1.09.00.00.00 Тадбиркорлик ва хўжалик фаолияти / 09.01.00.00 Тадбиркорлик тўғрисидаги қонунчилик / 09.01.01.00 Умумий масалалар;
2.09.00.00.00 Тадбиркорлик ва хўжалик фаолияти / 09.01.00.00 Тадбиркорлик тўғрисидаги қонунчилик / 09.01.03.00 Якка тартибдаги тадбиркорлик;
3.09.00.00.00 Тадбиркорлик ва хўжалик фаолияти / 09.01.00.00 Тадбиркорлик тўғрисидаги қонунчилик / 09.01.04.00 Кичик ва хусусий тадбиркорлик. Оилавий тадбиркорлик;
4.09.00.00.00 Тадбиркорлик ва хўжалик фаолияти / 09.01.00.00 Тадбиркорлик тўғрисидаги қонунчилик / 09.01.09.00 Тадбиркорларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш]
[ТСЗ:
1.Фуқаролик қонунчилиги. Тадбиркорлик / Тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ХУСУСИЙ ТАДБИРКОРЛИКДА ТАШАББУС КЎРСАТИШ ВА УНИ РАҒБАТЛАНТИРИШ БЎЙИЧА КЕЧИКТИРИБ БЎЛМАЙДИГАН ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎFРИСИДА
LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 21 июлдаги 346-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Хусусий тадбиркорликда ташаббус кўрсатиш ва уни рағбатлантириш тўғрисида» 1995 йил 5 январдаги ПФ-1030-сон Фармонини бажариш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонининг қоидаларини амалга ошириш бўйича тадбирлар режаси 1-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* 1-илова берилмайди.
2. Ўзбекистон Республикасида хусусий тадбиркорлик тўғрисидаги Низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Республиканинг тижорат банкларига хусусий тадбиркорлик тузилмаларига уларнинг аризалари ва рўйхатдан ўтказилганлик тўғрисидаги гувоҳномалари асосида уч кун муддатда ҳисоб-китоб счётларини очиш тавсия этилсин.
4. «Ўзулгуржибиржасавдо» уюшмаси вазирликлар, идоралар, концернлар, уюшмалар ва корпорациялар билан биргаликда товар ишлаб чиқарувчи тадбиркорларга уларнинг буюртманомаларига биноан республика корхоналари томонидан ишлаб чиқарилаётган хом ашё ва материалларни одатда доимий фаолият кўрсатувчи ярмарка, Республика товар-хом ашё биржаси ҳамда «Ўзулгуржибиржасавдо» уюшмасининг бошқа улгуржи-воситачилик тузилмалари орқали шартномавий асосда сотилишини таъминласин.
5. Ўзбекистон Республикасининг вакил қилинган банкларига контрактлар, товарлар, хизматлар учун тўловларга норезидентлардан нақд муомаладаги валютани қабул қилишларига рухсат этилсин.
6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимлари кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришга кўмаклашувчи жамғарманинг ҳудудий бўлимларини шакллантиришда, ижарага бериш ёки сотиш йўли билан зарур хоналар ажратилишига ҳамда уларнинг унумли ишлаши учун тегишли шарт-шароитлар яратишда ҳар томонлама кўмаклашсинлар.
7. Тошкент шаҳар ҳокимлиги (Тўлаганов) Республика кўчмас мулк ва фонд биржаларини жойлаштириш учун Правда Востока кўчаси, 10-уйда жойлашган собиқ Свердлов номидаги концерт зали биносини ажратсин.
Давлат мулки қўмитаси (Fофуров), «Ўзсувқурилиш» давлат концерни (Ракитин) кўрсатиб ўтилган бинони реконструкция қилишни ниҳоясига етказсинлар.
8. Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 26 февралдаги 85-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида хусусий тадбиркорлик тўғрисидаги Низом ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тегишли ўринбосарларига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1995 йил 14 февраль,
55-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 14 февралдаги 55-сон қарорига 2-ИЛОВА
[ОКОЗ:
1.03.00.00.00 Фуқаролик қонунчилиги / 03.03.00.00 Юридик шахслар / 03.03.07.00 Унитар корхона / 03.03.07.03 Хусусий корхона;
2.09.00.00.00 Тадбиркорлик ва хўжалик фаолияти / 09.01.00.00 Тадбиркорлик тўғрисидаги қонунчилик / 09.01.03.00 Якка тартибдаги тадбиркорлик;
3.09.00.00.00 Тадбиркорлик ва хўжалик фаолияти / 09.01.00.00 Тадбиркорлик тўғрисидаги қонунчилик / 09.01.04.00 Кичик ва хусусий тадбиркорлик. Оилавий тадбиркорлик]
Ўзбекистон Республикасида хусусий тадбиркорлик тўғрисида
низом
I. Умумий қоидалар
1. Хусусий тадбиркорлик — бу фуқаролар (алоҳида фуқаро) томонидан ўзларининг таваккалчиликлари ва мулкий жавобгарликлари остида, шахсий даромад (фойда) олиш мақсадида амалдаги қонунчилик доирасида амалга ошириладиган ташаббускор хўжалик фаолиятидир.
Фаолиятни ёлланма меҳнатни жалб қилган ҳолда амалга ошираётган хусусий тадбиркор юридик шахс сифатида иш кўради ва корхонани рўйхатдан ўтказишга мажбурдир.
(1-банднинг учинчи хатбоши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 15 сентябрдаги 361-сонли қарори таҳририда)
2. Хусусий тадбиркорнинг мулки давлат, кооператив ёки бошқа корхонанинг барча мулки ёки унинг бир қисми фуқаро мулкига ўтиши ёки у томонидан харид қилиниши, ижарадаги мулк сотиб олиниши ёки у қонунда назарда тутилган бошқача усулларда қўлга киритилиши асосида юзага келади.
Мазкур Низомнинг амал қилиши хорижий фуқаролар иштирокидаги хусусий корхоналарни ташкил этиш, уларнинг фаолият кўрсатиши ва уларни тугатишнинг ҳуқуқий ва иқтисодий асосларига жорий қилинмайди.
4. Қорақалпоғистон Республикасида хусусий корхонанинг ташкил этилиши, фаолият кўрсатиши ва тугатилишининг хусусий, иқтисодий ҳамда ижтимоий асослари, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси қонунчилиги билан тартибга солинади.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 15 сентябрдаги 361-сонли қарори таҳририда)
II. Хусусий корхонани ташкил этиш ва рўйхатидан ўтказиш тартиби
5. Хусусий корхоналар юридик шахс ҳисобланадилар, мустақил балансга, муҳрга, ҳисоб-китоб счётига эга бўладилар.
6. Хусусий корхона ўзи жойлашган жойдаги туманлар, шаҳарлар ва шаҳарлардаги туманлар хокимликларида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб юридик шахс ҳуқуқини олади.
(6-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 15 сентябрдаги 361-сонли қарорига мувофиқ чиқарилган)
7. Хусусий корхоналар ўз филиаллари, шуъба корхоналари ва ваколатхоналарини ташкил этишлари мумкин.
8. Хусусий корхонани давлат рўйхатидан ўтказиш тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйиш учун белгиланган тартибда амалга оширилади.
(8-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 15 сентябрдаги 361-сонли қарори таҳририда)
9. Хусусий корхонани рўйхатга олиш ёки рўйхатга олишнинг асосланган ҳолда рад этилиши ариза берилган кундан бошлаб уч кун мобайнида амалга оширилади. Агар давлат рўйхатидан ўтказиш белгиланган муддатда амалга оширилмаган ёки тадбиркор асоссиз деб ҳисобловчи сабабларга кўра рўйхатга олиш рад этилган бўлса, у судга мурожаат қилиши мумкин.
10. Рўйхатдан ўтказилган корхонага: ҳокимнинг корхона рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги қарорининг нусхаси, корхонанинг рўйхатдан ўтказилган ва ҳокимлик томонидан тасдиқланган устави ва корхона корхоналар реестрига албатта киритилган ҳолда унинг рўйхатдан ўтказилгани тўғрисида давлат ордери (2-илова) берилади.
(10-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 15 сентябрдаги 361-сонли қарори таҳририда)
III. Хусусий корхонанинг мулки ва унинг фаолияти
11. Хусусий корхона мулкини асосий ва айланма маблағлар, шунингдек, қиймати корхонанинг мустақил балансида акс эттириладиган бошқа бойликлар ташкил қилади.
12. Хусусий корхона эгаси ўз мулкига нисбатан Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига зид бўлмайдиган ҳар қандай ҳаракатни амалга оширишга ҳақлидир.
13. Хусусий корхона мажбуриятлар бўйича шахсий мулк ҳуқуқида корхона эгасига тегишли бўлган ўз мулки билан жавоб беради.
14. Хусусий корхона эгаси ишлаб чиқариш, тижорат ва юридик мустақилликка эга бўлади. Корхона эгаси хусусий корхонани бошқаришни ташкил этади.
15. Хусусий корхона ўз маҳсулоти (ишлар, хизматлар)ни, ишлаб чиқариш чигитларини мустақил ёки шартнома асосида белгиланадиган нархлар ва тарифлар бўйича сотади.
16. Маҳсулотни сотишдан тушган пулдан барча ишлаб чиқариш ва бошқа мажбурий тўловлар (меҳнатга ҳақ тўлаш, ижара ҳақи, қарзларни тўлаш, ссудалар бўйича фоизлар ва бошқалар ҳам шунга киради)ни қоплаш суммаси чегирилгандан сўнг қолган даромад мулкдорнинг тадбиркорлик даромади ҳисобланади, мулкдор ўз ихтиёрига кўра тасарруф этади.
17. Фаолиятни хусусий мулк асосида амалга ошираётган хусусий тадбиркорларнинг даромадларига мулк эгасининг шахсий даромади сифатида қаралади ва амалдаги қонунчиликка мувофиқ солиқ солинади.
18. Хусусий тадбиркор пул маблағларини сақлаш ва барча турдаги ҳисоб-китоб, кредит ҳамда касса операцияларини амалга ошириш учун исталган банкда ҳисоб-китоб ва бошқа счётларни очишга ҳақлидир.
19. Хусусий корхона томонидан ишлаб чиқариладиган буюмлар, уларда фирма белгиси ёки ишлаб чиқарувчининг фамилияси, буюмнинг номи ёки рамзи, буюмни ифодаловчи бошқа маълумотлар кўрсатилиб, албатта маркировка қилиниши керак.
20. Хусусий корхона белгиланган шакллар бўйича статистика ва бухгалтерия ҳисобини юритади. Хусусий корхона эгаси ҳисобот маълумотларининг тўғрилиги учун қонунчиликда белгиланган тартибда жавоб беради,
21. Хусусий корхонанинг молиявий ва хўжалик фаолиятини текшириш Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан зиммасига текшириш функцияларини бажариш юкланган солиқ органлари, шунингдек, аудиторлик фирмалари томонидан амалга оширилади.
Хусусий корхонанинг молия хўжалик фаолияти текширилганда текширувчи органлар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ корхонанинг тижорат сирини ташкил қилувчи маълумотларнинг сақланишига риоя этилишини ва ошкор қилинмаслигини таъминлайдилар.
1.05.00.00.00 Меҳнат ва аҳолининг бандлиги тўғрисидаги қонунчилик / 05.02.00.00 Меҳнат / 05.02.07.00 Меҳнат шартномаси (контракт);
2.05.00.00.00 Меҳнат ва аҳолининг бандлиги тўғрисидаги қонунчилик / 05.02.00.00 Меҳнат / 05.02.08.00 Меҳнат шартномаси (контракт)ни тузиш. Ишга қабул қилиш вақтида дастлабки синов]
IV. Хусусий корхонада ишчи кучини ёллаш ва меҳнатга ҳақ тўлаш тартиби
22. Хусусий корхоналар ходимларни томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари кўрсатилиб ёзма шаклда тузилган меҳнат шартномаси (контракти) бўйича ёллайдилар,
23. Меҳнат шартномаси (контракти) қуйидаги маълумотларни ўз ичига олади:
маълум ихтисослик, малака ёки лавозим бўйича ишни бажариш мажбурияти;
контракт тузилган муддат;
меҳнат шароитлари ва унга ҳақ тўлаш, ижтимоий ва тиббий суғурта ҳамда ижтимоий таъминот тартиби;
ходимнинг ижтимоий ҳимояланганлиги;
меҳнат шартномасини бузганлик учун жавобгарлик;
томонларнинг келишувига кўра бошқа маълумотлар.
24. Хусусий корхона Ўзбекистон Республикасининг меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилишга, корхонадаги ички меҳнат тартиби қоидаларини белгилашга, меҳнат хавфсизлиги, санитария ва гигиенаси талабларига риоя қилинишини таъминлашга мажбурдир.
25. Хусусий корхонада ишлаётган ходимларга белгиланган тартибда меҳнат дафтарчаси берилади.
26. Ёлланиб ишлаётган шахслар меҳнатига шартнома ёки контрактда кўрсатиб ўтилган ҳақ тўлаш давлат томонидан белгиланган энг кам иш ҳақи миқдоридан кам бўлиши мумкин эмас.
27. Хусусий тадбиркор Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ ижтимоий ва тиббий суғурта ҳамда ижтимоий таъминот жамғармаларига мажбурий ажратмалар ажратади.
28. Хусусий корхоналарда меҳнатга оид низолар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ ҳал қилинади.
[ОКОЗ:
1.03.00.00.00 Фуқаролик қонунчилиги / 03.03.00.00 Юридик шахслар / 03.03.02.00 Юридик шахсларни ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш. Юридик шахсларни давлат рўйхатига олиш;
2.09.00.00.00 Тадбиркорлик ва хўжалик фаолияти / 09.01.00.00 Тадбиркорлик тўғрисидаги қонунчилик / 09.01.02.00 Тадбиркорлик субъектлари. Тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш]
V. Хусусий корхонани тугатиш
29. Хусусий корхонани тугатиш мулк эгасининг қарори бўйича ёки суд томонидан таъсисчиларнинг корхонани ташкил этиш тўғрисидаги ҳужжатлари қонуний кучга эга эмас деб топилган, банкрот бўлган, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига зид фаолият амалга оширилган ҳолларда суд (хўжалик суди) қарори билан амалга оширилади.
30. Шахсий корхона давлат рўйхатига олиш реестридан чиқарилган пайтдан бошлаб тугатилган ҳисобланади.
31. Маблағларнинг бюджет ва ташкилотлар, тугатилган шахсий корхона ходимларидан қарзлар белгиланган тартибда тўлангандан сўнг қолган қисми корхона эгасига тегишли бўлади.
VI. Юридик шахс бўлмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш хоҳишини билдирган жисмоний шахсларни рўйхатдан ўтказиш тартиби
33. Юридик шахс бўлмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш хоҳишини билдирган жисмоний шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш «Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахслардан олинадиган рўйхатга олиш йиғими ва уларни рўйхатга олиш тартиби тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ амалга оширилади.
34. Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан рухсат этилган тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш хоҳишини билдирган жисмоний шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш ушбу шахс доимий яшайдиган туман, шаҳар ва шаҳардаги туман ҳокимликлари томонидан зарур ҳужжатлар тақдим этилган ҳолда ариза берилган вақтдан бошлаб 3 кун мобайнида амалга оширилади. Агар давлат рўйхатидан ўтказиш белгиланган муддатда амалга оширилмаса ёхуд тадбиркор асосли эмас деб ҳисоблаган сабаб билан рўйхатдан ўтказиш рад этилган бўлса, тадбиркор судга мурожаат қилиши мумкин.
Тадбиркор махсус рухсатнома талаб этиладиган фаолият тури билан шуғулланиш истагини билдирса, тегишли органларнинг хулосалари тақдим этилиши зарур.
36. Юридик шахс бўлмасдан ўз фаолиятини амалга оширувчи тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказилган жисмоний шахсга уни албатта жисмоний шахсларни рўйхатга олиш реестрига киритган ҳолда давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисида гувоҳнома (4-илова) берилади. Мазкур гувоҳнома бирор-бир қўшимча келишувларсиз банкда ҳисоб-китоб счёти очиш, муҳрлар ва бошқа реквизитлар тайёрлатиш учун асос бўлади.
Давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисидаги гувоҳнома уч нусхада расмийлаштирилади. Гувоҳноманинг бир нусхаси тадбиркорга берилади, иккинчиси ҳокимликда қолади, учинчиси бир ҳафта муддатда тадбиркор рўйхатдан ўтган жойдаги солиқ органига юборилади.
Юридик шахс бўлмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахсларнинг даромадларини ҳисобга олиш ва уларга солиқ солиш Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан, ажнабий фуқаролардан ва фуқаролиги бўлмаган шахслардан олинадиган даромад солиғи тўғрисидаги амалдаги қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.
(Низом VI бўлим билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 15 сентябрдаги 361-сонли қарорига мувофиқ тўлдирилган)
VII. Хусусий тадбиркорликка бериладиган давлат кафолатлари
36. Давлат хусусий тадбиркорнинг ҳуқуқларига ва қонуний манфаатларига риоя қилинишини кафолатлайди, эркин ҳалол рақобат учун шароит яратади, моддий-ашёвий, молиявий, меҳнат, ахборот ва бошқа ресурсларни олишда, бу ресурслар бозорининг монополия қилинишига йўл қўймай, тенг имкониятларни таъминлайди.
37. Агар давлат ёки бошқа орган томонидан унинг ваколатига ёки қонунчилик талабларига мувофиқ келмайдиган ҳужжат чиқарилиши натижасида хусусий тадбиркорнинг ҳуқуқи бузилса, у бундай ҳужжатни қонуний кучга эга эмас деб эътироф этиш тўғрисида ариза билан судга мурожаат қилишга ҳақлидир.
39. Давлат ёки бошқа органларнинг ёхуд уларнинг мансабдор шахсларининг хусусий тадбиркор ҳуқуқини бузувчи кўрсатмаларининг бажарилиши натижасида хусусий тадбиркорга етказилган зарар шу органлар томонидан, бунга бой берилган фойдани ҳам киритиб, қопланиши лозим. Зарарларни қоплаш тўғрисидаги низолар суд томонидан ҳал қилинади.
(Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 15 сентябрдаги 361-сонли қарорига мувофиқ Низомнинг VI бўлим 32—34-бандлари VII бўлимнинг 37—39-бандлари деб ҳисобланади)