toggle_night_mode
Ҳужжат 16.10.2021 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларга малакали ўқитувчи-педагогларни жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида» 2021 йил 3 февралдаги ПФ-6155-сон Фармони ҳамда «Олис ҳудудлардаги бюджет ташкилотларига малакали мутахассисларни жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 11 январдаги ПҚ-4940-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларда таълим беришни яхшилаш учун бошқа ҳудудлардан тажрибали мутахассисларни жалб этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Олис ҳудудлардаги бюджет ташкилотларига малакали мутахассисларни жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 11 январдаги ПҚ-4940-сон қарорида:
а) 2021 йил 1 мартдан бошлаб таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларда дарс бериш учун бошқа ҳудудлардан жалб қилинган олий ва биринчи тоифага эга ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига махсус устамалар жорий қилинганлиги, бунда:
бир маъмурий-ҳудудий бирликлар доирасида бошқа туман ва шаҳарлардан келиб фаолият юритаётган ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига 50 фоиз;
бошқа маъмурий-ҳудудий бирликдан келиб фаолият юритаётган ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига 100 фоиз махсус устамалар тўланиши;
б) таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларда дарс бериш учун бошқа ҳудудда камида бир йил ишлаган олий ва биринчи тоифага эга ўқитувчи-педагоглар жалб қилиниши;
в) таълим даражаси юқори бўлмаган мактаблар рўйхати Халқ таълими вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан аниқланиши;
Кейинги таҳрирга қаранг.
г) бошқа ҳудудлардан жалб қилинган олий ва биринчи тоифага эга ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига махсус устамалар улар борган мактаб таълим даражаси юқори бўлмаган мактаблар рўйхатидан чиқарилган йилдан кейинги йил учун ҳам тўланиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Белгилансинки:
а) умумтаълим фанларидан бири бўйича халқаро тан олинган сертификатга ёки Вазирлар Маҳкамасининг «Умумтаълим фанларини билиш даражасини баҳолашнинг миллий тест тизимини жорий этиш тўғрисида» 2020 йил 12 октябрдаги 646-сон қарорига мувофиқ умумтаълим фанларини билиш даражаси тўғрисидаги сертификатга эга бўлган:
педагогика йўналишидаги олий таълим муассаса (факультет)ларининг 2021 йил ва ундан кейинги йиллардаги битирувчилари бир маъмурий-ҳудудий бирлик доирасида бошқа туман ва шаҳарлардан келиб, таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларда меҳнат фаолиятини амалга оширганда, уларнинг базавий тариф ставкаларига 50 фоиз ва бошқа маъмурий-ҳудудий бирликдан келиб меҳнат фаолиятини амалга оширганда, уларнинг базавий тариф ставкаларига 100 фоиз махсус устамалар тўланади;
олий маълумотли педагог ходимлар ва педагогика йўналишидаги олий таълим муассаса (факультет)ларининг битирувчилари тўғридан-тўғри иккинчи малака тоифасига эга бўлади;
Кейинги таҳрирга қаранг.
б) Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 июндаги 471-сон қарори билан тасдиқланган Умумий ўрта таълим муассасаларида бошқа ҳудудлардан келиб фаолият юритаётган педагог ходимларга махсус устама белгиланадиган ҳудудлар рўйхатидаги ҳудудларда жойлашган ва таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларга бошқа ҳудудлардан жалб этиладиган ўқитувчи-педагогларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Олис ҳудудлардаги бюджет ташкилотларига малакали мутахассисларни жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 11 январдаги ПҚ-4940-сон қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг «Олис ҳудудларда жойлашган умумий ўрта таълим муассасаларида фаолият юритаётган педагог ходимларнинг меҳнатини янада рағбатлантириш тўғрисида» 2019 йил 7 июндаги 471-сон қарорида белгиланган қўшимча устамалар ва компенсациялар тўланади.
3. Қуйидагиларни назарда тутувчи Таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларда таълим бериш учун бошқа ҳудудлардан ўқитувчи-педагогларни жалб этиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
Халқ таълими вазирлиги томонидан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси билан биргаликда ҳар йили 1 мартга қадар таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларни аниқлаш ва уларнинг рўйхатини шакллантириш тартиби;
Кейинги таҳрирга қаранг.
таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларда дарс бериши учун бошқа ҳудудлардан ўқитувчи-педагогларни жалб этиш схемаси;
таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларга бошқа ҳудудлардан жалб этиладиган ўқитувчи-педагогларга қўйиладиган талаблар;
бошқа ҳудудлардан жалб қилинган ўқитувчи-педагогларни ишга қабул қилиш, уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ва меҳнатига қўшимча ҳақ тўлаш тартиби.
4. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.А. Мусаев ва Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Ш.Х. Шерматов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 15 октябрь,
646-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 15 октябрдаги 646-сон қарорига
1-ИЛОВА
Таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларда таълим бериш учун бошқа ҳудудлардан ўқитувчи-педагогларни жалб этиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларда таълим бериш учун бошқа ҳудудлардан ўқитувчи-педагогларни жалб этиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
таълим даражаси юқори бўлмаган мактаблар — Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги (кейинги ўринларда — Вазирлик) томонидан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси (кейинги ўринларда — Инспекция) билан биргаликда шакллантириладиган рўйхатга киритилган умумтаълим мактаблари;
Кейинги таҳрирга қаранг.
бошқа ҳудудлардан жалб этиладиган ўқитувчи-педагоглар (кейинги ўринларда — ўқитувчи-педагоглар) — таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларга меҳнат шартномаси асосида бир маъмурий-ҳудудий бирлик доирасидаги бошқа туман (шаҳар)дан ёки бошқа маъмурий-ҳудудий бирликдан (бошқа вилоятлар, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳри) фаолият юритишлари учун жалб этилган олий ва биринчи тоифали педагоглар;
электрон платформа — таълим даражаси юқори бўлмаган мактаблар тўғрисида маълумотлар акс эттирилган ҳамда уларга бошқа ҳудудлардан жалб этиш учун ўқитувчи-педагогларни рўйхатдан ўтказишга мўлжалланган Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали фойдаланиш имконияти яратилган, Вазирлик томонидан ишлаб чиқиладиган электрон тизим.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Ушбу Низом талаблари Вазирлик тизимидаги умумий ўрта таълим муассасаларига (кейинги ўринларда — мактаблар) нисбатан татбиқ этилади.
4. Таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларда таълим бериш учун бошқа ҳудудлардан ўқитувчи-педагоглар уларнинг электрон платформада рўйхатдан ўтиши орқали жалб қилинади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. Таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларда таълим бериш учун бошқа ҳудудлардан ўқитувчи-педагогларни жалб этиш мазкур Низомнинг иловасида белгиланган схема асосида амалга оширилади.
2-боб. Таълим даражаси юқори бўлмаган мактаблар рўйхатини шакллантириш ва эълон қилиш
6. Таълим даражаси юқори бўлмаган мактаблар рўйхатини шакллантириш мезонлари (кейинги ўринларда — баҳолаш мезонлари) Вазирлик ва Инспекция томонидан ишлаб чиқилади ҳамда тасдиқланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Бунда:
мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш натижалари — Ўзбекистон Республикасидаги олий таълим муассасаларининг бакалавриатига (барча таълим шаклларига) талабаларни ўқишга қабул қилиш бўйича кириш имтиҳонлари (тест синовлари, касбий (ижодий) имтиҳон, ёзма имтиҳон) натижалари;
Кейинги таҳрирга қаранг.
мактабнинг рейтинги — Вазирлар Маҳкамасининг «Умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасалари рейтингини аниқлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 3 июндаги 345-сон қарорида белгиланган тартиб бўйича аниқланган умумий ўрта таълим муассасалари рейтинги натижалари;
Кейинги таҳрирга қаранг.
«Замонавий мактаблар»га қўйилган талаблар асосида баҳолаш натижалари инобатга олинади.
Таълим даражаси юқори бўлмаган мактаблар рўйхатини шакллантириш мезонлари ҳар бир ўқув йили учун такомиллаштирилган ҳолда янгидан ишлаб чиқилади.
7. Янги ташкил этилаётган (Тошкент шаҳри ва вилоят марказларидан ташқари) мактаблар таълим даражаси юқори бўлмаган мактаблар рўйхатига киритилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
8. Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси, вилоятлар халқ таълими бошқармалари (кейинги ўринларда — ҳудудий бошқармалар) Инспекциянинг ҳудудий бўлинмалари билан биргаликда ҳар йили 1 февралга қадар тасдиқланган мезонлар асосида таълим даражаси юқори бўлмаган мактаблар рўйхатига киритиладиган мактаблар тўғрисида Вазирликка таклиф киритади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
9. Вазирлик ҳар йили 1 мартга қадар Инспекция билан биргаликда таълим даражаси юқори бўлмаган мактаблар рўйхатини шакллантиради ҳамда белгиланган тартибда тасдиқлайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларнинг рўйхати тасдиқланган кундан бошлаб 10 кун ичида Вазирликнинг расмий веб-сайти ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида эълон қилинади.
3-боб. Электрон платформада маълумотларни шакллантириш
10. Электрон платформани узлуксиз ишлатиш, молиялаштириш, техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва маълумотларни янгилаб боришни мувофиқлаштириш Вазирлик томонидан амалга оширилади.
11. Туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари ҳар йили 15 майга қадар электрон платформага таълим даражаси юқори бўлмаган мактаблар тўғрисида қуйидаги маълумотларни киритади:
Кейинги таҳрирга қаранг.
мактаб жойлашган ҳудуд (туман/шаҳар), унинг манзили, телефон рақами;
мактабнинг қуввати, таълим бериш тили, ўқувчилар ва синфлар сони;
педагоглар сони, сифат таркиби ва мавжуд фанлар бўйича ажратиладиган вакант дарс соатлари.
Туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари маълумотларнинг тўғрилиги ва ҳаққонийлигига жавобгар ҳисобланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари томонидан маълумотларнинг ўз вақтида ва тўғри киритилиши ҳудудий бошқармалар томонидан назорат қилинади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4-боб. Бошқа ҳудудлардан ўқитувчи-педагогларни жалб этиш
12. Ўқитувчи-педагоглар:
тегишли фан йўналиши бўйича олий маълумотга эга бўлиши;
дарс бераётган фани бўйича биринчи ёки олий малака тоифасига эга бўлиши;
бошқа ҳудудда камида бир йил педагогик фаолият юритган бўлиши;
амалда фаолият юритаётган мактаб таълим даражаси юқори бўлмаган мактаблар рўйхатида мавжуд бўлмаслиги талаб этилади.
13. Бошқа ҳудудлардаги таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларда дарс бериш истагини билдирган ўқитувчи-педагоглар электрон платформа орқали 15 майдан — 1 июлга қадар рўйхатдан ўтиб, мурожаат қилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
14. Ўқитувчи-педагоглар рўйхатдан ўтишда қуйидаги маълумотларни электрон платформага киритади:
фамилияси, исми, отасининг исми;
доимий яшаш манзили (ҳудуд, туман/шаҳар номи), телефон рақами;
амалда фаолият юритаётган мактаби;
мутахассислиги;
дарс бераётган фани;
дарс юкламаси;
малака тоифаси;
педагогик иш стажи;
таълим даражаси юқори бўлмаган мактабга боришининг асосий мақсади ва таълим сифатини ошириш бўйича истиқболдаги режасининг қисқача мазмуни.
Кейинги таҳрирга қаранг.
15. Рўйхатдан ўтиш жараёнида ўқитувчи-педагоглар электрон платформа орқали бориш истаги бўлган бошқа ҳудуддаги мактабларни танлайдилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
16. Ҳудудий бошқармаларда ҳар йили 1 июлга қадар таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларда дарс бериш истагини билдирган ўқитувчи-педагогларни саралаш бўйича ишчи гуруҳлар (кейинги ўринларда — ишчи гуруҳлар) тузилади.
Ишчи гуруҳлар таркибига ҳудудий бошқармалар бошлиқларининг биринчи ўринбосарлари, кадрлар хизмати раҳбари, таълим сифати мониторинги бўлими бошлиғи, молия-иқтисод бўлими бошлиғи, методик хизмат бўлими бошлиғи, психологлар, касаба уюшмаси вакиллари киритилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
17. Таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларда дарс бериш истагини билдирган ўқитувчи-педагоглар ҳар йили 1 июлдан 1 августга қадар қуйидаги икки босқичда саралаб олинади:
1-босқичда ариза билан рўйхатдан ўтган ўқитувчилар томонидан тақдим этилган ҳужжатлар (диплом бўйича мутахассислиги, малака тоифаси ҳамда таълим даражаси юқори бўлмаган мактабга боришининг асосий мақсади ва таълим сифатини ошириш бўйича истиқболдаги режаси) ўрганиб чиқилади;
2-босқичда ариза билан рўйхатдан ўтган ўқитувчилар касбий билим ва кўникмалари, педагогик маҳорати ҳамда психологик қобилияти йўналишида суҳбатдан ўтказилади.
Саралаш онлайн тарзда амалга оширилади.
Суҳбат учун саволлар Вазирлик томонидан тайёрланиб, саралаш эълон қилингандан камида бир ой аввал Вазирликнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.
Ишчи гуруҳлар саралашнинг иккинчи босқичи якунлангач, бир кун муддат ичида саралашдан муваффақиятли ўтган ўқитувчи-педагоглар рўйхатини шакллантириб, Вазирликка тақдим қилади ва улар тўғрисида маълумотларни электрон платформага киритади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
18. Таълим даражаси юқори бўлмаган мактабда дарс бериш учун мурожаат қилган ва саралашдан муваффақиятли ўтган ўқитувчи-педагоглар рўйхати ҳар йили 10 августга қадар Вазирликнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
5-боб. Бошқа ҳудудлардан жалб этилган педагогларни ишга қабул қилиш ва фаолиятини мувофиқлаштириш
19. Саралашдан муваффақиятли ўтган ўқитувчи-педагоглар ишга қабул қилиш бўйича ҳар йили 25 августга қадар мактаб директорига ёзма ариза билан мурожаат қилади.
Мактаб директори саралашдан муваффақиятли ўтган ўқитувчи-педагогларни қонунчиликда белгиланган тартибда вакант лавозимга янги ўқув йилининг биринчи кунидан бошлаб ишга қабул қилади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Меҳнат кодексининг IV бўлими, Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2023 йил 26 июндаги 52-2023/Б-сон-сон буйруғи билан тасдиқланган Ишга қабул қилиш чоғида танлов ўтказиш тўғрисидаги намунавий низом (рўйхат рақами 3451, 14.08.2023 й.).
25 августга қадар ёзма ариза билан мурожаат қилмаган ўқитувчи-педагоглар билан меҳнат шартномаси расмийлаштирилмайди, вакант жойга мактаб директори томонидан белгиланган тартибда бошқа ходим ишга олинади.
20. Бошқа ҳудуддан келган ўқитувчи-педагогларга тарификация рўйхатини шакллантириш мезонларидан келиб чиққан ҳолда, камида 1 ставка миқдорида дарс соати ва ўқув юкламалари ажратилади. Ўқув режасида умумтаълим фани бўйича ажратилган соатлар 1 ставкадан кам бўлган тақдирда, мазкур фанга ажратилган жами ўқув соатлари ва ўқув юкламалари берилади.
21. Ўқитувчи-педагогларнинг педагогик фаолияти мунтазам равишда туман (шаҳар) халқ таълими бўлими томонидан мувофиқлаштирилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
22. Ўқитувчи-педагоглар фаолият юритаётган мактаб икки ўқув йили давомида таълим даражаси юқори бўлмаган мактаблар рўйхатидан чиқарилмаса, ўқитувчи-педагогларга белгиланган бошқа ҳудудлардан жалб этилганлиги учун тўланадиган махсус устамаларни тўлаш тўхтатилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6-боб. Бошқа ҳудудлардан жалб этилган ўқитувчи-педагогларга қўшимча ҳақ тўлаш
23. Таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларда дарс бериш учун бошқа ҳудудлардан жалб қилинган олий ва биринчи тоифага эга ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига махсус устамалар белгиланади.
Бунда:
бир маъмурий-ҳудудий бирлик доирасида бошқа туман ва шаҳарлардан келиб фаолият юритаётган ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига 50 фоиз миқдорида;
бошқа маъмурий-ҳудудий бирликдан — бошқа вилоятлар, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳридан келиб фаолият юритаётган ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига 100 фоиз миқдорида махсус устамалар тўланади.
24. Бошқа ҳудудлардан жалб қилинган олий ва биринчи тоифага эга ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига махсус устамалар улар борган мактаб таълим даражаси юқори бўлмаган мактаблар рўйхатидан чиқарилган йилдан кейинги ўқув йили учун ҳам тўланади.
25. Таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларга бошқа ҳудудлардан жалб этилган ўқитувчи-педагогларнинг амалда ишлаган мактабнинг Ишчи гуруҳи томонидан ўрнак кўрсатган ходимларини рағбатлантиришнинг директор жамғармасидан белгиланган устама миқдори (фоизи) бир ўқув йили давомида сақланади ва кейинги ўқув йилида ушбу мактабнинг Ишчи гуруҳи томонидан Вазирлар Маҳкамасининг «Умумий ўрта таълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини моддий рағбатлантириш тартибини такомиллаштириш тўғрисида» 2019 йил 30 сентябрдаги 823-сон қарорида белгиланган тартибда қайта кўриб чиқилади.
26. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари бошқа ҳудуддан таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларга жалб этилган ўқитувчи-педагогларга муносиб шароитлар яратиш учун уларни борган ҳудудда уй-жойи бўлмаган тақдирда, тегишли туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан фаолият олиб борган даврига, бироқ 2 йилдан ортиқ бўлмаган муддат давомида хизмат уй-жойлари ёки туман (шаҳар)лар маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида ҳар ойлик пул компенсацияси берилишини таъминлайди.
7-боб. Якунловчи қоидалар
27. Вазирлик таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларга жалб этилган ўқитувчи-педагогларнинг фаолиятини оммавий ахборот воситаларида ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали кенг жамоатчиликка таништириб боради.
28. Ушбу Низом талабларини бузишда айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 50-моддаси.
Таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларда таълим бериши учун бошқа ҳудудлардан ўқитувчи-педагогларни жалб этиш тартиби тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
Таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларда таълим бериши учун бошқа ҳудудлардан ўқитувчи-педагогларни жалб этиш
СХЕМАСИ

Босқич

Субъект

Тадбир

Бажариш муддати


1-босқич

Ҳудудий халқ таълими бошқармалари, Инспекциянинг ҳудудий бўлинмалари

Тасдиқланган мезонлар асосида таълим даражаси юқори бўлмаган мактаблар рўйхатига киритиладиган мактаблар юзасидан Халқ таълими вазирлигига (Вазирлик) таклиф киритади.

Ҳар йили 1 февралга қадар


2-босқич

Халқ таълими вазирлиги,

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси

1. Таълим даражаси юқори бўлмаган мактаблар рўйхатини шакллантиради ва тасдиқлайди.

Ҳар йили 1 мартга қадар

2. Таълим даражаси юқори бўлмаган мактаблар рўйхатини Вазирликнинг расмий веб-сайти ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида эълон қилади.

Рўйхат тасдиқлангандан сўнг 10 кун ичида


3-босқич

Туман (шаҳар) халқ таълими бўлими

Электрон платформага таълим даражаси юқори бўлмаган мактаблар тўғрисида, шу жумладан ҳамда улардаги ажратиладиган вакант дарс соатлари ҳақидаги маълумотларни киритади.

Ҳар йили 15 майга қадар


4-босқич

Ўқитувчи-педагоглар

1. Электрон платформа орқали рўйхатдан ўтиб, мурожаат қилади.

2. Бориш истаги бўлган бошқа ҳудуддаги умумтаълим мактабини танлайди.

Ҳар йили 15 майдан 1 июлга қадар


5-босқич

Ҳудудий халқ таълими бошқармалари

Таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларда дарс бериш истагини билдирган ўқитувчи-педагогларни саралаш бўйичаишчи гуруҳларни тузади

Ҳар йили 1 июлга қадар


6-босқич

Ишчи гуруҳлар

Таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларга жалб этиладиган ўқитувчи-педагоглар учун икки босқичли саралаш танловини ўтказади.

Ҳар йили 1 июлдан 1 августга қадар


7-босқич

Ишчи гуруҳлар

Саралашдан муваффақиятли ўтган ўқитувчи-педагоглар рўйхатини шаклантириб, вазирликка Вазирликка тақдим қилади ва улар тўғрисида маълумотларни электрон платформага киритади.

Саралашнинг иккинчи босқичи якунлангач, бир кун муддатда ичида


8-босқич

Халқ таълими вазирлиги

Саралашдан ўтган ўқитувчи-педагоглар рўйхатини Халқ таълими вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилади.

Ҳар йили 10 августга қадар


9-босқич

Умумтаълим мактаби директори

Саралашдан ўтган ўқитувчи-педагоглар билан ишга қабул қилиш бўйича муддатли меҳнат шартномаси тузади ва қонунчиликда белгиланган тартибда ишга қабул қилади.

Ҳар йилиянги ўқув йилининг биринчи куни

Кейинги таҳрирга қаранг.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 15 октябрдаги 646-сон қарорига
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Умумтаълим фанларини билиш даражасини баҳолашнинг миллий тест тизимини жорий этиш тўғрисида» 2020 йил 12 октябрдаги 646-сон қарори қуйидаги мазмундаги 21-банд билан тўлдирилсин:
«21. Миллий сертификатнинг тегишли даражасига эга математика фани ўқитувчиларига (Ихтисослаштирилган мактабларнинг математика фани ўқитувчиларидан ташқари) улар фаолият олиб бораётган давлат таълим муассасасининг жойлашувига қараб, базавий тариф ставкасига нисбатан шаҳар ҳудудида жойлашган мактабларда 25 фоиз, қишлоқ ҳудудида жойлашган мактабларда 50 фоизгача ҳар ойлик устама ҳақ тўланади».
2. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 сентябрдаги 823-сон қарори билан тасдиқланган Умумий ўрта таълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини рағбатлантиришнинг директор жамғармасини ташкил этиш ва унинг маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом қуйидаги мазмундаги 241-банд билан тўлдирилсин:
«241. Таълим даражаси юқори бўлмаган умумий ўрта таълим муассасаларига бошқа ҳудудлардан жалб этилган олий ва биринчи тоифага эга ўқитувчи-педагогларнинг амалда ишлаган умумтаълим муассасасининг директор жамғармасидан белгиланган устама ҳақ (фоиз)лари сақланади.
Мазкур устамалар бир ўқув йили давомида сақланади ва кейинги ўқув йилида таълим даражаси юқори бўлмаган умумий ўрта таълим муассасаларининг Ишчи гуруҳи томонидан қайта кўриб чиқилади.».
3. Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги 275-сон қарори билан тасдиқланган Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тўғрисидаги низомнинг 8-бандидаги «4-курсида» сўзлари «4-курсида, педагогика йўналишларида кундузги, кечки, сиртқи бўлимларининг 3-курсида» сўзлари билан алмаштирилсин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.10.2021 й., 09/21/646/0963-сон; 03.08.2022 й., 09/22/425/0712-сон; 01.03.2025 й., 09/25/130/0199-сон; 22.10.2025 й., 09/25/662/0964-сон; 25.08.2026 й., 09/26/456/0870-сон)