1.05.00.00.00 Меҳнат ва аҳолининг бандлиги тўғрисидаги қонунчилик / 05.01.00.00 Ишга жойлаш ва аҳоли бандлиги / 05.01.01.00 Умумий масалалар;
2.09.00.00.00 Тадбиркорлик ва хўжалик фаолияти / 09.01.00.00 Тадбиркорлик тўғрисидаги қонунчилик / 09.01.10.00 Тадбиркорлар бирлашмалари (уюшмалар, ассоциациялар ва б.) / 09.01.10.01 Савдо-саноат палатаси]
2.Фуқаролик қонунчилиги. Тадбиркорлик / Тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимларининг ёрдамчилари фаолияти самарадорлигини янада ошириш бўйича намунавий концепцияни тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида» 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, маҳаллабай ишлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш орқали тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимларининг ёрдамчилари фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимларининг ёрдамчилари фаолияти самарадорлигини янада ошириш бўйича намунавий концепция (кейинги ўринларда — Концепция) ва уни 2022 йилда амалга ошириш бўйича тадбирлар режаси (кейинги ўринларда — тадбирлар режаси) 1 ва 2-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.
2. Қуйидагилар Концепциянинг асосий мақсадлари этиб белгилансин:
ҳоким ёрдамчилари фаолиятини самарали йўлга қўйишга кўмаклашиш;
маҳаллаларнинг «ўсиш нуқталари»ни (ихтисослашув йўналишларини) аниқлаш ва тадбиркорликни, шу жумладан, «драйвер» лойиҳаларни амалга оширишда ташаббускорларга кўмаклашиш ва шу орқали иқтисодий ўсишни таъминлаш;
маҳалланинг ихтисослашувидан келиб чиқиб, аҳолининг камбағал қатлами даромадини, «маҳаллабай» ишлаш тизими орқали камбағал аҳоли билан манзилли ишлаш йўллари самарадорлигини ошириш;
ҳар бир маҳалла инфратузилмасини шакллантиришнинг устувор йўналишларини аниқлаш, давлат тасарруфидаги инфратузилма объектлари, ер участкалари, бўш турган объектлардан давлат-хусусий шериклик асосида самарали фойдаланиш;
«Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқароларнинг муаммоларини ўрганиб, уларга аниқ йўналишлар (касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, тадбиркорликка ва ўзини ўзи банд қилиш фаолиятига жалб этиш) бўйича манзилли кўмаклашиш.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари икки ой муддатда Концепция асосида ҳар бир ҳоким ёрдамчиси фаолияти самарадорлигини янада ошириш бўйича концепция туман (шаҳар) ҳокимлари томонидан тасдиқланиши таъминласин.
Белгилансинки:
ҳоким ёрдамчиси фаолияти самарадорлигини янада ошириш бўйича концепция ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ихтисослашуви ва маҳаллаларнинг «ўсиш нуқталари»ни инобатга олган ҳолда маҳаллалар бўйича ишлаб чиқилади ҳамда ҳудуддаги «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган ҳар бир шахс билан индивидуал тарзда ишлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича олиб борилиши лозим бўлган аниқ чора-тадбирларни назарда тутади;
ҳоким ёрдамчиси фаолияти самарадорлигини янада ошириш бўйича концепция ҳар йили январь ойида, 2022 йилда, истисно тариқасида, сентябрь ойида ҳоким ёрдамчиси томонидан ишлаб чиқилади, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида ҳар томонлама муҳокама қилинади ҳамда тасдиқлаш учун туман (шаҳар) ҳокимига киритилади;
ҳоким ёрдамчилари тасдиқланган концепциянинг ижроси юзасидан ҳар ойда — фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари йиғинларида, ҳар чоракда — тегишли туман (шаҳар) ҳокимига ҳамда йил якуни бўйича — халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига ҳисобот тақдим этади.
4. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги:
тадбирлар режасида белгиланган вазифалар ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши устидан мониторинг олиб борсин ҳамда вазирликлар, идоралар ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг бу борадаги ўзаро ҳамкорлигини мувофиқлаштирсин;
тадбирлар режасида белгиланган вазифалар ижроси бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан 2022 йил 1 декабрга қадар Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритсин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 16 август,
450-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 16 авгутдаги 450-сон қарорига 1-ИЛОВА
Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимларининг ёрдамчилари фаолияти самарадорлигини янада ошириш бўйича намунавий
КОНЦЕПЦИЯ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Концепция (кейинги ўринларда — Концепция) маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимларининг ёрдамчилари (кейинги ўринларда — ҳоким ёрдамчиси) томонидан маҳаллада аҳоли бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка жалб этиш, маҳалла ҳудудида давлат-хусусий шериклик асосида тадбиркорликни ривожлантириш, маҳаллабай ишлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш орқали уларнинг камбағалликни қисқартириш йўналишларидаги фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида ишлаб чиқилган.
2. Концепция қонунийлик, ҳоким ёрдамчилари фаолиятининг ижтимоий мақсадларга йўналтирилганлиги, бюрократик расмиятчиликка йўл қўйилмаслиги ва холислик каби асосий принципларга таянган ҳолда амалга оширилади.
3. Ҳар бир ҳоким ёрдамчисининг фаолияти самарадорлигини янада ошириш бўйича Концепция туман (шаҳар) ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари томонидан тасдиқланди.
2-боб. Концепциянинг асосий мақсади ва вазифалари
4. Концепциянинг асосий мақсади ҳоким ёрдамчилари фаолияти самарадорлигини янада ошириш, маҳаллаларнинг «ўсиш нуқталари» ва «драйвер» лойиҳаларни аниқлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка жалб этиш, маҳалла ҳудудида давлат-хусусий шериклик асосида тадбиркорликни ривожлантириш, маҳаллабай ишлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш орқали камбағалликни қисқартиришдан иборат.
5. Концепция белгиланган мақсадга эришиш учун қуйидаги устувор вазифалар доирасида амалга оширилади:
ҳоким ёрдамчилари фаолиятини самарали йўлга қўйишга кўмаклашиш;
маҳаллаларнинг «ўсиш нуқталари»ни (ихтисослашув йўналишларини) аниқлаш ва тадбиркорликни, шу жумладан, «драйвер» лойиҳаларни амалга оширишда ташаббускорларга кўмаклашиш ва шу орқали иқтисодий ўсишни таъминлаш;
маҳалланинг ихтисослашувидан келиб чиқиб аҳолининг камбағал қатлами даромадини оширишга сафарбар этиш, «маҳаллабай» ишлаш тизими орқали камбағал аҳоли билан манзилли ишлаш йўллари самарадорлигини ошириш;
ҳар бир маҳалла инфратузилмасини шакллантиришнинг устувор йўналишларини аниқлаш, давлат тасарруфидаги инфратузилма объектлари, ер участкалари, бўш турган объектлардан давлат-хусусий шериклик асосида самарали фойдаланиш;
«Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқароларнинг муаммоларини ўрганиб, уларга аниқ йўналишлар (касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, тадбиркорликка ва ўзини ўзи банд қилиш фаолиятига жалб этиш) бўйича манзилли кўмаклашиш.
3-боб. Ҳоким ёрдамчилари фаолияти самарадорлигини янада оширишнинг устувор йўналишлари
6. Қуйидагилар ҳоким ёрдамчилари фаолияти самарадорлигини янада оширишнинг устувор йўналишлари ҳисобланади:
а) маҳаллаларнинг «ўсиш нуқталари»ни (ихтисослашув йўналишларини) аниқлаш ва тадбиркорликни, шу жумладан, «драйвер» лойиҳаларни амалга оширишда ташаббускорларга кўмаклашиш ва шу орқали иқтисодий ўсишни таъминлаш йўналишида:
маҳаллалардаги хонадонлар, оилалар, аҳоли сони, ёш ва гендер таркиби, банд бўлганлар ва ишсизлар сони, уларнинг мутахассисликлари ва касб малакаси, маҳалла фаоллари, мактабгача таълим, умумий ўрта ва ўрта махсус таълим, профессионал таълим ва олий таълим муассасалари, ер майдони, томорқа ерлар, бўш бино ва иншоотлар, инфратузилма объектлари (газ, электр энергияси, ичимлик ва оқова сув тизимлари, йўл), тадбиркорлар сони ва уларнинг фаолият тури тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига қамраб олган маҳалланинг паспортини ишлаб чиқишда иштирок этиш;
маҳаллалардаги мавжуд имкониятлар, хомашё ресурслари, инфратузилма ҳолати, ишчи кучининг ихтисослашуви ва сифатидан келиб чиққан ҳолда ҳар бир маҳаллани ривожлантириш йўналишларини ишлаб чиқиш;
маҳаллаларни ривожлантириш йўналишларидан келиб чиқиб уларнинг ихтисослашувини аниқлаш ва «драйвер» лойиҳалар рўйхатини шакллантириш;
маҳаллаларда ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш йўналишларини белгилаш;
маҳаллани ўрганиш ва таҳлил қилиш натижасида уни ўрта ва қисқа муддатда ривожлантириш бўйича «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш;
б) маҳалланинг ихтисослашувидан келиб чиқиб аҳолининг камбағал қатлами даромадини оширишга сафарбар этиш, «маҳаллабай» ишлаш тизими орқали камбағал аҳоли билан манзилли ишлаш йўллари самарадорлигини ошириш йўналишида:
оилаларнинг даромад манбаларини, шу жумладан, томорқа ерлардан фойдаланиш ҳамда даромадли меҳнатга бўлган интилиши ва эҳтиёжларини «хонадонбай» ўрганиш;
аҳолини камбағалликдан чиқариш дастурларини шакллантириш ва уларнинг ижросини ташкил этиш;
маҳалладаги иш билан банд бўлмаган аҳолининг тадбиркорлик ва доимий даромад келтирувчи фаолият билан шуғулланишини йўлга қўйиш мақсадида уларга иссиқхона қуриш, томорқасини суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини бурғилаш, қишлоқ хўжалиги кооперативига аъзо бўлиш, асбоб-ускуна ва меҳнат қуролларини харид қилиш, бино ва иншоотнинг ижара тўлови ҳамда касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқиши учун субсидиялар олишда тавсия бериш;
тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган аҳолига оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида кредитлар ажратиш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишда ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатиш;
тадбиркорлик ишчи кучига талаб юқори бўлган соҳаларда янги иш ўринларини яратиш ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи банд қилишига ёки янги бизнес ғояларини амалга оширишга кўмаклашиш;
устоз-шогирд анъанаси асосида банд бўлмаган аҳолини улар яшаётган маҳаллада фаолият кўрсатаётган корхоналар ҳамда ҳунармандларга бириктириш;
хонадонларда ва маҳаллий тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар турлари, сифати ва ҳажмини ошириш мақсадида тегишли соҳа мутахассисларини жалб қилиш;
тадбиркорлик субъектларининг мавжуд муаммоларини тезкорлик билан ҳал этиш ва уларнинг фаолиятини кенгайтириш учун зарур чораларини кўриш;
в) ҳар бир маҳалла инфратузилмасини шакллантиришнинг устувор йўналишларини аниқлаш, давлат тасарруфидаги инфратузилма объектлари, ер участкалари, бўш турган объектлардан давлат-хусусий шериклик асосида самарали фойдаланиш йўналишида:
маҳалла ҳудудида, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида спорт ва маданий иншоотлар, ижодий клублар, бандликка кўмаклашиш ва ўқитиш марказлари каби инфратузилмани (кейинги ўринларда — инфратузилма объектлари) яратишни назарда тутувчи лойиҳаларни аниқлаш;
маҳалла ҳудудидаги инфратузилмани давлат-хусусий шериклик лойиҳаси билан ривожлантиришга қаратилган мақсадли ва манзилли дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиш;
маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим асосида амалга оширилиши мўлжалланаётган истиқболли лойиҳаларни, ер участкаларини тегишли ҳудуднинг эҳтиёжларини ҳамда салоҳиятини инобатга олган ҳолда ўрганиш;
маҳалла ҳудудида инфратузилма объектларини яратиш мақсадида давлат-хусусий шериклик асосида ишлаш учун тадбиркорларни жалб қилиш чораларини кўриш;
давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга оширишда аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига хабар бериш;
г) «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқароларнинг муаммоларини ўрганиб, уларга аниқ йўналишлар (касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, тадбиркорликка ва ўзини ўзи банд қилиш фаолиятига жалб этиш) бўйича манзилли кўмаклашиш йўналишида:
банд бўлмаган аҳолининг, хусусан, ёшлар ва хотин-қизларнинг касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўргатиш билан боғлиқ талабини аниқлаш;
маҳалладаги мавжуд бўш иш ўринларини ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг мавсумий ишчиларга бўлган талабини аниқлаш орқали ишсизларни, биринчи навбатда, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқароларни бўш иш ўринларига жойлаштириш ҳамда ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилиш;
маҳаллалардаги банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўргатишни ташкил этиш орқали уларнинг бандлигига кўмаклашиш;
ижтимоий муҳофазага муҳтож аҳоли қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб турмуш шароитлари яратиш бўйича аниқ манзилли чораларни амалга ошириш
4-боб. Концепцияни амалга ошириш механизмлари
7. Туман (шаҳар) ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Концепция асосида ўз ҳудудларининг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ихтисослашувидан келиб чиқиб ҳоким ёрдамчилари фаолияти самарадорлигини янада оширишга шахсан масъул бўлиб, қуйидаги вазифаларни амалга оширади:
ҳар йили ҳоким ёрдамчисининг фаолияти самарадорлигини янада ошириш бўйича концепциялар ишлаб чиқилиши, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида муҳокама қилиниши ҳамда туман (шаҳар) ҳокимлари томонидан тасдиқланишини ташкил этиш;
тасдиқланган концепция асосида ҳоким ёрдамчиларининг фаолияти мониторингини олиб бориш ва уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича амалий чоралар кўриб бориш;
ҳоким ёрдамчиларининг фаолиятида юзага келадиган муаммоларни ўрганиш, таҳлил этиш ва тизимли ҳал қилиш чораларини кўриш, уларнинг фаолиятини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;
маҳаллаларда ҳоким ёрдамчилари томонидан аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида туман (шаҳар) ҳокимлиги, тегишли идора ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда етакчи тадбиркорлар иштирокида учрашувлар ташкил этиш;
ҳоким ёрдамчилари томонидан маҳаллаларни ўрганиш натижасида ҳар бир маҳаллани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда аҳолини камбағалликдан чиқариш чора-тадбирлари дастурларини ишлаб чиқиш, уларни халқ депутатлари Кенгашига тақдим этиш ва ижросини назорат қилиш;
ҳоким ёрдамчилари томонидан аниқланган аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг ҳудудий даражадаги муаммоларини тезкорлик билан бартараф этиш чораларини кўриш;
давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари, тижорат банклари, нодавлат нотижорат ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда маҳалла ҳудудида давлат-хусусий шериклик асосида спорт ва маданий иншоотлар, ижодий клублар, бандликка кўмаклашиш ва ўқитиш марказлари каби инфратузилмани яратиш;
ҳоким ёрдамчилари томонидан амалга оширилган ишлар самарадорлиги ва амалий натижаларидан келиб чиқиб уларни рағбатлантириш ёки масъулиятини ошириш чораларини кўриш, амалга оширилган ишлар бўйича уларнинг ахборотларини эшитиш ва халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашига ҳисобот бериб бориш.
8. Концепцияни амалга ошириш доирасида қуйидагилар кутилмоқда:
ҳоким ёрдамчилари фаолияти самарадорлигини янада ошириш, маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш соҳасига оид қонунчилик ҳужжатлари янада такомиллаштирилади;
маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳоким ёрдамчиларининг ўзаро самарали ҳамкорлик фаолияти йўлга қўйилади;
ҳар бир маҳалладаги иқтисодий ҳолат, шу жумладан, аҳолининг бандлик даражаси, оилаларнинг даромад манбалари, томорқа ерларидан фойдаланиш ҳолатлари ҳамда даромадли меҳнатга бўлган интилишлари ва эҳтиёжларини таҳлил қилиш имкониятлари яратилади;
ҳудудларда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш бўйича мавжуд тузилмалар фаолияти янада такомиллаштирилади;
тадбиркорлик субъектлари фаолиятида тўсиқ бўлаётган (ер ажратиш, қурилиш учун рухсат бериш, турли хил фаолиятлар учун лицензия олиш, бўш бино ва ер майдонларини тадбиркорлик учун ажратиш, коммуникация тизимларига уланиш) муаммолар тезкорлик билан ҳал этилади;
тадбиркорлик ва хизматлари кўрсатиш соҳасида янги иш ўринларини яратилади ҳамда аҳоли бандлиги ва аҳоли турмуш фаровонлиги яхшиланади;
давлат-хусусий шериклик фаолиятини амалга ошириш орқали маҳаллаларда бўш турган объектлар ва бўш ерлардан фойдаланиш самарадорлиги оширилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 16 авгутдаги 450-сон қарорига 1-ИЛОВА
2022 йилда ҳоким ёрдамчилари фаолияти самарадорлигини янада оширишга қаратилган намунавий концепцияни амалга ошириш бўйича
ТАДБИРЛАР РЕЖАСИ
Т/р
Тадбирлар номи
Амалга ошириш шакли
Бажариш муддатлари
Масъуллар
1.
Маҳалла ҳудудида, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида спорт ва маданий иншоотлар, ижодий клублар, бандликка кўмаклашиш ва ўқитиш марказлари каби инфратузилмани яратишни назарда тутувчи лойиҳаларни аниқлашда ҳоким ёрдамчилари билан ҳамкорлик қилиш.
Ташкилий чора-тадбирлар
2022 йил август — декабрь
Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги, Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги
2.
Ҳоким ёрдамчиларига маҳалла ҳудудида давлат-хусусий шериклик асосида инфратузилма объектларини яратиш фаолияти бўйича методик қўлланма тайёрлаш.
Ташкилий чора-тадбирлар
2022 йил 20 сентябрь
Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги, Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги
3.
Ҳар бир маҳалла бўйича инфратузилма объектларини хатловдан ўтказиш.
Хатлов натижасига кўра маҳалланинг эҳтиёжи ва салоҳиятини инобатга олган ҳолда давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга оширишга мувофиқ келадиган инфратузилма объектларининг рўйхатини шакллантириш.
Давлат активларини бошқариш агентлиги, Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги, Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари
4.
Ҳоким ёрдамчилари учун давлат-хусусий шерикликнинг мазмун-моҳияти бўйича масофадан онлайн тарзда ўқув-семинарларини ташкил этиш.
Ташкилий тадбирлар
2022 йил август-сентябрь
Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги, Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари
5.
Маҳаллалар ҳудудида инфратузилма объектларини давлат-хусусий шериклик асосида лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция, модернизация ва эксплуатация қилиш учун тадбиркорларни жалб қилиш мақсадида тарғибот ишларини олиб бориш.
Ташкилий тадбирлар
2022 йил август — декабрь
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги
6.
Маҳаллалар ҳудудида давлат-хусусий шериклик бўйича инфратузилма яратишда ҳоким ёрдамчилари фаолиятига ҳар томонлама кўмаклашиш.
Ташкилий чора-тадбирлар
2022 йил август — декабрь
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари
7.
Маҳалла ҳудудида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини ўз вақтида ва самарали амалга оширишга тўсқинлик қиладиган омилларни аниқлаш, уларни бартараф этиш чораларини кўриш.
Ташкилий чора-тадбирлар
2022 йил август — декабрь
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги
8.
Маҳаллалар ҳудудидаги бўш турган бинолар ва ерлар тўғрисидаги маълумотларни келгусида маҳалланинг эҳтиёжи ва салоҳиятини инобатга олган ҳолда истиқболли давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида ҳоким ёрдамчиларига тақдим қилиб бориш.
Ташкилий чора-тадбирлар
2022 йил август — декабрь
Давлат активларини бошқариш агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 17.08.2022 й., 09/22/450/0746-сон; 16.12.2025 й., 09/25/791/1167-сон)