toggle_night_mode
Ҳужжат кучини йўқотган 01.09.2024
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Жиззах вилояти Зарбдор туманида 2017 йил пахта ҳосилини етиштиришда йўл қўйилган камчиликларни келгусида бартараф этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 6 майдаги 266-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги қарорига асосан 2024 йил 1 сентябрдан ўз кучини йўқотади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017 йилда ғўзани навлар бўйича жойлаштириш ва пахта етиштиришнинг прогноз ҳажмлари тўғрисида» 2017 йил 3 февралдаги ПҚ-2756-сон қарорига асосан 2017 йил Жиззах вилояти Зарбдор туманида пахтачилик йўналишидаги 461 та фермер хўжалигининг 745 та контуридаги 10500 гектар майдонга чигит экилиб, давлатга пахта сотиш шартнома режаси 20400 тонна миқдорида белгиланган.
Бироқ, тумандаги 4 та сектор раҳбарлари томонидан назорат ўрнатилмаганлиги, мутасадди идоралар раҳбарларининг ўз вазифаларини тегишли даражада бажармагани натижасида шартнома режаси 70,7 фоизга бажарилган ёки 5984 тонна пахта хом ашёси кам топширилиши сабабли 11,4 млрд. сўм даромад олинмай қолган.
Йўл қўйилган камчиликларнинг сабаблари ўрганилганда маълум бўлдики, аксарият ҳолларда назорат ва ташкилотчилик ишларининг талаб даражасида йўлга қўйилмаганлиги натижасида:
биринчидан, ғўзани балл бонитети паст (41 — 44), сув билан етарли таъминланмаган ерларга (18 — 20 ц/га) жойлаштирилиши оқибатида 2230 гектар майдондан атиги 12 центнердан ҳосил олинган ва ҳар гектардан ўртача 1 млн.сўмдан даромад олинмай қолган.
иккинчидан, мелиоратив ҳолати оғир бўлган 480 гектар майдонда чигит экиш тадбирлари кечиктирилганлиги оқибатида 670 тонна пахта ҳосили етиштирилмаган;
учинчидан, туманда 1,6 км. суғориш тармоқлари (лоток ариқлар) яроқсиз ҳолатга келганлиги сабабли 45 та фермер хўжалигининг 480 гектар майдони сув билан етарлича таъминланмагани оқибатида 560 тонна пахта ҳосили йўқотилган;
тўртинчидан, тумандаги 67 та фермер хўжалигининг 195 гектар ғўза майдони умуман ягана қилинмагани, 225 гектар майдон бегона ўтлардан тозанмагани, 135 гектар майдонда ўргимчаккана тарқалишига йўл қўйилгани ҳамда зараркунандаларга қарши кураш чоралари етарли даражада ташкил этилмагани оқибатида 1060 тонна кам ҳосил олинган;
бешинчидан, тумандаги мавжуд юқори унумли ҳайдов тракторларининг 11 таси таъмирталаб, шунингдек, 30 та ҳайдов ва 89 та чопиқ тракторлари, 65 та культиваторлар етишмаслиги агротехника тадбирларини кечиктириб ўтказилишига олиб келган.
Юқорида қайд этилган қўпол агротехник хатолардан тўғри хулоса чиқариш ва 2018 йилда ердан унумли фойдаланишда сектор раҳбарлари, мутасаддилар, таъминотчи ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ҳамда фермер хўжаликлари раҳбарларининг масъулияти ва жавобгарлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Жиззах вилояти Зарбдор туманида:
пахта етиштириш ва уни йиғиб-териб олишдаги жиддий хато ва камчиликларга йўл қўйилгани, ғўза парваришида агротехника тадбирларини белгиланган муддатда сифатли ўтказилмагани учун Жиззах вилояти Зарбдор тумани ҳокими И. Бабажанов эгаллаб турган лавозимидан озод этилгани инобатга олинсин;
пахта етиштирувчи фермер хўжаликлари билан тайёрловчи ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ўртасида дебитор-кредитор қарздорликлар ўсишига йўл қўйганлиги учун туман ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари Д. Рахматуллаев огоҳлантирилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, Давлат солиқ қўмитасига тегишли равишда бир ой муддатда туман прокурори, туман ички ишлар бўлими бошлиғи, туман Давлат солиқ инспекцияси бошлиғига нисбатан йўл қўйилган камчиликлар учун белгиланган тартибда тегишли чоралар кўриш тавсия этилсин.
3. Мавжуд қарздорликларни 2018 йилнинг 1 апрелига қадар ундириш таъминланмаган тақдирда, 4 та сектор раҳбарлари уларга нисбатан вазифасидан озод қилишгача бўлган интизомий жазо чоралари кўрилиши тўғрисида огоҳлантирилсин.
4. Қуйидагилар:
Жиззах вилояти Зарбдор туманида 2017 йил пахта ҳосилини етиштириш ва шартнома мажбуриятларини бажаришда йўл қўйилган камчиликларни келгусида бартараф этиш чора-тадбирлари дастури 1-иловага мувофиқ;
Жиззах вилояти Зарбдор туманидаги фермер хўжаликларига янги ҳайдов тракторлари, омочлар, ғалла ўриш комбайнлари, культиваторлар, пуркаш мосламалари (ОВХ), чигит экиш сеялкалари ҳамда насос (50 л.) ва кўчма эгилувчан қувур комплектлари етказиб беришнинг 2018 йилга мўлжалланган прогноз режаси 2 ва 2а-иловаларга мувофиқ;
Жиззах вилояти Зарбдор туманидаги барча тоифадаги пахта етиштирувчи фермер хўжаликлари билан хизмат кўрсатувчи ва таъминотчи ташкилотлар ўртасидаги дебитор ва кредитор қарздорликларни бартараф этиш жадвали 3-иловага мувофиқ;
Жиззах вилояти Зарбдор туманида 2018 йилда фермер хўжаликлари томонидан экин майдонларидан ташқаридаги қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ерларда енгил конструкцияли ва кам ҳаражатли дала шийпонлари, иссиқхоналар қуриш, парранда, соғин сигирлар ҳамда асалари боқишни ташкил этишнинг прогноз режаси 4-иловага мувофиқ;
Жиззах вилояти Зарбдор туманида 2018 йилда фермер хўжаликлари томонидан пахта ва ғалла экиладиган майдонлар контурларининг дала четларига, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари бўйларига экиладиган қишлоқ хўжалик экинларини жойлаштириш ҳамда маҳсулот етиштиришнинг прогноз режаси 5 ва 5а-иловаларга мувофиқ;
Жиззах вилояти Зарбдор туманида 2018 йилда бошоқли дон экинларидан бўшайдиган майдонларга такрорий экинларни жойлаштиришнинг прогноз режаси 6-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Жиззах вилояти бошқармасига фермер хўжаликларининг хизмат кўрсатувчи ва таъминотчи ташкилотлар олдидаги дебитор ва кредитор қарздорликларини белгиланган тартибда ундириш тавсия этилсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси Жиззах вилояти ҳокимлиги билан биргаликда 15 кун муддатда Зарбдор туманида тупроқ-иқлим шароитларини инобатга олган ҳолда 2018 йил учун экиладиган экинларнинг самарали жойлаштирилишини таъминласинлар.
7. Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази Жиззах вилояти ҳокимлиги билан биргаликда фермер хўжаликлари раҳбарлари учун 2018 йилда фермер хўжаликларида режалаштирилган экинларни парваришлаш, зараркунандаларга қарши курашиш ва агротехника тадбирларини ўз вақтида амалга ошириш юзасидан жорий йилнинг март ойида жойларда семинарлар ўтказилишини ва мавсум давомида амалий ёрдам кўрсатилишини таъминласин.
8. Мазкур қарор ижроси бўйича ҳар чоракда Халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясида 4 та сектор раҳбарларининг ҳисоботлари тингланиши ҳамда Жиззах вилояти ҳокимлиги томонидан амалга оширилган ишлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари З.Т. Мирзаевга ахборот бериб борилиши белгилаб қўйилсин.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари З.Т. Мирзаев ҳамда Жиззах вилояти ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи Э.А. Солиев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 3 март,
165-сон
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 24.06.2020 й., 09/20/165/0820-сон)