Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг
Сиёсий партиянинг ваколатли вакили тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг
14 ва
16-моддаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарор қилади:
1. Сиёсий партиянинг ваколатли вакили тўғрисидаги низом
1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг айрим қарорлари
2-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
3. Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.
4. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари М. Истамов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 11 сентябрдаги 935-сон
қарорига 1-ИЛОВА
Сиёсий партиянинг ваколатли вакили тўғрисида
Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг
34-моддасига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, сиёсий партиялар томонидан ваколатли вакил тайинлаш ва уни рўйхатга олиш тартибини, ваколатли вакилнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилайди.
1. Сиёсий партия сайлов комиссиясининг мажлисларида, ҳужжатларни топширишда, имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширишда, сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш учун ваколатли вакил тайинлашга ҳақли.
2. Сиёсий партия аъзоси ёки тарафдори ёхуд сиёсий партияга хайрихоҳ бўлган Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга тўлган фуқароси сиёсий партиянинг ваколатли вакили бўлиши мумкин.
3. Марказий сайлов комиссиясининг мажлисларида, ҳужжатларни топширишда, имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширишда иштирок этиш учун сиёсий партия юқори органининг раҳбари сайлов кампанияси бошланганлиги расман эълон қилинган кундан бошлаб беш кунлик муддатда ўз ваколатли вакилини тайинлайди ҳамда уни рўйхатдан ўтказиш учун Марказий сайлов комиссиясига тегишли ҳужжатларни (мурожаатнома, номзоднинг паспорт нусхаси, 2 дона 3 х 4 ҳажмдаги фотосурати) тақдим этади.
4. Марказий сайлов комиссияси сиёсий партия томонидан тавсия этилган ваколатли вакил номзодига тегишли ҳужжатларни кўриб чиқиб, уч кунлик муддатда уни рўйхатга олади ва мазкур Низомнинг
1-иловасида белгиланган шаклда унга гувоҳнома (мандат)ни беради.
5. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашлари депутатлигига номзодлар кўрсатган сиёсий партиянинг ҳудудий органлари сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш учун сайлов участкалари тузилган кундан эътиборан ўз ваколатли вакилларини тайинлайди.
6. Сиёсий партиянинг ҳудудий органи раҳбари сайловга камида ўн беш кун қолганида ариза билан тегишли сайлов комиссиясига сиёсий партиянинг ваколатли вакиллари рўйхатини (исми-фамилияси, лавозими, яшаш манзили ва телефон рақами кўрсатилган ҳолда) тақдим этади. Бунда ариза:
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Президент сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиясига;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайловида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиясига;
маҳаллий кенгашларга сайлов ўтказиш бўйича Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиясига.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати сайлови ҳамда Халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) кенгашлари депутатлигига сайловини бир вақтда ўтказилганида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиясига тақдим этилади.
Аризага ваколатли вакилликка номзоднинг паспорт нусхаси, 2 дона 3 х 4 см ҳажмдаги фотосурати илова қилинади.
7. Тегишли сайлов комиссияси сиёсий партиянинг ваколатли вакиллари рўйхати келиб тушган вақтдан бошлаб, беш кун ичида ваколатли вакилларни рўйхатга олади ва уларга мазкур Низомнинг 2-иловасида белгиланган шаклда гувоҳнома (мандат)лар беради.
Гувоҳнома (мандат)да сиёсий партияни бошқа сиёсий партиядан фарқлаш учун алоҳида белгилар (ранги ёки бошқа) акс эттирилиши мумкин.
8. Қуйидаги ҳолларда ваколатли вакилга гувоҳнома (мандат) бериш рад этилиши мумкин:
номзод 18 ёшга тўлмаган бўлса ёки Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаса;
сайловга ўн беш кундан кам муддат қолганда мурожаат этилса;
тегишли сайлов округи бўйича сиёсий партиядан номзод рўйхатга олинмаган бўлса (сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этадиган ваколатли вакилларга нисбатан қўлланилади);
мазкур Низомнинг
3 ва
6-бандларида кўрсатилган ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаса.
9. Сиёсий партия сайловга қадар истаган вақтда тегишли сайлов комиссиясини ёзма равишда хабардор қилган ҳолда ваколатли вакилни ваколатидан маҳрум қилиши мумкин. Бундай ҳолларда сайлов комиссияси ваколатли вакилни рўйхатдан чиқаради ва унга берилган гувоҳнома (мандат)ни бекор қилади.
10. Сиёсий партиянинг ваколатли вакили:
сайлов комиссиясининг мажлисларида, сайлов комиссияларига ҳужжатларни, шу жумладан тўпланган имзо варақларини топширишда, имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширишда, сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этишга;
участка сайлов комиссиясининг баённомаси билан танишиш, шу жумладан участка сайлов комиссияси баённомасининг тасдиқланган кўчирма нусхасини олишга ҳақли.
Сиёсий партиянинг ваколатли вакили такрорий овоз бериш пайтида ҳам сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда ҳозир бўлиши мумкин.
11. Сиёсий партиянинг ваколатли вакили участка сайлов комиссиясининг фаолиятига, шу жумладан сайлов қутиларини муҳрлашга, очишга, овозларни санаб чиқишга аралашиши мумкин эмас.
12. Сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари шахсини тасдиқловчи ҳужжатни, сиёсий партия томонидан берилган ҳужжатни ва тегишли сайлов комиссиясининг гувоҳномаси (мандати)ни ўз ёнида олиб юриши шарт.
13. Cиёсий партиянинг ваколатли вакили участка сайлов комиссиясининг хатти-ҳаракати ва қарори устидан қонунда белгиланган тартибда шу сайлов комиссиясига ёки юқори сайлов комиссиясига ёхуд судга шикоят қилиши мумкин.
14. Cиёсий партия ваколатли вакилининг ваколат муддати сайлов якунлари тўғрисидаги ахборот матбуотда эълон қилинган кундан эътиборан тугаган ҳисобланади.
Сиёсий партиянинг ваколатли вакили тўғрисидаги
низомга 1-ИЛОВА
СИЁСИЙ ПАРТИЯ ВАКОЛАТЛИ ВАКИЛИНИНГ
ГУВОҲНОМА (МАНДАТ) НАМУНАСИ
Сиёсий партиянинг ваколатли вакили тўғрисидаги
низомга 2-ИЛОВА
СИЁСИЙ ПАРТИЯ ВАКОЛАТЛИ ВАКИЛИНИНГ
ГУВОҲНОМА (МАНДАТ) НАМУНАСИ
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 11 сентябрдаги 935-сонли
қарорига 2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг ўз кучини йўқотган деб топилаётган қарорлари
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг «Марказий сайлов комиссиясининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси сайловини ўтказиш билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари тўғрисида» 2009 йил 17 сентябрдаги 417-сон қарори 2-банди ва 2-иловаси.
2. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов ўтказиш билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида» 2014 йил 11 сентябрдаги 618-сон қарори 1-бандининг ўн биринчи хатбошиси ва 10-иловаси.