Меҳмонхона хўжалиги фаолиятини янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида
LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 30 декабрдаги ПҚ-471-сонли «Ўзбекистон Республикасининг «2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонуни ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан 2023 йил 1 январдан ўз кучини йўқотади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Туризм тармоғини жадал ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 5 январдаги ПҚ-4095-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Инвесторларга янги меҳмонхона қуриш ва уни жиҳозлаш учун субсидия ажратиш ҳамда ташкилотларни франчайзинг тўғрисидаги шартнома асосида қисман молиялаштириш учун Давлат бюджетидан маблағ ажратиш тартиби ҳақидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари А.А. Абдухакимов ва Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг раиси вазифасини вақтинча бажарувчи А.У. Аққулов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 27 май,
433-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 майдаги 433-сон қарорига ИЛОВА
Инвесторларга янги меҳмонхона қуриш ва уни жиҳозлаш учун субсидия ажратиш ҳамда ташкилотларни франчайзинг тўғрисидаги шартнома асосида қисман молиялаштириш учун Давлат бюджетидан маблағ ажратиш тартиби ҳақидаги
Низом
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом янги меҳмонхона ва бошқа жойлаштириш воситаларини (кейинги ўринларда меҳмонхоналар деб аталади) қуриб, 2019 йил 5 январдан бошлаб 2022 йил 1 январга қадар фойдаланишга топширган тадбиркорлик субъектига (кейинги ўринларда инвестор деб аталади) ушбу меҳмонхонани қуриш ва жиҳозлаш харажатларининг бир қисмини қоплаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан (кейинги ўринларда Давлат бюджети деб аталади) маблағ ажратиш, шунингдек, 2019 йил 5 январдан бошлаб таниқли ва нуфузли меҳмонхона брендларидан фойдаланиш бўйича франчайзинг тўғрисида шартнома тузган Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган тадбиркорлик субъектларини (кейинги ўринларда ташкилотлар деб аталади) қисман молиялаштириш тартибини белгилайди.
субсидия — инвесторларга меҳмонхона қуриш ва уни жиҳозлаш харажатларининг бир қисмини қоплаш мақсадида Давлат бюджети ҳисобидан ажратиладиган маблағлар.
3. Инвесторларга янги қурилган меҳмонхонаси 3 юлдузли тоифага ва 50 та хонадан кам бўлмаган хоналар фондига эга ёки 4 юлдузли тоифага ва 100 та хонадан кам бўлмаган хоналар фондига эга бўлганда субсидия ажратилади.
Бунда янги қурилган меҳмонхона 2022 йил 1 январга қадар фойдаланишга топширилиши лозим.
Инвесторларга субсидия ажратиш 2019 йил 5 январдан бошлаб, қўшимча равишда янги ташкил этилаётган меҳмонхоналарнинг хоналари фонди 50 мингтага етгунига қадар амал қилади.
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси (кейинги ўринларда Қўмита деб аталади) ҳар чорак якуни билан қўшимча равишда янги ташкил этилаётган меҳмонхонанинг хоналари ҳисобини юритади ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этади.
4. Ташкилотлар дунёнинг таниқли ва нуфузли меҳмонхона брендларидан фойдаланиш бўйича франчайзинг тўғрисидаги шартнома кучга кирган вақтдан бошлаб, уч йил мобайнида ҳар йили бир маротаба Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қисман молиялаштирилади (кейинги ўринларда қисман молиялаштириш деб аталади).
Бунда франчайзинг тўғрисидаги шартномалар 2019 йил 5 январдан сўнг кучга кирган бўлиши лозим.
Ташкилотларни қисман молиялаштиришнинг умумий ҳажми кўпи билан 10 миллион АҚШ доллари эквивалентига тенг бўлади.
5. Инвесторлар субсидия олиши ва ташкилотлар қисман молиялаштирилиши учун ҳужжатларни топшириш санасига қуйидаги талабларга жавоб бериши зарур:
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексида назарда тутилган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарзи бўлмаган;
Давлат бюджетидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари асосида молиявий таъминот ва харажатларни қоплаш (мазкур Низом асосида ажратилган Давлат бюджети маблағлари ҳисобга олинмайди) мақсадларига маблағ жалб қилмаган.
6. Инвесторларни субсидиялаш ва ташкилотларни қисман молиялаштириш ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.
2-боб. Инвесторларга субсидия ажратиш тартиби
7. Инвесторларга субсидия 1 маротаба ажратилиб, унинг миқдори келгуси йил учун Давлат бюджети параметрларини тасдиқлаш жараёнида ушбу миқдорни ҳар йили индексация қилган ҳолда:
3 юлдузли тоифага эга меҳмонхоналардаги ҳар бир хона учун 40 миллион сўмни;
4 юлдузли тоифага эга меҳмонхоналардаги ҳар бир хона учун 65 миллион сўмни ташкил этади.
8. Инвесторлар субсидия ажратилиши учун Қўмитага ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шаклда субсидия олиш тўғрисида ариза (кейинги ўринларда ариза деб аталади) билан мурожаат қилади.
10. Ушбу Низомнинг 9-бандига мувофиқ тақдим этилиши белгиланган мувофиқлик сертификатини инвестор томонидан олинишида ушбу жараёнга хизматлар соҳасидаги хорижий «Катта тўртлик» компанияларини жалб этиш (кейинги ўринларда хорижий компания деб аталади) сертификатлаштиришнинг мажбурий шарти ҳисобланади.
12. Аризани ўрганиб чиқишда қўшимча ўрганишлар ўтказиш талаб этилса, Қўмита ариза берувчини ёзма шаклда ёки электрон ахборот тизими орқали хабардор қилади ҳамда аризани ўрганиб чиқишни қўшимча 10 иш кунига узайтириши мумкин.
13. Қўмита аризани ўрганиб чиқиб, бир иш кунида субсидия бериш ёки субсидия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади ва ушбу қарор нусхасини ариза берувчига қарор қабул қилинган куни юборади.
Ариза берувчига субсидия бериш тўғрисидаги қарорда субсидия миқдори, даври, меҳмонхона номи, юлдуз тоифаси ва хоналар фонди, жойлашган жойи (почта манзили) ва унинг кадастр рақами, субсидия олаётган инвестор -юридик шахс номи ва СТИР рақами, тижорат банкидаги ҳисобрақами кўрсатилади.
Мазкур қарор нусхаси қарор қабул қилинган кундан бошлаб, бир иш кунида Қўмита томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига (кейинги ўринларда Молия вазирлиги деб аталади) юборилади.
14. Ариза берувчига субсидия бериш рад этилган тақдирда, субсидия беришни рад этиш учун асос бўлган сабаблар аниқ кўрсатиб ўтилган субсидия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор аризачига ушбу қарор қабул қилинган кундан бошлаб бир иш кунида юборилади.
Ариза берувчи қарорни олган кундан бошлаб, кўпи билан икки ой давомида кўрсатиб ўтилган камчиликларни бартараф этиши ва уларнинг бартараф этилганини тасдиқловчи тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда, Қўмитага такроран ариза билан мурожаат қилиши мумкин.
Бунда янги асослар бўйича субсидия беришни рад этиш мумкин эмас.
17. Ушбу Низомнинг 14-банди 2-хатбошисида кўрсатилган муддат тугагандан кейин тақдим қилинган ариза янгидан берилган деб ҳисобланади.
3-боб. Ташкилотларни қисман молиялаштириш тартиби
18. Ташкилотларни қисман молиялаштириш қуйидаги ҳажмда амалга оширилади:
3 юлдузли тоифага эга бўлган дастлабки 50 та меҳмонхона — ҳар бир меҳмонхонанинг битта хонаси учун йиллик 200 АҚШ доллари эквивалентида;
4 юлдузли тоифага эга бўлган дастлабки 30 та меҳмонхона — ҳар бир меҳмонхонанинг битта хонаси учун йиллик 400 АҚШ доллари эквивалентида.
19. Ташкилотларни қисман молиялаштириш франчайзинг тўғрисидаги шартнома «Brand Finance» компаниясининг (ушбу компания ўз фаолиятини якунлаган тақдирда Туризмни ривожлантириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш (кейинги ўринларда Кенгаш деб аталади) томонидан бошқа рейтинг агентлиги танланади) топ-50 рейтингига кирувчи (ҳужжатларни топширишдан аввал уч йил давомида камида бир маротаба кирган бўлиши лозим) ҳамда Кенгаш томонидан шакллантириладиган рўйхат асосида меҳмонхоналар билан тузилганда амалга оширилади.
«Brand Finance» компаниясининг топ-50 рейтингига кирувчи меҳмонхона билан франчайзинг тўғрисида шартнома тузилгандан сўнг ушбу меҳмонхона топ-50 рейтинг рўйхатидан чиқарилган тақдирда, франчайзинг шартнома ўз кучини йўқотмаган бўлса ҳам, топ-50 рейтинг рўйхатидан чиқарилгани эълон қилинган йилдан кейинги йил учун қисман молиялаштириш давом эттирилиши тўхтатилади.
20. Ташкилотлар қисман молиялаштирилиши учун Қўмитага ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ шаклдаги франчайзинг тўғрисидаги шартнома бўйича қисман молиялаштириш учун ариза (кейинги ўринларда франчайзинг бўйича ариза деб аталади) билан мурожаат қилади.
21. Франчайзинг бўйича аризага қуйидагилар илова қилинади:
ариза берувчининг — юридик шахс бўлган Ўзбекистон Республикаси резидентининг номи, жойлашган жойи (почта манзили) ва СТИР рақами ва тижорат банкидаги ҳисобрақами реквизитлари;
франчайзинг тўғрисида тузилган шартнома нусхаси;
Қўмита ҳузуридаги «Туризм хизматларини сертификатлаш маркази» ДУК томонидан тақдим этилган 3 ёки 4 юлдузли меҳмонхона тоифаси кўрсатилган мувофиқлик сертификатининг нусхаси.
23. Аризани ўрганиб чиқишда қўшимча ўрганишлар ўтказиш талаб этилса, Қўмита ариза берувчини ёзма шаклда ёки электрон ахборот тизими орқали хабардор қилади ҳамда аризани ўрганиб чиқишни қўшимча 10 иш кунига узайтириши мумкин.
24. Қўмита франчайзинг бўйича аризани ўрганиб чиқиб, бир иш кунида қисман молиялаштириш ёки қисман молиялаштиришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади ва ушбу қарор нусхасини франчайзинг бўйича ариза берувчига қарор қабул қилинган куни юборади.
Қисман молиялаштириш тўғрисидаги қарорда молиялаштириш миқдори, даври, меҳмонхона номи, франчайзинг тўғрисидаги шартномага мувофиқ хорижий меҳмонхона бренди номи, юлдуз тоифаси ва хоналар фонди, жойлашган жойи (почта манзили) ва молиялаштирилаётган ташкилот — юридик шахс номи ва СТИР рақами, тижорат банкдаги ҳисобрақами кўрсатилади.
Мазкур қарор нусхаси қарор қабул қилинган кундан бошлаб, бир иш кунида Молия вазирлигига юборилади.
25. Қисман молиялаштириш рад этилган тақдирда, қисман молиялаштиришни рад этиш учун асос бўлган сабаблар аниқ кўрсатиб ўтилган қисман молиялаштиришни рад этиш тўғрисидаги қарор франчайзинг бўйича ариза берувчига ушбу қарор қабул қилинган кундан бошлаб бир иш кунида юборилади.
Франчайзинг бўйича ариза берувчи қарорни олган кундан бошлаб, кўпи билан икки ой давомида кўрсатиб ўтилган камчиликларни бартараф этиши ва уларнинг бартараф этилганини тасдиқловчи тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда, Қўмитага такроран ариза билан мурожаат қилиши мумкин.
Бунда янги асослар бўйича қисман молиялаштиришни рад этиш мумкин эмас.
28. Ушбу Низомнинг 25-банди 2-хатбошисида кўрсатилган муддат тугагандан кейин тақдим қилинган франчайзинг бўйича ариза янгидан берилган деб ҳисобланади.
4-боб. Давлат бюджетидан субсидия ажратиш ва қисман молиялаштириш тартиби
29. Инвесторларга фойдаланишга топширилган меҳмонхоналар учун қуриш ва жиҳозлаш харажатларининг бир қисмини қоплаш ҳамда таниқли ва нуфузли меҳмонхона брендларидан фойдаланиш бўйича франчайзинг шартномасини қисман тўлаш учун маблағлар 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг қўшимча маблағлари ва 2020-2021 йилларда эса Давлат бюджети параметрларида назарда тутиладиган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.
30. Инвесторларга субсидия ажратиш ёки ташкилотларга франчайзинг тўғрисидаги шартнома бўйича қисман молиялаштириш учун Қўмита Молия вазирлигига инвестор ва ташкилотлар тўғрисидаги маълумотлар ва ажратилаётган маблағлар ҳисоб-китоби акс эттирилган буюртманомани тақдим этади.
31. Молия вазирлиги Қўмита томонидан тақдим этилган буюртманомани уч иш кунида кўриб чиқади ва тегишли маблағларни Қўмитанинг шахсий ғазна ҳисобварақларига ўтказади.
Бунда инвесторларга субсидия ажратиш ёки ташкилотларга франчайзинг тўғрисидаги шартнома бўйича қисман молиялаштириш учун Молия вазирлиги томонидан Қўмитага белгиланган тартибда шахсий ғазна ҳисобварақлари очилади.
32. Маблағлар келиб тушганидан сўнг уларни Қўмита беш иш кунида инвестор ва ташкилотларнинг уларга хизмат кўрсатувчи тижорат банклардаги ҳисобрақамларига маблағларни ўтказиб беради.
33. Молиявий йил якуни билан мазкур шахсий ғазна ҳисобварақларида фойдаланилмай қолган бюджет маблағлари Ўзбекистон Республикаси Республика бюджетига қайтарилади.
5-боб. Якунловчи қоидалар
34. Субсидия бериш ёки қисман молиялаштириш учун Давлат бюджетидан маблағ ажратилган ташкилотлар рўйхати (реестри) Қўмитанинг веб-сайтига жойлаштирилади.
Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар ва қўшимча равишда ташкил этилаётган хоналар сони тўғрисидаги маълумот ҳар ой якуни бўйича янгиланиб борилади ҳамда йиллар ва ташкилотлар кесимида акс эттирилади.
35. Субсидия олиш ёки франчайзинг тўғрисидаги шартнома бўйича қисман молиялаштирилиши мақсадида тақдим этилган маълумотлар ва ҳужжатларнинг тўғрилигига тегишли инвесторлар ва ташкилотлар масъул ҳисобланади.
36. Қўмита субсидия бериш ҳамда қисман молиялаштириш ишларини ташкил этиш, мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш, Давлат бюджетидан ажратилган маблағларнинг инвесторлар ва ташкилотларга етказилиши юзасидан масъул ҳисобланади.
37. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан маблағларнинг ажратилиши ва инвесторларга етказилишини Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати департаменти назорат қилади.
38. 3 ёки 4 юлдузли тоифага эга бўлган меҳмонхона учун субсидия ажратилган даврдан бошлаб 5 йилдан кам бўлмаган муддатда меҳмонхонанинг камида ушбу тоифага эгалиги таъминланиши лозим, акс ҳолда ажратилган субсидия Давлат бюджетига қайтарилади.
Мазкур банднинг 1-хатбошисида келтирилган талабга инвестор томонидан риоя этилиш устидан мониторинг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати департаменти ва Қўмита томонидан амалга оширилади. Ушбу талаб таъминланмаган ҳолатда Қўмита томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати департаментига тақдимнома киритилади ва мазкур департаменти томонидан эса ажратилган субсидия белгиланган тартибда инвестордан Давлат бюджетига қайтарилади.
Бунда меҳмонхона 4 юлдузли тоифадан 3 юлдузли тоифага ўтганда, инвестор ажратилган субсидияни тўлиқ эмас, балки икки тоифа учун белгиланган маблағлар ўртасидаги фарқни Давлат бюджетига қайтаради.
39. Дунёнинг таниқли ва нуфузли меҳмонхона брендларидан фойдаланиш бўйича тузилган шартномаларининг амал қилиниши устидан мониторинг Қўмита томонидан амалга оширилади.
Франчайзинг тўғрисидаги шартнома бекор қилинган вақтдан бошлаб Давлат бюджетидан қисман молиялаштириш тўхтатилади.
40. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
Инвесторларга янги меҳмонхона қуриш ва уни жиҳозлаш учун субсидия ажратиш ҳамда ташкилотларни франчайзинг тўғрисидаги шартнома асосида қисман молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан маблағ ажратиш тартиби ҳақидаги Низомга 1-ИЛОВА
Инвесторларга Давлат бюджети ҳисобидан субсидия ажратиш ва ташкилотларни қисман молиялаштириш
СХЕМАСИ
Субъектлар
Тадбирлар
Бажариш муддати
Инвестор/ташкилот
Ушбу Низомда назарда тутилган ҳужжатларни тайёрлаш ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига субсидия олиш тўғрисида ёки/ва франчайзинг тўғрисидаги шартнома бўйича қисман молиялаштириш учун ариза билан мурожаат этиш.
Аризачининг хоҳишига кўра
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси
Аризани ўрганиб чиқиш.
10 иш кунида, қўшимча ўрганишни талаб этган ҳолатларда — 20 иш кунида
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси
Субсидия бериш ёки рад этиш/Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қисман молиялаштириш ёки молиялаштиришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш ва аризачига юбориш.
1 иш кунида
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси
Субсидия бериш ёки рад этиш/Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қисман молиялаштириш ёки молиялаштиришни рад этиш тўғрисидаги қарор нусхасини Молия вазирлигига тақдим этиш.
1 иш кунида
Инвестор/ташкилот
Субсидия беришни рад этиш/Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қисман молиялаштиришни рад этиш тўғрисидаги қарорни олганда, қарорда кўрсатиб ўтилган камчиликларни бартараф этиш ва уларнинг бартараф этилганини тасдиқловчи тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига такроран ариза билан мурожаат қилиш.
2 ойдан кўп эмас
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси
Ариза такроран тақдим этилганда, уни қайта кўриб чиқиш.
5 иш кунида
Молия вазирлиги
Буюртманомани кўриб чиқиш ва тегишли маблағларни Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг шахсий ғазна ҳисобварақаларига ўтказиш.
Инвесторларга янги меҳмонхона қуриш ва уни жиҳозлаш учун субсидия ажратиш ҳамда ташкилотларни франчайзинг тўғрисидаги шартнома асосида қисман молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан маблағ ажратиш тартиби ҳақидаги Низомга 2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига
Инвесторларга янги меҳмонхона қуриш ва уни жиҳозлаш учун субсидия ажратиш ҳамда ташкилотларни франчайзинг тўғрисидаги шартнома асосида қисман молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан маблағ ажратиш тартиби ҳақидаги Низомга 3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига
Франчайзинг тўғрисидаги шартнома бўйича қисман молиялаштириш учун АРИЗА
меҳмонхона Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан франчайзинг тўғрисидаги шартнома бўйича қисман молиялаштирилишини сўрайман.
Франчайзинг тўғрисидаги шартнома бўйича жалб этилган меҳмонхона бренди номи ва шартнома рақами, санаси: ___________________________________________________________________________________________