toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган Бюджетномани, шу жумладан асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнозини, Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларининг лойиҳаларини кўриб чиқиб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунининг 8-моддасига, «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддасига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 97-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2016 йил 28 октябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари тўғрисида»ги 618-III-сонли Қарори маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари қабул қилинсин, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тақчиллигининг энг юқори даражаси ялпи ички маҳсулот ҳажмига нисбатан 1,0 фоиз миқдорида белгилансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
иқтисодиётнинг барқарор ўсишини рағбатлантиришга, аҳоли фаровонлигини оширишга ва инфляция даражасини мақсадли прогноз кўрсаткичлари доирасида сақлашга қаратилган самарали чора-тадбирларни кўрсин;
хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва унинг дахлсизлиги кафолатларининг ҳуқуқий механизмларини янада мустаҳкамлаш, маъмурий тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш, тадбиркорлик фаолиятига давлат органларининг аралашувини тубдан қисқартиш, давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини камайтириш орқали хусусий мулкнинг роли ва ўрнини юксалтиришга, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш ҳамда ялпи ички маҳсулотдаги улушини янада кўпайтиришга доир ислоҳотларни давом эттирсин;
юқори технологияли янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, республика минтақаларини рақобатбардош ва экспортга йўналтирилган замонавий тайёр саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга янада фаол жалб қилиш, ишлаб чиқариш, муҳандислик-коммуникация, йўл-транспорт, ижтимоий инфратузилма ва логистика хизматларини жадал ривожлантиришни таъминлаш учун тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар улушини оширишга доир дастурларни қўллаб-қувватлашни таъминласин;
иқтисодиётга ва аҳоли даромадларига тушадиган солиқ юкини янада камайтиришга, хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятида унинг рағбатлантирувчи ролини оширишга қаратилган солиқ сиёсатини изчил амалга оширишга доир чора-тадбирлар кўрилишини таъминласин;
аҳоли турмушининг сифатини яхшилашга қаратилган ахборот-коммуникация тизимларини, уй-жой-коммунал хўжаликларини ривожлантиришни тезлаштириш ҳамда кўламларини кенгайтиришга, шунингдек суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга доир дастурларнинг рўёбга чиқарилишини фаоллаштирсин;
ишлаб чиқаришнинг маҳаллийлаштирилишини янада чуқурлаштириш, тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтириш, ички талабни шакллантириш ва бозорни зарур истеъмол товарлари ҳамда бутловчи буюмлар билан тўлдириш, аҳолини иш билан таъминлаш муаммоларини ҳал қилиш юзасидан чора-тадбирлар кўрсин;
ижтимоий соҳага сарфланадиган давлат харажатларидан, шу жумладан таълимни ривожлантиришга, тиббиёт хизматлари сифатини яхшилашга, ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришга сарфланадиган харажатлардан янада самарали фойдаланиш орқали аҳоли фаровонлигини ошириш чора-тадбирларини кўрсин, шу билан бир вақтда муҳтож оилаларни аниқ мақсадда ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтирсин;
қишлоқ аҳолисининг уй-жой-маиший шароитларини янада яхшилаш мақсадида янгиланган намунавий лойиҳалар асосида қишлоқ жойларда арзон уй-жойлар қурилиши кўламини кенгайтириш, айни вақтда қурилиш-монтаж ишларининг, шунингдек барпо этилаётган ижтимоий ва транспорт-коммуникация инфратузилмасининг сифатини ошириш бўйича чоралар кўрсин;
2017 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра айланма касса маблағининг зарур миқдоридан ортиқ бўлган республика бюджетининг бўш қолдиқлари ва бошқа қадрсизланмайдиган манбалар ҳисобидан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг тақчиллигини молиялаштирсин.
4. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари даромадлари ва харажатларининг тасдиқланган тегишли кўрсаткичлари бажарилишини таъминласин, минтақаларнинг иқтисодий салоҳиятини ошириш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрсин, бюджет маблағларидан манзилли, мақсадли ва самарали фойдаланилаётганлиги устидан қатъий назорат ўрнатсин.
5. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Н. ЙЎЛДОШЕВ
Тошкент ш.,
2016 йил 13 декабрь,
СҚ-122-III-сон