1.16.00.00.00 Хавфсизлик ва ҳуқуқ тартибот муҳофазаси / 16.05.00.00 Шахс хавфсизлиги / 16.05.03.00 Паспорт-виза тизими. Доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш]
[ТСЗ:
1.Давлат ва жамият қурилиши / Фуқаролик. Аҳоли. Паспорт тизими]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элга боришлари тартибини ва Ўзбекистон Республикасининг дипломатик паспорти тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
[Кўчирма]
LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 5 декабрдаги 970-сонли «Ўзбекистон Республикаси биометрик паспорт тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида паспорт тизими тўғрисидаги Низом»ни амалга киритиш ҳақида» 1994 йил 23 декабрдаги Фармонини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элга боришлари тартибини янада соддалаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элга боришларининг тартиби тўғрисида» 1994 йил 17 мартдаги 141-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
2. Қуйидагилар тасдиқлансин:
Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элга боришлари тартиби 1-иловага мувофиқ;
3. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизмати ўзларининг йўриқнома ҳужжатларини мазкур қарорга мувофиқлаштирсинлар.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1995 йил 6 январь,
8-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 6 январдаги 8-сон қарорига 1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элга боришлари
1. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ хусусий, жамоат ишлари бўйича, доимий яшашга, сайёҳлар сифатида, ўқишга, ишга, даволанишга, хизмат сафарига чет элга эркин бориш ҳуқуқига эгадирлар.
2. Мазкур Тартиб Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг бориш учун чиқиш ҳужжатларини расмийлаштириш талаб қилинмайдиган МДҲга аъзо бўлган мамлакатлардан бошқа хорижий мамлакатларга боришларига жорий қилинади.
3. Чет элга бориш учун зарур бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспорти Ўзбекистон Республикасида паспорт тизими тўғрисидаги Низомга мувофиқ ички ишлар органлари томонидан берилади.
4. Дипломатик паспортлар билан чет элга бориш Ўзбекистон Республикасининг дипломатик паспорти тўғрисидаги Низомга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан расмийлаштирилади.
5. Хорижий хизмат сафарларини ташкил этиш ва улардан самарали фойдаланилиши учун масъулият хизмат сафарларига юборувчи ташкилотларнинг ва хизмат сафарига юбориш ҳақида қарор қабул қилган органларнинг раҳбарлари зиммасига юкланади.
II. Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элга боришларини расмийлаштириш тартиби
1. Чет элга бормоқчи бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари белгиланган шаклдаги анкета-аризани тўлдирган ва Ўзбекистон Республикаси паспортини тақдим этган ҳолда яшаш жойлари бўйича ички ишлар органларига мурожаат қиладилар.
2. Ички ишлар органлари фуқароларнинг анкета-аризасини 15 кунлик муддатда кўриб чиқадилар ва унинг паспортига чет элга вақтинчалик бориш учун икки йил давомида амал қиладиган рухсат бериш ёзуви стикерини ёпиштирадилар. Фуқаролар кўрсатилган муддат давомида боришни расмийлаштириш учун ички ишлар органларига мурожаат қилмасдан бир неча марта чет элга боришлари мумкин. Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспорти мавжуд бўлмаган тақдирда паспорт бериш ва чет элга боришни расмийлаштириш муддати 15 кундан ошмаслиги керак.
Доимий яшаш учун чет элга кетаётган шахсларга ички ишлар органлари уларнинг паспортидаги визалар учун назарда тутилган бетга доимий яшаш учун чет элга боришга рухсат бериш ёзуви стикерини амал қилиш муддатини кўрсатмасдан ёпиштирадилар. Доимий яшаш учун чет элга кетаётган шахслар учун ҳужжатларни кўриб чиқиш муддати 30 суткагача узайтирилиши мумкин
(2-банднинг биринчи ва иккинчи хатбошилари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 25 майдаги 181-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2002 й., 10-сон, 80-модда)
Чет элга борувчи фуқаролар хорижий давлатнинг визасини олиш учун тегишли давлатларнинг дипломатик ва консуллик ваколатхоналарига мурожаат қиладилар.
3. Анкета-аризалар 18 ёшга тўлган фуқаролар томонидан берилади. 18 ёшга тўлмаган болалар чет элга боришлари чоғида уларнинг қонуний вакилларининг илтимосномалари берилади.
4. Хусусий контракт бўйича чет элга ишлаш учун боришни расмийлаштириш Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги билан келишув бўйича амалга оширилади.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 6 апрелдаги 162-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2001 й., 7-сон, 36-модда)
5. Чет элга бораётган ҳамда давлат сири бўлган маълумотлардан воқиф бўлган шахслар анкета-ариза билан биргаликда иш жойи бўйича ташкилот раҳбарларининг воқифлик даражаси тўғрисидаги хулосасини тақдим этадилар.
Фуқароларнинг чет элга боришларини расмийлаштирувчи ички ишлар органлари бунда давлат сирларига бевосита дахлдор бўлган ташкилотлар рўйхатига амал қиладилар.
Қуйидаги сабаблар чет элга бориш ҳуқуқини чеклаш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин:
а) агар шахс давлат сири ҳисобланган маълумотлардан воқиф бўлса ёки унинг чет элга боришига монелик қилувчи бошқа шартнома, контракт мажбуриятлари амалда бўлса — бу ҳолатларнинг амал қилиши тугагунга қадар;
б) агар шахсга нисбатан жиноий иш қўзғатилган бўлса — иш судда кўриб чиқилгунга қадар;
в) агар шахс суднинг ҳукми билан алоҳида хавфли рецидивист деб тан олинган ёки милициянинг маъмурий назорати остида бўлса —судланганлик бекор қилинмагун(олиб ташланмагун)га қадар ёки назорат қилиш тўхтатилгунгача;
IV. Чет элга бориш ҳуқуқи рад этилганлиги устидан шикоят қилиш тартиби
Ушбу Тартибнинг III бўлимида назарда тутилган асослар бўйича чет элга боришга рухсат беришнинг рад этилиши, жавоб беришнинг белгиланган муддатдан ортиқча кечиктирилиши устидан фуқаро юқори органга шикоят қилиши мумкин, бу орган бир ойдан кўп бўлмаган муддатда жавоб бериши керак, фуқаро унинг қароридан норози бўлганда судга шикоят қилиши мумкин. Мазкур Тартибнинг III бўлими «б» ва «ж» бандларида кўрсатилган сабаблар бўйича чет элга бориш ҳуқуқини чеклаш устидан шикоят қилиниши мумкин эмас.
Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 6 январдаги 8-сон қарорига 2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикасининг дипломатик паспорти тўғрисида
НИЗОМ
1. Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг дипломатик паспорти Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқилганда, у ерда бўлинганда ва вақтинча яшаб турилганда Ўзбекистон Республикаси фуқаросилигини, унинг эгасининг шахсини ва мақомини тасдиқловчи ҳужжат бўлиб ҳисобланади.
2. Дипломатик паспорт рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган мансабдор шахсларга, шунингдек, чет элга доимий иш жойига кетаётган дипломатик паспортга эга бўлган шахсларнинг эрлари (хотинлари)га ва уларнинг қарамоғида бўлган болаларга берилади.
3. Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг дипломатик паспорти Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан берилади.
Дипломатик паспортни бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан белгиланади.
4. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси ҳукумати номидан хорижий давлатларнинг барча ваколатли органларидан Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг дипломатик паспортини кўрсатувчиларни эркин ва тўсиқсиз ўтказиб юборишлари ва зарур бўлган холларда уларга ҳар қандай ёрдамни беришлари ва ҳимоя қилишлари тўғрисида илтимос қилади.
5. Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг дипломатик паспорти Ўзбекистон Республикасининг барча фуқароси учун ягона бўлган намунадаги ўзбек, рус ва инглиз тилларида тайёрланади.
6. Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг дипломатик паспортига қуйидаги маълумотлар ўзбек, рус ва инглиз тилларида киритилади:
фамилияси, исми, отасининг исми;
туғилган йили, куни, ойи;
туғилган жойи;
миллат/фуқаролиги;
жинси;
паспорт берилган муддат ва унинг амалда бўлиш муддатининг тугаши;
паспортни берган органнинг номи.
7. Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг дипломатик паспортидаги ёзувлар Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик бошқармаси томонидан амалга оширилади.
8. Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг дипломатик паспорти беш йил муддатга берилади.
9. Дипломатик паспорт чет элда йўқотиб қўйилган тақдирда паспорт эгаси ўзи турган мамлакатдаги Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхонасига ёки консуллик муассасасига, паспорт республика ҳудудида йўқотиб қўйилганда эса — Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига тезлик билан бу ҳақда хабар беришга мажбурдир.
Йўқотиб қўйилган паспорт ўрнига янги дипломатик паспорт Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланган тартибда берилади.
10. Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг дипломатик паспорти Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан қуйидаги ҳолларда алмаштирилади:
фамилияси, исми, отасининг исми ўзгарганда;
ёзувларда ноаниқликлар аниқланганда;
визалар учун белгиланган варақлар тўлганда;
амалда бўлиш муддати тугаганда;
фойдаланиш учун яроқсиз ҳолда бўлиб қолганда.
Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг дипломатик паспортини алмаштириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланади.
11. Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг дипломатик паспорти бепул берилади.
12. Дипломатик паспорт Ўзбекистон Республикасининг мулки ҳисобланади.
13. Дипломатик паспортнинг бланклари қатъий ҳисобда турувчи ҳужжат бўлиб ҳисобланади. Улар Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг талабномасига кўра тайёрланади.
Дипломатик паспортларни ҳисобга олиш, сақлаш, йўқ қилиш Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан амалга оширилади.
14. Дипломатик паспорт республикадан ташқарига чиқиб кетиш чоғида Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспортининг ўрнига берилади.
Фуқаролар чет эл сафарларидан қайтиб келганларида дипломатик паспортлар бир ҳафта муддатда паспортларни сақлаш ва белгиланган тартибда фойдаланиш жавобгарлиги юкланадиган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспортига алмаштириб берилиши керак.
15. Мазкур Низомнинг 2-бандида кўрсатилган рўйхатга киритилган мансабдор шахс иш жойини ўзгартирган ва унинг янги лавозими ушбу рўйхатга киритилмай қолган ҳолларда, мазкур шахс дипломатик паспортдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотади.
16. Дипломатик паспортни гаровга қабул қилиш ва бериш тақиқланади.
17. Мазкур Низом қоидаларини бузиш Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг дипломатик паспортидан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум қилади. Дипломатик паспортдан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги масала Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ҳал этилади.
18. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси фуқароси дипломатик паспортининг намуналарини халқаро ҳамжамиятга тақдим этишни таъминлайди.
Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 6 январдаги 8-сон қарорига 3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикасининг дипломатик паспорти бериладиган мансабдор шахслар
РЎЙХАТИ
I. РЎЙХАТ
Ўзбекистон Республикасининг Президенти ва унинг оила аъзолари
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчилари
Ўзбекистон Республикаси Президенти Котибиятининг мудири
Ўзбекистон Республикаси Президенти Аппаратининг Ишлар Бошқарувчиси, унинг ўринбосарлари, бош консультантлари
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёрдамчилари
Ўзбекистон Республикаси Президенти хавфсизлик хизматининг Бошлиғи
Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот котиби
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Раисининг ўринбосарлари
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қўмиталари ва комиссияларининг раислари
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси парламентлараро алоқалар бўлимининг мудири
III. РЎЙХАТ
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Биринчи ўринбосари
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари
Ўзбекистон Республикаси вазирлари, давлат қўмиталари, миллий корпорацияларининг раислари, уларнинг биринчи ўринбосарлари ҳамда хизмат мақомига кўра уларга тенглаштирилган мансабдор шахслар
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Президенти
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг раиси
Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки Бошқарувининг раиси
Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бўйича давлат комиссиясининг раиси
Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг раиси
Марказий банк ҳузуридаги Гознак давлат ишлаб чиқариш бирлашмасининг бош директори
Ўзбекистон Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси мартабасига эга бўлган дипломатик ходимлари
Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 6 январдаги 8-сон қарорига 4-ИЛОВА
Чет элга боришлари махсус келишувни талаб қилувчи мансабдор шахсларнинг
рўйхати
Т/р
Чет элга борувчи мансабдор шахслар
Сафарга йўллаш тўғрисидаги қарорни қабул қилувчи мансабдор шахс ёки инстанция
1
2
3
1.
Бош вазир, Президентнинг Давлат маслаҳатчилари ва Президент Аппарати Ишлар Бошқарувчиси ва бош консультанти Бош вазирнинг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси, вилоятлар ҳокимлари ва Тошкент шаҳар ҳокими
Ўзбекистон Республикасининг Президенти
2.
Вазирлар, давлат қўмиталари, идоралари ва давлат ҳамда хўжалик бошқаруви бошқа органларининг раҳбарлари
Ўзбекистон Республикасининг Президенти билан келишган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири
3.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, уларнинг ўринбосарлари, парламент делегациялари таркибидаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Қорақалпоғистон Республикасининг Жўқорғи Кенгеси халқ депутатлари
Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси ва Қорақалпоғистон Республикасининг Жўқорғи Кенгеси (тегишли равишда)
4.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Аппаратининг маъсул ходимлари
Ўзбекистон Республикасининг Президенти билан келишган ҳолда Давлат маслаҳатчиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Аппарати Ишлар Бошқарувчиси
5.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Аппаратининг масъул ходимлари
Олий Мажлис Раиси (Қорақалпоғистон Республикасида тегишли равишда)