«Солиқ сервис» ДУК «tax-free» тизими оператори
Ваколатли банкка товарларнинг ҚҚС суммасини қайтариш ҳуқуқига эга бўлган чет эл фуқаролари реестрини тақдим этади.
Чет давлат фуқаролари томонидан харид қилинган товарлар фақат кузатув багажи ва/ёки қўл юкида ўзи билан бирга Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқиб кетилганда амалга оширилади.
7-босқич
Банк
Солиқ органларининг махсус мобил иловасида фискал белгиси қўйилган рўйхатдан ўтган чеклар асосида харид қилинган товарларнинг ҚҚС суммасини қайтариш ҳуқуқига эга бўлган чет эл фуқароларининг халқаро банк карталарига пул маблағларини ўтказади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 8 ноябрдаги 653-сон қарорига 2-ИЛОВА
Чет давлат фуқаролари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетишда қўшилган қиймат солиғини қайтариш тизими татбиқ этиладиган товарлар
РЎЙХАТИ
Гуруҳ
Гуруҳ тавсифи
Синф
Синф тавсифи
008
Мевалар ва ёнғоқлар
00801
Ёнғоқ
00811
Қуритилган мевалар ва ёнғоқлар
033
Парфюмерия, косметика ёки гўзаллик маҳсулотлари
03303
Атир ёки парфюмерия суви
03304
Косметика воситалари
03305
Соч учун маҳсулотлар
03307
Бошқа парфюмерия, косметика ёки ҳожатхона воситалари
042
Тери маҳсулотлари
04202
Сандиқлар ва бошқа сумкалар
04203
Кийим учун тери аксессуарлар
04205
Табиий ёки композит теридан тайёрланган бошқа маҳсулотлар
043
Мўйна ва мўйнали маҳсулотлар
04303
Табиий мўйнадан тайёрланган аксессуарлар
04304
Сунъий мўйна ва ундан тайёрланган маҳсулотлар
044
Ёғоч ва унинг маҳсулотлари
04419
Ёғоч вилкалар ва пичоқлар
04420
Ёғочдан кошинкор ва нақшин маҳсулотлар, ювелир ёки пичоқ ва бошқа шу каби буюмлар учун ёғоч қутича ва идишлар, ёғоч ҳайкалча ва бошқа декоратив буюмлар
046
Сават
04601
Тўқимачилик маҳсулотлари
050
Ипак
05007
Ипак матолар
057
Гиламлар
05701
Гиламлар
061
Кийим ва кийим аксессуарлари
06101 — 06117
Кийим ва кийим аксессуарлари
062
06201 — 06217
064
Пойабзал
06401
Пойабзал
06403
Болалар пойабзали
069
Керамик маҳсулотлар
06911
Фарфордан ясалган бошқа буюмлар
06912
Дастурхон, ошхона идишлари ва бошқа керамикадан ясалган хўжалик ва ҳожатхона буюмлари, фарфордан ташқари
082
Қурилмалар ва мосламалар, уларнинг қисмлари
08211
Пичоқлар
08213
Қайчи
08214
Бошқа кесиш маҳсулотлари (масалан, соч кесиш учун машинкалар, қассоблар учун махсус пичоқлар ёки махсус ошхона пичоқлари ва кесимлар)
08215
Ошхона анжомлари
085
Электр машиналар, аппарат, асбоб-ускуналар ва уларнинг қисмлари
08508
Чангютгичлар
08509
Электр моторли маиший техника
08510
Электр соч ва соқол олиш машиналари
08517
Телефонлар
08518
Микрофонлар, наушниклар ва бошқалар
08519
Овоз ва видео ёзувлар учун ускуналар
08523
Дисклар, ленталар ва бошқа сақлаш мосламалари
08525
Теле-видео-рақамли камералар
08527
Радио қолдиқлари
08543
Шахсий функцияларга эга электр машиналари ва жиҳозлари
091
Соатлар
09101
Қўл соатлари
09103
Қўл соати бўлмаган соатлар
095
Ўйинчоқлар ва спорт асбоб-ускуналари
09503
Велосипедлар, самокатлар, педалли машиналар, миллий ва бошқа ўйинчоқлар
09504
Видео ўйинлар, стол ўйинлари, биллиард ва бошқа ўйинлар
09505
Байрамлар учун маҳсулотлар
Изоҳ. Кенгайтирилган рўйхат Давлат солиқ қўмитаси томонидан (позициялар, субпозициялар, атрибутлар ва брендлар кўрсатилган ҳолда) юритилади.