1.09.00.00.00 Тадбиркорлик ва хўжалик фаолияти / 09.14.00.00 Қишлоқ хўжалиги / 09.14.09.00 Қишлоқ хўжалиги тармоқлари / 09.14.09.02 Пахтачилик]
[ТСЗ:
1.Иқтисодиёт / Қишлоқ хўжалиги]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Жиззах вилояти Пахтакор туманида 2017 йил пахта ҳосилини етиштиришда йўл қўйилган камчиликларни келгусида бартараф этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида
LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 6 майдаги 266-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги қарорига асосан 2024 йил 1 сентябрдан ўз кучини йўқотади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017 йилда ғўзани навлар бўйича жойлаштириш ва пахта етиштиришнинг прогноз ҳажмлари тўғрисида» 2017 йил 3 февралдаги ПҚ-2756-сон қарорига асосан 2017 йил Жиззах вилояти Пахтакор туманида пахтачилик йўналишидаги 452 та фермер хўжалигининг 820 та контуридаги 12500 гектар майдонга чигит экилиб, давлатга пахта сотиш шартнома режаси 32290 тонна миқдорида белгиланган.
Бироқ, тумандаги 4 та сектор раҳбарлари томонидан назорат ўрнатилмагани, мутасадди идоралар раҳбарларининг ўз вазифаларини тегишли даражада бажармагани натижасида шартнома режаси 75,4 фоизга бажарилган ёки 7957 тонна пахта хомашёси кам топширилиши сабабли 15,1 млрд. сўм даромад олинмай қолган.
Йўл қўйилган камчиликларнинг сабаблари ўрганилганда маълум бўлдики, аксарият ҳолларда назорат ва ташкилотчилик ишларининг талаб даражасида йўлга қўйилмагани натижасида:
биринчидан, ғўзани балл бонитети паст (37 — 40), сув билан етарли таъминламаган ерларга (21 — 25 ц/га) жойлаштирилиши оқибатида 2690 гектар майдондан атиги 12 центнердан ҳосил олинган ва ҳар гектардан ўртача 850 минг сўмдан даромад олинмай қолган;
иккинчидан, мелиоратив ҳолати оғир бўлган 1213 гектар майдонда чигит экиш тадбирлари кечиктирилгани оқибатида 1700 тонна пахта ҳосили йўқотилган;
учинчидан, тумандаги 28,7 км суғориш тармоқларининг (лоток ариқлар) яроқсиз ҳолатга ва 28,4 км ички каналларнинг таъмирталаб ҳолатга келганлиги сабабли 42 та фермер хўжалигининг 1305 гектар ғўза майдонлари сув билан етарлича таъминланмагани оқибатида 1540 тонна кам ҳосил олинган;
тўртинчидан, ғўза зараркунандалари ва ҳашоратларига қарши курашиш ишлари тўғри ташкил этилмаганлиги оқибатида 68 та фермер хўжалигининг 804 гектар майдони ўргимчаккана ва кўсак қурти билан зарарлангани сабабли 710 тонна ҳосил йўқотилган;
бешинчидан, туманда 46 та юқори унумли ҳайдов тракторларидан 12 таси таъмирталаб, шунингдек, 20 та чопиқ тракторлари, 28 та ҳайдов тракторлари, 22 та культиваторлар етишмаслиги оқибатида 1300 гектар майдонда шудгор ва 2250 гектар майдонда ғўза қатор ораларига ишлов бериш, озиқлантириш тадбирлари кечиктирилиб, сифатсиз ўтказилган.
Юқорида қайд этилган қўпол агротехник хатолардан тўғри хулоса чиқариш ва 2018 йилда ердан унумли фойдаланишда сектор раҳбарлари, мутасаддилар, таъминотчи ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ҳамда фермер хўжаликлари раҳбарларининг масъулияти ва жавобгарлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Жиззах вилояти Пахтакор туманида:
пахта етиштириш ва уни йиғиб-териб олишдаги жиддий хато ва камчиликларга йўл қўйилгани, ғўза парваришида агротехника тадбирларни белгиланган муддатда сифатли ўтказилмагани учун Жиззах вилояти Пахтакор тумани ҳокими И. Қаршибоев эгаллаб турган лавозимидан озод этилгани инобатга олинсин;
пахта етиштирувчи фермер хўжаликлари билан тайёрловчи ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ўртасида дебитор-кредитор қарздорликлар ўсишига йўл қўйганлиги учун туман ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари Ш. Шодмонов огоҳлантирилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, Давлат солиқ қўмитасига тегишли равишда бир ой муддатда туман прокурори, туман ички ишлар бўлими бошлиғи, туман Давлат солиқ инспекцияси бошлиғига нисбатан йўл қўйилган камчиликлар белгиланган тартибда тегишли чоралар кўриш тавсия этилсин.
3. Мавжуд қарздорликларни 2018 йилнинг 1 апрелига қадар ундириш таъминланмаган тақдирда, 4 та сектор раҳбарлари уларга нисбатан вазифасидан озод қилишгача бўлган интизомий жазо чоралари кўрилиши тўғрисида огоҳлантирилсин.
4. Қуйидагилар:
Жиззах вилояти Пахтакор туманида 2017 йил пахта ҳосилини етиштириш ва шартнома мажбуриятларини бажаришда йўл қўйилган камчиликларни келгусида бартараф этиш чора-тадбирлари дастури 1-иловага мувофиқ;
Жиззах вилояти Пахтакор туманидаги фермер хўжаликларига янги ҳайдов ва чопиқ тракторлари, культиваторлар ҳамда чигит экиш сеялкалари етказиб беришнинг 2018 йилга мўлжалланган прогноз режаси 2-иловага мувофиқ;
Жиззах вилояти Пахтакор туманидаги барча тоифадаги пахта етиштирувчи фермер хўжаликлари билан хизмат кўрсатувчи ва таъминотчи ташкилотлар ўртасидаги дебитор ва кредитор қарздорликларни бартараф этиш жадвали 3-иловага мувофиқ;
Жиззах вилояти Пахтакор туманида 2018 йилда фермер хўжаликлари томонидан экин майдонларидан ташқаридаги қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ерларда енгил конструкцияли ва кам ҳаражатли дала шийпонлари, иссиқхоналар қуриш, парранда, соғин сигирлар ҳамда асалари боқишни ташкил этишнинг прогноз режаси 4-иловага мувофиқ;
Жиззах вилояти Пахтакор туманида 2018 йилда фермер хўжаликлари томонидан пахта ва ғалла экиладиган майдонлар контурларининг дала четларига, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари бўйларига экиладиган қишлоқ хўжалик экинларини жойлаштириш ҳамда маҳсулот етиштиришнинг прогноз режаси 5 ва 5а-иловаларга мувофиқ;
Жиззах вилояти Пахтакор туманида 2018 йилда бошоқли дон экинларидан бўшайдиган майдонларга такрорий экинларни жойлаштиришнинг прогноз режаси 6-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Жиззах вилояти бошқармасига фермер хўжаликларининг хизмат кўрсатувчи ва таъминотчи ташкилотлар олдидаги дебитор ва кредитор қарздорликларини белгиланган тартибда ундириш тавсия этилсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси Жиззах вилояти ҳокимлиги билан биргаликда 15 кун муддатда Пахтакор туманида тупроқ-иқлим шароитларини инобатга олган ҳолда 2018 йил учун экиладиган экинларнинг самарали жойлаштирилишини таъминласинлар.
7. Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази Жиззах вилояти ҳокимлиги билан биргаликда фермер хўжаликлари раҳбарлари учун 2018 йилда фермер хўжаликларида режалаштирилган экинларни парваришлаш, зараркунандаларга қарши курашиш ва агротехника тадбирларини ўз вақтида амалга ошириш юзасидан жорий йилнинг март ойида жойларда семинарлар ўтказилишини ва мавсум давомида амалий ёрдам кўрсатилишини таъминласин.
8. Мазкур қарор ижроси бўйича ҳар чоракда Халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясида 4 та сектор раҳбарларининг ҳисоботлари тингланиши ҳамда Жиззах вилояти ҳокимлиги томонидан амалга оширилган ишлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари З.Т. Мирзаевга ахборот бериб борилиши белгилаб қўйилсин.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари З.Т. Мирзаев ҳамда Жиззах вилояти ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи Э.А. Солиев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 3 март,
167-сон
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 03.03.2018 й., 09/20/167/0822)