1.09.00.00.00 Тадбиркорлик ва хўжалик фаолияти / 09.01.00.00 Тадбиркорлик тўғрисидаги қонунчилик / 09.01.05.00 Давлат-хусусий шериклик;
2.11.00.00.00 Атроф табиий муҳит ва табиий ресурслар / 11.03.00.00 Ердан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш / 11.03.19.00 Бузилган ер участкаларини рекультивация қилиш, уларнинг унумдорлигини ва ерларнинг бошқа фойдали хоссаларини тиклаш. Тупроқнинг ҳосилдор қатламини ер бузилиши билан боғлиқ ишларни бажаришда тупроқнинг унумдор қатламларини олиш, улардан фойдаланиш ва сақлаш]
[ТСЗ:
1.Табиий ресурслар / Ер]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Наманган вилоятининг Поп ва Мингбулоқ туманларида фойдаланишдан чиққан ерларни фойдаланишга киритишни давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 17 июндаги ПФ-5742-сон Фармонига мувофиқ ҳамда қишлоқ хўжалигида таркибий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, соҳага тўғридан-тўғри инвестициялар жалб этишни рағбатлантириш, қишлоқ хўжалигида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш, Наманган вилоятининг Поп ва Мингбулоқ туманларида фойдаланишдан чиқиб кетган суғориладиган, фойдаланилмаётган бўз ва яйлов, шунингдек, ўрмон фонди ерларини фойдаланишга киритиш ва улардан самарали фойдаланишни синов тариқасида давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Наманган вилоятининг Поп ва Мингбулоқ туманлари қишлоқ хўжалигида қайта тикланадиган ва фойдаланишга киритиладиган ер майдонларининг манзилли рўйхати 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигига Молия вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ва Наманган вилояти ҳокимлиги билан келишган ҳолда 1-иловадаги манзилли рўйхатга, заруратга кўра, ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
3. Белгилансинки:
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги лойиҳа бўйича давлат шериги;
Наманган вилояти ҳокимлиги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси — лойиҳа буюртмачиси ҳисобланади.
4. Наманган вилояти ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда:
қайта тикланадиган ва фойдаланишга киритиладиган ер майдонларида яратиладиган зарур инфратузилма объектларини лойиҳалаштириш бўйича бир ой муддатда белгиланган тартибда танлов эълон қилинишини;
лойиҳалар рўйхати шакллантирилишини таъминласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси мазкур қарорга 1-иловада қайд этилган ер майдонларида яратиладиган инфратузилма объектларининг лойиҳаларини ишлаб чиқишни тендер асосида ташкил этишда лойиҳа буюртмачисига кўмаклашсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади) билан биргаликда:
қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқиб кетган суғориладиган, фойдаланилмаётган бўз ерларни ва яйловларни, шунингдек, ўрмон фонди ерларини фойдаланишга киритиш ва улардан самарали фойдаланишда давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепциясини ишлаб чиқсин ва икки ой муддатда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасдиқласин;
LexUZ шарҳи
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 30 октябрдаги 720-сонли «Давлат-хусусий шериклик соҳасини янада такомиллаштириш ҳамда комплекс тизимлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори.
ўз расмий веб-сайтларида давлат-хусусий шериклик лойиҳаси концепциясини тайёрлаш жараёнида хусусий шериклар тендер ўтказиш орқали танлаб олиниши ҳақидаги маълумотларни жойлаштирсин.
7. Белгилаб қўйилсинки:
давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан ўтказиладиган тендер натижаларига кўра тузилади;
лойиҳани амалга ошириш доирасида давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим тузган хусусий шерикка Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 17 июндаги ПФ-5742-сон Фармонида белгиланган имтиёзлар берилади;
лойиҳа доирасида қурилган, барпо этилган, реконструкция қилинган давлат-хусусий шериклик лойиҳасини рўёбга чиқариш доирасида амалга ошириладиган сув, энергетика, транспорт ва бошқа зарур инфратузилма объектлари давлат-хусусий шериклик объектлари ҳисобланади, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг амал қилиш муддати тугагандан кейин ушбу объектлар давлат шеригига қайтарилади.
8. Қуйидагилар давлат-хусусий шериклик шартлари асосида Наманган вилоятининг Поп ва Мингбулоқ туманларида фойдаланишдан чиққан ерларни фойдаланишга киритиш лойиҳаларини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:
хусусий шерикнинг маблағлари;
халқаро молия институтлари маблағлари;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
9. Наманган вилоятининг Поп ва Мингбулоқ туманларида давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни тузиш ҳуқуқи бўйича тендер ғолибини аниқлаш комиссияси (кейинги ўринларда комиссия деб аталади) таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
10. Комиссияга:
қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқиб кетган суғориладиган, фойдаланилмаётган бўз ерларни ва яйловларни, шунингдек, ўрмон фонди ерларини фойдаланишга киритиш ва улардан самарали фойдаланишни давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ташкил этиш тўғрисидаги лойиҳаларни кўриб чиқиш, маъқуллаш, рад қилиш ёки қайта ишлаш ҳақида қарорлар қабул қилиш;
давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим лойиҳасини ва зарур ҳужжатлар тўпламини кўриб чиқиш учун Агентликка тақдим этиш;
лойиҳанинг барча молиявий ва иқтисодий тавсифлари киритилган ҳолда уни амалга ошириш ҳақида тегишли қарор қабул қилиш;
белгиланган тартибда танлов ҳужжатларини ишлаб чиқиш, танловни ташкил этиш ва ўтказиш ҳамда унинг якунлари бўйича хусусий шерик билан тегишли давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим тузилишини ташкил этиш вазифалари юклансин.
Комиссия давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимларни тузиш ҳуқуқини берувчи тендерни ўтказишда тендер мезонлари талабларига қатъий риоя этилишини таъминласин.
11. Наманган вилояти ҳокимлиги мазкур қарорга 1-иловада назарда тутилган ер майдонлари комиссия қарорига кўра ғолиб деб топилган хусусий шерикларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фойдаланиш учун ажратилишини таъминласин.
12. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Наманган вилоятининг Поп ва Мингбулоқ туманларида давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш натижасида фойдаланишга киритилган ер майдонларининг доимий мониторингини олиб борсин.
13. Белгилансинки, давлат-хусусий шериклик асосида амалга ошириладиган лойиҳалар ташаббускорлари томонидан инвестиция мажбуриятлари бажарилмаганда, ажратилган ер участкаларидан оқилона фойдаланилмаганда ёхуд тупроқ унумдорлигининг пасайишига, кимёвий ва радиоактив ифлосланишига, атроф-муҳитнинг бузилишига, республика ҳудудида карантин объектларининг пайдо бўлишига ёки тарқалишига олиб келувчи усуллардан фойдаланилганда ер участкасининг ижара шартномаси қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ бекор қилинади.
14. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқиб кетган суғориладиган, фойдаланилмаётган бўз ерларни ва яйловларни, шунингдек, ўрмон фонди ерларини фойдаланишга киритиш ва улардан самарали фойдаланишни давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этишга ҳамда тўғридан-тўғри хусусий ва хорижий инвестицияларни киритишга хоҳиши бўлган инвесторларни фаол жалб қилиш бўйича зарур ташкилий-амалий чораларни кўрсинлар.
15. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси А.Д. Вахабов ва Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Ж.А. Ходжаев ҳамда Наманган вилояти ҳокими Х.Х. Бозаров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 6 декабрь,
972-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 декабрдаги 972-сон қарорига 1-ИЛОВА
Наманган вилоятининг Поп ва Минбулоқ туманлари қишлоқ хўжалигида қайта тикланадиган ва фойдаланишга киритиладиган ер майдонларининг
МАНЗИЛЛИ РЎЙХАТИ
Т/р
Ҳудудлар номи
Контурлар сони
Фойдаланишга киритиладиган ер майдони, гектар
Поп тумани
1.
Поп-яккатут
50
150,4
2.
Водий массиви
15
426,2
3.
Чодак массиви
105
1762,7
4.
Навбахор массиви
37
155,9
5.
Найман массиви
12
70,9
6.
Қўштепа массиви
9
101,3
7.
Ш. Мирсултонова массиви
11
122,1
8.
Дўстлик массиви
19
387,7
9.
Машъал массиви
8
62,2
10.
Ўзбекистон массиви
26
197,6
11.
Ғурумсарой массиви
22
549,1
12.
Чоркесар массиви
18
1177,8
13.
Поп ихтисослашган давлат ўрмон хўжалиги
144
2000,7
Туман бўйича жами:
7164,6
Мингбулоқ тумани
1.
Гулистон массиви
82
379,5
2.
Навоий массиви
125
465,4
3.
Истиқбол массиви
9
47,4
4.
Фарғона массиви
15
94,3
Туман бўйича жами:
986,6
Жами:
8151,2
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 декабрдаги 972-сон қарорига 2-ИЛОВА
Наманган вилоятининг Поп ва Мингбулоқ туманларида давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни тузиш ҳуқуқи бўйича тендер ғолибини аниқлаш учун тендер комиссиясининг аъзолари
ТАРКИБИ
1.
Ходжаев Ж.
Қишлоқ хўжалиги вазири (комиссия раиси)
2.
Рўзибоев Б.
Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари
3.
Турсунов Ё.
Молия вазирининг ўринбосари
4.
Каримов Б.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари
5.
Кадирходжаев А.
Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари
6.
Каримов И.
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари
7.
Рўзметов М.
Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раисининг ўринбосари
8.
Хакимов О.
Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 07.12.2019 й., 09/19/972/4117-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 20.10.2023 й., 09/23/549/0791-сон)