toggle_night_mode
Ҳужжат 22.04.2022 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Тожикистон Республикаси Ҳукумати ўртасидаги
Баённома
2018 йил 9 мартда имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Тожикистон Республикаси Ҳукумати ўртасида фуқароларнинг ўзаро келиб-кетишлари тўғрисидаги Битимга қўшимчалар киритиш тўғрисида
2021 йил 10 июнь, Душанбе
 LexUZ шарҳи
Мазкур Баённома Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 20 апрелдаги ПҚ-213-сон-сонли «Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган.
(Ўзбекистон Республикаси учун 2022 йил 22 апрелдан кучга кирган)
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Тожикистон Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
2018 йил 9 мартда имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Тожикистон Республикаси Ҳукумати ўртасида фуқароларнинг ўзаро келиб-кетишлари тўғрисидаги Битимнинг (кейинги ўринларда — Битим) 14-моддасига биноан,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Битимнинг 1-моддаси қуйидаги мазмундаги 3 ва 4-бандлар билан тўлдирилсин:
«3. Бир Томон давлатининг бошқа Томон давлати ҳудудида бўлиб турган фуқаролари, қабул қилувчи Томон давлатининг давлат чегарасини кесиб ўтган пайтдан бошлаб 10 (ўн) кун давомида ўзлари бўлиб турган Томон давлатининг ваколатли органларида рўйхатдан ўтиш ҳамда вақтинча рўйхатга қўйиш мажбуриятларидан озод этиладилар.
4. Башарти Томонлардан бири давлатининг қонунчилиги шахсларнинг кириши, бўлиб туриши, рўйхатдан ўтиши ва вақтинчалик рўйхатда туриши ёки чиқиб кетишига нисбатан янада қулайроқ шароитларни ўрнатадиган бўлса, мазкур Томон давлати ҳудудида ўз давлатининг миллий қонунчилиги қўлланилади.».
2-модда
Мазкур Баённома Томонлар унинг кириши учун давлат ички процедураларини бажарганликлари тўғрисидаги сўнгги ёзма хабарнома дипломатик каналлар орқали олинган кундан бошлаб кучга киради.
Мазкур Баённома Битим тугатилган кундан бошлаб ўз кучини йўқотади.
Душанбе шаҳрида 2021 йил 10 июнда икки асл нусхада, хар бири ўзбек. тожик ва рус тилларида тузилди. бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Мазкур Баённоманинг қоидаларини талқин қилишда тафовутлар юзага келган холларда, рус тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)