toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ОЛМАЛИҚ КОН-МЕТАЛЛУРГИЯ КОМБИНАТИНИ АКЦИОНЕРЛИК ЖАМИЯТИГА АЙЛАНТИРИШ ТЎҒРИСИДА
[Кўчирма]
Рангли металлар қазиб олиш ва қайта ишлаш ишлаб чиқаришини бошқаришни такомиллаштириш ҳамда уни ривожлантиришга хорижий инвестицияларни жалб этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ва Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг 1997 йилда Олмалиқ кон-металлургия комбинатини очиқ турдаги акционерлик жамияти («Олмалиқ КМК» АЖ)га айлантириш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси:
Олмалиқ КМК билан биргаликда, «Ўзсаноатконтехназорат» давлат қўмитаси ва Давлат геология қўмитасини жалб этган ҳолда, икки ой муддатда мол-мулкни баҳоласин, ташкил этиладиган акционерлик жамиятининг устав жамғармасини белгиласин;
Тожикистон Республикасининг тегишли органлари билан биргаликда Олтинтопган руда бошқармаси балансида бўлган асосий фондлардан фойдаланиш механизмини белгиласин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(3 ва 4-бандлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 15 июндаги 251-сон қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган)
5. Белгилаб қўйилсинки:
а) «Олмалиқ КМК» АЖ:
юридик шахс ҳамда Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг ҳуқуқий вориси ҳисобланади. Олмалиқ КМК томонидан илгари тузилган барча шартномалар ва олинган мажбуриятлар бўйича жавоб беради;
ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилиги ва жамият Устави асосида амалга оширади;
в) Олмалиқ КМК акциялари хорижий инвесторларга фақат эркин алмаштириладиган валютага сотилади;
г) акцияларни сотишдан тушган эркин алмаштириладиган валюта маблағларининг 50 фоизи ишлаб чиқаришни ривожлантириш, техник қайта жиҳозлаш ва реконструкция қилишга мақсадли фойдаланиш учун акционерлик жамиятига берилади.
Акцияларни сотишдан тушган қолган эркин алмаштириладиган ва миллий валютадаги маблағлар Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 31 декабрдаги 469-сон қарори билан белгиланган тартибга мувофиқ тақсимланади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(6-анд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 1 июндаги 108-сон қарори билан ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2007 й., 23-сон, 236-модда)
7. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитасининг «Олмалиқ КМК» АЖ акцияларининг 40 фоизини хорижий инвесторларга сотиш юзасидан халқаро тендер (инвестиция танлови) ўтказиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(8-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 19 сентябрдаги 359-сон қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган)
9. «Ўзистиқболстат» давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси, Хорижий сармоялар бўйича агентлик, «Ўзсаноатконтехназорат» давлат қўмитаси, Давлат геология қўмитаси бошқа манфаатдор вазирликлар, идоралар иштирокида бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига 1997—2007 йилларда Олмалиқ кон-металлургия комбинатини реконструкция қилиш ва техник қайта жиҳозлаш бўйича инвестиция дастурини киритсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат мулки қўмитаси, Олмалиқ КМК Тошкент ва Жиззах вилоятлари ҳокимликлари билан биргаликда бир ой муддатда уй-жой коммунал хўжалик ва ижтимоий маданий объектларини «Олмалиқ КМК» АЖ балансидан Тошкент ва Жиззах вилоятлари ҳокимликлари балансларига босқичма-босқич ўтказиш тартиби ва муддатларини белгиласинлар.
12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ў.Т. Султонов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1997 йил 10 февраль,
71-сон