1.09.00.00.00 Тадбиркорлик ва хўжалик фаолияти / 09.15.00.00 Транспорт / 09.15.13.00 Аварияга қарши кураш. Йўл ҳаракати хавфсизлиги. Техник кўрик (шунингдек, 16.04.02.00га қаранг)]
[ТСЗ:
1.Иқтисодиёт / Транспорт. Йўл хўжалиги. Ҳаракат ва парвозлар хавфсизлиги]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 15 декабрдаги 791-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Йўл ҳаракати барча иштирокчиларининг хавфсиз ҳаракатланиши учун зарур шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Йўл ҳаракати иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг «Йўл ҳаракати қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2019 йил 9 апрелдаги 292-сон қарори билан куннинг ёруғ вақтида барча автомототранспорт воситалари яқинни ёритувчи чироқларини ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб ҳаракатланиши шарт қилиб белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
3. 2020 йил 1 январдан шундай тартиб жорий этилсинки, унга мувофиқ:
мамлакатда ишлаб чиқариладиган барча автомототранспорт воситалари ички бозорга ишлаб чиқарувчи томонидан автоматик ёниб турувчи кундузги сигнал чироқлари билан жиҳозланган ҳолда чиқарилади;
республикага чет элдан импорт қилинадиган автомототранспорт воситаларида кундузги сигнал чироқларининг мавжудлиги сертификациядан ўтказиш учун мажбурий техник талаб сифатида белгиланади.
4. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги «Ўзстандарт» агентлиги, «Ўзавтосаноат» акциядорлик жамияти билан биргаликда икки ой муддатда Муомалага чиқарилаётган ғилдиракли транспорт воситаларининг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентни мазкур қарор талабларидан келиб чиқиб такомиллаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари билан ҳамкорликда бир ой муддатда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига куннинг ёруғ вақтида автомототранспорт воситаларининг яқинни ёритувчи чироқларини ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб ҳаракатланмаганлиги учун жавобгарликни енгиллаштиришни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — транспорт вазири А.Ж. Раматов ва Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П.Р. Бобожонов зиммасига юклансин.