1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг боғдорчилик ва иссиқхона хўжаликларини ҳамда мева-сабзавот кластерларини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча молиявий манбалари этиб:
Ўзбекистон Республикасининг тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси маблағлари;
тижорат банклари томонидан халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларидан жалб этилган кредитларни белгилаш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
2. Шундай тартиб ўрнатилсинки, боғдорчилик ва иссиқхона хўжаликларини ҳамда мева-сабзавот кластерларини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча молиявий манбалари интенсив боғ барпо этиш ва иссиқхона қуриш ҳамда уларни лизинг ва кредит шартлари асосида бериш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш мақсадларига йўналтирилади.
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда боғдорчилик ва иссиқхона хўжаликларини ҳамда мева-сабзавот кластерларини барқарор ривожлантиришни таъминлашга қаратилган манзилли дастурлар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноатни ривожлантириш агентлиги (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади) билан келишилади;
(3-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 февралдаги 67-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 15.02.2025 й., 09/25/67/0145-сон)
лойиҳа ташаббускорларига барпо этилган интенсив боғ ва қурилган иссиқхоналар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш дастурлари доирасида боғдорчилик, узумчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 30 январдаги 52-сон қарори билан тасдиқланган Интенсив боғ ва токзорлар барпо этиш, иссиқхоналар қуриш ҳамда уларни аҳолига лизинг ва кредит шартлари асосида бериш тартиби тўғрисида низомга мувофиқ лизинг ва кредит шартлари асосида берилади.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари икки ой муддатда интенсив боғ барпо этиш ва иссиқхона қуриш бўйича лойиҳалар ташаббускорларини аниқласин ва 2020-2021 йилларга мўлжалланган манзилли дастурларни тасдиқласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда интенсив боғ барпо этиш ва иссиқхона қуриш бўйича лойиҳаларга Ўзбекистон Республикасининг тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси маблағларини жалб қилиш чораларини кўрсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — молия вазири Ж.А. Қўчқоров, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси А.Д. Вахабов ва Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Ж.А. Ходжаев зиммасига юклансин.