1.09.00.00.00 Тадбиркорлик ва хўжалик фаолияти / 09.14.00.00 Қишлоқ хўжалиги / 09.14.20.00 Қишлоқ хўжалиги техникаси ва технологиялари]
[ТСЗ:
1.Иқтисодиёт / Қишлоқ хўжалиги]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Қишлоқ хўжалигини механизациялашни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида
LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 29 августдаги 549-сонли «Аграр соҳани механизациялашни давлат томонидан рағбатлантиришни рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қишлоқ хўжалиги машинасозлигини жадал ривожлантириш, аграр секторни қишлоқ хўжалиги техникалари билан таъминлашни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 31 июлдаги ПҚ-4410-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қишлоқ хўжалигини механизациялашни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. «Ўзагротехсаноатхолдинг» АЖ:
техникани маҳаллийлаштиришнинг базавий даражасини аниқлаш учун ишлаб чиқарувчи ташкилотлар томонидан ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги техникасининг барча турлари бўйича ҳужжатларни юқорида қайд этилган низомга мувофиқ икки ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Тармоқ бозорлари ва экспортга йўналтирилган ишлаб чиқариш тадқиқотлари марказига тақдим қилсин;
2019 йил 10 декабрга қадар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, «Ўзагросервис» АЖ ва тижорат банклари билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қишлоқ хўжалиги машинасозлигини жадал ривожлантириш, аграр секторни қишлоқ хўжалиги техникалари билан таъминлашни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 31 июлдаги ПҚ-4410-сон қарорида назарда тутилган субсидиялар ва компенсациялар тақдим қилинишини молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасига зарур маблағлар учун бюджет талабномаси асосланган ҳисоб-китоб ва ҳужжатларни илова қилган ҳолда тақдим этилишини таъминласин.
3. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги:
ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган барча турдаги қишлоқ хўжалиги техникаларининг маҳаллийлаштириш базавий даражаси тўғрисидаги маълумотни ўзида акс эттирган электрон маълумотлар базасининг яратилишини ва вазирлик расмий веб-сайтида жойлаштирилишини таъминласин;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги «Ўзагротехсаноатхолдинг» АЖ билан биргаликда техникани маҳаллийлаштириш даражасининг ошишини ҳисобга олган ҳолда, республикада ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги техникаларини сотиб олишда субсидияларни тақдим қилиш механизмининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисида 2020 йил якунига қадар Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қишлоқ хўжалиги машинасозлигини жадал ривожлантириш, аграр секторни қишлоқ хўжалиги техникалари билан таъминлашни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 31 июлдаги ПҚ-4410-сон қарорида назарда тутилган субсидияларни тақдим қилиш ва компенсацияларни тўлаш учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси буюртмасига асосан 2020-2021 йилларга мўлжалланган Давлат бюджети параметрларида зарур маблағларни назарда тутсин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — молия вазири Ж.А. Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси — «Ўзагротехсаноатхолдинг» АЖ бошқаруви раиси Н.С. Отажонов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 26 ноябрдаги 952-сон қарорига ИЛОВА
Қишлоқ хўжалигини механизациялашни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом республикада қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқарувчи маҳаллий ташкилотлар томонидан ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги техникасини сотиб олиш учун субсидияларни тақдим этиш, шунингдек хорижда хизматлар кўрсатиш (хизматларни экспорт қилиш) мақсадида комбайнларни ташиш учун транспорт харажатларини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
қишлоқ хўжалиги машинасозлигининг маҳаллий ташкилоти — Ўзбекистон Республикаси ҳудудида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқарувчи ташкилот;
қишлоқ хўжалиги техникаси — Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган барча турдаги қишлоқ хўжалиги техникалари;
харидор — ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар, пахта-тўқимачилик ташкилотчилари ва кластерлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган қишлоқ хўжалигида механизациялаш хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар;
ҳисобварақ-фактура — қишлоқ хўжалиги техникасининг ҳақиқатдан сотилганини тасдиқловчи, маҳаллийлаштирилганлик даражасини кўрсатувчи ва қишлоқ хўжалиги техникаси нархини ўз ичига олган ҳужжат ёки шартнома;
субсидия — маҳаллийлаштириш даражаси 20 фоиздан кам бўлмаган республикадаги қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқарувчи маҳаллий ташкилотлар томонидан ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги техникаларини сотиб олишда ушбу техника қийматининг 15 фоизини қоплаш мақсадида харидорга ажратиладиган маблағлар;
компенсация — хорижда хизматлар кўрсатиш (хизматларни экспорт қилиш) мақсадида комбайнларни ташиш учун транспорт харажатларининг 80 фоизини қоплаш учун ажратиладиган маблағлар;
маҳаллийлаштириш даражаси ҳақида сертификат — Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг расмий бланкасидаги қишлоқ хўжалиги техникасини маҳаллийлаштириш даражасини тасдиқловчи Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Тармоқ бозорлари ва экспортга йўналтирилган ишлаб чиқариш тадқиқотлари марказининг (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) хулосаси;
транспорт харажатлари — юкларни транспортда ташиш ва комбайнни Ўзбекистон Республикаси ташқарисида белгиланган жойга етказиб бериш вақтида юкларни суғурталаш харажатлари.
3. Субсидияларни ажратиш ва компенсацияларни тўлаш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
4. Субсидияларни ажратиш ва компенсацияларни тўлаш ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.
5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) ўзининг расмий веб-сайтида субсидиялар ажратиш ва компенсацияларни тўлашга ажратилган бюджет маблағлари миқдори тўғрисидаги маълумотларни жойлаштиради, шунингдек уларнинг ўзлаштирилиши ва қолдиғи ҳақидаги маълумотларни янгилаб боради.
2-боб. Субсидияларни тақдим этиш тартиби
6. Субсидиялар фақат харидор томонидан сотиб олинган кунда ишлаб чиқарилгани бир йилдан ошмаган янги қишлоқ хўжалиги техникаси учун ажратилади.
7. Маҳаллий қишлоқ хўжалиги машинасозлигининг ташкилотлари томонидан ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалик техникасининг маҳаллийлаштирилганлик даражаси Марказ томонидан аниқланади.
8. Маҳаллий қишлоқ хўжалиги машинасозлиги ташкилотлари ҳар йили 10 январдан кечиктирмай Марказга қуйидагиларни тақдим этади:
б) ушбу Низомнинг 3-иловасига мувофиқ, раҳбар ва бош бухгалтер томонидан тасдиқланган ишлаб чиқарилган барча турдаги қишлоқ хўжалиги техникаларининг параметрлари ва таннарх калькуляцияси;
в) қуйидаги ҳужжатлар нусхаси:
ишлаб чиқарувчи ҳақида, қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқаришда ишлатиладиган хом ашё ва бутловчи қисмлар тўғрисидаги маълумотларни тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаси (хом ашё ва бутловчи буюмларни етказиб бериш шартномалари, импорт қилинадиган бутловчи буюмлар ва материаллар учун ҳисобварақ-фактуралар ёки юк божхона декларациялари (ЮБД), Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган бутловчи қисмлар ва материаллар учун ҳисобварақ-фактуралар);
қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқариш технологик жараённи амалга ошириш имконини берадиган ҳужжатлар нусхаси.
Маҳаллий қишлоқ хўжалиги машинасозлиги ташкилотларига маҳаллийлаштириш даражаси тўғрисидаги сертификат тақдим этилганлиги учун Марказ томонидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида тўлов ундирилади.
Ўттиз кун ичида қайта мурожаат қилинган тақдирда, тўлов ундирилмайди. Агар ўттиз кундан сўнг қайта мурожаат қилинса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравар миқдорида тўлов ундирилади.
Импорт бутловчи қисмлар ва материаллар етказиб берувчиларнинг алмашиши, олиб келинадиган бутловчи қисмлар ва материаллар нархининг ўзгариши, маҳаллий бутловчи қисмлар ва материаллар ўрнига хориждан шундай бутловчи қисмлар ҳамда материаллар сотиб олиниши сабабли маҳаллийлаштириш даражаси йўл қўйиладиган даражадан пасайиб кетганда, маҳаллийлаштириш даражаси тўғрисидаги сертификат ўз кучини йўқотади. Бундай ҳолатда махаллий қишлоқ хўжалиги машинасозлиги маҳаллий ташкилотлари Марказни бир ой муддатда хабардор қилиши шарт.
Қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқарувчи ташкилот раҳбари қонун ҳужжатларига мувофиқ маҳаллийлаштириш даражаси тўғрисидаги сертификатдан мақсадли ва асосли равишда фойдаланиши учун жавобгардир.
Маҳаллийлаштириш даражаси ҳақидаги сертификатдан асоссиз фойдаланилганда, яъни маҳаллийлаштирилганлик даражаси 20 фоиздан кам бўлган қишлоқ хўжалиги техникаси сотилганда, ишлаб чиқарувчи ташкилот ўз маблағлари ҳисобидан ушбу конкрет техника бирлиги учун ажратилган субсидия маблағини Жамғармага қоплаб беради.
9. Марказ ҳар йили январь ойининг 25 санасидан кечиктирмай маҳаллий қишлоқ хўжалиги машинасозлиги ташкилотлари томонидан ишлаб чиқарилаётган барча турдаги қишлоқ хўжалиги техникаларини маҳаллийлаштиришнинг базавий даражалари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг расмий веб-сайтида жойлаштирилган электрон маълумотлар базасини янгилайди.
Келгусида Марказ юқоридаги электрон маълумотлар базасини йил давомида камида чоракда бир марта мунтазам равишда янгилаб туради.
10. Маҳаллий қишлоқ хўжалиги машинасозлиги ташкилотлари мазкур Низомнинг 8-бандига асосан зарур ҳужжатларни тақдим этганидан сўнг Марказ беш иш куни давомида қишлоқ хўжалиги техникаси параметрлари ва таннарх калькуляциясини кўриб чиқади ва ташкилотга маҳаллийлаштириш даражаси ҳақида сертификат беради.
11. Мазкур Низомнинг 8-бандида кўрсатилган зарур ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаган тақдирда, Марказ маҳаллий қишлоқ хўжалиги машинасозлиги ташкилотларига ҳужжатларни пухта ишлаб чиқиш учун қайтариб беради.
Маҳаллий қишлоқ хўжалиги машинасозлиги ташкилотлари ҳужжатларда аниқланган камчиликларни бартараф этишга ва ўттиз кун ичида уларни қайта тақдим қилишга ҳақлидир.
Маҳаллий қишлоқ хўжалиги машинасозлиги ташкилотлари томонидан тушган қайта мурожаати асосида Марказ тақдим этилган ҳужжатларни беш иш кунида кўриб чиқади.
12. Маҳаллийлаштириш даражаси ҳақида сертификат тақдим этилганидан сўнг Марказ уч иш кунида сертификат олган маҳаллий қишлоқ хўжалиги машинасозлиги ташкилотлари реестрини унга сертификатлар нусхаларини илова қилиб ва қишлоқ хўжалиги турларини кўрсатган ҳолда Жамғармага тақдим қилади.
13. Харидор олди-сотди тўғрисида шартномани тузганидан сўнг шартнома шартларига мувофиқ маҳаллий қишлоқ хўжалиги машинасозлиги ташкилотларига техниканинг қийматини тўлаб беради.
15. Жамғарма, мазкур Низомнинг 14-бандига мувофиқ тақдим этилган ҳужжатларни беш иш куни давомида ўрганиб чиқади ва ижобий қарор қабул қилинган тақдирда, беш иш куни давомида ушбу мақсадларда Жамғармага ажратилган бюджет маблағлари доирасида субсидия ажратади.
Қишлоқ хўжалиги техникаси қийматининг 15 фоизи миқдоридаги субсидиялар пул маблағларини харидорнинг аризада кўрсатилган банк ҳисобрақамига ўтказиш орқали ажратилади.
қишлоқ хўжалиги техникаси имтиёзли шартларда бюджет маблағлари, халқаро молия институтлари ва донор ташкилотлари кредитлари ёки бошқа субсидияларни тақдим қилиш шартлари асосида сотиб олинган бўлса;
мазкур Низомнинг 14-бандида кўрсатилган ҳужжатлар тўлиқ тақдим қилинмаган бўлса.
Ҳаридор аниқланган камчиликларни бартараф этишга ва ўттиз кун ичида ҳужжатларни қайта тақдим қилишга ҳақли.
Харидор қайта мурожаат этганда, Жамғарма беш иш куни давомида мазкур Низомнинг 14-бандида кўрсатилган барча зарур ҳужжатларни кўриб чиқади ва ижобий қарор қабул қилинган тақдирда, беш иш куни давомида қишлоқ хўжалиги техникаси қийматининг 15 фоизи миқдорида субсидия ажратади.
3-боб. Хорижда хизматлар кўрсатиш (хизматларни экспорт қилиш) учун комбайнларни ташиш транспорт харажатларини компенсация қилиш тартиби
17. Қишлоқ хўжалигида механизация хизматларини кўрсатувчи маҳаллий ташкилотлар ҳар ой ҳисобот ойидан кейинги ҳар ойнинг йигирманчи санасидан кечикмай мазкур Низомга 4-иловага асосан шаклга мувофиқ хорижда хизматлар кўрсатиш (хизматларни экспорт қилиш) учун комбайнларни ташиш бўйича амалга оширилган транспорт харажатлари тўғридаги йиғма ахборотни Жамғармага тақдим қилади.
а) мазкур Низомга 2-иловага мувофиқ шаклдаги ариза;
б) транспорт-экспедиторлик хизматларини кўрсатиш учун шартнома нусхаси;
в) юкларни транспортда ташиш бўйича кўрсатилган хизматлар далолатномаси;
г) транспорт харажатлари тўланганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжатлари нусхаси;
д) қишлоқ хўжалиги хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги шартнома нусхаси, шунингдек, хизматлар кўрсатилганлигини ва улар бўйича тўлов амалга оширилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар.
18. Жамғарма қишлоқ хўжалигида механизация хизматларини кўрсатувчи маҳаллий ташкилотлар томонидан тақдим этилган мазкур Низомнинг 17-бандида назарда тутилган ҳужжатларни беш иш кунида кўриб чиқади ва ижобий қарор қабул қилинган тақдирда, беш иш кунида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрлари доирасида компенсация ажратади.
Хорижда хизматлар кўрсатиш (хизматларни экспорт қилиш) учун комбайнларни ташиш бўйича амалга оширилган транспорт харажатларининг 80 фоизи миқдоридаги компенсация қишлоқ хўжалигида механизация хизматларини кўрсатувчи маҳаллий ташкилотлар банк ҳисобрақамига маблағ ўтказиш йўли ажратилади.
19. Мазкур Низомнинг 17-бандида кўрсатилган зарур ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаган тақдирда, Жамғарма уларни пухта ишлаб чиқиш учун қайтариб беради.
Қишлоқ хўжалигида механизация хизматларини кўрсатувчи маҳаллий ташкилотлар аниқланган камчиликларни бартараф этишга ва ўттиз кун ичида уларни қайта тақдим қилишга ҳақлидир.
Қишлоқ хўжалигида механизация хизматларини кўрсатувчи маҳаллий ташкилотлар қайта мурожаат қилганда Жамғарма тақдим этилган ҳужжатларни беш иш кунида кўриб чиқади ва ижобий қарор қабул қилинган тақдирда беш иш куни давомида хизматлар кўрсатиш (хизматларни экспорт қилиш) учун комбайнларни ташиш бўйича амалга оширилган транспорт харажатларининг 80 фоизини компенсация қилади.
4-боб. Якунловчи қоидалар
20. Маҳаллий қишлоқ хўжалиги машинасозлиги ташкилотлари, шунингдек, қишлоқ хўжалиги техникаси харидорларидан субсидия ва компенсация олиш учун қонунчилик ва мазкур Низомда кўзда тутилмаган бошқа ҳужжатларни талаб қилишга йўл қўйилмайди.
21. Ташкилотлар раҳбарлари тайёрланаётган ва тақдим этилаётган ҳужжатларнинг ишончлилиги ва асослантирилганлиги юзасидан қонунчиликка мувофиқ масъул ҳисобланади.
Қишлоқ хўжалигини механизациялашни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан субсидияларни ажратиш ва компенсацияларни тўлаш
СХЕМАСИ
Босқичлар
Масъул ижрочилар, амалга ошириш механизми
Муддатлар
I. Қишлоқ хўжалиги техникаси қийматининг 15 фоизи миқдорида субсидия ажратиш
I босқич
Ишлаб чиқарувчи ташкилот ишлаб чиқарилаётган қишлоқ ўжалиги техникасининг маҳаллийлаштирилганлик даражасини аниқлаш учун Марказга тегишли ҳужжатларни тақдим қилади.
ариза берувчининг ихтиёрига кўра
II босқич
Марказ ишлаб чиқарувчи ташкилот томонидан қишлоқ хўжалиги техникасининг маҳаллийлаштирилганлик даражасини аниқлаш учун тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқади ва маҳаллийлаштириш даражаси ҳақида сертификат тақдим этади.
5 иш куни давомида
III босқич
Марказ сертификат олган қишлоқ хўжалиги машинасозлиги маҳаллий ташкилотлари реестрини унга сертификатлар нусхаларини илова қилиб ва қишлоқ хўжалиги турларини кўрсатган ҳолда Жамғармага тақдим қилади.
3 иш куни давомида
IV босқич
Харидор олди-сотди тўғрисида шартномани тузганидан сўнг шартнома шартларига мувофиқ қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқарувчи маҳаллий ташкилотларга техниканинг тўлиқ қийматини тўлаб беради.
шартномага асосан
V босқич
Харидор шартнома шартларига мувофиқ қишлоқ хўжалиги техникаси учун тўловни амалга оширганидан сўнг қишлоқ хўжалиги техникаси қийматининг 15 фоизи миқдорида субсидия олиш учун Жамғармага тегишли ҳужжатларни тақдим қилади.
харидор ихтиёрига кўра
VI босқич
Жамғарма субсидия ажратиш учун харидор томонидан тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқади.
5 иш куни давомида
VII босқич
Ижобий қарор қабул қилинган тақдирда, Жамғарма қишлоқ хўжалиги техникаси қийматининг 15 фоизи миқдоридаги субсидияни харидорнинг аризасида кўрсатилган банк ҳисобрақамига пул маблағларини ўтказиш орқали ажратади.
5 иш куни давомида
II. Экспорт хизматларини кўрсатиш учун комбайнларни ташиш транспорт ҳаражатларини компенсация қилиш
I босқич
Қишлоқ хўжалигида механизация хизматларини кўрсатувчи махаллий ташкилотлар Жамғармага хорижда хизматлар кўрсатиш (хизматларни экспорт қилиш) учун комбайнларни ташиш бўйича амалга оширилган транспорт харажатлари бўйича йиғма ахборот тақдим қилади.
ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 20 санасига қадар
II босқич
Жамғарма қишлоқ хўжалигида механизация хизматларини кўрсатувчи маҳаллий ташкилотлар томонидан тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқади.
5 иш куни давомида
III босқич
Ижобий қарор қабул қилинган тақдирда, Жамғарма хорижда хизматлар кўрсатиш (хизматларни экспорт қилиш) учун комбайнларни ташиш бўйича амалга оширилган транспорт ҳаражатларининг 80 фоизини компенсация қилиб беради.
махаллий қишлоқ хўжалиги машинасозлиги ташкилотлари томонидан ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги техникаси харид қилинганлиги муносабати билан маҳаллийлаштириш даражаси ҳақида сертификат тақдим қилишни/субсидия ажратиш ва/ёки хорижда хизматлар кўрсатиш (хизматларни экспорт қилиш) учун комбайнларни ташиш транспорт харажатларини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан компенсация қилишни сўраймиз.
* Қишлоқ хўжалиги техникаси таннархининг калькуляцияси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Махсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатлари таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомини тасдиқлаш ҳақида» 1999 йил 5 февралдаги 54-сон қарорига мувофиқ сотиш нарх шакллантиригунигача барча харажатлар батафсил кўрсатилган ҳолда, махаллийлаштирилган ҳар бир маҳсулот бўйича тақдим этилади.
Қишлоқ хўжалигини механизациялашни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисидаги низомга 4-ИЛОВА
Хорижда хизматлар кўрсатиш (хизматларни экспорт қилиш) учун комбайнларни ташиш бўйича амалга оширилган транспорт харажатлари тўғрисида
ЙИҒМА АХБОРОТ
Экспорт
Қайтариш
Жами
(устун 8-устун 11)
Ташувчи
Йўналиш ва транспорт тури
Етказиб берувчини танлаш бўйича баённома
Транспорт-экспедиторлик хизматларини кўрсатиш учун шартнома
ЮБД рақами ва санаси
Ташиш харажатлари
Бошқа транспорт харажатлари
Компенсация қилинадиган транспорт харажатлари жами = 80%*(устун.6 + устун 7)