toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
Меценатлик тўғрисида
Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 14 августда қабул қилинган
Сенат томонидан 2019 йил 11 октябрда маъқулланган
1-боб. Умумий қоидалар
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
Ушбу Қонуннинг мақсади меценатлик соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Олдинги таҳрирга қаранг.
2-модда. Меценатлик тўғрисидаги қонунчилик
Меценатлик тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг меценатлик тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
(2-модда Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
3-модда. Ушбу Қонуннинг қўлланилиш соҳаси
Ушбу Қонун маданият ва санъатни ривожлантириш мақсадида ҳомийлик фаолиятини амалга ошириш чоғида юзага келадиган муносабатларга нисбатан татбиқ этилади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Ҳомийлик тўғрисида»ги Қонуни.
4-модда. Асосий тушунчалар
Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
меценатлик (меценатлик фаолияти) — маданият ва санъат, шунингдек илм-фан, таълим, маърифат ҳамда маданият ва санъатни ривожлантириш билан боғлиқ бошқа фаолият соҳасида жисмоний ва юридик шахслар томонидан амалга ошириладиган ҳомийлик фаолияти;
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Ҳомийлик тўғрисида»ги Қонуни 3-моддаси.
меценат — меценатлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний ёки юридик шахс;
меценатлик кўмагини олувчи — меценатлик кўмаги ҳисобига маданият ва санъатни сақлаш ҳамда ривожлантириш билан боғлиқ фаолиятни амалга оширувчи жисмоний ёки юридик шахс.
меценатлик кўмаги — меценатлик фаолияти доирасида меценатлар томонидан беғараз ёки имтиёзли шартлар асосида меценатлик кўмагини олувчиларга бериладиган мол-мулк, шунингдек улар учун бажариладиган ишлар, кўрсатиладиган хизматлар ва қўллаб-қувватлашнинг бошқа турлари.
2-боб. Меценатлик фаолиятининг мақсадлари, принциплари ва кафолатлари
5-модда. Меценатлик фаолиятини амалга ошириш мақсадлари
Меценатлик фаолияти қуйидаги мақсадларда амалга оширилади:
Ўзбекистон Республикасининг маданий мерос объектларини сақлаш, муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш учун шарт-шароитлар яратиш;
маданият ва санъат соҳасидаги касбий фаолиятни қўллаб-қувватлаш;
Ўзбекистон Республикасининг маданий мерос объектларини сақлаш, муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги давлат дастурларини ҳамда бошқа дастурларни, лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этиш;
маданият ва санъат соҳасидаги ёш истеъдодларни ва арбобларни қўллаб-қувватлаш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг маданият ва санъатни ривожлантиришда иштирок этиши учун маънавий рағбатлантириш омилларини ҳамда бошқа омилларни кенгайтириш.
Меценатлик фаолияти маданият ва санъатни ривожлантириш билан боғлиқ бошқа мақсадларда ҳам амалга оширилиши мумкин.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 мартдаги ПҚ-5040-сонли «Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг 1-банди.
6-модда. Меценатлик фаолиятининг асосий принциплари
Меценатлик фаолияти қонунийлик, ихтиёрийлик, инсонпарварлик ва ҳисоботларнинг ишончлилиги принциплари асосида амалга оширилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Меценатлик фаолияти Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилиши керак.
(6-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Ихтиёрийлик принципи меценатларга меценатлик кўмагини кўрсатиш ҳуқуқини ва меценатлик кўмагини олувчиларга учинчи шахслар томонидан мажбурий таъсир кўрсатмасдан бундай кўмакни олиш ёки олмаслик ҳуқуқини беришдан иборатдир.
Меценатлик фаолияти жамиятда инсоннинг инсонпарварлаштирилган яшаш муҳитини шакллантиришга, унинг ижодий фаолияти эркинлигини таъминлашга доир интилишга асосланади.
Меценатлар ва меценатлик кўмагини олувчилар меценатлик кўмагини бериш ҳамда ундан фойдаланиш жараёнларида ишончли ҳисобни юритиши шарт.
7-модда. Меценатлик фаолиятининг кафолатлари
Жисмоний ва юридик шахслар меценатлик фаолиятини ихтиёрийлик ҳамда бу фаолиятнинг мақсадларини эркин танлаш асосида монеликсиз амалга оширишга ҳақлидир.
Жисмоний ва юридик шахслар якка тартибда ёки бирлашган ҳолда ҳомийлик ташкилотларини ташкил этиб ёхуд ташкил этмасдан меценатлик фаолиятида эркин иштирок этишга ҳақли.
Ҳеч ким ушбу Қонунда назарда тутилган меценатлик фаолиятининг мақсадларини ва уни амалга ошириш шаклларини танлаш эркинлигини чеклашга ҳақли эмас.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Ҳомийлик тўғрисида»ги Қонунининг 4-моддаси.
3-боб. Меценатлик фаолияти
8-модда. Меценатлик фаолиятининг субъектлари
Меценатлар ва меценатлик кўмагини олувчилар меценатлик фаолиятининг субъектларидир.
Ўзбекистон Республикасининг резидентлари ва норезидентлари меценатлар бўлиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг резидентлари меценатлик кўмагини олувчилар бўлиши мумкин.
9-модда. Меценатлик фаолиятида оммавий ахборот воситаларининг иштирок этиши
Оммавий ахборот воситалари:
меценатлик фаолиятини ривожлантиришга, шу жумладан маданият ва санъат соҳасида аҳолининг ахборотга оид ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган тадбирларни ёритиши;
Олдинги таҳрирга қаранг.
меценатлик тўғрисидаги қонунчиликнинг ижроси устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириши;
(9-модда биринчи қисмининг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
маданият ва санъат соҳаси органлари ҳамда ташкилотлари, шунингдек меценатлик фаолияти субъектлари билан маданият ва санъатни ривожлантириш масалалари юзасидан ҳамкорлик қилиши мумкин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Оммавий ахборот воситалари қонунчиликка мувофиқ бошқа тадбирларда ҳам иштирок этиши мумкин.
(9-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июндаги ПҚ-4366-сонли «Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори.
10-модда. Меценатлик фаолиятининг ошкоралиги
Меценатлик фаолиятининг субъектлари меценатлик кўмагини кўрсатиш факти ва унинг мақсадлари тўғрисидаги ахборотни жамоатчилик эътиборига етказиш, шу жумладан оммавий ахборот воситалари ва Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ахборот ресурслари орқали етказиш ҳуқуқига эга. Бундай ахборот фақат меценатнинг розилиги билан тарқатилиши мумкин.
11-модда. Меценатлик кўмагини бериш тўғрисидаги шартнома
Меценатлик фаолияти меценат ва меценатлик кўмагини олувчи ўртасида тузиладиган меценатлик кўмагини бериш тўғрисидаги шартнома асосида амалга оширилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Меценатлик кўмагини бериш тўғрисидаги шартнома меценатлик кўмагини беришнинг мақсадлари, шакли, шартлари, муддатлари ҳамда ҳажмини, шартномавий мажбуриятлар бажарилмаганда ёки лозим даражада бажарилмаганда тарафларнинг жавобгарлигини, низоларни ҳал этиш тартибини, тарафларнинг реквизитларини, шартнома тузилган сана ва жойни, шунингдек бундай турдаги шартномалар учун қонунчиликда белгиланган ёки тарафлардан бирининг аризасига кўра келишувга эришиш лозим бўлган бошқа муҳим шартларни назарда тутиши керак.
(11-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Меценатнинг номини, персоналлаштириш воситаларини мажбуран эслатиб ўтиш талаби ва бундай эслатиш шаклининг белгиланиши меценатлик кўмагини бериш тўғрисидаги шартноманинг шарти бўлиши мумкин.
Меценатлик кўмагини бериш тўғрисидаги шартномада меценатлик кўмагидан мақсадли фойдаланилиши устидан назорат қилиш механизмлари белгиланиши мумкин.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 26-боби.
4-боб. Меценатлик фаолиятини амалга оширишга давлатнинг кўмаклашиши
12-модда. Меценатлик фаолияти субъектлари ҳуқуқларининг давлат кафолатлари ва меценатлик фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш
Меценатлик фаолияти субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари давлат томонидан кафолатланади. Меценатнинг меценатлик фаолиятини амалга ошириш шаклларини танлаш ҳуқуқи чекланишига йўл қўйилмайди.
Давлат меценатлик фаолиятини қуйидагилар орқали қўллаб-қувватлайди:
меценатларга солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар ҳамда тарифлар бўйича имтиёзлар ва преференциялар бериш;
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 54-боби.
меценатларни давлат мукофотлари ёки бошқа мукофотлар билан тақдирлаш;
меценатларнинг номларини абадийлаштириш.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Давлат меценатлик фаолиятини қонунчиликка мувофиқ бошқа йўллар билан ҳам қўллаб-қувватлаши мумкин.
(12-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
13-модда. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг меценатлик фаолияти соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги меценатлик фаолиятини ахборот ва ташкилий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, меценатлик фаолияти тўғрисида жамоатчиликнинг ижобий фикрини шакллантириш мақсадида:
меценатлик фаолияти субъектларига услубий ва маслаҳат ёрдами кўрсатилишини;
меценатлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга қаратилган тадбирларнинг ташкил этилиши ҳамда ўтказилишини;
Интернет жаҳон ахборот тармоғида меценатлик фаолияти соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалар, шунингдек меценатлик кўмагини потенциал олувчиларнинг уни олишдан манфаатдорлиги тўғрисида ахборот берувчи ихтисослаштирилган веб-сайт яратилишини ҳамда фаолият юритишини;
меценатлик фаолияти тўғрисидаги ахборотни тўплашни, таҳлил қилишни, унинг тарқатилишини;
меценатлик фаолиятининг илғор тажрибаси умумлаштирилишини ва унинг тарқатилишига кўмаклашишни;
маданият ва санъатни ривожлантиришга катта ҳисса қўшган меценатларни мукофотлаш ҳамда уларнинг номини абадийлаштириш юзасидан чора-тадбирлар амалга оширилишини таъминлайди.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
(13-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 декабрдаги ПҚ-36-сонли «Маданият ва санъатни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорининг 2-банди.
5-боб. Меценатлик кўмаги
14-модда. Меценатлик кўмагини кўрсатиш
Меценат меценатлик кўмагини олувчилар сифатида шахсларни, шунингдек меценатлик кўмагини кўрсатиш шаклларини ушбу Қонун талабларига мувофиқ мустақил равишда белгилайди.
15-модда. Меценатлик кўмагини кўрсатишнинг ўзига хос хусусиятлари
Меценатлик кўмаги Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши мумкин эмас.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Меценатлик кўмагини олиш меценатлик кўмагини олувчининг давлат томонидан молиялаштирилишини қисқартириш учун асос бўлмайди, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно.
(15-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
6-боб. Якунловчи қоидалар
16-модда. Низоларни ҳал этиш
Олдинги таҳрирга қаранг.
Меценатлик фаолияти соҳасида юзага келадиган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.
(16-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
17-модда. Меценатлик тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик
Меценатлик тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
(17-модда Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
18-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
19-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш
(19-модданинг номи Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
20-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2019 йил 16 октябрь,
ЎРҚ-571-сон
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 17.10.2019 й., 03/19/571/3920-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)