toggle_night_mode
Ҳужжат 19.10.2019 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Моддий маданий мерос объектларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида» 2019 йил 17 январдаги ПФ-5635-сон Фармонига мувофиқ, шунингдек, моддий маданий мерос объектларидан оқилона фойдаланиш тизимини яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Моддий маданий мерос объектларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Б.С. Сайфуллаев зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Ёшлар сиёсати, маданият, маънавият, оммавий ахборот воситалари, ижодий ва жамоат ташкилотлари масалалари котибиятига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 18 октябрь,
881-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 октябрдаги 881-сон қарорига
1-ИЛОВА
Моддий маданий мерос объектларидан фойдаланиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом моддий маданий мерос объектларидан фойдаланиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
балансда сақловчи — давлат мулки ҳисобланган объект балансида ҳисобга олинган юридик шахс;
ваколатли орган — Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти;
Кейинги таҳрирга қаранг.
ижарага берувчи — Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг ҳудудий бошқармалари ҳузуридаги давлат мулкини ижарага бериш марказлари;
Кейинги таҳрирга қаранг.
объект — моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объекти ва унга туташ ҳудуд;
фойдаланувчи — моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектидан доимий ёки вақтинча фойдаланувчи юридик ва жисмоний шахс.
3. Моддий маданий мерос объектларининг кўчадиган ашёлари — маданий бойликлардан тегишлича музейлар, маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши, архив иши тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ фойдаланилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Давлат мулки ҳисобланган моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларидан иловадаги схемага мувофиқ фойдаланилади.
2-боб. Давлат мулки ҳисобланган объектни фойдаланишга бериш бўйича таклифлар тайёрлаш ва уларни кўриб чиқиш
5. Балансда сақловчи ҳар йили 1 ноябрга қадар келгуси йилда фойдаланиш таклиф этилаётган янги объект, шунингдек, объектнинг бир қисми ёки фойдаланиш мақсади ва шартларини ўзгартириш таклиф этилаётган объект бўйича қуйидагиларни кўрсатган ҳолда ваколатли органнинг ҳудудий бошқармасига (кейинги ўринларда ҳудудий бошқарма деб аталади) таклиф киритади:
объектнинг тўлиқ номи ва жойлашган жойи;
объект ва унинг ҳудудининг эгалик ҳуқуқини белгиловчи ҳужжатлар (ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисида гувоҳнома, бинолар, иншоотлар, кўп йиллик дарахтларга бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисида гувоҳнома) нусхалари;
объектдан таклиф этилаётган фойдаланиш мақсадлари ва шартлари;
объектни ижарага беришнинг таклиф этилаётган муддати.
Ҳудудий бошқарма объектнинг балансда сақловчиси бўлган ҳолатда, ушбу бандда кўрсатилган таклиф ва ҳужжатлар ҳудудий бошқарма томонидан тайёрланади.
6. Ҳудудий бошқарма 7 иш куни мобайнида фойдаланишга бериш таклиф этилаётган давлат мулки ҳисобланган объектни жойига чиқиб ўрганади ва объектдан фойдаланиш мақсадга мувофиқлиги ёки фойдаланиш мақсадга мувофиқ эмаслиги ҳақида хулоса тайёрлайди.
7. Ҳудудий бошқарма қуйидаги ҳолларда объектдан фойдаланиш мақсадга мувофиқ эмаслиги ҳақида хулоса беради:
объект авария ҳолатида эканлиги — объектнинг техник ҳолати бўйича тузилган далолатнома асосида;
объектда асрашга доир ишлар амалга оширилаётганлиги — моддий маданий мерос кўчмас мулк объектини асрашга доир ишлар учун рухсатнома асосида;
объектнинг ҳуқуқи бўйича низо судда кўриб чиқилаётганлиги — суд ҳужжати ёки судга киритилган даъво аризаси асосида;
объектнинг инсон ҳаёти ва соғлиғига салбий таъсир этиши мумкинлиги — давлат санитария-эпидемиология хизмати органларининг хулосаси асосида.
8. Ҳудудий бошқарма қуйидаги ҳолларда объектдан таклиф этилаётган фойдаланиш мақсадлари ва шартларини мақсадга мувофиқ эмаслиги ҳақида хулоса беради:
ушбу Низомнинг 24-бандида кўрсатилган фойдаланиш мажбуриятларини бажаришга мос бўлмаган ҳолларда;
объект сезиларли равишда динамик таъсир остида қолиши;
объектга юқори намлик таъсир этиши;
алкоголли маҳсулотларни ва ҳайвонлар терисини сотиш;
юкларни ташиш учун мўлжалланган воситалар (контейнерлар) ёки ваколатли орган билан келишилмаган ҳолда вақтинча шохобчалардан фойдаланиш;
сертификатга эга бўлмаган ёки белгиланган ягона техник талабларга жавоб бермайдиган товарларни сотиш, миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари бундан мустасно.
Ҳудудий бошқарма объектнинг балансда сақловчиси билан биргаликда таклиф этилаётган фойдаланиш мақсадлари ва шартларига келишилган ҳолда ўзгартириш ва қўшимчалар киритиши мумкин. Ушбу ҳолатда объектдан фойдаланиш мақсадлари ва шартлари юзасидан ижобий хулоса берилган ҳисобланади.
9. Ҳудудий бошқарма хулосани етарли далиллар ва қонун ҳужжатлари нормалари билан аниқ ва тўлиқ асослаши лозим. Хулоса 2 нусхада тузилади ва ҳудудий бошқарма раҳбари томонидан тасдиқланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
10. Ҳудудий бошқарма бир иш куни мобайнида:
ижобий хулосани ёки салбий хулосани — балансда сақловчига;
ижобий хулосани ушбу Низомнинг 5-бандида кўрсатилган ҳужжатлар билан биргаликда — ваколатли органга юборади.
11. Ваколатли орган 5 иш куни мобайнида ҳудудий бошқарма томонидан берилган хулосанинг асосли эканлигини текширади, зарур ҳолларда қўшимча материал ва ахборотларни сўраб олади.
Ваколатли орган ҳудудий бошқарма томонидан берилган ижобий хулосанинг асосли эканлигини текшириш натижалари билан биргаликда кўриб чиқиш учун Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 мартдаги 265-сон қарорига билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаментининг Илмий-эксперт кенгашига (кейинги ўринларда Кенгаш деб аталади) киритади. Кенгашга киритилган таклифлар Кенгашнинг навбатдаги мажлисида, бироқ 30 кундан кўп бўлмаган муддатда кўриб чиқилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
12. Кенгаш таклиф этилган фойдаланиш мақсадлари ва шартларини тасдиқлаш ёки етарли даражада асослантирилган ҳолда тасдиқлашни рад этиш ҳақида қарор қабул қилади ва ушбу қарорни ваколатли органга юборади.
Кенгаш объектдан оқилона фойдаланишни кўзлаб таклиф этилган фойдаланиш мақсадлари ва шартларини уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритган ҳолда тасдиқлаши мумкин.
Кенгаш томонидан тасдиқланган фойдаланиш мақсадлари ва шартлари бўйича ваколатни орган раҳбарининг буйруғи қабул қилинади.
13. Доимий ва даврий равишда диний урф-одатлар ва маросимлар ўтказиб туриладиган давлат мулки ҳисобланган объектдан (диний таълим муассасалари, масжидлар, черковлар, синагогалар, монастирлар ва бошқалар биносидан) фойдаланиш мақсадлари ва шартлари ваколатли орган томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита билан келишилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Объектдан фойдаланиш мақсадлари ва шартлари ҳудудий бошқарма томонидан туризм соҳасидаги ваколатли давлат органи билан келишилади.
14. Ваколатли орган Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан келишган ҳолда, юқори туристик салоҳиятга ва алоҳида аҳамиятга эга бўлган объектлар рўйхатини тасдиқлайди.
Ҳудудий бошқарма мазкур рўйхатга киритилган алоҳида аҳамиятга эга бўлган ҳар бир объектдан фойдаланиш концепцияси лойиҳасини ишлаб чиқади ва ваколатли органга киритади.
15. Алоҳида аҳамиятга эга бўлган объектдан фойдаланиш концепциясининг лойиҳаси Кенгаш томонидан кўриб чиқилади ва тасдиқланади. Ушбу рўйхатга киритилган объектдан фойдаланиш мақсадлари ва шартлари тасдиқланган концепцияга мувофиқ ишлаб чиқилиши лозим.
16. Ваколатли орган бир иш куни мобайнида:
Кенгаш томонидан тасдиқланган фойдаланиш мақсадлари ва шартларини манфаатдор томонларга — ҳудудий бошқарма, объектнинг балансда сақловчиси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, ижарага берувчига юборади ва расмий веб-сайтида эълон қилади;
фойдаланиш мақсадлари ва шартларини тасдиқлаш Кенгаш томонидан рад этилган ҳолатда, бунинг сабабларни кўрсатган ҳолда ҳудудий бошқарма ва объектнинг балансда сақловчисига ёзма билдириш юборади.
17. Ваколатли орган, унинг ҳудудий бошқармаси ҳамда жисмоний ва юридик шахслар давлат мулки ҳисобланган бўш турган ёки оқилона фойдаланилмаётган объектни фойдаланишга бериш таклифи билан чиқиши мумкин ва бу таклиф ушбу Низомга мувофиқ кўриб чиқилади.
Давлат мулки ҳисобланган бўш турган ёки оқилона фойдаланилмаётган объект бўйича ундан фойдаланиш мақсадлари ва шартлари ушбу Низомга мувофиқ тасдиқланган ҳолатда, балансда сақловчи мазкур объектдан фойдаланиш мақсадлари ва шартларини бажариши лозим.
18. Ваколатли орган ва унинг ҳудудий бошқармаси ўз маблағлари ҳисобидан Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги мамлакатнинг энг оммабоп камида 2 та электрон нашрида (сайтда) ҳар 3 ойда камида бир маротаба фойдаланишга бериладиган ва фойдаланишга берилган давлат мулки ҳисобланган объектлар рўйхатини эълон қилиб боради.
Мазкур эълон бўйича талабгорлар (талабгор) талабномалари (буюртманомалари) ижарага берувчи томонидан қабул қилинади ҳамда давлат мулки ҳисобланган объект юридик ва жисмоний шахсларга ягона электрон савдо майдончасида онлайн-аукционлар йўли билан ҳам ижарага берилиши мумкинлигига ҳавола кўрсатилади.
19. Ваколатли орган Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Давлат активларини бошқариш агентлиги ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан келишган ҳолда объектдан фойдаланиш мақсадлари ва шартларининг асосий талабларини ҳамда танловга тушган таклифларни баҳолаш мезонларини белгилайди.
20. Давлат мулки ҳисобланган объектни бир йилгача бўлган муддатга фойдаланишга бериш уни қисқа муддатда фойдаланишга бериш ҳисобланади.
Қуйидаги фаолият (хизмат) турлари учун давлат мулки ҳисобланган объект қисқа муддатга фойдаланишга берилиши лозим:
савдо фаолияти;
эсдалик совғалари ва ҳунармандчилик буюмларини сотиш;
компьютер, нусха кўчириш ва Интернет хизматларини кўрсатиш;
фото, видео ва экскурсия хизматларини кўрсатиш.
21. Ушбу Низомнинг 20-бандида кўрсатилган фаолият (хизмат) турларидан бошқа ҳолатларда объектни беш йилгача муддатга фойдаланишга бериш мумкин, давлат мулки ҳисобланган объектни ва унга туташ ҳудудларни инвестиция мажбуриятлари олган ҳолда ижарага бериш бундан мустасно.
22. Беш йилдан ўттиз йилгача бўлган муддатга объектни ижарага бериш унинг узоқ муддатга фойдаланишга бериш ҳисобланади.
Объектни узоқ муддатга ижарага (фойдаланишга) бериш инвестиция мажбуриятлари олган ҳолда, объект ҳудудида туризм инфратузилмаси объектлари, шу жумладан жойлаштириш воситалари жойлашган ёки барпо этиладиган объектлар берилиши мумкин.
3-боб. Фойдаланувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
23. Фойдаланувчи:
юридик ва жисмоний шахслардан объектни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишга оид зарур маълумот, ахборот, тушунтириш ва ҳужжатларни сўраш ҳамда белгиланган тартибда олиш;
объектни оммалаштириш ва уни тарғиб қилиш;
объектни муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланишни ташкил этиш бўйича ваколатли органга таклиф киритиш;
объект бўйича давлат назоратини амалга оширишда иштирок этиш;
давлат мулки ҳисобланган объектдан уларнинг белгиланган мақсад ва шартларда фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Фойдаланувчи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
24. Фойдаланувчи:
давлат мулки ҳисобланган объектдан унинг белгиланган мақсадига ва шартларига кўра оқилона фойдаланиши;
объектда ёнғинларнинг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар кўриши, ёнғин ўчоқларининг ўз вақтида тугатилишини таъминлаши;
объект зараркунандаларига қарши курашиш тадбирларини амалга ошириши ва объектга табиий ва техноген таъсирларнинг салбий оқибатларининг олдини олиши;
объектни муҳофаза қилишга қаратилган белгиланган талабларга риоя этиши;
фойдаланиш объектнинг тарихий, илмий, бадиий ёки ўзгача маданий қимматига салбий таъсир қилмаслигини таъминлаши;
фойдаланишда объектга ҳар қандай салбий таъсирларнинг олдини олиши ва авария ҳолатига қарши ишларни амалга ошириши;
фойдаланиш ва фойдаланиш учун объектни жиҳозлаш объект ва унга туташ объект, уларнинг умумий ансамблини бузмаслигини, объектнинг ички ва ташқи кўриниши билан уйғунлашган ҳолда амалга оширилишини таъминлаши;
алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудлардаги, шу жумладан ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудлардаги объектдан фойдаланиш ушбу ҳудудларнинг тарихий муҳити билан уйғун бўлишини таъминлаши;
объектдан фойдаланишдан, жумладан, давлат мулки ҳисобланган объектдан фойдаланишдан топилган маблағлар ва уларнинг сарфланиши ҳақида ваколатли орган ва унинг ҳудудий бошқармасига уларнинг сўровига асосан ахборот тақдим этиши;
фуқаролар кириши учун объектнинг очиқлигини таъминлаши ва объектни илмий ва илмий-техник тадқиқ этиш учун шароит яратиши, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;
ваколатли орган ва унинг ҳудудий бошқармаси мансабдор шахсларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда объект ҳолати бўйича давлат назоратини амалга оширишга шароит яратиши шарт.
Фойдаланувчи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам олиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4-боб. Давлат мулки ҳисобланган объектни фойдаланишга бериш
25. Кенгаш томонидан тасдиқланган фойдаланиш мақсадлари ва шартлари асосида:
давлат мулки ҳисобланган объектни ижарага бериш — Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 8 апрелдаги 102-сон қарори билан тасдиқланган Давлат мулкини ижарага бериш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ;
Кейинги таҳрирга қаранг.
давлат мулки ҳисобланган объектни ва унга туташ ҳудудларни инвестиция мажбуриятлари олган ҳолда ижарага бериш — Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 6 мартдаги 53-сон қарори билан тасдиқланган Моддий маданий мерос объектларини ва уларга туташ ҳудудларни уларни ободонлаштириш ва зарур ҳолатда сақлаш бўйича инвестиция мажбуриятлари олган ҳолда ижарага бериш тартиби тўғрисида низомга мувофиқ амалга оширилади.
26. Тасдиқланган фойдаланиш мақсадлари ва шартлари ушбу объект бўйича ижара шартномасининг ажралмас қисми (шартнома шартларининг бир қисми) ҳисобланади.
27. Давлат мулки ҳисобланган объектни текин фойдаланишга бириктириш мақсадга мувофиқлиги ҳақидаги ваколатли органнинг хулосасини инобатга олиб, ушбу объект Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан:
моддий маданий мерос объектини сақлаш мақсадида фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотларига;
болалар нодавлат нотижорат ташкилотларига;
ногиронлар нодавлат нотижорат ташкилотларига;
Кейинги таҳрирга қаранг.
диний ташкилотларга текин фойдаланишга бириктирилиши мумкин.
28. Давлат мулки ҳисобланган объектни текин фойдаланишга бириктириб бериш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ ижарага берувчи, балансда сақловчи ва текин фойдаланувчи ўртасида текин фойдаланиш шартномаси тузилади.
29. Ҳудудий бошқарма қуйидагилар билан объектни муҳофаза қилиш ва сақлаш шартномасини тузади ва унинг бажарилишини назорат қилади:
балансда сақловчи билан — объект балансда сақловчининг ҳисобида бўлган муддатга;
ижарага олувчи, текин фойдаланувчи, инвестиция мажбуриятлари билан ижарага олувчи билан — тегишлича шартноманинг амал қилиш муддатига;
объектдан текин фойдаланувчи билан ушбу объектдан текин фойдаланиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорида муддат кўрсатилмаган бўлса — чекланмаган муддатга.
Объектни муҳофаза қилиш ва сақлаш шартномасининг намунавий шакли ваколатли орган томонидан тасдиқланади.
5-боб. Якунловчи қоида
30. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Моддий маданий мерос объектларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
Давлат мулки ҳисобланган моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларидан фойдаланиш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Масъуллар

Амалга ошириладиган тадбирлар

Амалга ошириш муддати

1-босқич

Баланс сақловчи

Фойдаланиш таклиф этилаётган янги объект, объектнинг бир қисми ёки фойдаланиш мақсади ва шартлари ўзгартириш таклиф этилаётган объект бўйича Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаментининг (кейинги ўринларда ҳудудий бошқарма деб аталади) ҳудудий бошқармасига (кейинги ўринларда ҳудудий бошқарма деб аталади) таклиф киритади.

Ҳар йили
1 ноябрга қадар,

йил давомида заруратга қараб


2-босқич

Ҳудудий бошқарма

1. Фойдаланишга бериш таклиф этилаётган давлат мулки ҳисобланган объектни жойига чиқиб ўрганади ва объектдан фойдаланишга мақсадга мувофиқлиги ёки фойдаланиш мақсадга мувофиқ эмаслиги ҳақида хулоса тайёрлайди.

2. Фойдаланиш мақсадлари ва шартларини туризм соҳасида ваколатли давлат органи билан келишилади.

3. Ижобий хулосани ёки салбий хулосани балансда сақловчига, ижобий хулосани ва тегишли ҳужжатлар билан биргаликда ваколатли органга юборади.

7 иш куни

1 иш куни


3-босқич

Ваколатли орган

1. Берилган хулосанинг асосли эканлигини текширади, зарур ҳолларда қўшимча материал ва ахборотларни сўраб олади.

2. Доимий ва даврий равишда диний урф-одатлар ва маросимлар ўтказиб туриладиган давлат мулки ҳисобланган объектдан фойдаланиш мақсадлари ва шартлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита билан келишилади.

3. Ваколатли орган ҳудудий бошқарма томонидан берилган ижобий хулосани асосли эканлигини текшириш натижалари билан биргаликда кўриб чиқиш учун ваколатли органнинг Илмий-эксперт кенгашига киритади.

5 иш куни


4-босқич

Ваколатли органнинг
Илмий-эксперт кенгаши

Кенгаш таклиф этилган фойдаланиш мақсадлари ва шартларини тасдиқлаш ёки етарли асослантирилган ҳолда тасдиқлашни рад этиш ҳақида қарор қабул қилади ва ушбу қарорни ваколатли органга юборади.

Навбатдаги мажлисида,
бироқ 30 кундан кўп бўлмаган муддатда


5-босқич

Ваколатли орган

1. Тасдиқланган фойдаланиш шартларини расмий веб-сайтида эълон қилади ва манфаатдор томонларга юборади.

2. Тасдиқланган фойдаланиш шартларига риоя қилинишини назорат қилади.

1 иш куни

мунтазам — камида ҳар чорак


6-босқич

Ижарага берувчи

Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда танловни ташкил этади ва ижара шартномасини расмийлаштиради.

белгиланган муддатда

Кейинги таҳрирга қаранг.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 октябрдаги 881-сон қарорига
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 8 апрелдаги 102-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2009 й., 4-сон, 26-модда) билан тасдиқланган Давлат мулкини ижарага бериш тартиби тўғрисида низомда:
а) 1-бандга қуйидаги таҳрирдаги тўртинчи хатбоши қўшилсин:
«Давлат мулки ҳисобланган моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини ижарага беришда ундан фойдаланиш мақсади ва шартлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланадиган Моддий маданий мерос объектларидан фойдаланиш тартиби тўғрисида низомга мувофиқ белгиланади»;
б) 11-бандга қуйидаги мазмундаги ўн биринчи хатбоши қўшилсин:
«Давлат мулки ҳисобланган моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини ижарага бериш мақсади ва шартлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланадиган Моддий маданий мерос объектларидан фойдаланиш тартиби тўғрисида низомга мувофиқ белгиланади».
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 6 мартдаги 53-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2017 й., 3-сон, 22-модда) билан тасдиқланган Моддий маданий мерос объектларини ва уларга туташ ҳудудларни уларни ободонлаштириш ва зарур ҳолатда сақлаш бўйича инвестиция мажбуриятлари олган ҳолда ижарага бериш тартиби тўғрисида низомда:
а) 5-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«5. Рўйхатлар, шу жумладан объектлардан фойдаланиш мақсади ва шартлари ишчи орган томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланадиган Моддий маданий мерос объектларидан фойдаланиш тартиби тўғрисида низомга мувофиқ кўриб чиқилиб, тасдиқланади ёки тегишли асослар кўрсатилган ҳолда тасдиқлаш рад этилади»;
б) 9-банднинг иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«Объектлардан ушбу Низомда назарда тутилмаган бошқа мақсадларда фойдаланиш фақат ишчи органнинг Илмий-эксперт кенгашининг қарорига мувофиқ амалга оширилиши мумкин».
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 19.10.2019 й., 09/19/881/3936-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.02.2022 й., 09/22/62/0111-сон, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон, 23.04.2022 й., 09/22/209/0341-сон; 08.05.2023 й., 09/23/193/0260-сон; 15.12.2023 й., 09/23/660/0938-сон; 16.12.2025 й., 09/25/791/1167-сон)