toggle_night_mode
Ҳужжат 09.10.2020 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш
Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
«Метрология тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида
Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 12 ноябрда қабул қилинган
Сенат томонидан 2020 йил 28 февралда маъқулланган
1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 28 декабрда қабул қилинган «Метрология тўғрисида»ги 1004-XII-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1994 йил, № 2, 48-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2000 йил, № 5-6, 153-модда; 2003 йил, № 5, 67-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2013 йил, № 4, 98-модда; 2014 йил, № 12, 343-модда) ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, унинг янги таҳрири тасдиқлансин (илова қилинади).
2-модда. Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
3-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
4-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2020 йил 7 апрель,
ЎРҚ-614-сон
Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
Метрология тўғрисида
(янги таҳрири)
1-боб. Умумий қоидалар
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
Ушбу Қонуннинг мақсади метрологияга оид фаолият соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
2-модда. Метрология тўғрисидаги қонун ҳужжатлари
Метрология тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг метрология тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3-модда. Асосий тушунчалар
Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
метрологияга оид фаолият — ўлчашларнинг ягона бирликда бўлишини таъминлаш, ўлчаш услублари ва воситалари, шунингдек талаб қилинадиган аниқликка эришиш усуллари билан боғлиқ бўлган фаолият;
метрологик кузатилувчанлик — ўлчаш натижасининг ҳужжатлаштирилган узлуксиз калибрлашлар кетма-кетлиги орқали эталонга боғлаш мумкин бўлган хоссаси;
метрологик экспертиза — ўлчашларнинг ягона бирликда бўлиши билан боғлиқ метрологик талаблар, қоидалар ва нормаларни қўллаш тўғрилиги ҳамда тўлиқлигини баҳолаш ва таҳлил қилиш бўйича ташкилий-ҳуқуқий ишлар мажмуи;
синов воситаси — синовлар ўтказиш учун мўлжалланган, нормаланган техник тавсифлари бўлган техник қурилма, модда ва (ёки) материал;
стандарт намуна — метрологик аттестация натижасида модда (материал)нинг хоссаси ёки таркибини тавсифлайдиган битта ёки ундан ортиқ қийматлари аниқланган шу модда (материал) намунаси шаклидаги ўлчаш воситаси;
эталон — муайян катталик бирлигининг ўлчамини бошқа ўлчаш воситаларига ўтказиш мақсадида уни қайта ҳосил қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган ўлчаш воситаси;
ўлчашлар аниқлигининг кўрсаткичи — ўлчаш услубиётининг қўлланилаётган нормалари ва қоидаларига риоя этилганда олинган ўлчаш натижалари аниқлигининг белгиланган тавсифи;
ўлчашларни бажариш услубиёти — ўлчашларнинг бажарилишини ва уларнинг натижалари белгиланган аниқлик кўрсаткичлари билан олинишини таъминлайдиган операциялар ва қоидалар мажмуи;
ўлчаш воситаси — ўлчашлар учун фойдаланиладиган ва нормаланган метрологик хусусиятларга эга бўлган техника воситаси;
ўлчаш воситаларини калибрлаш — берилган шароитларда ўлчаш воситаси ёрдамида олинган катталик қиймати ва эталон билан қайта тикланадиган тегишли катталик қиймати ўртасидаги нисбатни аниқлаш орқали ўлчаш воситасининг метрологик тавсифларини аниқлаш мақсадида бажариладиган операциялар мажмуи;
ўлчаш воситаларини қиёслаш — ўлчаш воситаларининг белгилаб қўйилган метрологик талабларга мувофиқлигини аниқлаш ва тасдиқлаш мақсадида бажариладиган операциялар мажмуи;
ўлчашларнинг ягона бирликда бўлиши — ўлчашларнинг натижалари қонунийлаштирилган бирликларда ифодаланган ва ўлчашларнинг аниқлик кўрсаткичлари маълум эҳтимоллик билан белгиланган чегараларда жойлашган ҳолати.
4-модда. Метрологияга оид фаолият соҳасидаги асосий вазифалар
Метрологияга оид фаолият соҳасидаги асосий вазифалар қуйидагилардан иборат:
Ўзбекистон Республикасида ўлчашларнинг ягона бирликда бўлишини таъминлаш;
ишончсиз ўлчаш натижаларининг олдини олиш;
холис, ишончли ва солиштириладиган ўлчаш натижаларига бўлган эҳтиёжларни қондириш;
ўлчаш натижаларининг миллий ва (ёки) халқаро эталонларгача метрологик кузатилувчанлигини таъминлаш;
Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётининг ривожланишига ва илмий-техник тараққиётига кўмаклашиш.
5-модда. Метрологияга оид фаолият соҳасинининг асосий принциплари
Метрологияга оид фаолият соҳасининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:
қонунийлик;
метрология текшируви ва назорати натижаларининг холислиги;
илмий асосланганлик;
ўлчаш бирликлари қўлланилишида халқаро бирликлар тизимининг устуворлиги;
бошқарув тизимининг ягоналиги;
маълумотларнинг ошкоралиги ва очиқлиги;
ўлчашлар ягона бирликда бўлишини таъминлаш бўйича миллий ва халқаро талабларнинг уйғунлиги.
2-боб. Метрологияга оид фаолият соҳасини тартибга солиш
6-модда. Метрологияга оид фаолият соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари
Метрологияга оид фаолият соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:
метрологияга оид фаолиятни халқаро талаблар асосида ривожлантириш;
инвестицияларни жалб қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш;
илмий тадқиқотларни ривожлантириш ҳамда уларни ишлаб чиқариш амалиёти билан интеграция қилиш;
метрологияга оид фаолият соҳасидаги кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;
илғор инновацион ва ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилишини рағбатлантириш;
нотўғри ўлчаш натижаларининг салбий оқибатларидан муҳофаза қилишга доир тадбирларни амалга ошириш;
Ўзбекистон Республикасида ўлчашларнинг ягона бирликда бўлишини таъминлаш тизими ишлаши ва ривожланишини, унинг халқаро бирликлар тизими ва бошқа мамлакатларнинг катталик бирликлари тизимлари билан уйғунлашувини таъминлаш;
халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.
7-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг метрологияга оид фаолият соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
метрологияга оид фаолият соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;
метрологияга оид фаолият соҳасида давлат дастурларини тасдиқлайди ҳамда уларнинг амалга оширилишини таъминлайди;
ўз ваколатлари доирасида метрологияга оид фаолият соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилади;
метрологияга оид фаолият соҳасида давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг фаолиятини мувофиқлаштиради;
Кейинги таҳрирга қаранг.
катталик бирликларининг номлари ва белгилари, уларни ёзиш ва қўллаш қоидаларини, метрология текшируви ва назорати тартибини, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида ўтказилган ўлчаш воситаларини синаш ва метрологик аттестациядан ўтказиш, қиёслаш, калибрлаш натижаларини Ўзбекистон Республикасида эътироф этиш тартибини белгилайди;
Кейинги таҳрирга қаранг.
8-модда. Ўзбекистон Республикаси метрология хизмати
Метрологияга оид фаолият соҳасининг давлат томонидан бошқарилишини метрология бўйича миллий орган — Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги (бундан буён матнда махсус ваколатли давлат органи деб юритилади) амалга оширади.
Ўзбекистон Республикаси метрология хизмати давлат метрология хизматидан, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари метрология хизматларидан, шунингдек давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳисобланмайдиган юридик шахсларнинг метрология хизматларидан иборатдир.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Давлат метрология хизмати махсус ваколатли давлат органи ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги бўлинмаларидан, шунингдек Ўзбекистон миллий метрология институтидан иборат.
Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари метрология хизматлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳузуридаги махсус ташкил этилган ҳамда аккредитация қилинган бўлинмалардан иборатдир.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Юридик шахсларнинг метрология хизматлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳисобланмайдиган махсус ташкил этилган ҳамда аккредитация қилинган юридик шахслардан ва (ёки) улар ҳузуридаги бўлинмалардан (бундан буён матнда юридик шахсларнинг метрология хизматлари деб юритилади) иборат.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари метрология хизматлари ва юридик шахсларнинг метрология хизматлари зарурат бўлган ҳолларда ўлчашларнинг ягона бирликда бўлишини таъминлаш бўйича ишларни бажариш ҳамда метрология текширувини амалга ошириш учун ташкил этилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари метрология хизматларининг ҳамда юридик шахслар метрология хизматларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари давлат метрология хизмати органлари билан келишиб олинган низомларда ўрнатилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
9-модда. Махсус ваколатли давлат органининг метрологияга оид фаолият соҳасидаги ваколатлари
Махсус ваколатли давлат органи:
метрологияга оид фаолият соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади;
мамлакатда метрологияга оид фаолият соҳасидаги минтақалараро ва тармоқлараро ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради;
миллий эталонларни яратиш, тасдиқлаш, сақлаш ва ишчи ҳолатда сақлаб туриш қоидаларини ўрнатади, шунингдек уларнинг халқаро даражада солиштирилишини таъминлайди;
ўлчаш услублари, воситалари ва натижаларига қўйиладиган умумий метрологик талабларни белгилайди;
давлат метрология текшируви ва назоратини амалга оширади, шунингдек метрологияга оид фаолият соҳасидаги ҳаракатларни мувофиқлаштиради;
Кейинги таҳрирга қаранг.
давлат синовларидан ўтган ва тури тасдиқланган ёки метрологик аттестациядан ўтказилган Ўлчаш воситаларининг давлат реестрини юритади;
ўз ваколатлари доирасида, шу жумладан бошқа давлат бошқаруви органлари билан ҳамкорликда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва норматив ҳужжатларни қабул қилади;
Кейинги таҳрирга қаранг.
илмий кадрлар ва муҳандис-техниклар тайёрлашни ҳамда қайта тайёрлашни ташкил этади;
Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади;
ўлчашларнинг ягона бирликда бўлишини таъминлаш бўйича юклатилган вазифаларни бажариш учун давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, ташкилотларнинг мутахассисларини жалб этади;
Кейинги таҳрирга қаранг.
ўз ваколатлари доирасида халқаро ташкилотлар фаолиятида иштирок этади;
Ўзбекистон Республикасининг ўлчашлар ягона бирликда бўлишини таъминлаш тизими ишлаши ва ривожланишини ҳамда унинг халқаро бирликлар тизими ва бошқа мамлакатларнинг катталик бирликлари тизимлари билан уйғунлашувини таъминлайди;
истеъмолчилар ҳуқуқларини, фуқароларнинг соғлиғи ва хавфсизлигини, атроф-муҳитни ҳамда давлат манфаатларини нотўғри ўлчаш натижаларининг салбий оқибатларидан муҳофаза қилишга доир чора-тадбирларни амалга оширади;
давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, шунингдек ташкилотлардан ўлчашларнинг ягона бирликда бўлишини таъминлаш бўйича юклатилган вазифаларни бажариш учун зарур бўлган маълумотни олади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
10-модда Махсус ваколатли давлат органи Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги бўлинмаларининг ваколатлари
Махсус ваколатли давлат органи Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги бўлинмалари:
аккредитация қилинган ҳолда ўлчаш воситаларини метрологик аттестациядан ўтказиш, қиёслаш ва калибрлаш ишларини бажаради;
Кейинги таҳрирга қаранг.
ўлчашларнинг ягона бирликда бўлишини таъминлашга доир норматив ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади;
миллий даражада лабораториялараро солиштиришларда иштирок этади.
11-модда. Ўзбекистон миллий метрология институтининг ваколатлари
Ўзбекистон миллий метрология институти:
Ўзбекистон Республикаси миллий эталонлар базасини такомиллаштиради ва ривожланишини таъминлайди;
эталонларни ва энг юқори аниқликдаги ўлчаш воситаларини сақлаб туриш ҳамда уларни халқаро даражада солиштириш, шунингдек катталик бирликларини сақлаш ва узатиш бўйича ишларни бажаради;
ўлчашларнинг ягона бирликда бўлишини таъминлашга доир норматив ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади;
метрология текшируви натижаларини ўзаро эътироф этиш бўйича халқаро шартномаларни рўёбга чиқаришда иштирок этади;
метрология текширувини ва метрологияга оид фаолият соҳасидаги илмий тадқиқотларни амалга оширади.
12-модда. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари метрология хизматларининг ҳамда юридик шахслар метрология хизматларининг ваколатлари
Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари метрология хизматларининг ҳамда юридик шахслар метрология хизматлари:
аккредитация қилинган ҳолда ўлчаш воситаларини қиёслаш ва калибрлаш ишларини бажаради;
ўлчашларнинг ягона бирликда бўлишини таъминлашга доир норматив ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3-боб. Метрологияга оид фаолиятни ташкил этиш
13-модда. Ўлчашларнинг ягона бирликда бўлишини таъминлашга доир норматив ҳужжатлар
Метрология нормалари ва қоидаларини белгиловчи ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мажбурий кучга эга бўлган ўлчашларнинг ягона бирликда бўлишини таъминлашга доир норматив ҳужжатларни тасдиқлаш ва давлат рўйхатидан ўтказиш махсус ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикасида ўлчашларнинг ягона бирликда бўлишини таъминлашга доир норматив ҳужжатларнинг қуйидаги турлари қўлланилади:
ўлчаш воситаларини қиёслаш услубиёти;
ўлчаш воситаларини калибрлаш услубиёти;
ўлчашларни бажариш услубиёти;
синов воситаларини аттестациядан ўтказиш услубиёти.
Ўлчашларнинг ягона бирликда бўлишини таъминлашга доир норматив ҳужжатлар жумласига метрология текширувини ўтказиш тартибини белгиловчи стандартлаштириш бўйича ҳужжатлар ҳам киради.
Ўлчаш воситаларини қиёслаш ва калибрлаш услубиётлари, синов воситаларини аттестациядан ўтказиш услубиёти метрологик экспертизадан ўтказилиши лозим.
Ўлчашларни бажариш услубиёти метрологик аттестациядан ўтказилади.
14-модда. Катталик бирликлари
Ўзбекистон Республикасида халқаро бирликлар тизимининг катталик бирликларини белгиланган тартибда қўллашга йўл қўйилади. Катталик бирликларининг номлари, белгилари, уларни ёзиш ва қўллаш қоидалари махсус ваколатли давлат органининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан халқаро бирликлар тизимига киритилмаган бирликларни қўллашга рухсат берилиши мумкин.
Ташқи савдо фаолиятини амалга ошириш чоғида шартнома шартларига мувофиқ ўзга катталик бирликларидан ҳам фойдаланиш мумкин.
15-модда. Катталик бирликларининг эталонлари
Катталик бирликлари эталонлар воситасида сақланади ва қайта ҳосил қилинади.
Эталонлар орқали қайта ҳосил қилинадиган катталик бирликлари халқаро бирликлар тизимининг бирликларига қадар метрологик кузатилувчанликни таъминлаши керак.
Махсус ваколатли давлат органининг қарори билан миллий эталон Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муайян катталик бирлигининг ўлчамини белгилаш учун бирламчи эталон сифатида эътироф этилади.
Миллий эталонларни хусусийлаштиришга йўл қўйилмайди.
Эталонларни яратиш, тасдиқлаш, сақлаш ва қўллаш тартиби махсус ваколатли давлат органи томонидан ўрнатилади.
16-модда. Ўлчаш воситалари ва синов воситалари
Фойдаланишда бўлган ўлчаш воситалари ва синов воситалари ўлчаш натижаларининг белгиланган аниқликдаги қонунийлаштирилган бирликларда бўлишини таъминлаши ва қўллаш шартларига мос келиши керак.
Ўлчаш натижаларининг бузилишига олиб келиши мумкин бўлган рухсат этилмаган созлаш ва аралашувларнинг олдини олиш мақсадида ўлчаш воситаларининг конструкцияси ўлчаш воситаларининг функционал қисмларига (шу жумладан дастурий таъминотга) кириш чекланишини таъминлаши керак.
Қуйидагилар техник воситалар, қурилмалар, моддалар ва (ёки) материалларнинг ўлчаш воситалари ва (ёки) синов воситалари жумласига киритиш мезонлари ҳисобланади:
қийматлари маълум вақт давомида ўзгармас деб қабул қилинадиган нормаланган метрологик хусусиятларга ва техник тавсифларга эга бўлиши;
ўлчаш натижаларининг белгиланган аниқликда қонунийлаштирилган бирликларда бўлишини таъминлаш қобилияти, шунингдек синов натижаларининг ишончлилиги;
механик, электрик, оптик, физик-кимёвий, электрон принципларда ишлаши.
Қуйидаги ҳолларда техник воситалар ўлчаш воситалари ва (ёки) синов воситалари ҳисобланмайди:
индикатор функциясига эга бўлганда;
натижалари ўлчаш ва (ёки) синов ҳисобланмайдиган, фақат дастлабки баҳолаш учун фойдаланилганда;
фақат ўлчаш ва (ёки) синов натижалари ҳақида ахборот узатиш функцияларини бажарганда.
17-модда. Ўлчашларни бажариш услубиётлари
Ўлчашларни бажариш услубиётлари ўлчаш натижаларининг аниқлик кўрсаткичларини баҳолашни ўз ичига олиши ва ўлчаш ўтказишнинг мавжуд шароитларида белгилаб қўйилган аниқликни таъминлаши керак. Ўлчашлар белгиланган тартибда аттестациядан ўтказилган ўлчашларни бажариш услубиётларига мувофиқ амалга оширилиши зарур.
Ўлчашларни бажариш услубиётларини метрологик аттестациядан ўтказиш ўлчашларни бажариш услубиётининг унга қўйиладиган метрология талабларига мувофиқлигини баҳолаш ҳамда тасдиқлаш мақсадида тадқиқотлар ўтказиш орқали амалга оширилади.
Ўлчашларни бажариш услубиётларини ишлаб чиқиш ва метрологик аттестациядан ўтказиш тартиби махсус ваколатли давлат органи томонидан ўрнатилади.
4-боб. Давлат метрология текшируви ва назорати
Кейинги таҳрирга қаранг.
18-модда. Давлат метрология текшируви ва назоратини амалга ошириш
Давлат метрология текшируви ва назорати давлат метрология хизмати органлари томонидан метрология тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан текшириш мақсадида амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
19-модда. Давлат метрология текшируви ва назорати объектлари
Кейинги таҳрирга қаранг.
Қуйидагилар давлат метрология текшируви ва назоратининг объектларидир:
Кейинги таҳрирга қаранг.
эталонлар;
ўлчаш воситалари;
синов воситалари;
стандарт намуналар;
ахборот-ўлчаш тизимлари;
ўлчашларни бажариш услубиётлари;
ўрамларга қадоқланган товарларнинг уларни майдалаб қадоқлаш ва сотиш чоғидаги миқдори;
метрология нормалари ва қоидаларида назарда тутилган бошқа объектлар.
20-модда. Давлат метрология текшируви ва назорати татбиқ этиладиган соҳалар
Кейинги таҳрирга қаранг.
Давлат метрология текшируви ва назорати қуйидаги соҳаларда бажариладиган ўлчашларга нисбатан қўлланилади:
Кейинги таҳрирга қаранг.
соғлиқни сақлаш, ветеринария, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш;
моддий бойликларни ва ёқилғи-энергетика ресурсларини ҳисобга олиш;
солиқ, божхона, савдо-тижорат, почта ва телекоммуникация;
заҳарли, тез алангаланувчи, портловчи ва радиоактив моддаларни сақлаш, ташиш ҳамда йўқ қилиб ташлаш;
умумий овқатланиш маҳсулотларини ишлаб чиқариш, реализация қилиш ва ушбу соҳада хизматлар кўрсатиш;
аҳоли ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген тусдаги фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш, ёнғин хавфсизлигини, сув объектларида инсонларнинг хавфсизлигини таъминлаш;
саноат хавфсизлигини таъминлаш;
давлат мудофаасини таъминлаш;
меҳнат хавфсизлигини ва транспорт ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш;
сертификатлаштириладиган маҳсулотнинг хавфсизлиги ва сифатини аниқлаш;
геодезик, картографик ва гидрометеорологик ишларни бажариш;
ўлчаш воситаларини давлат синовидан, қиёслашдан, калибрлашдан, таъмирлаш ва метрологик аттестациядан ўтказиш;
фойдали қазилмаларни қазиб олиш;
расмий спорт мусобақаларини ўтказиш;
маҳсулот ва хизматлар мувофиқлигини баҳолаш бўйича ишларни бажариш.
Давлат метрология текшируви ва назорати қонун ҳужжатларига мувофиқ фаолиятнинг бошқа соҳаларига нисбатан ҳам қўлланилиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
21-модда. Давлат метрология текшируви
Давлат метрология текшируви ва назорати объектларининг метрологик, техник тавсифларини аниқлаш ва (ёки) тасдиқлаш мақсадида давлат метрология текшируви амалга оширилади.
Давлат метрология текшируви:
ўлчаш воситаларининг турини тасдиқлаш мақсадида синовдан ўтказиш;
ўлчаш воситаларини ва ўлчашларни бажариш услубиётларини метрологик аттестациядан ўтказиш;
ўлчаш воситаларини, шу жумладан эталонларни қиёслаш, калибрлаш;
синов воситаларини аттестациядан ўтказиш.
Кейинги таҳрирга қаранг.
22-модда. Давлат метрология назорати
Давлат метрология назорати техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг, шунингдек бошқа қонун ҳужжатларининг метрологияга оид талабларга риоя этилиши устидан амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Давлат метрология назорати:
ўлчаш воситаларининг (шу жумладан эталонлар, стандарт намуналар, ахборот-ўлчаш тизимлари) ишлаб чиқарилиши, таъмирланиши, прокатга берилиши, реализация қилиниши, уларнинг ҳолати ва қўлланилиши;
ўлчашларни бажариш услубиётларининг қўлланилиши;
белгиланган метрология нормалари ва қоидаларига риоя этилиши, шунингдек аккредитация қилинган метрология хизматлари, марказлари ва лабораториялари фаолияти;
ўрамларга қадоқланган товарларнинг уларни майдалаб қадоқлаш ва сотиш чоғидаги миқдори устидан амалга оширилади.
Давлат метрология назоратини амалга оширувчи шахсларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги қонун ҳужжатларида белгиланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
23-модда. Ўрамларга қадоқланган товарлар миқдори устидан давлат метрология назорати
Ўрамларга қадоқланган товарларнинг уларни майдалаб қадоқлаш ва сотиш чоғидаги миқдори устидан давлат метрология назорати давлат метрология хизматининг ваколатли органлари томонидан ўтказилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўрамларга қадоқланган товарлар миқдори устидан давлат метрология назорати ўрам таркибини ўрамни очмасдан ёки деформация қилмасдан ўзгартириш мумкин бўлмаган тақдирда, ўрамдаги товар миқдорини кўрсатувчи масса, ҳажм, узунлик, майдон ёки бошқа катталиклар эса ўрамда белгиланган ҳолларда амалга оширилади.
Ўрамларга қадоқланган товарлар миқдори устидан давлат метрология назорати суюқ ҳолдаги қадоқланган товарлар учун истеъмол идиши сифатида фойдаланиладиган ўлчамли идишларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.
Ўрамлардаги қадоқланган товарларнинг миқдори устидан давлат метрология назорати текширув хариди орқали амалга оширилиши мумкин.
24-модда. Ўлчаш воситаларининг турларини тасдиқлаш
Ўлчаш воситаларининг турларини тасдиқлаш ўз ичига давлат синовларини ўтказиш орқали ўлчаш воситаларининг метрологик ва техник тавсифларини аниқлаш, ўлчаш воситаларининг метрология тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқлигини белгилаш ҳамда ўлчаш воситаларининг турини тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилиш бўйича ишларни олади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўлчаш воситаларини метрологик аттестациядан ўтказиш ягона нусхаларда ишлаб чиқариладиган (ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудига импорт бўйича ягона нусхаларда олиб кириладиган) ўлчаш воситаларининг хоссаларини тадқиқ этиш асосида улар қўллаш учун йўл қўйилишини эътироф этиш мақсадида давлат метрология хизмати томонидан амалга оширилади.
Ушбу Қонуннинг 20-моддасида кўрсатилган соҳаларда фойдаланиладиган, ишлаб чиқарилиши ва импорт бўйича олиб кирилиши лозим бўлган ўлчаш воситалари давлат синовларидан ва турини тасдиқлашдан ёки метрологик аттестациядан ўтказилиши керак.
Ўлчаш воситаларининг давлат синовларини ўтказиш, турини тасдиқлаш ва Давлат реестрига киритиш махсус ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.
Тасдиқланган ўлчаш воситаларига ёки уларнинг фойдаланиш ҳужжатларига ишлаб чиқарувчи Давлат реестри белгисини қўйиши шарт.
25-модда. Ўлчаш воситаларини қиёслаш
Ўлчаш воситаларини қиёслаш аккредитация қилинган давлат метрология хизмати ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг аккредитация қилинган метрология хизматлари томонидан амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўлчаш воситаларини қиёслаганда ўлчаш воситаларининг белгилаб қўйилган метрологик талабларга уларнинг мувофиқлигини аниқлаш ва тасдиқлаш бажариладиган операциялар кетма-кетлигини белгиловчи ўлчаш воситаларини қиёслаш услубиёти асосида амалга оширилади.
Қиёслашдан ўтказилиши лозим бўлган ўлчаш воситалари туркумларининг рўйхати махсус ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
26-модда. Ўлчаш воситаларини калибрлаш
Ўлчаш воситаларини калибрлаш аккредитация қилинган метрология хизматлари томонидан амалга оширилади.
Ўлчаш воситаларини калибрлашда ўлчаш воситасининг метрологик тавсифларини аниқлаш учун мўлжалланган ўлчаш воситаларини қиёслаш услубиётидан фойдаланилади.
Ушбу Қонун 20-моддаси биринчи қисмининг иккинчи — ўнинчи хатбошларида кўрсатилганидан бошқа соҳаларда қўлланиладиган ўлчаш воситалари уларни ишлаб чиқариш, реализация қилиш, ишлатиш, ижарага бериш ва таъмирлашда калибрлашдан ўтказилиши мумкин.
Аккредитация қилинган метрология хизмати томонидан бажарилган ўлчаш воситаларини калибрлаш натижаларидан ўлчаш воситаларини қиёслашда фойдаланилиши мумкин.
Ўлчаш воситаларини калибрлаш бўйича давлат-хусусий шериклик асосида метрология хизматлари ташкил этилишига йўл қўйилади.
27-модда. Синов воситаларини аттестациядан ўтказиш
Синов воситаларини аттестациядан ўтказиш уларнинг нормаланган техник тавсифлари техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини аниқлаш мақсадида амалга оширилади.
Синов воситаларини аттестациядан ўтказиш аккредитация қилинган метрология хизматлари томонидан амалга оширилади.
Синов воситаларини аттестация қилишда синов воситаларининг нормаланган техник тавсифлари техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини аниқлаш имконини берувчи синов воситаларини аттестация қилиш услубиётидан фойдаланилади.
28-модда. Метрология хизматларини метрология ишларини ва хизматларини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлиш учун аккредитация қилиш
Метрология хизматларини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг метрологик экспертизасини, ушбу Қонуннинг 20-моддасида назарда тутилган соҳаларда қўлланилиши ва фойдаланилиши мумкин бўлган ўлчаш воситаларини, синов воситаларини, ўлчашларни бажариш услубиётларини метрологик аттестациядан ўтказиш, синов воситаларини аттестациядан ўтказиш, ўлчаш воситаларини қиёслаш, калибрлаш ва синашни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлиши учун аккредитация қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўтказилади.
Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг метрологик экспертизасини, ушбу Қонуннинг 20-моддасида назарда тутилган соҳаларда қўлланилиши ва фойдаланилиши мумкин бўлган ўлчаш воситаларининг, ўлчашларни бажариш услубиётларининг метрологик аттестациясини, синов воситаларининг аттестациясини, ўлчаш воситаларини қиёслашни, калибрлашни, синашни амалга оширувчи аккредитация қилинган метрология хизматлари фаолиятининг инспекция назорати қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўтказилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5-боб. Якунловчи қоидалар
29-модда. Давлат метрология хизматини давлат томонидан молиялаштириш
Давлат метрология хизматининг қуйидаги ишлари давлат томонидан молиялаштирилади:
метрологияга оид фаолият соҳасини ривожлантириш истиқболларини ишлаб чиқиш;
метрология бўйича халқаро, минтақавий ташкилотларнинг ишида иштирок этиш ва метрология бўйича чет эл миллий хизматлари билан ишлар бажариш;
метрологияга оид фаолият соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва норматив ҳужжатларни, шунингдек халқаро, минтақавий нормалар ҳамда қоидаларни ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқишда иштирок этиш;
метрологияга оид фаолият соҳаси бўйича умумдавлат аҳамиятига молик илмий-тадқиқот ва бошқа ишларни ўтказиш;
эталонлар ва ўлчаш воситаларини ишлаб чиқиш, такомиллаштириш, ясаш, сақлаш, қўллаш, олиш ҳамда асраш, шунингдек уларнинг халқаро даражада солиштирилишини таъминлаш;
стандарт намуналарни ишлаб чиқиш;
давлат метрология назоратини ўтказиш.
30-модда. Метрология ишлари ва хизматлари учун ҳақ тўлаш
Ўлчаш воситаларини синаш, турини тасдиқлаш, метрологик аттестациядан ўтказиш, қиёслаш ва калибрлаш, ўлчашларни бажариш услубиётларини аттестациядан ўтказиш, техник жиҳатдан тартибга солиш ва ўлчашларнинг ягона бирликда бўлишини таъминлаш соҳасидаги норматив ҳужжатларни метрологик экспертиза қилиш, техник жиҳатдан асослилигини ҳамда белгиланган метрология нормалари ва қоидаларига мувофиқлигини баҳолаш, ўлчашлар ва синовлар бажарилишининг сифатини баҳолашга доир метрология ишлари ҳамда юридик ва жисмоний шахсларга кўрсатилаётган хизматлар, шунингдек метрологияга оид фаолиятнинг давлат томонидан молиялаштириш соҳасига кирмайдиган бошқа турлари учун ҳақ тузиладиган шартномалар шартларига мувофиқ манфаатдор шахслар томонидан тўланади.
31-модда. Низоларни ҳал этиш
Метрологияга оид фаолият соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
32-модда. Метрология тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик
Метрология тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 08.04.2020 й., 03/20/614/0403-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон; 28.02.2023 й., 03/23/819/0113-сон; 27.10.2023 й., 03/23/872/0799-сон)