toggle_night_mode
Ҳужжат 25.08.2020 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
«Илҳом» мукофотини таъсис этиш тўғрисида
Олий таълим муассасаларида шоир ва ёзувчилар ҳаёти ҳамда ижодини чуқур ўрганишни самарали ташкил этиш, ёшларнинг адабиётга қизиқишини янада ошириш, уларни китоб ўқишга даъват этиш ва шу асосда уларнинг қалбида ватанпарварлик туйғуларини янада юксалтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Маданият вазирлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг «Илҳом» мукофотини (кейинги ўринларда — мукофот) таъсис этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
2. «Илҳом» мукофоти танловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита 1-иловага мувофиқ таркибда ташкил этилсин.
3. «Илҳом» мукофоти учун танлов ўтказиш қоидалари ва шартлари, ташкил этиш ҳамда ўтказиш, мукофотни топшириш ва молиялаштириш тартибини назарда тутувчи «Илҳом» мукофоти билан тақдирлаш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Белгилаб қўйилсинки:
а) мукофот шоир ва ёзувчилар ҳаёти ҳамда ижодини ўрганиш, уларнинг асарларини таржима қилиш, шу асосда тадқиқотлар ўтказиш, кино ва саҳна асарлари яратиш каби маънавий-маърифий, илмий-ижодий жараёнларда энг юқори натижаларга эришган олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ҳамда фаолият юритаётган ёшларга берилади;
б) мукофот учун танловни юқори савияда ўтказишга Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги масъул, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Маданият вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, «Ўзбеккино» Миллий агентлиги, Маънавият ва маърифат маркази, Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамкор вазирлик ва идоралар этиб белгиланади;
в) мукофот билан тақдирлаш ҳар йили Адиблар хиёбони очилган кун — 20 майда «Катта адабиёт байрами» ҳафталиги доирасида амалга оширилади;
г) танлов ғолиблари қуйидагича тақдирланади:
1-ўрин учун — Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган «Spark» енгил автотранспорт воситаси, махсус диплом ва статуэтка;
2-ўрин учун — 30 млн. сўм пул мукофоти, махсус диплом ва статуэтка;
3-ўрин учун — 15 млн. сўм пул мукофоти, махсус диплом ва статуэтка.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Маданият вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва «Ўзбеккино» миллий агентлиги билан биргаликда «Катта адабиёт байрами» ҳафталиги доирасида «Илҳом» мукофоти билан тақдирлаш бўйича дастурни икки ой муддатда ишлаб чиқиб тасдиқласин ҳамда тадбирларнинг юқори савияда ташкил этилишини таъминласин.
6. Ўзбекистон Бадиий академияси Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги буюртмасига биноан шартнома асосида мукофот статуэткаси эскизи лойиҳасини уч ой муддатда ишлаб чиқсин ҳамда тасдиқлаш учун «Илҳом» мукофоти танловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмитага киритсин.
7. Мукофотларни тайёрлаш ҳамда ғолибларни тақдирлаш маросимини ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
8. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига мазкур танловларни кенг ёритиб бориш тавсия этилсин.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.А. Мусаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 24 август,
503-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 24 августдаги 503-сон қарорига
1-ИЛОВА
«Илҳом» мукофоти танловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита
ТАРКИБИ

Ю. Абсоатов

Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирининг ўринбосари, Ташкилий қўмита раиси

О. Базаров

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Маънавий-ахлоқий тарбия бошқармаси бошлиғи, Ташкилий қўмита раиси ўринбосари

М. Рустамбаев

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техника институти бошлиғи

Б. Матлюбов

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси бошлиғи

М. Қуронов

Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбарининг ўринбосари

Ш. Ризаев

«Ўзбеккино» Миллий агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари

М. Абдусаматов

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси масъул котиби

Ж. Ниязбеков

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг Ижодкор ёшлар билан ишлаш ва оммавий маданий тадбирларни ташкил этиш бошқармаси бошлиғи

М. Машарипов

Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлигининг Бешта ташаббус лойиҳаларини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи

Ф. Абиджанова

Ўзбекистон Бадиий академияси масъул котиби

О. Худойназаров

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, Ташкилий қўмита котиби

Изоҳ: ташкилий қўмита аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимга янги тайинланган ёки тегишли функцияларни бажариш зиммасига юкланган шахслар киритилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 24 августдаги 503-сон қарорига
2-ИЛОВА
«Илҳом» мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. «Илҳом» мукофоти (кейинги ўринларда — мукофот) шоир ва ёзувчилар ҳаёти ва ижодини ўрганиш, уларнинг асарларини таржима қилиш, шу асосда тадқиқотлар ўтказиш, кино ва саҳна асарлари яратиш каби маънавий-маърифий, илмий-ижодий жараёнларда энг юқори натижаларга эришган олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ва фаолият юритаётган ёшларга берилади.
2. Танлов қуйидаги мақсадларда ўтказилади:
олий таълим муассасаларида шоир ва ёзувчиларнинг ҳаёти ва ижодини чуқур ўрганишни самарали ташкил этиш;
ёшларнинг адабиётга қизиқишини ошириш, китоб ўқишга даъват этиш ва шу асосда уларнинг қалбида ватанпарварлик туйғуларини янада юксалтириш;
маънавий-маърифий, илмий-ижодий жараёнларда юқори натижаларга эришган олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ва фаолият юритаётган ёшларнинг истеъдоди ва ижодий қобилиятини рағбатлантириш;
шоир ва ёзувчилар асарларини таржима қилиш, шу асосда тадқиқотлар ўтказиш, кино ва саҳна асарлари яратиш ҳамда уларни ёшлар орасида оммалаштириш.
3. Мукофот олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ёки фаолият юритаётган уч нафар ғолибга (ёки ижодий жамоага) 1, 2 ва 3-ўрин кетма-кетлигида берилади.
4. Ғолиблар мукофот билан ушбу Низомга иловага мувофиқ схема асосида тақдирланади.
2-боб. Танловнинг дастлабки саралаш босқичини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби
5. Танловда ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, республикамиздаги барча олий таълим муассасалари иштирок этиши мумкин.
Танлов икки — дастлабки саралаш ва асосий танлов босқичларида ўтказилади.
Дастлабки саралаш босқичи номзодлар таҳсил олаётган ёки фаолият юритаётган олий таълим муассасаларида ташкил этиладиган ишчи гуруҳлар томонидан амалга оширилади.
6. Дастлабки саралаш босқичида номзодлар олий таълим муассасаси миқёсида тест саволлари орқали сараланади.
Тест саволлари «Илҳом» мукофоти танловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита (кейинги ўринларда — ташкилий қўмита) томонидан ҳар йили 10 мартга қадар шакллантирилади.
Тест саволлари миллий адабиётимизнинг дурдона асарлари, адиб ва мутафаккирларнинг бой маънавий мероси, шоир ва ёзувчиларнинг ҳаёти ва ижодини қамраб олувчи 50 та саволдан иборат бўлади.
7. Тест саволлари олий таълим муассасаларига ҳар йили 15 мартга қадар тақдим этилади. Саволларнинг ошкор этилмаслиги, синовларнинг очиқ ва ҳаққоний ўтиши учун масъулият олий таълим муассасаси ректори зиммасига юкланади.
Дастлабки саралаш босқичи тест саволлари олингандан сўнг бир кун ичида ўтказилиши лозим.
8. Тест натижаларига кўра, энг юқори балл тўплаган уч нафар номзод олий таълим муассасаси ректорининг тақдимномаси асосида кейинги босқичда иштирок этиши мумкин.
Шоир ва ёзувчилар ҳаёти ҳамда ижоди асосида кино ва саҳна асарлари яратган, адиблар ҳаёти ва ижоди ҳақида илмий-оммабоп тадқиқотлар ўтказган, уларнинг асарларини хорижий тилларга таржима қилган ёшларга олий таълим муассасаси ректорининг тақдимномаси, истисно тариқасида, тест синовларисиз берилиши мумкин.
9. Дастлабки саралаш босқичи натижаларидан норози бўлган иштирокчи қабул қилинган қарорга нисбатан ғолиблар эълон қилинган санадан бошлаб ўн кун муддат ичида ташкилий қўмитага апелляция тартибида шикоят киритиш ҳуқуқига эга.
Ташкилий қўмита шикоятни апелляция тартибида кўриб чиқишда, унинг аъзоларининг камида 2/3 қисми иштирок этганда ҳақиқий ҳисобланади.
Ташкилий қўмита ўн кун муддат ичида шикоятни кўриб чиқиб, қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади ва қарор нусхасини мурожаат қилган шахсга юборади:
шикоятни қаноатлантиришни рад этиб, саралаш босқичи бўйича олий таълим муассасаси қарорини ўзгаришсиз қолдириш;
шикоятни қаноатлантириб, саралаш босқичи бўйича олий таълим муассасаси қарорини қисман ёки бутунлай бекор қилиб, янги қарор қабул қилиш.
Ташкилий қўмитанинг шикоятни апелляция тартибида кўриб чиқиши баённома билан расмийлаштирилади.
Ташкилий қўмитанинг апелляция мажлисига мурожаат этган шахс таклиф этилади. Унинг иштирок этмаслиги мажлиснинг ўтказилмаслигига ёки бошқа кунга қолдирилишига асос бўлмайди.
10. Олий таълим муассасаларида сараланган номзодларнинг ҳужжатлари расмийлаштирилиб, ташкилий қўмитага тақдим этилади.
11. Ҳар йили 15 апрелга қадар олий таълим муассасаси томонидан «Илҳом» мукофоти танловининг асосий босқичида иштирок этиш учун номзоднинг қуйидаги ҳужжатлари тақдим этилади:
олий таълим муассасасининг тақдимномаси;
паспорти (ID-картаси) нусхаси;
маълумотнома-объективка;
танловда иштирок этиш учун тақдим этадиган ишлари (фото-видео лавҳалар, тадқиқотлар, бадиий асарлар, оммавий ахборот воситаларидаги чиқишлар).
12. Номзоднинг ҳужжатлари юқорида кўрсатилган тартибда қабул қилинади.
3-боб. Танловнинг асосий босқичи ғолибларини аниқлаш ва баҳолаш тартиби
13. «Илҳом» мукофоти танловига тайёргарлик кўриш, номзодларнинг ҳужжатларини қабул қилиш, расмийлаштириш, уларни кўриб чиқиш, саралаш ва баҳолаш ташкилий қўмита томонидан амалга оширилади.
14. Мукофот учун танлов ғолибларини аниқлашда, қуйидаги жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилади:
Адиблар хиёбонида ўтказилган маданий-маърифий тадбирлар бўйича маълумотнома (фото ва видео лавҳалар);
адиблар ҳаёти ва ижоди ҳақидаги тадқиқотлар;
адиблар ижодини оммалаштириш, шу жумладан уларнинг асарларини хорижий тилларга таржима қилиш бўйича амалга оширилган ишлар;
адиблар ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи ёки уларнинг асарлари асосида саҳналаштирилган спектакллар, суратга олинган бадиий ва ҳужжатли фильмлар, бадиий асарлар, фотокўргазмалар, экспозициялар;
адиблар ҳаёти ва ижодини ўрганишга оид экспедициялар ва уларнинг натижалари;
адиблар ҳаёти ва ижодини тарғиб қилиш бўйича оммавий ахборот воситаларидаги чиқишлар.
15. Ташкилий қўмита томонидан бир ой давомида тақдим этилган ишларнинг ижтимоий аҳамияти, мавзунинг ёритилиши, талқиннинг ўзига хослиги, асарнинг бадиийлиги мезонлари бўйича ҳар бир талаб 5 баллик тизимга биноан холислик ва шаффофлик асосида баҳоланади.
16. Ёзувчи ва шоирлар асарларининг хорижий тилларга таржимаси тақдим этилган тақдирда, таржиманинг бадиий сифатини аниқлаш бўйича мутахассислардан хулосалар олинади.
17. Ташкилий қўмитанинг ҳар бир аъзоси томонидан қўйилган баҳолар йиғиндиси умумлаштирилади ва ўртача балл аниқланади.
Энг юқори балл тўплаган номзодлар даражаси бўйича ғолиб деб топилади.
Ташкилий қўмитанинг қарори баённома билан расмийлаштирилади ҳамда унинг барча аъзолари томонидан имзоланади.
18. Тавсия этилаётган ишларни кўришда номзоднинг истеъдоди, ижтимоий фаоллиги мутахассислар томонидан юқори баҳоланганлиги, кенг жамоатчилик томонидан эътироф этилганлиги инобатга олинади.
19. Ташкилий қўмитанинг баённомаси Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига тақдим этилади.
20. Танлов ғолибларини «Илҳом» мукофоти билан тақдирлаш ташкилий қўмитанинг баённомаси асосида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги буйруғи асосида амалга оширилади.
4-боб. Мукофотни топшириш, танловни ташкил этиш ва ўтказишни молиялаштириш тартиби
21. Ғолиблар мукофот билан ҳар йили Адиблар хиёбони очилган кун — 20 майда «Катта адабиёт байрами» ҳафталиги доирасида тақдирланади.
22. Мукофот билан тақдирланганлар кейинги йилларда ўтказиладиган танловларда иштирок этмайди.
23. Танловларни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ харажатлар қуйидаги манбалар ҳисобидан амалга оширилади:
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари;
юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Бунда танловлар совриндорларига тўланадиган пул мукофотлари Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.
5-боб. Якунловчи қоидалар
24. Танловни ўтказиш жараёнлари бўйича келиб чиқадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
25. Мукофот ғолиблари расман эълон қилингандан сўнг бошқа номзодларнинг ариза ва шикоятлари кўриб чиқилмайди.
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 25.08.2020 й., 09/20/503/1207-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 06.08.2021 й., 09/21/500/0767-сон; 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон; 12.07.2024 й., 09/24/415/0501-сон)