1.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.19.00.00 Банк тизими / 07.19.02.00 Тижорат банклари. Хусусий банклар. Хорижий банклар]
[ТСЗ:
1.Молия / Банклар ва бошқа кредит муассасалари. Кредитлар]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН АКЦИОНЕРЛИК-ТИЖОРАТ «ПАХТА-БАНК»НИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 20 майдаги 142-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Қишлоқда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, пахтачиликка ва у билан боғлиқ тармоқларга банк хизмати кўрсатишни яхшилаш, ушбу соҳада ҳисоб-китобларни такомиллаштириш ва унинг янги шаклларини ривожлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. «Ўздеҳқончиликсаноатбанк» республика акционерлик-тижорат банки муассисларининг ушбу банк негизида ихтисослаштирилган акционерлик-тижорат «Пахта-банк»ни ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
Белгилаб қўйилсинки, «Пахта-банк» молиявий, мулкий ва бошқа мажбуриятлар ва талаблар бўйича «Ўздеҳқончиликсаноатбанк»нинг ҳуқуқий вориси ҳисобланади.
2. Қуйидагилар «Пахта-банк»нинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
пахта етиштирувчи хўжаликларни ва пахта етиштириш ҳамда уни қайта ишлаш билан боғлиқ ташкилотларни ривожлантириш учун молиявий маблағларни жамлаш;
пахта етиштирувчи хўжаликларга, пахта заводларига, пахтачиликка хизмат кўрсатувчи ўзаро боғлиқ тармоқларнинг бошқа корхоналари ва ташкилотларига комплекс банк ва валюта-инвестиция хизмати кўрсатиш;
пахта етиштириш, уни қайта ишлаш, сақлаш ва сотиш билан боғлиқ хўжаликлар ва ташкилотларга улар билан фьючерс битимлар тузиш орқали бўлғуси ҳосил ҳисобидан аванс бериш;
ажратилган маблағлардан мақсадли фойдаланиш, шунингдек, хўжаликлар билан ўз вақтида ҳисоб-китоб қилиниши ва берилган кредитларнинг қайтарилиши устидан амалий назоратни таъминлаш;
векселлар, давлат қисқа муддатли облигациялари, акциялар ва бошқа қийматли қоғозлар билан операцияларни амалга ошириш;
хўжаликларда белгиланган тартибда «Пахта-банк»нинг бўлинмаларини ташкил этиш йўли билан банк хизмати кўрсатишни мижозларга яқинлаштириш;
кредит карточкалари жорий этиш ва электрон банк хизматлари кўрсатиш.
3. «Пахта-банк» акционерларига ўн кун муддатда белгиланган тартибда таъсис йиғилиши ўтказиш ва банк Уставини тасдиқлаш таклиф этилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки «Пахта-банк»ни давлат рўйхатидан ўтказсин ва унга белгиланган тартибда тегишли лицензия берсин.
Марказий банкка «Ўздеҳқончиликсаноатбанк» томонидан ижарага олинган хизмат биноларини қолдиқ қиймат бўйича ҳақ тўлаш асосида «Пахта-банкка бериш тавсия этилсин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Б.С. Ҳамидов ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг раиси Ф.М. Муллажонов зиммасига юклансин.