1.13.00.00.00 Таълим. Фан. Маданият / 13.01.00.00 Таълим / 13.01.72.00 (Кучини йукотган) Олий таълим (бакалавриат ва магистратура)]
[ТСЗ:
1.Ижтимоий-маданий масалалар / Таълим]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Олий маълумот тўғрисидаги бакалавр ва магистр дипломларининг давлат намуналарини тасдиқлаш тўғрисида
Олий таълим муассасалари битирувчиларига давлат таълим стандартлари асосида давлат намунасидаги бакалавр ва магистр дипломларини бериш, диплом ва унинг иловасидаги ахборот олиш имкониятларини кенгайтириш, уларни илғор хорижий амалиётда фойдаланиладиган намуналар кўринишига келтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Олий маълумот тўғрисидаги бакалавр ва магистр дипломларининг давлат намуналари ва уларнинг тавсифлари 1-иловага мувофиқ;
Олий маълумот тўғрисидаги бакалавр ва магистр дипломлари иловаларининг давлат намуналари 2-иловага мувофиқ;
Олий таълим муассасаларида бериладиган академик маълумотноманинг давлат намунаси ва тавсифи 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Белгилансинки, олий маълумот тўғрисидаги бакалавр ва магистр дипломлари ва иловаларининг давлат намуналари 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб жорий этилади.
2. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги «Давлат белгиси» давлат унитар корхонаси олий маълумот тўғрисидаги бакалавр ва магистр дипломлари ҳамда ушбу дипломлар иловалари бланкаларини Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги буюртмалари асосида муҳофазаланган махсус қоғозларда тайёрлаб берилишини таъминласин.
3. Белгилаб қўйилсинки:
олий маълумот тўғрисидаги бакалавр ва магистр дипломлари, уларнинг иловалари ҳамда академик маълумотнома бланкаларини тайёрлаш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш аниқ ҳисоб-китобларга асосан ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига ушбу мақсадлар учун назарда тутиладиган бюджет маблағлари доирасида амалга оширилади;
олий маълумот тўғрисидаги бакалавр ва магистр дипломлари, уларнинг иловалари ҳамда академик маълумотнома бланкалари компьютерда тўлдирилади ва олий таълим муассасалари битирувчиларга топшириш учун (дубликат бериш ҳолатлари бундан мустасно) текин тарқатилади.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги уч ой муддатда бакалавр ва магистр дипломларига индивидуал QR-код қўйиш тизими ҳамда унинг дастурий таъминоти ишлаб чиқилишини таъминласин.
Бунда, QR-код тизими ҳамда унинг дастурий таъминотини ишлаб чиқиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.
[ОКОЗ:
1.21.00.00.00 Ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича комплекс тусдаги ҳужжатлар / 21.03.00.00 Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари]
5. Вазирлар Маҳкамасининг «1999/2000 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига қабул тўғрисида» 1999 йил 2 июндаги 282-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
6. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари А.А. Абдухакимов ҳамда олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У. Маджидов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 19 июль,
607-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 19 июлдаги 607-сон қарорига 1-ИЛОВА
Олий маълумот тўғрисидаги бакалавр ва магистр дипломларининг давлат намуналари ва уларнинг тавсифлари
I. БАКАЛАВР ДИПЛОМИ
Олий маълумот тўғрисидаги бакалавр дипломи давлат намунасининг
ТАВСИФИ
Бакалавр дипломининг муқоваси томонлари 148х210 мм ўлчовда яхлит қопланган тўқ ҳаворанг сунъий чармдан тайёрланган кўринишга эга.
Унинг юз томонида босма нақш усулида Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва пастроқда лотин ёзувидаги ўзбек тилида BAKALAVR DIPLOMI сўзлари ёзилган.
Дипломнинг ички қисми қалин оқ қоғозда офсет босма усулида беш хил: матн қисми учун қора (С0 M0 Y0 K100) ва тўқ ҳаворанг ранг (С95 M55 Y16 K51), тасвирий элементлар учун эса ҳаворанг ранг (С31 M4 Y2 K0) ва оч ҳаворангда (С19 M3 Y1 K0) босилади.
Саҳифа марказининг оқ қисмига томонлари 80x82 мм ўлчовда бўлган ўзига хос кўринишдаги ҳаворанг бўёқда (С23 M2 Y1 K0) туширилган Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби жойлаштирилади. Унинг атрофи нақшли растрдан ташкил топган оч ҳаворангдаги (С19 M3 Y1 K0) майда миллий нақшлик фондан иборат. Саҳифанинг юқори қисмида фон устидан 20 мм энликда ҳаворанг (С31 M4 Y2 K0) ҳошия туширилган.
Дипломнинг иккала саҳифасига «OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI BAKALAVR DIPLOMI» ҳамда «REPUBLIС OF UZBEKISTAN BACНELOR'S DIPLOMA» сўзлари ва В лотин ҳарфи ва олти хоналик сондан иборат бўлган рақам тўқ ҳаворангда (С95 M55 Y16 K51) муҳрланади (босилади).
Имтиёзли дипломлар учун «OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI BAKALAVR DIPLOMI» ва «REPUBLIC OF UZBEKISTAN BACHELOR'S DIPLOMA» сўзлари пастига олтин бўёқда лотин ёзувидаги ўзбек тилида «IMTIYOZLI» ва инглиз тилида «WITH HONOURS» сўзлари ёзилган.
Ҳар бир саҳифанинг икки томонидан саккиз қиррали юлдуз ичида ярим ой ва беш қиррали юлдуз олтин рангда тасвири жойлаштирилади. Саккиз қиррали юлдузлар томонлари 10х10 мм дан иборат бўлган квадратлар туширилиши орқали ташкил этилган.
Олий маълумот тўғрисидаги магистр дипломи давлат намунасининг
ТАВСИФИ
Магистр дипломининг муқоваси томонлари 148х210 мм ўлчовда яхлит қопланган тўқ қизил сунъий чармдан тайёрланган кўринишга эга.
Унинг юз томонида босма нақш усулида Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва пастроқда лотин ёзувидаги ўзбек тилида MAGISTR DIPLOMI сўзлари ёзилган.
Дипломнинг ички қисми қалин оқ қоғозда офсет босма усулида беш хил: матн қисми учун қора (С0 M0 Y0 K100) ва тўқ кизил ранг (С15 M100 Y75 K60), тасвирий элементлар учун эса ҳаворанг ранг (С1 M12 Y18 K0) ва оч ҳаворангда (С0 M3 Y16 K0) босилади.
Саҳифа марказининг оқ қисмига томонлари 80x82 мм ўлчовда бўлган ўзига хос кўринишдаги қаймоқранг бўёқда (С1 M12 Y18 K0) туширилган Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби жойлаштирилади. Унинг атрофи нақшли растрдан ташкил топган оч қаймоқрангдаги (С0 M2 Y10 K0) майда миллий нақшлик фондан иборат. Саҳифанинг юқори қисмида фон устидан 20 мм энликда қаймоқ рангдаги (С0 M2 Y10 K0) ҳошия туширилган.
Дипломнинг иккала саҳифасига «OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI MAGISTR DIPLOMI» ҳамда «REPUBLIС OF UZBEKISTAN MASTER'S DIPLOMA» сўзлари ва M лотин ҳарфи ва олти хоналик сондан иборат бўлган рақам тўқ қизил рангда (С15 M100 Y75 K60) муҳрланади (босилади).
Ҳар бир саҳифанинг икки томонидан саккиз қиррали юлдуз ичида ярим ой ва беш қиррали юлдуз олтин рангда тасвири жойлаштирилади. Саккиз қиррали юлдузлар томонлари 10х10 мм дан иборат бўлган квадратлар туширилиши орқали ташкил этилган.
Аkademik maʼlumotnoma qatʼiy hisobotda turuvchi hujjatdir.
Uni qalbakilashtirish qonun boʻyicha javobgarlikka tortiladi.
Академик маълумотнома
ТАВСИФИ
Академик маълумотноманинг юз томонида босма нақш усулида олтин рангда Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва пастроқда лотин ёзувидаги ўзбек тилида «АKADEMIK MAʼLUMOTNOMA» сўзлари ёзилган.