Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган ва қимматбаҳо металлардан тайёрланган ўлчовли ёмбиларни сотиш ва қайтариб сотиб олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида қимматли металлардан ўлчовли ёмбилар ишлаб чиқаришни ташкил этиш ҳамда қимматли металлар бозори фаолиятини регламентга солиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 7 июндаги ПҚ-3778-сон қарори ижросини таъминлаш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган ва қимматбаҳо металлардан тайёрланган ўлчовли ёмбиларни сотиш ва қайтариб сотиб олиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва қамбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари ― иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 30 июнь,
412-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 июндаги 412-сон қарорига ИЛОВА
Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган ва қимматбаҳо металлардан тайёрланган ўлчовли ёмбиларни сотиш ва қайтариб сотиб олиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган, қимматбаҳо металлардан тайёрланган, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки (кейинги ўринларда ― Марказий банк) томонидан муомалага чиқарилган ўлчовли ёмбиларни (кейинги ўринларда ― ёмбилар) Марказий банкнинг ҳудудий бош бошқармалари ва тижорат банклари орқали (кейинги ўринларда ― шахобча) сотиш ва қайтариб сотиб олиш тартибини белгилайди.
2. Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мос келадиган ёмбилар сотиш ва қайтариб сотиб олиш объекти ҳисобланади.
Ушбу Низом талаблари юридик (шахобчалар бундан мустасно) ва жисмоний шахслар ўртасида қимматбаҳо металлардан тайёрланган ўлчовли ёмбиларни олди-сотди қилиш операцияларига татбиқ этилмайди.
3. Ёмбиларни сотиш ва қайтариб сотиб олиш нархлари Марказий банк бошқаруви томонидан тасдиқланадиган маржа ва чегирмани қўллаш орқали шакллантирилади.
Бунда Марказий банк фойда олиш мақсадини кўзламайди. Маржа ва чегирма миқдорлари халқаро қимматбаҳо металлар бозори конъюнктураси ҳамда ёмбиларни муомалага киритиш билан боғлиқ харажатлардан келиб чиқиб белгиланади.
4. Ёмбиларни юридик ва жисмоний шахсларга сотиш ва улардан қайтариб сотиб олиш ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.
Ёмбиларни сотадиган ва қайтариб сотиб оладиган шахобчалар ва уларнинг манзиллари бўйича маълумотлар Марказий банкнинг расмий веб-сайтида мунтазам янгилаб борилади.
5. Тижорат банклари томонидан ёмбиларни сотиш ва қайтариб сотиб олиш Марказий банк ҳамда тижорат банклари ўртасида тузиладиган шартномалар асосида амалга оширилади.
2-боб. Ёмбиларни сотиш
6. Ёмбилар нақд ва нақд пулсиз ҳисоб-китоб йўли билан сотилади.
7. Ёмбиларни сотиш нархи ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ ҳар куни миллий валютада қимматбаҳо металлнинг Марказий банк томонидан белгиланадиган 1 грамм нархи ва Марказий банк бошқаруви томонидан тасдиқланадиган маржага асосан белгиланади ҳамда Марказий банкнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
3-боб. Ёмбиларни қайтариб сотиб олиш
8. Ёмбиларни қайтариб сотиб олиш нархи ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ қимматбаҳо металлнинг ёмбилар топширилган кунда Марказий банк томонидан белгиланадиган 1 грамм нархига ва ушбу нархга қўлланиладиган Марказий банк бошқаруви томонидан тасдиқланадиган чегирмага асосан белгиланади.
Чегирма миқдори бут ҳолатдаги ёмбиларни ҳамда қадоғи бузилган, амалдаги техник талабларга мос келмайдиган ёмбиларни қайтариб сотиб олиш ҳолатлари учун алоҳида белгиланади.
9. Қадоғи бузилмаган бут ҳолатдаги ёмбилар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат асиллик даражасини белгилаш палатасида (кейинги ўринларда ― Давлат асиллик даражасини белгилаш палатаси) техник экспертизадан ўтказилмасдан қайтариб сотиб олинади ва шахобча ёмби эгаси билан ҳисоб-китобларни ўша куннинг ўзида амалга оширади.
10. Қайтариб сотиб олишда қадоқнинг бузилиши ёки техник талабларга мос келмаслик ҳолатлари шахобчалар томонидан ёмбиларни Давлат асиллик даражасини белгилаш палатасига техник экспертизадан ўтказиш учун юборишга асос бўлади.
Ёмбиларнинг асиллик даражасини аниқлаш мақсадида ўтказиладиган техник экспертиза учун тўлов Марказий банк томонидан қопланади.
11. Техник экспертизадан ўтказиш зарурати юзага келган ҳолларда, ёмбиларни қайтариб сотиб олиш учун топширган жисмоний шахснинг ёки юридик шахс вакилининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат асосида ушбу Низомга 4-иловага мувофиқ ёмбиларни қайтариб сотиб олиш тўғрисида далолатнома расмийлаштирилади.
12. Далолатнома уч нусхада тузилади ва улардан бир нусхаси шахобчада, иккинчи нусхаси ёмби эгасида қолади ҳамда учинчи нусхаси техник экспертиза ўтказилиши учун ёмбилар билан бирга Давлат асиллик даражасини белгилаш палатасига тақдим этилади.
13. Ёмбилар шахобчалар томонидан етти иш кунидан ошмаган муддатда техник экспертиза ўтказиш учун Давлат асиллик даражасини белгилаш палатасига юборилиши керак.
14. Давлат асиллик даражасини белгилаш палатаси томонидан етти иш кунидан ошмаган муддатда техник экспертиза ўтказилади, унинг натижалари ҳақида тузилган далолатнома Марказий банкка ва шахобчага тақдим этилади.
15. Марказий банк Давлат асиллик даражасини белгилаш палатасининг техник экспертиза ўтказилганлиги тўғрисидаги далолатномасини олганидан кейин ушбу ёмбини қайтариб сотиб олган шахобча орқали:
бир иш кунида ёмби эгасига экспертиза натижаси ва ҳисоб-китобни амалга ошириш вақти тўғрисида хабар беради;
уч иш кунидан ошмаган муддатда ёмби эгаси билан ҳисоб-китобни амалга оширади.
4-боб. Ёмбиларнинг асиллик сертификати ва қадоқланиши
16. Ёмбилар уларнинг техник хусусиятларини тасдиқловчи сертификат билан қадоқланган ҳолда муомалага чиқарилади. Ҳар бир ёмби сертификати идентификация серия рақамига эга бўлади ва ушбу рақам ёмбининг юза қисмида кўрсатилади.
17. Қадоғи бузилган ёки қадоқсиз ёмбилар шахобча орқали Марказий банк томонидан белгиланган тўлов асосида қадоқланган ва сертификат берилган ёмбиларга алмаштирилиши мумкин. Қадоқланган ва сертификат берилган ёмбилар йигирма иш куни мобайнида топширилган ёмбини Давлат асиллик даражасини белгилаш палатасида техник экспертизадан ўтказиш орқали берилади.
18. Экспертиза натижасида қалбакилаштириш аломатлари аниқланган ҳолларда, ёмбилар Давлат асиллик даражасини белгилаш палатаси томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширилади. Ушбу ёмбилар эгаларига қайтариб берилмайди ва қайтариб сотиб олинмайди.
5-боб. Якунловчи қоидалар
19. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган ва қимматбаҳо металлардан тайёрланган ўлчовли ёмбиларни сотиш ва қайтариб сотиб олиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган ва қимматбаҳо металлардан тайёрланган ўлчовли ёмбиларни сотиш ва қайтариб сотиб олиш
СХЕМАСИ
Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган ва қимматбаҳо металлардан тайёрланган ўлчовли ёмбиларни сотиш ва қайтариб сотиб олиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган ва қимматбаҳо металлардан тайёрланган ўлчовли ёмбиларни сотиш нархини
ҳисоблаш
Ўзбекистон Республикасида қимматбаҳо металлардан тайёрланган ўлчовли ёмбиларни сотиш нархи қуйидаги формула асосида ҳисобланади:
∑ ― Ўзбекистон Республикасида қимматбаҳо металлардан тайёрланган ўлчовли ёмби учун сўмда тўланадиган қиймат (вергулдан сўнг икки хонага қадар яхлитланади);
V ― қимматбаҳо металлдан тайёрланган ўлчовли ёмбининг граммдаги оғирлиги;
PG/UZS ― бир грамм қимматбаҳо металлнинг Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан сўмда белгиланган нархи;
М ― Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган маржа миқдори (фоизларда).
Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган ва қимматбаҳо металлардан тайёрланган ўлчовли ёмбиларни сотиш ва қайтариб сотиб олиш тартиби тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган ва қимматбаҳо металлардан тайёрланган ўлчовли ёмбиларни қайтариб сотиб олиш нархини
ҳисоблаш
Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қимматбаҳо металлардан тайёрланган ўлчовли ёмбиларни қайтариб сотиб олиш нархи қуйидаги формула асосида ҳисобланади:
∑ ― Ўзбекистон Республикасида қимматбаҳо металлдан тайёрланган ўлчовли ёмбини шахобча томонидан қайтариб сотиб олиш учун сўмда тўланадиган қиймат (вергулдан сўнг икки хонага қадар яхлитланади);
V ― қимматбаҳо металлдан тайёрланган ўлчовли ёмбининг граммдаги оғирлиги;
PG/UZS ― бир грамм қимматбаҳо металлнинг Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан сўмда белгиланган нархи;
D ― Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган чегирма миқдори (фоизларда).
Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган ва қимматбаҳо металлардан тайёрланган ўлчовли ёмбиларни сотиш ва қайтариб сотиб олиш тартиби тўғрисидаги низомга 4-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган ва қимматбаҳо металлардан тайёрланган ўлчовли ёмбиларни экспертиза учун топшириш тўғрисида
ДАЛОЛАТНОМА
Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган ва қимматбаҳо металлардан тайёрланган ўлчовли ёмбиларни экспертиза учун топшириш тўғрисида ДАЛОЛАТНОМА
(жисмоний шахс ёки юридик шахс вакилининг Ф.И.О.)
юқорида кўрсатилган рўйхатни тасдиқлайман ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат асиллик даражасини белгилаш палатаси томонидан техник экспертиза ўтказилишига розилик бераман.
_____________________
________________
(сана)
(имзо
Қабул қилиб олган ходим ______________________
________________
(сана)
(имзо)
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 30.06.2020 й., 09/20/412/1005-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)