АДВОКАТЛИК БЮРОЛАРИ, ҲАЙЪАТЛАРИ, ФИРМАЛАРИНИ ДАВЛАТ РЎЙХАТИДАН ЎТКАЗИШ ҲАМДА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ФУҚАРОЛАРИГА АДВОКАТЛИК ФАОЛИЯТИ БИЛАН ШУҒУЛЛАНИШ ҲУҚУҚИНИ БЕРУВЧИ ЛИЦЕНЗИЯЛАРНИ БЕРИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА
LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 9 мартдаги 60-сонли «Адвокатлик фаолиятини лицензиялаш ва адвокатлик тузилмаларини ташкил этиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
«Адвокатура тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ҳамда адвокатлик бюролари, адвокатлик ҳайъатлар адвокатлик фирмаларини рўйхатдан ўтказишни тартибга солиш, шунингдек адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензиялар беришни тартибга солиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Адвокатлик бюролари, ҳайъатлари, фирмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқароларига адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияларни бериш тартиби тўғрисидаги илова қилинаётган Низом тасдиқлансин.
[ОКОЗ:
1.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.18.00.00 Давлат божи / 07.18.02.00 Давлат божи миқдорлари]
2. Белгилансинки, адвокатлик бюролари, ҳайъатлари, фирмалари давлат рўйхатидан ўтказилганлиги, шунингдек улар қайта рўйхатдан ўтказилганлиги учун қуйидаги идораларда давлат божи тўланади:
рўйхатдан ўтказилганлиги учун — энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баравари миқдорида;
қайта рўйхатдан ўтказилганлиги учун — рўйхатдан ўтказилганлик учун тўланадиган сумманинг 20 фоизи.
Лицензия берилганлиги учун қуйидаги миқдорларда давлат божи тўланади
«Адвокатура тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кучга кирган пайтда адвокатлар ҳайъати аъзоси ҳисобланган шахслар учун — энг кам ойлик иш ҳақининг беш баравари миқдорида;
биринчи марта адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш хоҳишини билдирган шахслар учун — энг кам ойлик иш ҳақининг беш баравари миқдорида;
лицензия дубликати берилганлиги учун — лицензия берилганлиги учун белгиланган давлат божи миқдорининг 50 фоизи.
3. Белгилансинки, адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни олиш хоҳишини билдирган фуқаролар малака комиссиялари иши билан боғлиқ бўлган харажатларни қоплаш мақсадида малака имтиҳони топширишдан олдин қуйидаги миқдорларда йиғим тўлайдилар:
«Адвокатура тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кучга кирган пайтда адвокатлар ҳайъати аъзоси ҳисобланган шахслар — энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи;
биринчи марта адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш хоҳишини билдирган шахслар — бир ойлик энг кам ойлик иш ҳақи миқдорида.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири С. Мирсафоев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ў. СУЛТОНОВ
Тошкент ш.,
1997 йил 13 март,
139-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 13 мартдаги 139-сон қарори билан ТАСДИҚЛАНГАН
Адвокатлик бюролари ҳайъатлари, фирмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқароларига адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лиценцияларни бериш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
Мазкур Низом билан адвокатлик бюролари, ҳайъатлар ва фирмаларини рўйхатдан ўтказиш, шунингдек адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияларни бериш тартибга солинади.
1-БЎЛИМ АДВОКАТЛИК БЮРОЛАРИ, ҲАЙЬАТЛАРИ ВА ФИРМАЛАРИНИ ДАВЛАТ РЎЙХАТИДАН ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ
1. «Адвокатура тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ адвокатлик бюролари, ҳайъатлари ва фирмаларини рўйхатдан ўтказиш Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳокимликлари адлия бошқармалари (кейинги ўринларда — адлия органлари деб аталади) томонидан амалга оширилади.
2. Адлия органлари Давлат рўйхатидан ўтказилиши керак бўлган адвокатуранинг ташкилий тузилмалари қуйидагилар ҳисобланади:
адвокатлар ҳайъати;
адвокатлик фирмаси;
адвокатлик бюроси.
3. Адвокатлик ҳайъатлари фирмалари ва бюролари давлат рўйхатидан ўтказилиши учун давлат тилида бажарилган қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:
давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги ариза;
адвокатлик бюроси ташкил этиш тўғрисидаги қарор (адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни олувчи шахснинг аризаси), адвокатлик фирмаси, ҳайъатининг таъсис шартномаси ва устави тасдиқланганлиги тўғрисида таъсис мажлиси баёни;
таъсис шартномасининг тасдиқланган нусхалари;
адвокатлик бюроси, фирмаси ёхуд ҳайъатининг муассислари (шериклар) томонидан тасдиқланган устави икки нусхада (ип ўтказиб боғланган ва тартиб рақами қўйилган ҳолда);
муҳр ва бурчакли штампнинг (мавжуд адвокатлар ҳайъати учун муҳр ва бурчакли штамп оттиски), эмблема ёки герб бўлган тақдирда уларнинг ҳам икки нусхадаги намунаси эскизи;
адвокатлик бюроси, ҳайъати ва фирмаси рўйхатдан ўтказилганлиги учун давлат божининг белгиланган миқдори тўланганлигидан далолат берувчи банк тўлов ҳужжати.
Рўйхатдан ўтказиш адвокатлик бюроси, фирмаси, ҳайъати жойлашган жойдаги тегишли адлия органи томонидан амалга оширилади.
Адвокатлик бюросини рўйхатдан ўтказишда таъсис йиғилиши ва таъсис шартномаси баёни талаб қилинмайди.
4. «Адвокатура тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кучга киргунга қадар ўз фаолиятини амалга оширувчи адвокатлар ҳайъати уларнинг уставлари адвокатлар ҳайъати умумий йиғилишлари томонидан тасдиқлангандан, барча зарур ҳужжатлар тақдим этилганидан кейин, таъсис йиғилиши ва таъсис шартномаси баёни бундан истиснодир, тегишли адлия органларида ҳисобга олинади.
Адвокатлар ҳайъати маълумотларининг ҳисобга қўйилиши давлат рўйхатидан ўтказишга тенглаштирилади, бунинг тасдиғи сифатида белгиланган намунадаги гувоҳнома берилади.
Ушбу ҳолда давлат божи белгиланган миқдорда ва тартибда тўланади.
5. Таъсис ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилса, шунингдек адвокатлик бюроси, ҳайъати ва фирмаси қайта ташкил этилса у қайта рўйхатдан ўтказилади.
6. Адвокатлик бюролари, ҳайъатлари, фирмаларини давлат рўйхатидан ўтказганлик ва қайта рўйхатдан ўтказганлик, шунингдек адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензиялар берганлик учун ундириладиган маблағлар Судлар ва адлия органларини ривожлантириш жамғармасига ўтказилади.
(6-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 30 апрелдаги 197-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2003 й., 7-8-сон, 66-модда)
7. Адвокатлик бюроси, ҳайъати, фирмасини давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда муҳрлар ва штамплар намуналари эскизларини, эмблема ва герб бўлган тақдирда уларнинг намуналари эскизларини тасдиқлаш зарур ҳужжатлар илова қилинган ҳолда ариза олинган пайтдан бошлаб 20 иш кунидан кечикмай амалга оширилади.
Рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатлар амалдаги қонун ҳужжатларига зид бўлган тақдирда рўйхатдан ўтказишни амалга оширувчи орган томонидан бир ҳафта муддатда ариза берувчига тақдим этилган ҳужжатларни амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқлаштириш тўғрисида тавсия берилади, тавсия бажармаган тақдирда ариза берувчига ёзма хулоса берилади, унда рўйхатдан ўтказиш рад этилишининг сабаби аниқ далилланади.
Давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилишининг сабаблари ариза берувчи томонидан асоссиз деб топилганда ёхуд рўйхатдан ўтказиш белгиланган муддатларда амалга оширилмаганда ариза берувчи рўйхатдан ўтказиш рад этилиши тўғрисидаги қарор устидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига ёки судга мурожаат қилишга ҳақлидир.
8. Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари адлия бошқармалари томонидан давлат рўйхатидан ўтказилган адвокатлик бюролари, ҳайъатлари ва фирмалари реестри юритилади (1-илова).
Адвокатлик бюролари, фирмалари, ҳайъатларини давлат рўйхатидан ўтказиш реестрларини юритиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланади.
11. Адвокатлик бюроси, ҳайъатлари ва фирмаларини ташкил этиш, фаолияти, қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиби, тузилмаси штатлари, функциялари, маблағларни тақсимлаш тартиби, раҳбар органлар ваколати, уларни сайлаш тартиби ва адвокатлик бюроси, ҳайъатлари ва фирмалари фаолиятига тегишли бўлган бошқа масалалар уларнинг уставлари билан тартибга солинади.
12. Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари адлия бошқармалари рўйхатдан ўтказувчи органлар сифатида адвокатлик бюролари, адвокатлар ҳайъатлари ва адвокатлик фирмалари томонидан ўз таъсис шартномалари ва уставларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади. Рўйхатдан ўтказиш тартиби бузилган тақдирда, шунингдек таъсис ҳужжатлари талабларига риоя этилмаган тақдирда (уставда назарда тутилмаган фаолият турлари билан шуғулланиш) рўйхатдан ўтказувчи орган адвокатлик бюроси, адвокатлар ҳайъатлари ва адвокатлик фирмасидан хўжалик суди орқали энг кам иш ҳақининг 200 баравари миқдорида жарима ундиришга ҳақлидир.
13. Адвокатлар ҳайъати ва адвокатлик фирмаси юқори органи тугатиш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин адлия органига тегишли ҳужжат тақдим этилади, Адвокатлар ҳайъати ва адвокатлик фирмасини тугатишни рўйхатдан ўтказиш бундай ҳолда ушбу тузилмалар бошқаруви юқори органи мажлиси баёни асосида амалга оширилади.
Адвокатлик бюросини тугатишни рўйхатга олиш мазкур бюро муассис адвокатнинг аризаси ёхуд адлия органи унинг лицензиясини бекор қилиш тўғрисидаги қарори асосида амалга оширилади.
14. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва унинг жойлардаги органлари, ўз ваколатлари доирасида, ҳар йили адвокатлик бюролари, ҳайъатлари, фирмалари фаолияти тўғрисидаги статистика маълумотларини йиғади ва ўрганади, зарур ҳолларда эса қилинган ишлар тўғрисидаги ахборотни ярим йилликлар бўйича алоҳида талаб қилиб олади.
2-БЎЛИМ АДВОКАТЛИК ФАОЛИЯТИ БИЛАН ШУҒУЛЛАНИШ ҲУҚУҚИНИ БЕРУВЧИ ЛИЦЕНЗИЯНИ БЕРИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА
15. «Адвокатура тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия малака комиссиясининг қарори асосида Ўзбекистон Республикасининг олий юридик маълумотга эга бўлган, малака имтиҳони топширган фуқаросига берилиши мумкин.
Лицензия бериш Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари адлия бошқармалари (кейинги ўринларда — адлия органлари деб юритилади) томонидан амалга оширилади.
16. Ариза берувчи лицензия олиш учун малака имтиҳони топширилган кундан бошлаб ўн кун ичида лицензия бериш тўғрисидаги аризани адлия органига шахсан ўзи тақдим этади.
Аризага:
малака комиссиясининг қарори;
лицензия берилганлиги учун давлат божи тўлашга пул қабул қилинганлигини тасдиқловчи банк ҳужжати илова қилинади.
Лицензия олиш учун тақдим этилган барча ҳужжатлар адлия органи томонидан рўйхатдан ўтказилади.
Ариза берувчидан мазкур Низомда назарда тутилмаган ҳужжатлар тақдим этилишини талаб қилиш тақиқланади.
17. Лицензия олишга даъвогарлик қилувчи шахснинг аризасига мувофиқ у малака имтиҳонини муваффақиятли топширганидан кейин адлия органи имтиҳон топширилгандан кейин йигирма куни ичида малака комиссиясининг масъул котиби томонидан тақдим этилган ҳужжатлар асосида лицензия бериш тўғрисидаги масалани кўриб чиқади.
Ариза бериш муддатлари ариза берувчи томонидан узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган, шунингдек тушган ҳужжат-қўшимча, шу жумладан, мустақил экспертизадан ўтказилган алоҳида ҳолларда адлия органи раҳбари ушбу муддатни узайтириши мумкин, бироқ 10 иш кунидан ортиқ эмас.
18. Лицензия беришга вакил қилинган орган: агар лицензия олиш учун тақдим этилган материалларда ҳақиқатда тўғри келмайдиган маълумотлар борлиги аниқланса лицензия беришни рад этишга ҳақлидир.
Бошқа сабабларга кўра, шу жумладан, мақсадга мувофиқ эмас деган сабаб билан лицензия берилиши рад этилишига йўл қўймайди.
Лицензия бериш рад этилган тақдирда малака имтиҳонини муваффақиятли топширган талабгор ушбу қарор устидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига ёки судга шикоят қилишга ҳақлидир.
Лицензия бериш рад этилиши ҳақидаги қарор асосланиши ва ариза берувчига қарор қабул қилингандан кейин 3 кун муддат ёзма шаклда тақдим этилиши керак.
Лицензия бериш тўғрисидаги ариза такрор кўриб чиқилиши бундай рад этиш учун асос бўлиб хизмат қилган вазият ўзгарган тақдирда, ёхуд адлия органининг лицензия бериш рад этилиши тўғрисидаги қарори ҳақиқий эмас деб топилганда йўл қўйилади.
19. Адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия белгиланган шаклда (3-илова) берилади ва Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида амал қилади.
Бериладиган лицензияга рўйхатдан ўтказиш тартиб рақами берилади ва у мана шу тартиб рақами билан адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензиялар Давлат реестрларига (4-илова) киритилади. Лицензия адлия органи (раҳбари ўринбосари) томонидан имзоланади ва ушбу органнинг муҳри билан тасдиқланади. Реестрни сақлаш муддати — 75 йил.
Лицензия бланки қатъий ҳисобда туради, эгаси ёзилмаган қимматли қоғоз даражасида ҳимояланган бўлади, ҳисобга олиш сериясига ва унинг тартиб рақамига эга бўлади, бунда серия аббревиатураси мазкур лицензия берилаётган ҳудудга тегишлиликни кўрсатади. Лицензиялар бланкларини сақлаш ва ҳисобга олиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланади.
20. Адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни беришда «Адвокатура тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кучга кирган пайтда адвокатлар ҳайъати аъзоси ҳисобланган шахслар энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдорида давлат божи тўлайдилар, биринчи марта адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш хоҳишини билдирган шахслар эса энг кам ойлик иш ҳақининг беш баравари миқдорида давлат божи тўлайдилар.
21. Лицензия йўқотилган тақдирда унинг дубликати берилиши мумкин, Адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензиянинг дубликати берилганлиги учун лицензия берилгани учун белгиланган давлат божи умумий миқдорининг 50 фоизи миқдорида ҳақ ундирилади.
22. Адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни олган шахслар (кейинги ўринларда адвокат деб аталади) «Адвокатура тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддасида назарда тутилган адвокатлик фаолияти турини амалга оширишга, шунингдек Ўзбекистон Республикаси фуқароларига, ажнабий фуқароларга, фуқаролиги бўлмаган шахсларга, мулкчилик шаклларидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар, ташкилотларга, агар бу тўғридан-тўғри Қонун билан тақиқланмаган бўлса, бошқа ҳуқуқий ёрдам кўрсатиши мумкин.
23. Адвокат касб-кор фаолиятини амалга оширишда қуйидаги ҳуқуқларга эга бўлади:
тегишли масалаларни ҳал этиш ваколатига кирадиган барча органлар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда жисмоний ва юридик шахсларнинг топшириғига кўра уларнинг манфаатларининг ифодалаш ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;
судларда, шунингдек маъмурий ҳуқуқий муносабатлар тўғрисидаги ишларни кўрувчи органларда ҳисобот сифатида фойдаланиши мумкин бўлган фактлар тўғрисидаги маълумотларни йиғиш;
ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш муносабати билан давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва жамоат бирлашмаларидан маълумотномалар, тавсифномалар ва бошқа зарур ҳужжатларни сўраш ва олиш;
ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш учун зарур бўлган масалалар бўйича мижознинг розилиги билан экспертларнинг ёзма хулосаларини, мутахассисларнинг маълумотнома-маслаҳатларини сўраш ва олиш;
тўпланган материалларни судларга ва унга ишонганнинг ёки унинг ҳимояси остидагининг ишини кўриб чиқувчи давлат органларига тақдим этиш;
мансабдор шахсларга илтимоснома ва шикоят қилиш ҳамда улардан сабаби асосланган ёзма жавоблар олиш;
қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳаракатларни бажариш.
24. Адвокат ўзининг касб-кор фаолиятида амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиши, унга ҳуқуқий ёрдам сўраб мурожаат қилган жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда қонунда назарда тутилган воситалар ва усуллардан фойдаланиши шарт.
25.Адвокат адвокатлик сирини сақлаши шарт. Мижознинг адвокатга ёрдам сўраб мурожаат қилиши фактининг ўзи, мижоз ёрдам сўраб мурожаат қилган масалалар, мижоз адвокатдан маслаҳатлар ва тушунтиришларнинг моҳияти, адвокатнинг мижоз билан суҳбати мазмунига тегишли бўлиб қолган барча маълумотлар адвокатлик сири ҳисобланади.
26. Адвокатларнинг касб-кор ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қиймати қонун томонидан қўриқланади.
Адвокат ўз касб-кор вазифаларини бажараётганда унга кўрсатишнинг исталган шаклларига йўл қўйилмайди.
27. Адвокатлар меҳнатига ҳақ тўлаш мижоз билан адвокат ўртасида эркин тузиладиган келишув (шартнома) асосида амалга оширилади.
28. Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари адлия бошқармалари лицензия берувчи органлар сифатида адвокат томонидан лицензияланадиган фаолият турига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширадилар.
Адвокат «Адвокатура тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига риоя этмаган, адвокатлик фаолиятини амалга оширишдан бош тортган, шунингдек 6 ойдан ортиқ вақт давомида лицензияда назарда тутилмаган фаолият тури билан шуғулланмаган тақдирда адлия органи малака комиссиясига унга нисбатан интизомий жазо чоралари қўллаш тўғрисидаги масалани ҳал этиши учун тақдимнома киритади.
29. Адвокатлик фаолиятини бундан кейин амалга оширишга тўсқинлик қилувчи ҳолатларнинг хусусиятига боғлиқ равишда адлия органлари лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш ёхуд бекор қилиш ҳуқуқига эга бўладилар.
30. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш мазкур фаолиятни амалга оширишга тўсқинлик қилувчи ҳолатлар мавжуд бўлган бутун даврда ёхуд йўл қўйилган қонун бузилиши бартараф этилган тақдирда олти ойгача бўлган муддатга адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи тақиқланишини англатади.
31. Адвокат жиноий жавобгарликка тортилган тақдирда у айбдор сифатида жалб қилинган пайтдан бошлаб ва суднинг ҳукми қонуний кучга киргунга қадар ёхуд оқловчи асосларга кўра жиноий жавобгарликдан озод қилиш тўғрисида қарор қабул қилингунча адлия органининг қарори асосида лицензиянинг амал қилиши тўхтатилиши мумкин.
32. Лицензиянинг амал қилиши интизомий жазо чораси сифатида малака комиссиясининг қарори асосида ҳам тўхтатилиши мумкин.
Бундай ҳолда лицензиянинг амал қилиши тўхтатилиши ҳақидаги қарорни олган адвокат адлия органи томонидан белгиланган муддатда айтиб ўтилган органга лицензиянинг амал қилиши тўхталиши ҳақидаги қарорни қабул қилиш учун асос бўлиб хизмат қилган аниқланган қонун бузилиши бартараф қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этишга мажбурдир.
33. Илгари лицензиянинг амал қилиши тўхтатилишига олиб келган ҳолат адвокат учун ижобий ўзгарган тақдирда унинг амал қилиши тикланади.
34. лицензиянинг бекор қилиниши адвокатлик фаолиятини амалга ошириш тақиқланишини англатади.
Лицензияни бекор қилиш қуйидаги асосларга кўра лицензияни берган орган томонидан амалга оширилади:
адвокатнинг лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги аризасига кўра;
адвокат Ўзбекистон Республикаси фуқаролигидан маҳрум бўлганда;
белгиланган тартибда ҳуқуқий лаёқат чекланган ёки адвокат ҳуқуқий лаёқатсиз деб топилган ҳолларда;
адвокатга нисбатан суд томонидан чиқарилган айблов ҳукми қонуний кучга кирган тақдирда;
адвокат томонидан касб-кор ахлоқи нормалари мунтазам равишда бузилганда ёки у қонун ҳужжатлари талабларини қўпол равишда бузганда (малака комиссиясининг қарори асосида).
Лицензия адлия органи томонидан интизомий жазо бериш тартибида малака комиссиясининг қарори асосида ҳам бекор қилиниши мумкин.
Адвокатнинг ташаббуси билан лицензияни бекор қилиш амалга оширилиши мумкин, бироқ агар буни мижоз талаб қилса, илгари қабул қилинган топшириқ бажарилгандан кейин амалга оширилиши мумкин.
35. Адлия органлари лицензиянинг амал қилиши тўхтатилиши ёки унинг бекор қилиниши тўғрисидаги қарор қабул қилинган кундан бошлаб 3 кун муддатда бу ҳақда адвокатни хабардор қиладилар.
Бундай ҳолда адвокат лицензия бекор қилинганлиги тўғрисида адлия органининг қарори ҳақида ўз мижозларини дарҳол хабардор қилиши ва 10 кун мобайнида лицензияни уни берган органга қайтариши шарт.
36. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш ёки унинг бекор қилиниши тўғрисидаги қарорга адлия органи раҳбари (раҳбарнинг ўринбосари) имзо чекади.
37. Лицензиянинг амал қилиши тўхтатилиши ёки унинг бекор қилиниши тўғрисидаги қарор устидан бундай қарор олинган пайтдан бошлаб бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига ёки судга шикоят қилиниши мумкин.
38. Лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги ахборот адлия органи томонидан лицензияси бекор қилинган шахсларни кўриб чиқилаётган ишларда қатнаштиришга йўл қўймаслик мақсадида маълумот суд-тергов органларига юборилади.
39. Адлия органлари йилнинг ҳар чорагида берилган, бекор қилинган ва амал қилиши тўхтатилган лицензиялар тўғрисида маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тақдим этади. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси ҳудудида адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи барча лицензияларнинг йиғма реестрини юритади.
Адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи
ЛИЦЕНЗИЯ
«Адвокатура тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига биноан мазкур лицензия Ўзбекистон Республикаси фуқароларига, хорижий фуқароларга, фуқаролиги бўлмаган шахсларга, мулкчилик шаклларидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар, ташкилотларга, агар бу қонун билан бевосита тақиқланмаган бўлса, ҳар қандай юридик ёрдам кўрсатиш ҳуқуқини беради.
Мазкур лицензия Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида амал қилади.