toggle_night_mode
Ҳужжат 08.04.2021 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича тайёрлаш тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2020 йил 29 апрелдаги ПФ-5987-сон ва «Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 19 майдаги ПФ-5997-сон фармонлари ҳамда «Аҳолига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдам тақдим этиш тартиб-таомилларини автоматлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2020 йил 4 августдаги ПҚ-4797-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, кадрлар тайёрлаш тизимини ўқитишнинг замонавий шакллари ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этган ҳолда сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, юридик таълим олишга янада кенг имконият яратиш ҳамда интеллектуал мулк ҳуқуқи соҳасидаги ходимларни касбий малакасини, илмий ва амалий салоҳиятини янада ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш марказига (кейинги ўринларда — Марказ) қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилсин:
халқ таълими, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида юридик фанлардан дарс берадиган, олий ноюридик маълумотга эга педагог кадрларни қайта тайёрлаш;
низоларни судгача муқобил ҳал қилиш механизми сифатида медиация институтида самарали фаолият юритадиган медиаторларни тайёрлаш;
тингловчиларнинг интеллектуал мулк ҳуқуқи соҳасига оид касбий билим ва кўникмаларни ошириш бўйича қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этиш.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Халқ таълими, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида юридик фанлардан дарс берадиган, олий ноюридик маълумотга эга педагог кадрларни қайта тайёрлаш курслари тўғрисида низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
касбий қайта тайёрлаш курсларида ўқишни ташкил этиш шакли, касбий қайта тайёрлаш курсларида ўқиш муддатлари ҳамда бу борадаги харажатларни қоплаш тартиби;
касбий қайта тайёрлаш курсларига қабулни ташкил этишнинг шаффоф механизми;
касбий қайта тайёрлаш курсларида ўқув юкламаси ҳажми ва ўқув жараёни;
тингловчиларнинг якуний имтиҳондан ўтказиш, касбий қайта тайёрлаш курсларидан четлаштириш асослари ва тартиби.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Белгилансинки:
2030 йил 1 январдан бошлаб халқ таълими, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида юридик фанлардан фақат олий юридик маълумотга эга бўлган ёки Марказда педагогик қайта тайёрлаш курсларини тугатган ва белгиланган намунадаги дипломни олган олий маълумотли шахслар дарс бериш ҳуқуқи эга бўлади. Бунда 2030 йил 1 январга қадар халқ таълими, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида олий ноюридик маълумотга эга шахслар томонидан юридик фанлардан дарс беришда юридик мутахассисликка қайта тайёрлаш курсларини муваффақиятли тугатиб, белгиланган намунадаги дипломни олган шахслар устуворликка эга бўлади;
Кейинги таҳрирга қаранг.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Мазкур қарор билан тасдиқланган Халқ таълими, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида юридик фанлардан дарс берадиган, олий ноюридик маълумотга эга педагог кадрларни қайта тайёрлаш курслари тўғрисидаги низомга илова.
олий маълумотга эга бўлган шахсларни юридик мутахассисликка қайта тайёрлаш курсларини муваффақиятли тугатиб, белгиланган намунадаги дипломни олган шахслар тегишли мутахассислик бўйича давлат органлари ва ташкилотларнинг юридик хизмати билан бир қаторда фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида ишлаш ҳуқуқига эга бўлади;
Кейинги таҳрирга қаранг.
тадбиркорлар, давлат органлари ва ташкилотлар вакиллари, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ходимларини интеллектуал мулкни яратиш ва ҳимоя қилиш асослари, тижоратлаштириш, брендинг ва маркетингга ўқитиш Тошкент давлат юридик университети (кейинги ўринларда — ТДЮУ) ва бошқа олий таълим муассасалари юридик факультетларида қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этиш орқали ТДЮУ Кенгаши томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади;
Кейинги таҳрирга қаранг.
медиаторларни тайёрлаш ҳамда интеллектуал мулк ҳуқуқи соҳасига оид касбий билим ва кўникмаларни ошириш бўйича қисқа муддатли ўқув курслари бевосита ёки масофавий (ишдан ажралмаган ҳолда) шаклларда ташкил этилиши мумкин.
4. Марказ директори томонидан ТДЮУ билан келишилган ҳолда Марказнинг бюджетдан ташқари (қайта тайёрлаш курсларидан ўтиш учун шартнома асосида тўланадиган маблағлар ва бошқалар) маблағлари ҳисобидан:
хорижий ва маҳаллий мутахассислар иш ҳақи ва бошқа тўловларини меҳнат бозорининг амалдаги конъюнктурасини ҳисобга олиб тўлаган ҳолда Марказда ташкил этиладиган курсларнинг ўқув жараёнларига консультант, маърузачи ва ўқитувчи сифатида жалб этилади;
Марказ ходимларига ҳар ойлик устама ва моддий рағбатлантиришнинг бошқа турлари, шунингдек, уларнинг миқдори мустақил равишда белгиланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. Қуйидагилар курсларни ташкил этишнинг молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:
халқ таълими, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида юридик фанлардан дарс берадиган, олий ноюридик маълумотга эга педагог кадрларни қайта тайёрлаш курсларини ташкил этишда — тингловчилар томонидан қайта тайёрлаш курсларидан ўтиш учун шартнома асосида тўланадиган маблағлари;
интеллектуал мулк соҳасига оид курслари, шунингдек, медиаторларни тайёрлаш дастури бўйича махсус ўқув курсларини ташкил этишда — вазирлик ва идоралар, бошқа ташкилотларнинг бюджетдан ташқари маблағлари, шунингдек, тингловчилар томонидан ўқув курсларида ўқиш учун шартнома асосида тўланадиган маблағлари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Молия вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси билан биргаликда 2021 йил 1 июнга қадар Марказ орқали ёш адвокатларни танлов орқали етакчи хорижий юридик компанияларда стажировка ўташини ташкил этиш, шу жумладан, ушбу фаолиятни давлат грантлари орқали молиялаштириш юзасидан таклифлар киритсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
7. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.А. Мусаев ва Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.Қ. Давлетов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 6 апрель,
189-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 6 апрелдаги 189-сон қарорига
1-ИЛОВА
Халқ таълими, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида юридик фанлардан дарс берадиган, олий ноюридик маълумотга эга педагог кадрларни қайта тайёрлаш курслари тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги Юридик ходимларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш марказида (кейинги ўринларда — Марказ) халқ таълими, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида юридик фанлардан дарс берадиган, олий ноюридик маълумотга эга педагог кадрларни қайта тайёрлаш курсларини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
халқ таълими, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида юридик фанлардан дарс берадиган, олий ноюридик маълумотга эга педагог кадрларни қайта тайёрлаш курслари (кейинги ўринларда — касбий қайта тайёрлаш курслари) — халқ таълими, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида юридик фанлар бўйича юқори савияда педагогик фаолиятни олиб бориш учун етарли даражадаги билим олиш ва кўникма шакллантиришни назарда тутадиган ўқитиш шакли;
буюртманома — муайян давр учун буюртмачи томонидан педагог кадрларни касбий қайта тайёрлаш курсларига қабул қилиш учун Тошкент давлат юридик университети (кейинги ўринларда — ТДЮУ)га тақдим этиладиган педагог кадрлар рўйхати;
буюртмачи — Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ва тизимида умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал давлат таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар, шунингдек, нодавлат таълим ташкилотлари;
курс йўналишлари — халқ таълими, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасалари ходимлари учун контингент хусусияти ҳамда ўзига хослигидан келиб чиқиб ишлаб чиқилган ўқув режа ва дастурлари асосида ташкил этиладиган касбий қайта тайёрлаш курслари йўналишлари;
масофавий таълим — таълим дастурларини ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда онлайн (реал вақт режимида) ҳамда оффлайн (видеомаърузалар, мавзуга доир маърузалар матни, ассесмент топшириқлари, амалиёт материаллари таҳлили, кичик назорат ишини бажариш орқали тегишли ўқув-методик ресурсларни мустақил бажариш) режим орқали ахборот-коммуникация технологияларидан ҳамда Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда масофадан туриб ўзлаштириш;
педагог кадр — халқ таълими, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида юридик фанлардан дарс берувчи педагог кадр;
талабгорлар — касбий қайта тайёрлаш курсларида ўқитиш мақсадида белгиланган тартибда тасдиқланган режа-графикка мувофиқ буюртманома асосида йўналтирилган шахслар;
тингловчилар — ўқиш учун тўлов-контракт суммасини тўлаган ва касбий қайта тайёрлаш курсларига қабул қилинган шахслар.
3. Касбий қайта тайёрлаш курсларида ўқиш масофавий таълим шаклида давлат ва рус тилларида амалга оширилади.
4. Касбий қайта тайёрлаш курсларида ўқиш харажатлари ТДЮУ Кенгаши томонидан белгиланади ҳамда ТДЮУ ва тингловчи ўртасида тузиладиган шартномага мувофиқ тўлов-контракт асосида амалга оширилади.
Бунда тўлов-контракт суммасини мазкур курсларда ўқиш давомида бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти назарда тутилади.
5. Касбий қайта тайёрлаш курслари, қоида тариқасида, тўрт ойлик ТДЮУ Кенгаши томонидан тасдиқланадиган ўқув режа ва дастурларига мувофиқ амалга оширилади.
6. Касбий қайта тайёрлаш курсларида ўқиш иккинчи олий маълумот олиш ҳисобланмайди.
7. Олий маълумотга эга бўлмаган педагог кадрлар касбий қайта тайёрлаш курсларига қабул қилинмайди.
2-боб. Касбий қайта тайёрлаш курсларига қабулни ташкил этиш
8. Касбий қайта тайёрлаш курсларида ўқишни хоҳловчи педагог кадрлар ҳар йили 10 ноябрга қадар буюртмачига ушбу Низомнинг 11-бандида назарда тутилган ҳужжатларни тақдим этадилар.
Буюртмачи ҳар йили 15 ноябрга қадар кейинги календарь йилида касбий қайта тайёрлаш курсларида ўқиши режалаштирилган педагог кадрлар контингентини ТДЮУга тақдим этади.
Касбий қайта тайёрлаш курсларида ўқишни хоҳловчи педагог кадрларни аризасини буюртмачи томондан қабул қилиш ва ТДЮУга тақдим этиш махсус веб-платформа орқали онлайн рўйхатдан ўтказишни назарда тутган ҳолда ташкиллаштирилиши мумкин.
9. Курс йўналиши ва муддати, талабгорлар рўйхати акс эттирилган режа-график буюртмачи ва ТДЮУ томонидан тасдиқланиб, ҳар йили 15 декабрдан кечиктирмасдан талабгорларнинг асосий иш жойига тақдим этилади ҳамда буюртмачи томонидан тингловчилар босқичма-босқич курсларга йўналтирилади.
10. Талабгорлар томонидан курсларда таълим олиш ҳақидаги аризага қуйидагилар илова қилинади:
талабгорни касбий қайта тайёрлаш курсларига юбориш тўғрисида асосий иш жойидан чиқарилган буйруқ;
фуқаролик паспорти (идентификация ID-картаси) ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжат нусхаси;
олий маълумот тўғрисидаги диплом (ёки дипломдан кўчирма — Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларини давлат гранти асосида битирганлар учун) ва унинг иловаси;
3,5 x 4,5 см ўлчамдаги рангли фотосурат.
Кейинги таҳрирга қаранг.
11. Касбий қайта тайёрлаш курсларида ўқиш учун тўлов-контракт суммаси тўланган талабгорлар Марказ директорининг буйруғи билан тингловчи сифатида ўқишга қабул қилинади.
12. Тасдиқланган режа-графикка мувофиқ ўқув жараёни бошлангунга қадар Марказга ўқиш учун мурожаат қилмаган ёки ўқиши учун белгиланган тўлов амалга оширилмаган талабгорлар касбий қайта тайёрлаш курсларига қабул қилинмайди ва бу ҳақда тегишли равишда буюртмачига, шунингдек, талабгорнинг асосий иш жойига хабар берилади.
Мазкур ҳолатда талабгор кейинги ташкил этиладиган курсларда ўқишга қабул қилиниши мумкин.
3-боб. Касбий қайта тайёрлаш курсларида ўқув юкламаси ҳажми ва ўқув жараёни
13. Касбий қайта тайёрлаш курсларида ўқув жараёни давомийлиги, қоида тариқасида, 18 ҳафтани ташкил этади.
Умумий ўқув вақти ҳажми қуйидагича тақсимланади:
назарий таълим — 16 — 18 ҳафта;
якуний имтиҳон — 1-2 ҳафта.
14. Касбий қайта тайёрлаш курсларида ўқув жараёни масофавий таълим шаклида амалга оширилиб, Марказнинг, шунингдек, масофавий таълимга оид махсус бошқа таълим платформаларида онлайн ҳамда устувор равишда оффлайн режимда ташкил қилинади.
Ўқув машғулотларини ташкил этилиши, ўтказиш тартиби ва давомийлиги, тингловчиларнинг билимини назорат қилиш тегишли фан дастурлари билан белгиланади.
15. Ўқув жараёнида ўқув машғулотлари маъруза ва семинар шаклларида ташкил этилади.
Ўқув жараёнида, шунингдек ўқув машғулотларининг қўшимча турлари — клиник таълим, суд мажлислари имитацияси (moot court), сайёр машғулотлар ва бошқалар ҳам қўлланилиши мумкин.
16. Ўқув жараёнида асосан дарс машғулотларини ташкил этишнинг амалиётга йўналтирилган замонавий шакллари — кейс-стади (муаммоли вазиятларни ҳал этиш), презентация, жамоада ишлаш ва бошқалар қўлланилади.
Барча турдаги ўқув машғулотларининг давомийлиги, қоида тариқасида, 80 дақиқани, ўқув машғулотлари ўртасидаги танаффус камида 10 дақиқани ташкил этади.
Ўқув жараёни, қоидага кўра, 25 кишидан ортиқ бўлмаган тингловчилардан иборат академик гуруҳларда ташкил қилинади.
17. Тингловчиларнинг фанларни ўзлаштириши махсус электрон платформа орқали амалга оширилиб, барча модулларни ўзлаштирган тингловчиларга якуний имтиҳонга рухсат берилади.
4-боб. Тингловчиларнинг якуний имтиҳони
18. Касбий қайта тайёрлаш курсларида тингловчиларнинг якуний имтиҳони тест синовлари шаклида амалга оширилади. Бунда, тест синовлари онлайн режимида ўтказилиши ҳам мумкин.
Тест синовларини онлайн ёки оффлайн режимида ўтказиш ТДЮУ томонидан белгиланади.
19. Якуний имтиҳонда тест синовлари учун ажратилган максимал балнинг 56 фоизидан кам балл тўплаган тингловчилар курсларни муваффақиятли ўзлаштирмаган ҳисобланади.
Тест синовларидан муваффақиятли ўта олмаган тингловчиларга кейинги касбий қайта тайёрлаш курслари якунида фақат бир марта қайта топширишга имкон берилади.
Бунда, тингловчилар томонидан тест синовларини такроран топшириш пуллик асосида буюртмачининг маблағлари ёки тингловчининг ўз ҳисобидан амалга оширилади.
Тест синовлари учун тўланадиган тўлов миқдори ТДЮУ Кенгаши томонидан белгиланади.
20. Якуний имтиҳондан муваффақиятли ўтган касбий қайта тайёрлаш курслари тингловчиларига Марказ директорининг буйруғи билан мазкур Низомнинг иловасида белгиланган намунадаги ҳамда QR-код (матрик штрих код) билан рўйхатдан ўтказиладиган диплом берилади.
21. Якуний имтиҳонни ўтказишга доир талаблар ТДЮУ Кенгаши томонидан белгиланади.
5-боб. Якунловчи қоидалар
22. Касбий қайта тайёрлаш курсларини муваффақиятли тугатган ва белгиланган намунадаги дипломни олган тингловчилар — халқ таълими тизими педагог кадрлари беш йил давомида, ўрта махсус ва профессионал таълим тизими педагог кадрлари уч йил давомида белгиланган даврийликка мувофиқ малака оширишдан озод этилади.
23. Касбий қайта тайёрлаш курсларида дарс машғулотларини олиб бориш, шунингдек, ўқув материалларини тайёрлаш ҳамда назорат ишларини текшириш учун юқори малакали мутахассислар, педагоглар, шу жумладан, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, адвокатлар меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш тартибида, шартнома асосида жалб этилади.
24. Тингловчилар қуйидаги ҳолатларда касбий қайта тайёрлаш курсларидан четлаштирилади:
ўз хоҳишига кўра;
ўқув режасидаги фан(лар)ни ўзлаштирмаганда;
ўқув машғулотларини узрли сабабларсиз 30 академик соатдан ортиқ қолдирганлиги сабабли;
якуний имтиҳондан муваффақиятли ўта олмаганда;
суднинг тингловчини озодликдан маҳрум этиш тўғрисидаги ҳукми қонуний кучга кирганда;
саломатлиги туфайли (тиббий маълумотнома асосида);
тингловчининг вафоти муносабати билан;
Марказ одоб-ахлоқ ва ички тартиб-қоидаларини қўпол равишда бузганда.
Тингловчи касбий қайта тайёрлаш курсларидан четлатилганда, унга Марказ томонидан сабаблари кўрсатилган ҳолда маълумотнома берилади, шунингдек, бу ҳақда уни касбий қайта тайёрлашга юборган буюртмачига хабар берилади.
25. Касбий қайта тайёрлаш курслари тингловчилари курсларда таълим олишни рад этганда ёки ўқишдан четлаштирилганда ўқиш учун тўланган тўлов-контракт суммаси қайтарилмайди.
26. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
Халқ таълими, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида юридик фанлардан дарс берадиган, олий ноюридик маълумотга эга педагог кадрларни қайта тайёрлаш курслари тўғрисидаги низомга
ИЛОВА

‎‎Қайта тайёрлаш ҳақида давлат намунасидаги
‎ДИПЛОМ

‎ (тавсифи)

‎‎Қайта тайёрлаш тўғрисидаги диплом А4 форматли оқ қоғозда офсет усулида беш хил рангдан фойдаланган ҳолда: матн учун — қора рангда, расмлар тасвири учун — яшил, кўк, қизил рангларда, фон учун — оч пушти рангда босиб чиқарилади.
‎Варақнинг чап қисмида четидан 10 мм чекинган ҳолда эни 32 мм бўлган Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тасвирланган тасма жойлаштирилади. Тасманинг юқори қисмида диаметри 30 мм бўлган Давлат герби, паст қисмида эса — 35 мм ўлчамли иккита квадрат қўшилишидан ҳосил бўлган саккиз қиррали юлдуз, юлдузнинг ўртасида муҳр учун 25 мм диаметрли оқ айлана жойлашган.
‎Варақнинг қолган қисмида юқорида лотин ёзуви билан давлат тилида «OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI. Qayta tayyorlash haqida DIPLOM» сўзлари босилади. Диплом икки лотин ҳарфи — QТ ва олти рақамли сондан иборат тартиб рақами билан таъминланган. Барча матн нақшли растрдан иборат оч пушти ранг фонда босиб чиқарилади.
‎Диплом:
‎босиб чиқаришнинг икки усули — офсет ва юқори усули;
‎ёруғлик воситасида нусха кўчиришни қийинлаштириш учун очиқ ранглар;
‎нақшли растр;
‎ҳар хил рангли растрлардан фойдаланиш йўли билан турли рангларни ташкил этиш;
‎махсус қоғозлар;
‎ўзгарадиган рақамлардан иборат тартиб рақами қўлланган ҳолда олтита ҳимояга эга.

‎‎ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
‎ДАВЛАТ ГЕРБИНИНГ ТАСВИРИ

‎Oʻzbekiston Respublikasi


‎‎Qayta tayyorlash
‎haqida

‎DIPLOM
‎‎QT № 000000

___________________________________________________________________________________________‎‎
‎(Tinglovchining familiyasi, ismi, otasining ismi)

‎20_____ yil _______________________________dan 20______ yil ________________________________gacha

‎___________________________________________________________________________________________
‎(Qayta tayyorlash taʼlim muassasasining nomi)

‎___________________________________________________________________________soatga moʻljallangan

‎___________________________________________________________________________________________

‎‎qayta tayyorlash kursida ta'lim olib davlat attestatsiyasidan muvaffaqiyatli oʻtdi.
Muhr oʻrni‎
Direktor _________________
‎‎Sana ____________________

Qayd raqami _____________________

QR-код тасвири‎

Кейинги таҳрирга қаранг.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 6 апрелдаги 189-сон қарорига
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 16 августдаги 343-сон қарори билан тасдиқланган «Олий таълимнинг давлат таълим стандарти. Асосий қоидалар»нинг «Ўқув юкламасининг ҳажми» бўлимининг рус тили матнида 7.3-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«В высших образовательных учреждениях, учебный процесс в которых в соответствии с законодательством основан на кредитно-модульной системе обучения, в том числе по Европейской кредитной системой ECTS (European Credit Transfer and Accumulation System) объемы учебной нагрузки устанавливаются самостоятельно самим высшим образовательным учреждением, а учебная нагрузка может определяться с применением кредита — условной единицы определения объема учебной нагрузки студентов».
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 10 февралдаги 20-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2006 й., 2-сон, 8-модда) билан тасдиқланган Олий таълим муассасаларига педагог ходимларни танлов асосида ишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 10-банди иккинчи хатбошисидан «ўтказиладиган танлов асосида» сўзлари чиқариб ташлансин.
3. Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 1 августдаги 165-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2008 й., 31-32-сон, 303-модда) билан тасдиқланган Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тўғрисидаги низомда:
қуйидаги мазмундаги тўртинчи хатбоши қўшилсин:
«Қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ўқув жараёни ўқитишнинг модуль (кредит-модуль) тизимига ҳамда «лицей — университет» таълимининг узлуксизлигини таъминлашга асосланган таълим муассасаларида шахсий иш режасидаги тадбирлар рўйхати ва уларнинг минимал соатлари ушбу таълим муассасаларининг ўқув-услубий жараёнини мувофиқлаштирадиган олий таълим муассасасининг Кенгаши томонидан белгиланади»;
тўртинчи-бешинчи хатбошилар тегишлича бешинчи-олтинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
б) қуйидаги мазмундаги 20-банд қўшилсин:
«20. Мазкур Низомнинг 16 — 19-бандлари талаблари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ўқув жараёни ўқитишнинг модуль (кредит-модуль) тизимига ҳамда «лицей — университет» таълимининг узлуксизлигини таъминлашга асосланган таълим муассасаларига нисбатан татбиқ этилмайди».
4. Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 14 ноябрдаги 387-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2016 й., 11-сон, 104-модда) билан тасдиқланган Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидаларида:
а) 20-банднинг саккизинчи хатбошисидаги «гербли муҳри» сўзлари «муҳр» сўзи билан алмаштирилсин;
б) 91-банднинг иккинчи хатбошисига «ички ишлар органлари» сўзларидан кейин «ва консуллик муассасалари» сўзлари қўшилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. Вазирлар Маҳкамасининг «Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг давлат таълим стандартларини тасдиқлаш тўғрисида» 2017 йил 6 апрелдаги 187-сон қарорида:
161-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«161. Мазкур параграф қоидалари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги юридик техникумлари ва Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги академик лицейга нисбатан татбиқ этилмайди.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг юридик техникумлари ва Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги академик лицей ўқув режа ва фан дастурлари, шунингдек, академик лицейда ўқув юкламаси ҳажми Тошкент давлат юридик университети томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади»;
18-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг юридик техникумлари ва Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги академик лицейнинг малака талаблари Тошкент давлат юридик университети томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади»;
б) 3-илованинг 3-банди иккинчи хатбошисидаги «коллежларининг» сўзи «техникумлари ва Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги академик лицейнинг» сўзлари билан алмаштирилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. Вазирлар Маҳкамасининг «Тошкент давлат юридик университетида кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 2 июндаги 347-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2017 й., 6-сон, 91-модда) қуйидаги мазмундаги 11 ва 12-бандлар қўшилсин:
«11. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Иқтидорли ёшларни саралаб олиш тизими ва академик лицейлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 3 декабрдаги ПҚ-4910-сон қарорига мувофиқ академик лицейларга иқтидорли ёшларни тест синовлари асосида саралаб олиш учун тест синовлари икки бўлимлардан ташкил топганлиги ҳамда I бўлим — танланган йўналишга мос 2 та фан бўйича тест синовларидан иборат бўлиши белгиланганлиги;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2020 йил 29 апрелдаги ПФ-5987-сон Фармонига мувофиқ Тошкент давлат юридик университети (кейинги ўринларда — ТДЮУ) ҳузуридаги академик лицейнинг (кейинги ўринларда — академик лицей) барча фанлар бўйича юқори натижаларга эга битирувчилари ТДЮУга кириш тест синовларисиз, якка тартибда суҳбат ўтказиш орқали, тўлов-контракт асосида, қабул параметрларидан ташқари кириш ҳуқуқига эгалиги маълумот учун қабул қилинсин.
12. Белгилансинки:
Академик лицейда I бўлим — танланган йўналиши бўйича тест синовлари топшириладиган мос фанлар ТДЮУ томонидан белгиланади;
академик лицейда камида уч йил ишлаган, базавий олий юридик маълумотга эга педагог ва раҳбар ходимларга ТДЮУ магистратура мутахассислигига тест синовларисиз, тўлов-контракт асосида, қабул параметрларидан ташқари кириш ҳуқуқи берилади. Бунда ушбу ходимларга ўқишни тугатгандан сўнг тақсимот бўйича адлия органлари ва муассасаларида, биринчи навбатда, академик лицейда камида уч йил узлуксиз ишлаш мажбурияти юкланади;
академик лицейга ходимлар адлия органлари ва муассасалари учун белгиланган тартибда ишга қабул қилинади;
академик лицей ўқувчиларининг билимларини баҳолаш, якуний давлат аттестациясини ўтказиш, шунингдек, академик лицейнинг барча фанлар бўйича юқори натижаларга эга битирувчилари ТДЮУга кириш тест синовларисиз, якка тартибда суҳбат ўтказиш орқали, тўлов-контракт асосида, қабул параметрларидан ташқари ўқишга қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади».
7. Вазирлар Маҳкамасининг «Педагог ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 28 декабрдаги 1026-сон қарорида (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2017 й., 12-сон, 306-модда):
биринчи хатбошига «малака ошириш» сўзларидан кейин «ва қайта тайёрлаш» сўзлари қўшилсин;
қуйидаги мазмундаги хатбоши қўшилсин:
«Бунда, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги умумий ўрта таълим муассасаларида юридик фанлардан дарс берадиган олий, ноюридик маълумотга эга бўлган педагог кадрларни қайта тайёрлашдан ўтиш учун Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш марказида ташкил этиладиган касбий қайта тайёрлаш курсларига йўналтиради».
Кейинги таҳрирга қаранг.
8. Вазирлар Маҳкамасининг «Гербли гувоҳномалар шаклларини такомиллаштириш ва фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларининг аҳолига кўрсатаётган хизматлари сифатини яхшилаш тўғрисида» 2018 йил 26 сентябрдаги 768-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2018 й., 9-сон, 237-модда) 1 ва 1а-иловалар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 сентябрдаги 768-сон қарорига
1-ИЛОВА
«Туғилганлик ҳақида гербли гувоҳнома бланкасининг
ШАКЛИ
Изоҳ. Ўзбекистон Республикасининг хориждаги консуллик муассасалари томонидан расмийлаштириш жараёнида туғилганлик ҳақидаги гербли гувоҳномаларга жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами киритилмаган тақдирда, ЖШ ШИР фуқароларнинг мурожаатига кўра Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари томонидан киритилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 сентябрдаги 768-сон қарорига
1а-ИЛОВА
Туғилганлик ҳақида гербли гувоҳнома бланкасининг
ШАКЛИ
Кейинги таҳрирга қаранг.
9. Вазирлар Маҳкамасининг «Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш маркази фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 14 июндаги 453-сон қарорида (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2018 й., 6-сон, 109-модда):
а) 4-банднинг олтинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Марказ қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда юриспруденция ва ҳуқуқшунослик йўналиши бўйича педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни амалга оширади, шунингдек, ТДЮУ билан келишилган ҳолда бошқа йўналишларда курслар ташкил этади ва уларда ўқиш учун тўлов миқдорлари, давомийлигини мустақил равишда белгилайди»;
учинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Марказда ташкил этиладиган курсларда ўқитиш учун олинган маблағлар»;
ўнинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Белгилаб қўйилсинки, Марказда ташкил этиладиган курсларда ўқитиш учун олинган маблағлар, шунингдек, асосий воситалар ва товар-моддий бойликларни сотиш ва бошқа турдаги хизматларни кўрсатишдан тушадиган барча маблағлар Марказ томонидан тўлалигича ва мустақил равишда тасарруф этилади.»;
в) 6-банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Марказга ТДЮУ билан келишган ҳолда ходимларига ҳар ойлик устамалар ва уларнинг миқдорини Марказнинг бюджетдан ташқари (ўқиш учун тушган маблағлар ва бошқа) маблағлари ҳисобидан мустақил белгилаш ҳуқуқи берилсин»;
г) 7-бандга қуйидаги мазмундаги хатбоши қўшилсин:
«Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тингловчиларни хорижий юридик компаниялар ва халқаро арбитраж институтларига стажировкага юбориш билан боғлиқ харажатлар бюджетдан ташқари Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳам қопланиши мумкин»;
д) 14-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;
6-банддаги «аммо бир ойдан кам бўлмаган муддатда» сўзлари «қоида тариқасида, бир ойдан кам бўлмаган муддатда» сўзлари билан алмаштирилсин;
18-бандга «талабгорлар» сўзидан кейин «ўқув машғулотлари бошланганидан кейин» сўзлари қўшилсин;
2-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«олий маълумотга эга бўлган шахсларни юридик мутахассисликка қайта тайёрлаш курслари (кейинги ўринларда — қайта тайёрлаш курслари) — давлат органлари ва ташкилотларнинг юридик маълумот ҳамда билим талаб этадиган касб ва лавозимларида фаолият олиб бориш учун етарли даражадаги билим олиш ва кўникма шакллантиришни назарда тутадиган олий таълимдан кейинги ўқитиш шакли;
қайта тайёрлаш курсларида бевосита таълим шаклида ўқиш — таълим дастурларини ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда, қайта тайёрлаш курсларида бевосита иштирок этиш орқали ўзлаштириш;
қайта тайёрлаш курсларида масофавий таълим шаклида ўқиш — таълим дастурларини ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда онлайн (реал вақт режимида) ҳамда офлайн (видеомаърузалар, мавзуга доир маърузалар матни, ассесмент топшириқлари, амалиёт материаллари таҳлили, кичик назорат ишини бажариш орқали тегишли ўқув-методик ресурсларни мустақил равишда ўзлаштириш) тарзда ўзлаштириш;
талабгорлар — қайта тайёрлаш курсларида таълим олишни хоҳловчи олий маълумотга эга бўлган шахслар;
тингловчилар — кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган, ўқиш учун контракт тўловини амалга оширган ва қайта тайёрлаш курсларига қабул қилинган шахслар»;
3-бандга «Кенгаши томонидан» сўзларидан кейин «курсни ташкил этиш шакли бўйича» сўзлари қўшилсин;
6-бандга «Қайта тайёрлаш курсларида ўқиш» сўзларидан кейин «бевосита, масофавий ёки бошқа таълим шаклида» сўзлари қўшилсин;
биринчи хатбошидан «ва асосий иш жойидан ажралган ҳолда амалга оширилади» сўзлари чиқариб ташлансин;
иккинчи хатбошига «қайта тайёрлаш курсларида» сўзларидан кейин «ишдан ажралган ҳолда» сўзлари қўшилсин;
12-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Маслаҳат комиссияси курсни ташкил этиш шаклидан келиб чиқиб ҳужжатларни қабул қилиш муддатлари ва ўқиш учун ажратилган ўринларнинг умумий сони ҳақидаги маълумотларни, қоида тариқасида, ҳужжатларни қабул қилиш бошланишидан бир ой олдин Марказнинг расмий веб-сайти ҳамда ижтимоий тармоқдаги расмий саҳифаларига жойлаштиради»;
18-бандга қуйидаги мазмундаги хатбоши қўшилсин:
«Жалб қилинган имтиҳон комиссияси аъзоларига шартнома асосида ҳақ тўланади»;
22-банддаги «бир ой» сўзлари «бир ҳафта» сўзлари билан алмаштирилсин;
24-банддаги «кириш имтиҳонлари бошланишидан уч кун олдин» сўзлари «кириш имтиҳонлари ўтказиладиган кунда» сўзлари билан алмаштирилсин;
биринчи хатбошига «телекоммуникация воситаларини» сўзларидан кейин «шунингдек, имтиҳон жараёнларининг шаффоф ва адолатли ўтишига таъсир қиладиган бошқа ҳар қандай материалларни» сўзлари қўшилсин;
қуйидаги мазмундаги хатбоши қўшилсин:
«Кириш имтиҳони жараёнида талабгорнинг тақиқланган материаллардан фойдаланиши, фойдаланишга уриниши, бошқа талабгорлар билан мулоқот қилиши, шунингдек, имтиҳон ўтказиш тартибига зид бошқа хатти-ҳаракатлар содир қилиши унга нисбатан баённома расмийлаштирилиб, имтиҳондан четлаштирилишига асос бўлади»;
28-бандга қуйидаги мазмундаги хатбоши қўшилсин:
«Кириш имтиҳонлари курсни ташкил этиш шакли ва белгиланган ўринлар сонини инобатга олган ҳолда алоҳида ўтказилади»;
33-банддаги «55 фоизи ва ундан юқори» сўзлари «55 фоизидан юқори» сўзлари билан алмаштирилсин;
35-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«35. Мазкур Низом 33-бандининг иккинчи ва учинчи хатбошиларида кўрсатилган шартлар бажарилмаган тақдирда, қайта тайёрлаш курсларига қабул қилиниш ҳуқуқи ўқиш шаклидан келиб чиқиб белгиланган максимал баллнинг 55 фоиздан ортиғини тўплаган кейинги талабгорга берилади.
Марказ имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, кириш имтиҳони натижаларига кўра қабул қилинмаган талабгорлар қўшимча равишда табақалаштирилган тўлов-контракт асосида қабул қилиниши мумкин.
Қўшимча равишда табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқиш истагида бўлган талабагорлар ТДЮУ томонидан белгиланган муддатларда тўлов-контракт шартлари тўлиқ бажарилгандан сўнг Марказ директорининг буйруғи билан ўқишга қабул қилинади.»;
36-банднинг иккинчи хатбошисига «контракт суммаси миқдори» сўзларидан кейин «таълим шаклини инобатга олган ҳолда» сўзлари қўшилсин;
37-банддаги «26» рақами «28» рақами билан алмаштирилсин;
39-банддаги «ТДЮУ Кенгаши томонидан» сўзларидан кейин «таълим шакллари бўйича» сўзлари қўшилсин;
40-бандга қуйидаги мазмундаги хатбоши қўшилсин:
«Масофавий таълим шаклидаги қайта тайёрлаш курсларида ўқув жараёни Марказнинг ҳамда масофавий таълимга оид бошқа махсус таълим платформаларида, онлайн (реал вақт режимида) ҳамда офлайн (видеомаърузалар, мавзуга доир маърузалар матни, ассесмент топшириқлари, амалиёт материаллари таҳлили, кичик назорат ишини бажариш орқали тегишли ўқув-методик ресурсларни мустақил равишда ўзлаштириш) режимда ташкил қилинади»;
қуйидаги мазмундаги иккинчи-учинчи хатбошилар қўшилсин:
«Масофавий таълим шаклида ташкил этилган қайта тайёрлаш курсларида якуний назорат имтиҳонлари тингловчининг бевосита иштирокида, Марказ аудиторияларида ўтказилади.
Асосий иш жойидан ажралмаган ҳолда масофавий тарзда таълим олаётган тингловчиларга бевосита Марказга келиши талаб этиладиган назорат имтиҳонларини топшириш вақтида, тасдиқланган назорат имтиҳони жадвалига асосан, мос равишда, ўртача ойлик маоши сақланган қўшимча таътил берилади.»;
иккинчи-учинчи хатбошилар тегишлича тўртинчи-бешинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
тўртинчи хатбошидаги «10» рақами «30» рақами билан алмаштирилсин;
олтинчи хатбошига «Марказ» сўзидан кейин «одоб-ахлоқ ва» сўзлари қўшилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
10. Вазирлар Маҳкамасининг «Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 3 июлдаги 498-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2018 й., 7-сон, 160-модда) иловасида:
а) 15-банднинг учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«олий юридик маълумотга эга бўлган ёки Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш марказининг олий маълумотга эга бўлган шахсларни юридик мутахассисликка қайта тайёрлаш курсларини тугатган ва белгиланган намунадаги дипломни олган шахслар»;
б) 23-бандга қуйидаги мазмундаги хатбоши қўшилсин:
«1 ва 2-тоифали инспектор лавозимида Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш марказининг олий маълумотга эга бўлган шахсларни юридик мутахассисликка қайта тайёрлаш курсларини тугатган ва белгиланган намунадаги дипломни олган шахслар ҳам ишлаши мумкин».
Кейинги таҳрирга қаранг.
11. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 24 июлдаги 573-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2018 й., 7-сон, 192-модда) билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги юридик техникумлари битирувчиларини Тошкент давлат юридик университети бакалавриатига ўқишга қабул қилиш тўғрисидаги низомнинг 471 ва 472-бандлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
12. Вазирлар Маҳкамасининг «Ички ишлар органлари соҳасида давлат хизматлари кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида» 2018 йил 4 октябрдаги 797-сон қарорида:
9-банднинг биринчи хатбошисидаги «10» рақами «3» рақами билан алмаштирилсин;
«а» кичик банднинг иккинчи-учинчи хатбошиларидаги ҳамда «б» кичик банднинг иккинчи ва тўртинчи хатбошиларидаги «ҳисоб рақамига» сўзлари «ҳисобварағига» сўзи билан алмаштирилсин;
«б» кичик банднинг учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«11,25 фоизи — Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасининг электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётнинг идоралараро лойиҳаларини молиялаштириш бўйича махсус ҳисобварағига» ;
10-банднинг биринчи хатбошисидаги «10» рақами «3» рақами билан алмаштирилсин;
«а» кичик банднинг иккинчи-учинчи хатбошиларидаги ҳамда «б» кичик банднинг иккинчи ва тўртинчи хатбошиларидаги «ҳисоб рақамига» сўзлари «ҳисобварағига» сўзи билан алмаштирилсин;
«б» кичик банди учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«11,25 фоизи — Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасининг электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётнинг идоралараро лойиҳаларини молиялаштириш бўйича махсус ҳисобварағига».
Кейинги таҳрирга қаранг.
13. Вазирлар Маҳкамасининг «Тошкент давлат юридик университети магистратурасига ўқишга қабул қилиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 26 августдаги 513-сон қарорида (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2020 й., 8-сон, 198-модда):
2-банднинг «а» кичик банди тўртинчи хатбошиси ва 5-банднинг биринчи хатбошисидаги «техникумларда» сўзи «техникумлар ва ТДЮУ ҳузуридаги академик лицейда» сўзлари билан алмаштирилсин;
3-банддаги «марказий органларида (марказий аппаратида)» сўзлари «марказий органлари ҳамда бошқа марказий давлат органларининг марказий аппаратида» сўзлари билан алмаштирилсин;
5-банддаги «юридик техникумларда» сўзлари «юридик техникумлар ва ТДЮУ ҳузуридаги академик лицейда» сўзлари билан алмаштирилсин;
8-банднинг бешинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«базавий олий юридик маълумотга эга, юридик техникумларда (ТДЮУ ҳузуридаги академик лицейда) камида уч йил ишлаган педагог ва раҳбар ходимлар учун ўрнатилган тартибда имзоланган ва юридик техникум (академик лицей) бланкида расмийлаштирилган, рақами ва берилган вақти акс эттирилган ҳамда электрон меҳнат дафтарчасида кўрсатилган маълумотлар илова қилинган юридик техникум (академик лицей) директорининг тавсияси (ушбу Низомнинг 5-бандида назарда тутилган асосга кўра ҳужжат топширилганда)»;
9-банднинг учинчи хатбошисига «юридик техникумлар» сўзларидан кейин «, ТДЮУ ҳузуридаги академик лицей» сўзлари қўшилсин;
изоҳдаги «юридик техникумларда» сўзлари «юридик техникумлар ва ТДЮУ ҳузуридаги академик лицейда» сўзлари билан алмаштирилсин.
14. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2021 йил 22 февралдаги 87-сон қарорига илованинг 1298-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 08.04.2021 й., 09/21/189/0303-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.11.2021 й., 09/21/705/1082-сон, 27.12.2021 й., 09/21/774/1198-сон, 19.04.2022 й., 09/22/195/0319-сон; 23.10.2023 й., 09/23/550/0793-сон; 22.11.2023 й., 09/23/612/0874-сон; 23.12.2024 й., 09/24/867/1045-сон; 19.03.2025 й., 09/25/171/0258-сон; 01.07.2026 й., 09/26/350/0667-сон)