Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тизимида ташкил этилган «Ягона ҳисоб-китоб маркази» давлат унитар корхоналарининг фаолиятини янада ривожлантириш, шунингдек, кўп квартирали уйларда коммунал хизматларини кўрсатишда бухгалтерлик ҳисобини юритишни такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 1 августдаги 570-сон қарори билан тасдиқланган Кўп квартирали уйларни капитал ва жорий таъмирлаш учун маблағлар тўплаш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги
низомга иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимча киритилсин.
2. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра:
Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тизимида ташкил этилган «Ягона ҳисоб-китоб маркази» давлат унитар корхоналари (кейинги ўринларда — «Ягона ҳисоб-китоб маркази») томонидан мажбурий бадаллар йиғиш бўйича хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларига кўрсатилган хизматлар учун тўловлар мазкур ширкатларнинг тўплаш ҳисобварағидан амалга оширилади;
тижорат банклари олдидаги кредитор қарздорликни қисқартириш мақсадида қарздорлиги мавжуд бўлган уй-жой мулкдорлари ширкатлари Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 1 августдаги 570-сон қарори билан тасдиқланган Кўп квартирали уйларни капитал ва жорий таъмирлаш учун маблағлар тўплаш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 5-банди
«а» ва
«б» кичик бандларида назарда тутилган манбалардан тушадиган маблағнинг 70 фоизигача миқдорини кредитор қарздорликни қоплашга йўналтиради.
3. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги мажбурий бадалларни йиғиш бўйича прогноз кўрсаткичларининг ўз вақтида бажарилишини доимий равишда назорат қилиб борсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Кўп квартирали уй-жой фондидан фойдаланиш соҳасини назорат қилиш инспекцияси жамғариладиган маблағлардан мақсадли фойдаланилиши юзасидан давлат назоратини ўрнатсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж. Раматов ва Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Ш.С. Хидоятов зиммасига юклансин.
1.
10-банд қуйидаги мазмундаги тўртинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тизимида ташкил этилган Ягона ҳисоб-китоб марказлари томонидан мажбурий бадаллар йиғиш бўйича кўрсатилган хизматлар учун тўловларни амалга ошириш».
2.
14-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«14. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тизимида ташкил этилган Ягона ҳисоб-китоб марказлари томонидан хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларига шартнома асосида кўрсатилган хизматлар учун тўловлар хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларининг қуйидаги ҳисобварақларидан амалга оширилади:
бухгалтерлик ҳисобини юритиш ва консалтинг хизматлари — асосий ҳисобварағидан;
мажбурий бадаллар йиғиш бўйича кўрсатилган хизматлар — тўплаш ҳисобварағидан».