Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
ТУҒИЛГАНЛИК, НИКОҲ ҚАЙД ЭТИЛГАНЛИГИ ВА ЎЛИМ ҲАҚИДАГИ ГЕРБЛИ ГУВОҲНОМАЛАР ШАКЛИНИ ТАСДИҚЛАШ, ГЕРБ ЙИҒИМИНИ ЖОРИЙ ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДА
Фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) органлари томонидан аҳолига бериладиган гербли гувоҳномалар шакли ва мазмунини «Давлат тили ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси
Қонунига мувофиқлаштириш ҳамда ФҲДЁ органларини гербли гувоҳномалар билан таъминлашни тартибга солиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Туғилганлик, никоҳ қайд этилганлиги ва ўлим ҳақидаги гербли гувоҳномалар шакли 1-3а-иловаларга
* мувофиқ тасдиқлансин.
2. Гербли гувоҳномалар тайёрлаш билан боғлиқ харажатлар Вазирликнинг адлия ва суд муассасаларини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан амалга оширилсин.
3. Белгилансинки, 1997 йил 1 июлдан бошлаб фуқароларга гербли гувоҳномалар беришда (ўлим ҳақидаги гербли гувоҳнома бундан мустасно) энг кам ойлик иш ҳақининг 5 фоизи миқдорида герб йиғими ундирилсин.
4. Герб йиғимидан тушадиган маблағлар гербли гувоҳномалар ва фуқаролик ҳолатлари далолатномаси ёзувлари шаклларини тайёрлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш ва ФҲДЁ органларини ривожлантиришга сарфлаш учун Адлия вазирлиги ихтиёрида қолдирилсин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири С. Мирсафоев зиммасига юклансин.