1.10.00.00.00 Ташқи иқтисодий фаолият. Божхона иши / 10.03.00.00 Тарифсиз тартибга солиш / 10.03.05.00 Экспорт назорати]
[ТСЗ:
1.Ташқи иқтисодий фаолият. Божхона / Божхонага оид қонун ҳужжатлари]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали чарм ва мўйна хом ашёсини олиб чиқишни мониторинг қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 1 июлдаги ПҚ-250-сонли «Чарм-пойабзал саноатида тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ҳамда экспорт салоҳиятини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2019 йил 6 мартдаги ПФ-5684-сон Фармони ҳамда «Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларини ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини оширишни янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 3 майдаги ПҚ-3693-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали чарм ва мўйна хом ашёсини олиб чиқишни мониторинг қилиш тартиби тўғрисида низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Вазирликлар ва идоралар бир ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
3. Ушбу қарор 2019 йил 1 майдан эътиборан кучга киради.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари Э.М.Ганиев ва «Ўзчармсаноат» уюшмаси раиси в.б. Ф.А. Бобоев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 12 апрель,
303-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 12 апрелдаги 303-сон қарорига ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали чарм ва мўйна хом ашёсини олиб чиқишни мониторинг қилиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали чарм ва мўйна хом ашёсини олиб чиқишни мониторинг қилиш тартибини белгилайди.
2. Мазкур Низомнинг амал қилиши Давлат божхона қўмитаси, «Ўзчармсаноат» уюшмаси (кейинги ўринларда Уюшма деб аталади) ҳамда чарм ва мўйна хом ашёсини экспорт қилувчи ташкилотларнинг (кейинги ўринларда экспортчи ташкилотлар деб аталади) чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларидаги фаолиятига нисбатан татбиқ этилади.
3. Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали чарм ва мўйна хом ашёсини олиб чиқишни мониторинг қилиш ушбу Низомга 1-иловадаги схема бўйича амалга оширилади.
4. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
«вет блю» — ошланган ярим тайёр чарм;
чарм ва мўйна хом ашёси — ТИФ ТН бўйича 4101 — 4107, 4112 00 000 0 — 4114, 4301 — 4302 кодлари билан таснифланувчи маҳсулотлар.
2-боб. Мониторингни амалга ошириш тартиби
5. Чарм ва мўйна хом ашёсининг экспорт ҳажми Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати қарорлари билан белгиланган ҳажмларга мувофиқлиги юзасидан Уюшма томонидан экспортчи ташкилотларнинг экспорт контрактлари мониторингдан ўтказилади.
6. Экспортчи ташкилотлар экспорт контрактлари мониторингини амалга ошириш учун Уюшмага қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:
экспорт контрактининг асли;
экспорт контрактига нарх калькуляцияси;
Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали «вет блю» (ТИФ ТН бўйича 4104, 4105, 4106 21 000 0 кодлари) хом ашёсини олиб чиқиш учун экспорт қилинадиган маҳсулот қийматининг 5 фоизи миқдорида Уюшманинг Чарм-пойабзал соҳасини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармасига тўланган йиғим бўйича тўлов ҳужжати нусхаси.
7. Экспортчи ташкилотлар томонидан тақдим қилинган экспорт контрактлари Уюшма томонидан икки иш куни муддатида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати қарорлари билан белгиланган ҳажмларга мувофиқлиги бўйича мониторингдан ўтказилади.
8. Экспорт контрактлари мониторингини амалга оширишда бозор конъюнктурасини ва ишлаб чиқариш харажатларини таҳлил қилиш жараёнида контрактда кўрсатилган нархларнинг нисбатан пастлиги юзасидан асосли шубҳа пайдо бўлганида Уюшма чарм ва мўйна хом ашёсининг ўртача нархлари тўғрисида экспортчи ташкилотга тавсиявий хулоса беради.
9. Экспортчи ташкилотлар томонидан тақдим қилинган экспорт контрактлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати қарорлари билан белгиланган ҳажмларга мувофиқ бўлган ҳолларда Уюшма ушбу экспортчи ташкилотлар ва контрактлар бўйича уч иш куни муддатида Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасига ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шаклда маълумотнома беради.
10. Экспортчи ташкилотлар томонидан тақдим қилинган экспорт контрактлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати қарорлари билан белгиланган ҳажмларга мувофиқ бўлмаган ҳолларда барча ҳужжатлар камчиликлари кўрсатилган ҳолда икки иш куни муддатида Уюшма томонидан экспортчи ташкилотга қайтарилади.
11. Экспортчи ташкилот томонидан Уюшмага мониторинг учун тақдим қилинган ҳужжатларнинг асл нусхалари экспортчи ташкилотга қайтарилади, ҳужжатлар нусхалари Уюшмада сақлаш учун қолдирилади.
3-боб. Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали чарм ва мўйна хом ашёсини олиб чиқишни назорат қилиш тартиби
12. Чарм ва мўйна хом ашёси экспортининг божхона назорати Уюшма томонидан экспортчи ташкилот тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасига тақдим қилинган маълумотнома асосида амалга оширилади.
13. Уюшма Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасига тақдим қилинган маълумотномалар асосида Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали чарм ва мўйна хом ашёсини олиб чиқиш (экспорт) мониторинги ва ҳисобини юритади.
14. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ҳар ой якуни билан, кейинги ойнинг 5-санасига қадар Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали олиб чиқилган чарм ва мўйна хом ашёси тўғрисидаги экспортчи ташкилотлар кесимидаги маълумотларни Уюшмага тақдим этиб боради.
15. Экспортчи ташкилотлар экспорт контрактларини қонун ҳужжатларига мувофиқ тўғри тузилиши, Уюшмага мониторинг учун мазкур Низомга мувофиқ тақдим қилинган ҳужжатлардаги маълумотларнинг тўғрилиги, чарм ва мўйна хом ашёси экспорт нархларининг тўғри шакллантирилиши, божхона чегараси орқали олиб чиқилаётган чарм ва мўйна хом ашёсининг мазкур Низомнинг 4-бандида кўрсатилган ТИФ ТН кодларига тўғри келиши бўйича жавобгардирлар.
Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали чарм ва мўйна хом ашёсини олиб чиқишни мониторинг қилиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали чарм ва мўйна хом ашёсини олиб чиқишни мониторинг қилиш
СХЕМАСИ
Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали чарм ва мўйна хом ашёсини олиб чиқишни мониторинг қилиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
_______-сон
20 ___ йил «___» ________________
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси*
_____________________________________________________________________________________________нинг (ташкилот номи) ___________________________________________________________________________________ кодлари бўйича (ТИФ ТН кодлари) _______________________________________________________________________________________ миқдорида (ҳажми ва суммаси) (ҳар бир ТИФ ТН коди бўйича алоҳида кўрсатилади)
чарм ва мўйна хом ашёсини экспорт қилиш бўйича 20___ йил «___» __________ даги _____-сонли контракти «Ўзчармсаноат» уюшмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали чарм ва мўйна хом ашёсини олиб чиқишни мониторинг қилиш тартиби тўғрисида низомга мувофиқ мониторингдан ўтказилди.
«Ўзчармсаноат» уюшмаси
___________________________________ (Ф.И.О.)
М.Ў
_______________________ (имзо)
_______________________ (лавозими)
* «Ўзчармсаноат» уюшмасининг расмий бланкасида расмийлаштирилади.
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 13.04.2019 й., 09/19/303/2930-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон; 08.10.2024 й., 09/24/642/0786-сон)